Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аудит /

Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 734-XII-сон "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 734-XII



АУДИТОРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкдорлар ва давлатнинг мулкий манфаатларини ҳимоялашга кўмаклашувчи мустақил молиявий назорат тизимининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Аудит

1. Аудит - муайян ваколатлар берилган шахслар аудиторлар (аудиторлик фирмалари) томонидан хўжалик юритаётган субъектларнинг молиявий ҳисоботлари тўгрилигини, улар амалга оширган молиявий ва хўжалик операциялари Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларига қай даражада мувофиқлигини, шунингдек мукаммаллиги ва асослилигини, бухгалтерия ҳисоб-китоби ва бошқа молиявий ҳисобот юритишга доир талабларга қай даражада монандлигини текшириш мақсадида ўтказиладиган молия ҳужжатларининг экспертизаси ва таҳлилидир. Аудит шунингдек консальтингни - мижоз билан шартнома асосида хизматлар кўрсатишни ўз ичига олади.

2. Аудиторлик фаолияти махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан хўжалик субъектлари фаолияти устидан назорат қилинишининг ўрнини босмайди.



2-модда. Аудитор, аудиторлик фирмаси

1. Аудитор - белгиланган тартибда аудиторлик фаолияти билан шугулланиш ҳуқуқини олган ва аудиторларнинг касб-кор рўйхатига киритилган мутахассисдир.

2. Аудиторлик фирмаси - юридик ёки жисмоний шахс томонидан тузилган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўз уставига кўра фаолият соҳаси аудиторлик хизматлари кўрсатишдан иборат бўлган корхонадир.

Аудиторлик фирмалари кичик корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги корхоналар тарзида тузилиши мумкин, очиқ турдаги акциядор жамиятлар бундан мустасно.

3. Аудиторлар ва аудиторлик фирмалари давлат рўйхатидан ўтиб, лицензия олганларидан кейин ўз фаолиятларини бошлайдилар.



3-модда. Хўжалик юритаётган субъект


Хўжалик юритаётган субъектлар дейилганида мулк шаклидан қатъи назар барча корхоналар ҳамда мустақил тадбиркорлик фаолияти билан шугулланувчи айрим фуқаролар тушунилади.

Хўжалик юритаётган субъектлар аудитор (аудиторлик фирмаси)ни танлаш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳуқуқ аудиторлик фирмаси ва хўжалик юритаётган субъект ўртасида тузиладиган шартномада мустаҳкамлаб қўйилади.



4-модда. Аудиторлар ва аудиторлик фирмаларини

давлат рўйхатидан ўтказиш

Аудиторлар ва аудиторлик фирмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида амалга оширилади.



5-модда. Аудиторлик фаолиятига лицензия бериш


Аудиторлик фаолияти билан шугулланиш ҳуқуқини берадиган лицензиялар давлат рўйхатидан ўтилгандан кейин берилади.

Аудиторлик фаолиятига доир лицензиялар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



6-модда. Аудитор хулосаси


Аудитор хулосаси - бухгалтерия ҳисоб-китобини юритишга ҳамда ошкор қилинадиган йиллик молиявий ҳисобот ҳужжатлари тайёрлашга доир талабларга хўжалик юритаётган субъектнинг ҳисобот ҳужжатлари қай даражада мувофиқлиги хусусидаги аудитор фикри баён қилинган, имзоси қўйилган ва муҳр билан тасдиқланган ҳужжатдир.



7-модда. Аудиторлик фаолиятига доир қонунлар


Аудиторлик фаолияти билан боглиқ муносабатлар "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўгрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан, Қорақалпогистон Республикасининг ҳудудида эса Қорақалпогистон Республикасининг қонунлари билан ҳам тартибга солинади.



II БЎЛИМ. АУДИТОРНИНГ ХУҚУҚ ВА ВАЗИФАЛАРИ

8-модда. Аудиторнинг ва аудиторлик фирмасининг ҳуқуқлари


Аудитор (аудиторлик фирмаси):

имзоланган шартнома асосида хўжалик юритаётган субъектнинг ҳисобот ҳужжатларини аудитдан ўтказиш ва консальтинг хизматлари кўрсатиш;

ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ва меъёрий ҳужжатларининг талабларига асосланиб, текширишнинг шакл ва услубларини мустақил белгилаш;

ўзи текшираётган хўжалик юритаётган субъектнинг мулкий ҳолати ва фаолиятини кўрсатувчи, текширилаётган объектда ҳам, учинчи шахсларда ҳам бўлган ҳужжатлар билан эркин танишиш;

ўтказилаётган текширув ёки аудиторлик хизмати кўрсатиш муносабати билан текшираётган хўжалик субъекти раҳбарлари ва бошқа

ходимларидан, шунингдек учинчи шахслардан огзаки ёки ёзма шаклда зарур тушунтиришлар олиш;

лицензиядан маҳрум этишга доир қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.



9-модда. Аудиторнинг (аудиторлик фирмасининг) вазифалари


Аудитор (аудиторлик фирмаси):

аудиторлик текширувларини сифатли ўтказиши, текширишлар ўтказиш билан боглиқ бошқа аудиторлик хизматлари кўрсатиши;

ўзи текшираётган хўжалик юритиш субъектининг раҳбариятига текширув чогида аниқланган бухгалтерия ҳисоб-китоби юритиш ҳамда молиявий ҳисобот ҳужжатлари тайёрлашга доир талаблар ва қонунлар бузилганлиги ҳолларини маълум қилиши;

ўз вазифаларини бажариш чогида сир сақлаш қоидаларига риоя этиши. Мижозга зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни фақат суд талабига биноан ошкор этишга йўл қўйилади;

текшириш тугалланиб, хулоса чиқарилгунга қадар узрсиз сабабларсиз ўз фаолиятини тўхтатиб қўймаслиги;

зарур ҳолларда, текширув натижаларини маълум қилиш учун мулкдорларнинг (акциядорларнинг) умумий йигилиши чақирилишини талаб қилиши;

башарти, олдинданоқ ўз хатти-ҳаракатларида холис ва одил бўлолмаса, ўз фаолиятини давом эттиришдан воз кечиши шарт.



10-модда. Аудиторларни тайинлаш ва чақириб олиш


1. Аудитор аудиторлик хизмати кўрсатиш тўгрисида мижоз билан шартнома тузган аудиторлик фирмаси томонидан хўжалик юритаётган субъект мулкдорлари билан келишилган ҳолда тайинланади.

2. Аудиторни чақириб олиш фақатгина хўжалик юритаётган субъект мулкдорларининг ёки аудиторни тайинлаган юридик шахснинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин бўлиб, бу ҳақда аудитор олдиндан унинг хизматларидан воз кечилиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда хабардор этилиши лозим.

3. Буюртма асосида ўтказилаётган текшириш ёки бошқа ишларни амалга ошириш чогида аудитор хизматидан воз кечилса, хўжалик юритаётган субъектнинг мулкдори аудиторнинг хизмат ҳақини тўлаши шарт.

4. Аудиторлик текширишларини ўтказиш харажатлари шу текширишларни тайинлаган ташкилотлар ҳисобидан қопланади.


11-модда. Аудиторнинг (аудиторлик фирмасининг)

ишлаши учун шарт-шароит яратиб бериш

Хўжалик юритаётган субъектнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари аудиторнинг талабига биноан:

молия-хўжалик фаолиятига доир ҳужжатларни тақдим этишлари;

ёзма ёки огзаки шаклда зарур тушунтиришлар беришлари;

текширилаётган объектнинг молия-хўжалик фаолиятини экспертизадан сифатли ўтказиш учун бошқа зарур шарт-шароит яратиб беришлари шарт.



12-модда. Аудиторнинг жавобгарлиги


Аудитор ва аудиторлик фирмаси аудиторлик текширувлари ўтказиш чогида ушбу Қонуннинг ва Ўзбекистон Республикаси бошқа қонун ҳужжатларининг қоидаларини бузганлик учун:

Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ мулкий ва маъмурий жавобгарликка;

лицензия берган идоранинг қарорига мувофиқ аудиторлик фаолияти билан шугулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатишгача ёки бундай лицензиядан маҳрум этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиладилар.



III БЎЛИМ. АУДИТОРЛАР ПАЛАТАСИ


13-модда. Аудиторлар палатаси

Ўзбекистон Республикасининг Аудиторлар палатаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш олиб борувчи аудиторларни ихтиёрий асосларда бирлаштириб, аудиторлик фаолиятини ривожлантиришга, такомиллаштиришга ва бир хиллаштиришга даъват этилган мустақил жамоат ташкилотидир.



14-модда. Аудиторлар палатасининг Ўзбекистон

Республикаси давлат идоралари ва хорижий

ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги

1. Аудиторлар палатаси Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги билан биргаликда:

аудитор лицензияси олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтказиладиган малака имтиҳонлари дастурини ва тартибини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

аудиторлик текширувлари ўтказишнинг умумий қоидаларини ишлаб чиқади;

аудиторлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилади;

аудиторлик фаолияти билан боглиқ, қонунларга зид келмайдиган бошқа хатти-ҳаракатларни амалга оширади.

2. Аудиторлар палатаси давлатнинг бошқа идоралари, мамлакатдаги ва хориждаги аудиторлар ҳамда бухгалтерлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

3. Аудиторлар палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда:

аудиторлик фирмалари тузиш масалаларини қараб чиқади;

бошқа давлатларнинг аудиторлик палаталари ёки шундай ишни бажариш ваколати берилган идоралари билан тегишли ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси аудиторларининг лицензияларини ўзаро эътироф этиш тўгрисида шартнома тузади.



IV БЎЛИМ. ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИГАН МОЛИЯВИЙ

ҲИСОБОТ ҲУЖЖАТЛАРИ


15-модда. Эълон қилинадиган молиявий ҳисобот ҳужжатлари


Хўжалик юритаётган субъектнинг эълон қилинадиган молиявий ҳисобот ҳужжатлари - аудиторлик хулосасини, балансни, фойда ва зарар тўгрисидаги ҳисоботни ёки даромадларга доир декларацияни ҳамда бухгалтерияга оид бошқа маълумотларни ўз ичига олади. Бундай маълумотлар ташқаридаги фойдаланувчилар учун тақдим этилиши шарт.



16-модда. Молиявий ҳисобот ҳужжатларини эълон қилиш


1. Дастлабки тарзда аудитор текширувидан ўтган молиявий ҳисобот ҳужжатлари:

ташкилий-ҳуқуқий шакли мулкдорларнинг мулкий жавобгарлиги чекланишини кўзда тутадиган хўжалик юритаётган субъектлар;

акциялари фонд биржаларида қимматга эга бўлган хўжалик юритаётган субъектлар;

мулк шаклидан қатъи назар, банклар;

мулк шаклидан қатъи назар, сугурта компаниялари;

фаолият соҳаси учинчи шахсларнинг маблагларини акциялар, облигациялар ёки бошқа қимматбаҳо қогозларга жойлаштиришдан иборат бўлган инвестиция ва молия компаниялари;

биржалар;

чет эл инвестициялари эга бўлган корхоналар;

доирасини ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берадиган бошқа субъектлар томонидан эълон қилиниши шарт.

2. Йиллик молиявий ҳисобот ҳужжатлари тегишли молия йили тугаганидан кейин кўпи билан 5 ой ичида эълон қилинади.



V БЎЛИМ. МАХСУС ҚОИДАЛАР


17-модда. Аудиторлик фаолияти юритишни тақиқлаш


Аудиторлик текшируви:

текширилаётган хўжалик юритиш субъекти раҳбарлари ва мансабдор шахсларидан бирортаси билан бевосита қариндош шахс;

текширилаётган хўжалик юритиш субъектида шахсий мулкий манфаатлари бўлган шахс;

хўжалик юритаётган субъектнинг раҳбарлари, муассислари ёки мулкдорлари;

текширилаётган хўжалик юритиш субъекти ёки унинг филиали ходими;

давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларининг мансабдор шахслари;

кредиторлар, инвесторлар ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан ўтказилиши ман этилади.



18-модда. Низоларни ҳал этиш тартиби


Аудиторлар ва аудиторлик фирмалари ўртасидаги ўзаро низолар, шунингдек улар билан юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги низолар қонунларда белгиланган тартибда қараб чиқилади.



ЎзбекистонРеспубликасининг Президенти                               И. Каримов






































Время: 0.1642
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск