ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари /

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.06.2018 й. 433-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 7 июндаги

433-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер,

деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини

қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) вазифалари ва фаолияти йўналишларини, бошқариш тартибини, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ҳисобот беради.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Жамғарма муассаса шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, миллий ва хорижий валютада банк ҳисоб рақамларига, ўз эмблемаси тасвири туширилган ва номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампларга ва бланкаларга эга.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТИ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади.


5. Жамғарма ўз фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш соҳасида қўллаб-қувватлаш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, шунингдек қишлоқ хўжалигида янги самарали технологияларни жорий қилишга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларни, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш.

айланма маблағларга муҳтож "Томорқа хизмати" МЧЖларнинг устав фондини шакллантириш йўли билан уларнинг фаолиятига кўмаклашиш;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, шунингдек, "Томорқа хизмати" МЧЖларни Жамғарма маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда қишлоқ хўжалиги техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга мўлжалланган транспорт воситалари технологиялари, асбоб-ускуналар ҳамда тайёр интенсив боғ ва токзоралар ҳамда иссиқхоналар билан таъминлаш бўйича лизинг фаолиятини амалга ошириш.


3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


6. Жамғарманинг Васийлик кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.


7. Жамғарманинг Васийлик кенгаши:

Жамғарма Васийлик кенгаши тўғрисида низомни тасдиқлайди;

Жамғарманинг даромадлари бўйича ҳар йилги прогнозларни тасдиқлайди;

Жамғарма томонидан тижорат банкларига кредит ажратиш, "Томорқа хизмати" МЧЖлар устав фондида иштирок этиш, лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда Жамғарманинг бошқа асосий фаолият йўналишларига маблағлар ажратишнинг ҳар йилги параметрларини белгилайди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларга ташаббускорларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар йилги параметрларга қўшимча равишда маблағлар ажратилиши мумкин;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати фаолияти устидан назорат қилади;

Жамғарма ижро этувчи директорининг Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитади;

ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Жамғарма маблағлари шакллантирилиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади;

Жамғармани йиллик аудитдан ўтказиш учун, шу жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича аудиторлик ташкилотини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисида таклифлар киритади.

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорлари очиқ овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Васийлик кенгаши мажлис баёнлари сўров ўтказиш йўли билан расмийлаштирилиши мумкин.

Жамғарманинг Васийлик кенгаши аъзоларига юкланган вазифалар бажарилганлиги учун Жамғарманинг Васийлик кенгаши тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ва миқдорларда тақдирлаш пуллари тўланади.


8. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати Жамғарманинг ижроия органи ҳисобланади. Жамғарманинг ижро этувчи директори (кейинги ўринларда Ижро этувчи директор деб аталади) Жамғарма ижро этувчи аппарати раҳбари ҳисобланади.


9. Ижро этувчи директор:

Жамғарманинг жорий фаолиятига оператив раҳбарлик қилади;

Жамғармага юкланган вазифаларга мувофиқ Жамғарманинг ижро этувчи аппарати фаолиятини ташкил этади ва шахсан жавоб беради;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан тузилган меҳнат шартномалари амал қилишини тўхтатади, уларнинг лавозим мажбуриятлари ва ваколатларини тақсимлайди;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Жамғарма номидан иш кўради;

Жамғарма номидан меҳнат, хўжалик, кредит шартномаларини ва бошқа шартномаларни, шу жумладан, ресурсларни ажратиш ва тижорат банкларининг депозитларида жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди;

Жамғарманинг пул маблағлари ва моддий бойликларининг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, молиявий ва статистика ҳисоботлари белгиланган тартибда тайёрланиши ва тақдим этилишини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ва ваколатларни амалга оширади.


10. Жамғарманинг ижро этувчи аппаратини сақлаб туриш Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида Жамғарманинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

11. Жамғарма ижро этувчи директори ва ходимларини моддий рағбатлантириш Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланадиган Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомга асосан Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

13. Жамғарма ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида ҳамда Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомда назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантириш маблағларидан ташкил топади.

Жамғарма ходимларининг лавозим маошлари Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланадиган штатлар жадвали асосида белгиланади.

Жамғарма ўз ходимларининг лавозим маошларига 3 бараваргача ўсиб борувчи коэффициентни қўллашга ҳақли.

14. Жамғармага юкланган вазифаларни бажариш учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ ўн бешта хизмат автотранспорт воситасини харид қилиш ва сақлаш учун маблағ ажратилади.


4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ


15. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ва Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган тегишлича 350 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам;

Жамғармага юкланган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, маблағларни депозит ҳисоб рақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Жамғармага келиб тушган маблағлар унинг ўз маблағлари ҳисобланади ва Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида сарфланади.

16. Жамғарма маблағлари Жамғарманинг тижорат банкларида очиладиган ҳисоб рақамларида жамланади.

17. Жамғарма маблағлари ушбу Низомда назарда тутилган вазифаларни бажаришга йўналтирилади, жумладан:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йилгача муддатга, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 7 йилгача муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан 2019 йилнинг 31 декабрига қадар йиллик 7 фоизлик ставкада, банкнинг 2 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда кредитлар ажратиш учун ресурсларни тижорат банкларига жойлаштириш. 2020 йил 1 январдан бошлаб ресурсларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоизлик бандни чегириб ташлаган ҳолда, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса йиллик 10 фоиз ставкада амалга оширилади;

"Томорқа хизмати" МЧЖларга ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига кредит ажратиш учун тижорат банкларига ресурс сифатида 2 йил муддатга, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли давр билан 2019 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида йиллик 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда маблағлар тақдим этишга, 2020 йил 1 январдан бошлаб ресурсларни ажратиш 3 йил муддатга, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли давр билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоизлик пунктни чегириб ташлаган ҳолда, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса йиллик 10 фоиз ставкада амалга оширилади;

Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия институтларининг кредитлари ва қарзларига хизмат кўрсатишга;

халқаро молия институтларидан олинган грантлар ҳисобига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига, шунингдек, "Томорқа хизмати" МЧЖларга грантлар ажратишга;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, "Томорқа хизмати" МЧЖларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қишлоқ хўжалиги техникаси, технологиялари ва асбоб-ускуналар, тайёр интенсив боғ ва токзорлар ҳамда иссиқхоналар билан таъминлаш бўйича лизинг фаолиятини амалга оширишга;

тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техник базани мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва транспорт сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар беришга, 2020 йил 1 июлдан бошлаб кредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида 4 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда ажратилади;

қишлоқ хўжалиги ва томорқа хизмати корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қуритиш цехи ва совуткичли омборхоналарни харид қилиш ва ўрнатишга 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади. Бунда, кредит 60 фоизининг гаров таъминоти сифатида ўрнатиладиган қуритиш цехи ва совуткичли омборхоналар олинади, 40 фоизининг гаров таъминоти сифатида уларни қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси олинади, шунингдек, кредит суммаси ташаббускорларга қуритиш цехи ва совуткичли омборхоналар ўрнатиб берилгандан сўнг маҳсулот етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади;

Жамғарма томонидан Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг (кейинги ўринларда - Уюшма) саримсоқпиёз етиштириш лойиҳасини амалга оширувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги ҳудудий бўлинмаларига "Агробанк" АТБ орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йил муддатга, шу жумладан, 3 ойга имтиёзли давр билан икки фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда тегишли туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари ва Уюшма кафиллиги асосида кредитлар ажратишга;

тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг тавсиясига кўра "Томорқа хизмати" МЧЖларга уруғлик ва кўчат, мотокультиватор ва минитрактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишга;

етакчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратишга;

2026 йил 1 январга қадар томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия беришга;

"Томорқа хизмати" МЧЖлар, фермер хўжаликлари ва деҳқон хўжаликлари, ишлаб чиқариш кооперативлари раҳбарлари ва ходимларининг, шу жумладан томорқа ер эгаларини билим ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ўтказиш, шунингдек, ўқув марказларининг бу борадаги фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни субсидиялашга;

давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни белгиланган тартибда молиялаштиришга;

Қорақалпоғистон Республикасидаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ер майдонларини суғориш учун чуқурлиги 5 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларини қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;

2022 йилдан бошлаб аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга;

аҳолининг, деҳқон хўжаликлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ва аъзоларининг ҳамда "Томорқа хизмати" МЧЖлар ва ишлаб чиқариш кооперативлари ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга;

Жамғармани фаолиятини сақлаб туриш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга;

айланма маблағларга муҳтож бўлган "Томорқа хизмати" МЧЖларнинг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантиришга;

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларни ривожлантиришга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган инновацион ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишга инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ бошқа йўналишларга;

тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда томорқадан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Оn-line тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратишга; мева-сабзавотларни қайта ишлаш (қуритиш) корхоналари, совутиш омборхоналари, чорвачилик комплекслари, иссиқхона мажмуалари қурилишига, интенсив боғлар ва токзорлар барпо этилишига, қишлоқ хўжалигида занжирли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, якуний маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган, жумладан, омухта ем тайёрлаш, сутни қайта ишлаш, томат паста ишлаб чиқариш, минерал ўғитлар тайёрлаш, ўсимликларга кимёвий ишлов бериш, қадоқлаш ва саралаш ускуналарини келтиришга.

Мазкур банднинг йигирма иккинчи хатбошида келтирилган бино-иншоотлар, объект ва ускуналар фермер, деҳқон хўжаликлари, "Томорқа хизмати" МЧЖлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларига Жамғармадан ажратиладиган кредит эвазига ва (ёки) лизинг шартлари асосида Жамғарма томонидан баланс қийматида сотилади.

Мазкур объектларни қуриш, харид қилиш ва сотиш тартиби Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.

Кенгашни сақлашга ва моддий-техник таъминлашга ҳамда маблағларни тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобига олинадиган Жамғарма даромадларнинг 30 фоизи миқдордаги маблағлар унинг ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз ставкада берилади.

Жамғарма томонидан томорқа ер эгаларининг, деҳқон ва фермер ҳўжаликлари раҳбарлари ва аъзоларининг ҳамда "Томорқа хизмати" МЧЖлар ва бошқа ишлаб чиқариш кооперативлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидиялар ажратиш тартиби Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.

18. Жамғарманинг тижорат банкларига ресурс ажратиш ва маблағларини депозитга қўйишдан олинган, шунингдек Жамғарманинг бўш турган маблағларига тижорат банки томонидан тўланган фоиз кўринишидаги даромадлари Жамғарманинг ўз маблағлари бўлиб, консолидациялашган бюджет маблағлари ёки бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобланмайди.

Жамғарманинг Васийлик кенгаши қарорига асосан "Томорқа хизмати" МЧЖларга 300 миллион сўмгача ажратилган гаровсиз кредит учун Жамғарманинг тижорат банклари томонидан гаровга (депозит) олинган маблағларининг акцептсиз ундирилган ҳамда тижорат банкларига қўйилган депозит маблағларининг қайтмаган қисми мазкур банднинг биринчи хатбошисида келтирилган манбалар ҳисобидан яратилган захира маблағлари ҳисобидан қопланади.


5-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИГА

РЕСУРСЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ


19. Тижорат банкларига ресурслар ажратиш учун Жамғарма ва бош тижорат банки ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бош келишув тузилади.

Жамғарма томонидан "Микрокредитбанк" АТБ, "Агробанк" АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Халқ банки"га ресурс ажратиш бўйича бош келишувда ушбу маблағлар тижорат банклари томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун ресурс сифатида ишлатилиши, 2020 йил 1 январдан бошлаб ресурсларни ажратиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасидан 4 фоизлик пунктни чегириб ташлаган ҳолда амалга оширилиши алоҳида келишиб олинади;

Жамғарма томонидан тижорат банкларига ресурслар ажратиш бўйича бош келишувда ушбу маблағлар "Микрокредитбанк" АТБ, "Агробанк" АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банки томонидан ушбу маблағлар "Томорқа хизмати" МЧЖларга кредит ажратиш учун ресурслар сифатида 3 йил муддатга, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли давр билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида йиллик 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда ишлатилиши, 2020 йил 1 январдан бошлаб ресурсларни ажратиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасидан 4 фоизлик пунктни чегириб ташлаган ҳолда амалга оширилиши алоҳида келишиб олинади;

Жамғарма томонидан тижорат банкларига ресурслар ажратиш бўйича бош келишувда ушбу маблағлар тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси бўйича 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техник базани мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва транспорт сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар бериш учун ресурс сифатида ишлатилиши, 2020 йил 1 июлдан бошлаб ресурсларни ажратиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасидан 4 фоизлик пунктни чегириб ташлаган ҳолда амалга оширилиши алоҳида келишиб олинади;

Жамғарма томонидан "Агробанк" АТБга ресурс ажратиш бўйича бош келишувда ушбу маблағлар тижорат банклари томонидан Уюшманинг саримсоқпиёз етиштириш лойиҳасини амалга оширувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги ҳудудий бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йил муддатга, шу жумладан, 3 ойга имтиёзли давр билан икки фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда тегишли туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари ва Уюшма кафиллиги асосида кредитлар бериш учун ресурс сифатида ишлатилиши алоҳида келишиб олинади.

20. Бош келишувни тузиш учун тижорат банклари Жамғармага банкнинг тегишли бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки акциядорлар умумий йиғилиши) томонидан тасдиқланган бош келишув тузиш тўғрисидаги қарорнинг ёки бош келишув тузиш ваколатини берувчи бошқа ҳужжатнинг бир нусхасини тақдим этади.


21. Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари тавсияномасига кўра ҳамда ҳар бир маҳаллага маҳаллабай ишлаш бўйича бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан бериладиган тавсиялар асосида кўра оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш манбаларида назарда тутилган маблағлардан ташқари ва навбатсиз расмийлаштириб берилади.

Тавсия этилган талабгор кредит олиш бўйича талабларга мос бўлмаганда тижорат банклари кредит бермаслик ҳуқуқига эга.

22. Бош келишувни тузган республика тижорат банклари ёки уларнинг вилоят филиаллари маблағлар олиш учун Жамғармага ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилганлигини тасдиқловчи ахборот ва ҳудудлар бўйича қарз олувчилар - лойиҳа ташаббускорлари кўрсатилган буюртманомани тақдим этадилар.

23. Олинган буюртманомалар асосида Жамғарма маблағларни тижорат банкига ўтказиб беради, шунингдек, томорқа ер эгалари учун маблағлар тижорат банкларининг умумий буюртманомаси асосида (ташаббускор - томорқа ер эгалари кўрсатилмаган ҳолда) ҳам ўтказиб берилиши мумкин.

Жамғармага киритилган буюртманомалар қонунчиликда белгиланган талабларга мос бўлмаган тақдирда, тижорат банкига ресурс бўлиб - бўлиб ажратилиши ёки ажратилмасдан қайтариб юборилиши мумкин.

24. Жамғарма томонидан тижорат банкларига ажратилган ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кредит бериш учун фойдаланилаётган ресурслар учун бош банк бош келишувда назарда тутилган тижорат банки маржасини ажратиб қолган ҳолда имтиёзли фоиз ставкаси миқдорида фоиз ҳисоблайди, ушбу маблағлар жамғариб бориладиган ҳисобрақамида йиғилади ва бош келишувда белгиланган муддатларда Жамғарманинг тегишли банк ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

Жамғарма маблағлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятлари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда бошқа ташаббускорларга махсус электрон ахборот дастурлари орқали расмийлаштириб берилиши мумкин.

Томорқа ер эгаларига онлайн тарзда микрокредитлар ажратиш учун ресурслар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг таклифларига асосан Жамғарма томонидан республика тижорат банкларига туманлар кесимида жойлаштирилади.

25. Тижорат банки фойдаланилмаган ва муддатидан олдин қайтарилган, шунингдек, мақсадсиз ишлатилган маблағларни Жамғарма ҳисобрақамига қайтаришга мажбур.

Агар қарз олувчи - томорқа ер эгалари кредит олишдан бош тортган тақдирда, буюртманома киритган тижорат банки томонидан Жамғарма билан келишилган ҳолда ажратилган ресурслар бошқа томорқа ер эгаларига расмийлаштирилиши мумкин.

Тижорат банклари Жамғармадан ажратилган кредитларни ташаббускорлар томонидан мақсадли фойдаланилиши ва тижорат банкига қайтарилиши тўғрисида Жамғармага ҳар ойнинг 5-санасига қадар ташаббускорлар кесимида ахборот тақдим этади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


27. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, суд тартибида ҳал этилади.


28. Жамғарма тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 июнь











































Время: 0.1416
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск