ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.06.2018 й. ПҚ-3785-сон "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.06.2018 й.

N ПҚ-3785



ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ

ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ

ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўтган давр мобайнида туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш каби муҳим воқеа ва фактларни қайд этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (кейинги ўринларда ФҲДЁ деб юритилади) органлари тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ва тизимли иш олиб борилди.

Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати аҳолига ҳар томонлама ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича самарали механизмлар яратилишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар борлигидан далолат бермоқда. Хусусан:

биринчидан, ФҲДЁ органларининг мақомини, вазифа ва ваколатларини белгилаб берадиган махсус қонун мавжуд эмас, шунингдек, мазкур соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функциялари аниқ чегараланмаган;

иккинчидан, ФҲДЁ органлари фаолиятига замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолган андозалари асоссиз молиявий харажатларга, фуқароларнинг кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишига, оқибатда, айрим ҳолларда коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келмоқда;

учинчидан, ФҲДЁ органлари ва ички ишлар, соғлиқни сақлаш, васийлик ва ҳомийлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги идоралараро электрон ҳамкорликнинг етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги туғилиш ва ўлимни сўзсиз ва ўз вақтида қайд қилиш, шунингдек, тегишли қайд этилмасдан никоҳ тузилиши ва ажралишларнинг олдини олиш бўйича самарали мониторингни таъминламаяпти;

тўртинчидан, давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва тезкорлиги, ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан ўз функционал вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан назорат қилишнинг самарали механизми, айниқса, масофадан назорат қилиш шакллантирилмаган, улар фаолиятини баҳолашнинг шаффоф тизими мавжуд эмас;

бешинчидан, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича давлат хизматларини жойларга чиқиб кўрсатишнинг кенг ва тизимли амалиёти йўқлиги, олис ва бориш қийин бўлган туманлардан ФҲДЁ органларига бориш учун транспорт харажатларининг юқорилиги, аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданияти даражасининг етарли эмаслиги туғилган болаларни туғилиш ҳолатининг тегишли қайд этилмасдан қолиши хавфини юзага келтирмоқда, бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида белгилаб қўйилган болаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини амалга оширишга, жумладан, бепул тиббий ёрдам ва таълим олишига таъсир ўтказиши мумкин.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ФҲДЁ органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини яхшилаш мақсадида:


1. Қуйидагилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш институтини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

биринчи - ваколатли органларда туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш каби воқеа ҳамда фактларни кенг қамровли қайд этиш йўли билан фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш;

иккинчи - энг муҳим юридик фактларни қайд этмасдан қолдириш оқибатларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ва жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш;

учинчи - ФҲДЁ органларининг оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оила ажралишларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларда фаол иштирок этиш;

тўртинчи - ФҲДЁ органлари фаолиятида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини енгиллаштиришга, жумладан, ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига бормасдан хизматлар кўрсатилишига, хизматларнинг сифати ва тезкорлигини оширишга, экстерриториаллик принципи асосида архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантиришга қаратилган инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш;

бешинчи - фуқаролик ҳолати юридик фактларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида қайд этиш борасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишни амалга оширувчи органлар маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, васийлик ва ҳомийлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиш;

олтинчи - мазкур соҳада бюрократия ва коррупция юзага келишининг олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали, жумладан, олис жойлардаги аҳоли пунктларига чиққан ҳолда ("мобиль давлат хизматлари") давлат хизматлари кўрсатишнинг мақбул ва қулай услубларини ишлатиш;

еттинчи - ФҲДЁ органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида қулайликни ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар томонидан касб этикаси қоидалари ва функционал вазифаларга амал қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини сифатли ва тезкор қайд этиш, давлат божи ва бошқа тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ва ундирилиши устидан назоратнинг янги шаклларини, жумладан, масофавий назоратни жорий этиш;

саккизинчи - аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширишни назарда тутган ҳолда давлат божи ставкаларини, герб йиғимларини ва ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизмат тарифларини оптималлаштириш.

4. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. 2018 йилнинг 1 июлидан:

никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик;

судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, шунингдек, туғилиш ва ўлим ҳақида ягона ноёб кодли унификацияланган электрон маълумотнома беришнинг ягона тартибини жорий қилсин;

2019 йил 1 январга қадар фертиль ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уни "ФҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизими билан интеграция қилишни таъминласин.

11. Қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш ва кейинчалик уларни ФҲДЁ органларида қайд этилишини таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин.

Ҳудудий комиссиялар:

2019 йилнинг 1 июлига қадар қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш нуқтаи назаридан тўлиқ хатловдан ўтказсин, унинг натижасида туғилганлик, ўлим ҳолатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ манзилли қайд этилишини таъминласин;

ўз фаолиятида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмаган болаларни аниқлашга алоҳида эътибор қилсин, бунда "Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас" ва "Туғилганликнинг қайд этилиши - бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигини олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир" деган эзгу ғояларга амал қилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

кейинчалик "Ягона электрон ФҲДЁ архиви" ахборот тизими билан интеграция қилиш учун ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказилишини, ягона электрон ФҲДЁ архив фонди шакллантиришни 2022 йил 1 январга қадар тугатсин;

далолатномалар ёзувлари маълумотларини "Ягона электрон ФҲДЁ архиви" ахборот тизимига киритиш бўйича ишларни бажариш учун юридик шахслар билан пудрат шартномаларини тузсин;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2018 йилнинг 1 сентябридан давлат божи, герб йиғимлари ва бошқа тўловларни тўлашда электрон тўловлар (биллинг) механизмини тўлақонли жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 январидан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида чақалоқларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами берилишини амалиётга жорий этсин.


13. 2021 йилнинг 1 июлига қадар муддатда фуқаролик ҳолати далолатномаларини рақамли кўринишга ўтказиш, идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган сканер қилиш қурилмалари, сервер ва бошқа жиҳозлар ҳамда эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагиларни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилсин:

ФҲДЁ органлари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомлар;

ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар ва тариф коэффициентлари;

ФҲДЁ бўлимларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ миқдорлари;

мартаба даражалари учун судлар ва адлия органлари ходимларининг лавозим маошларига қўшиладиган қўшимча ҳақ миқдорлари.


15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 12 июндаги

ПҚ-3785-сон қарорига

1-ИЛОВА



Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тизимини янада

такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш

шакли


Бажариш

муддатлари


Масъул ижрочилар


I. ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ЁЗИШ

СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

"Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда қуйидагилар белгилаб берилади:

фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органларнинг ваколатлари;

туғилганликни қайд этиш (оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, никоҳни тузиш ва бекор қилиш, ўлимни қайд этиш) тартиби;

далолатнома ёзувларини тиклаш, ўзгартириш, тузатиш, уларни тўлдириш, фамилияси, исми ва ота исмини ўзгартириш, далолатномалар ёзувларини тўлиқ ёзиш;

такрорий гувоҳномалар ва бошқа маълумотлар, архив маълумотларини бериш, ФҲДЁ органлари, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги консуллик муассасалари ҳамда фуқаролар йиғинларининг ҳисоботлари;

идоралараро ахборот-электрон ҳамкорлик тартиби.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

октябрь


Адлия вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Олий суд, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда қуйидагиларнинг маъмурий жавобгарлиги назарда тутилади:

фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишни қонунга хилоф равишда рад этганлик ва қайд этиш муддатларини бузганлик учун ФҲДЁ органларининг мансабдор шахслари;

туғилиш ва ўлишни ўз вақтида қайд этмаганлиги учун, туғилиш тўғрисидаги тиббий маълумотнома, ўлим, шу жумладан перинатал ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома тўғри ва аниқ тўлдирилиши юзасидан соғлиқни сақлаш муассасаларининг мансабдор шахслари;

топиб олинган (ташлаб кетилган) гўдакнинг туғилишини қайд этиш чоралари кўрилмаганлиги учун васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва гўдак топширилган муассасанинг маъмурияти маъмурий жавобгар бўладилар.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

октябрь


Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, Олий суд, вазирлик ва идоралар


3.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:

ФҲДЁ органлари ходимлари сонини белгилаш мезонларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатнома-лари маълумотларининг ягона электрон базаси шакллантирилишини ҳисобга олган ҳолда ФҲДЁ органларида архивариус қўшимча штат бирлигини жорий этиш;

гербли гувоҳномаларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдала-ниб, фақат босма ҳарфлар билан тўлдириш тартибини жорий этган ҳолда уларни қўлда ёзиб тўлдириш талабларини бекор қилиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2018 йил

июль


Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


4.

Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида" 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарорини ҳамда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани (қайд этиш рақами 2547-сон, 31.12.2013 йил) қайта кўриб чиқиш, уларда қуйидагиларни назарда тутиш:

бола туғилган кундан кейин бир йил ўтгач ота-оналардан бирининг аризаси асосида унинг туғилганлигини қайд этиш;

хорижий давлатларнинг ваколатли муассасалари томонидан берилган фуқаролик ҳолатига оид ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик ҳолатига оид ҳужжатларига алмаштириш тартиби;

вафот этган шахснинг қариндошлари ва манфаатдор шахсларнинг аризаси бўйича ўлим тўғрисидаги далолатнома ёзувига тузатиш ва қўшимчалар киритиш;

ФҲДЁ органларининг бошқа ФҲДЁ органлари ва давлат органлари билан "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" тизими орқали электрон ҳамкорлик қилиш тартиби.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

июль


Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


5.

Қуйидагиларни назарда тутувчи ФҲДЁ архивлари тўғрисидаги Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш:

ФҲДЁ архивининг мақсади, вазифалари, функциялари, фаолиятининг ташкил этилиши, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

архив фондини юритиш, сақлаш ва эксплуатация қилиш тартиби;

архив маълумотларини бериш, кўриб чиқиш муддатлари.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2019 йил

июль


Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзархив" агентлиги


6.

Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида ФҲДЁ органлари томонидан қўшимча хизматлар кўрсатилганлиги учун тўланадиган ҳақ миқдорларини қайта кўриб чиқиш (коррупцияга барҳам бериш мақсадида архив маълумотномалари ва ахборотини муддатидан илгари берганлиги учун оширилган миқдорларда ҳақ ундириш).


Адлия вазири буйруғи


2018 йил

июль


Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги


7.

Қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини хатловдан ўтказиш ва аниқлаш ҳамда уларни кейинчалик ФҲДЁ органларида қайд этиш бўйича ҳудудий комиссиялар таркибларини тасдиқлаш.


Туман (шаҳар) ҳокими қарори


2018 йил

июль


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент ш. ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар


II. ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ

ФҲДЁ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИГА ТАТБИҚ ЭТИШ

8.

Фертиль ёшдаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликни унинг эрта босқичларидан бола туғилгунга қадар ҳисобини юритиш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш.

Ушбу тизимнинг "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими билан интеграциялашувини таъминлаш.


Тадбирлар режаси

2018 йил

декабрь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, ИИВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


9.

Туғилиш ва ўлиш тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ўз вақтида қайд этиш мақсадида ахборотни тезкорлик билан айирбошлаш учун ФҲДЁ, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш органларининг электрон тизимларини интеграциялаш.


Тадбирлар режаси

2018 йил

декабрь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, ИИВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


10.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш мақсадида ФҲДЁ органлари ўртасида сўровларни жўнатиш ва уларга ўз вақтида жавоб олиш учун "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимини такомиллаштириш.


Тадбирлар режаси

2018 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


11.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизими яратилган пайтдан (XIX аср) бошлаб ҳозирги вақтгача сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини (дастлабки маълумотларга кўра 60 миллиондан кўпроқ ёзувлар) рақамлаштириш ҳамда ФҲДЁнинг ягона электрон архив фондини шакллантириш, уни "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизими билан интеграциялаш.


Тадбирларни ташкиллаш-

тириш

Рақамлаштириш ва интеграция-

лашни якунлаш

2018 йил

август


2021 йил

декабрь

Адлия вазирлиги

12.

Электрон тўлов тизими орқали давлат божи, давлат йиғимлари ва бошқа тўловларнинг электрон (мобиль) тўлови имкониятларини кенгайтириш.


Тадбирлар режаси

2018 йил

сентябрь


Марказий банк, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги


13.

Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали никоҳни қайд этишга ариза бериш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Тадбирлар режаси

2019 йил

январь


Ахборот технологиялари ва коммуникация-ларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги


14.

Туғилиш, ўлиш, никоҳ, ажралиш тўғрисидаги маълумотларни тезкорлик билан айирбошлаш учун ФҲДЁ, соғлиқни сақлаш ва давлат статистика органларининг электрон тизимларини интеграциялаш.


Тадбирлар режаси

2018 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникация-ларини ривожлантириш вазирлиги


III. ФҲДЁ ОРГАНЛАРИНИНГ КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

ВА ФАОЛИЯТ САМАРАДОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

15.

ФҲДЁ бўлимлари туман (шаҳар) ҳокимликлари ихтиёрига ўтиши муносабати билан ФҲДЁ бўлимларининг мудирларини аттестациядан ўтказиш.


Тадбирлар комплекси

2018 йил

июль


Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


16.

Психологик фанлар ва юридик фаолият билан боғлиқ бўлмаган бошқа фан ва кўникмалар (стрессни бошқариш, ихтилофларни бошқариш, иш вақтини самарали ташкил этиш)га ўқитиб-ўргатиш бўйича фанлар жорий этилишини назарда тутган ҳолда ФҲДЁ органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини қайта кўриб чиқиш.


Тадбирлар комплекси

2018 йил

июль


Адлия вазирлиги

17.

ФҲДЁ органлари учун ягона логотипни тасдиқлаш.


Қўшма қарор

2018 йил

декабрь


Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги


18.

ФҲДЁ органлари ходимларининг ягона форма либосига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш.


Қўшма қарор

2018 йил

декабрь

Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги


IV. ФҲДЁ ОРГАНЛАРИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

19.

ҲДЁнинг ягона электрон архиви" ахборот тизимининг иш самарадорлигини ва тезкорлигини ошириш мақсадида фуқаролик ҳолати далолатномаларини рақамлаштириш, идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини яратиш учун зарур бўлган сканерлаш қурилмалари, сервер ва бошқа ускуналарни, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмларни харид қилиш.


Тадбирлар режаси

2018 йил

сентябрь


Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, ДБҚ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги


20.

Бухоро шаҳрида никоҳ уйи, Шўрчи, Сайхунобод туманларида ва Олмалиқ шаҳрида ФҲДЁ бўлимлари қурилишини тугаллаш.


Тадбирлар комплекси

Белгиланган

муддатларда


Адлия вазирлиги


21.

Дўстлик ва Мирзачўл туманларининг адлия бўлимларини, давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимларини жойлаштириш учун бинолар, шунингдек, Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига замонавий кутубхона биносини қуриш, бунда, истисно тариқасида, 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар қурилиш-монтаж ишларини айни вақтда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан биргаликда олиб боришга рухсат этилади ва объектлар қурилиши доирасида Жиззах вилояти ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб; "ASILBEK POWER PROJECT" МЧЖ - бош лойиҳа ташкилоти этиб; "Yangi Avlod Qurilish Invest" МЧЖ - бош пудрат ташкилоти этиб тайинланди.


Тадбирлар комплекси

2018 йил

сентябрь


Жиззах вилояти ҳокимлиги, Адлия вазирлиги


        





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 12 июндаги

ПҚ-3785-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини

аниқлаш бўйича ҳудудий комиссияларнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Туман (шаҳар) ҳокими - комиссия раҳбари


2. Туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари - туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи - комиссия раҳбари ўринбосари

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар) бўйича Халқ қабулхонаси мудири


4. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) суди раиси


5. Туман (шаҳар) прокурори


6. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи


7. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бош врачи


8. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими бошлиғи


9. Туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими бошлиғи


10. Туман (шаҳар) статистика бўлими бошлиғи

12. Туман (шаҳар) бош имом-хатиби (келишув бўйича)


13. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари (келишув бўйича)


14. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) бўлинмасининг раиси


15. Туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимининг мудири - комиссия котиби


Изоҳ. Тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғинлари раислари ҳам комиссия таркибига киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 13 июнь


"Халқ сўзи", 2018 йил 13 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 18 июнь, 24-сон, 484-модда








































Время: 0.1842
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск