ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.06.2018 й. ПҚ-3782-сон "Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.06.2018 й.

N ПҚ-3782



АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ ЗАИФ

ҚАТЛАМИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган паст даромадли оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, оғир ижтимоий-маиший шароитларда яшовчи оилалар арзон уй-жой билан таъминланмоқда, уларга тиббий хизматларни олишда, маиший техникалар ва уй ҳайвонларини сотиб олишда беғараз ёрдамлар кўрсатилиб келинмоқда ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг бандлигини таъминлаётган ташкилотларга солиқ ва кредит имтиёзлари тизими назарда тутилган.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ва тадбиркорлик субъектларининг аҳолининг ижтимоий заиф қатламини, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатмоқда.

Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами фаровонлигини ошириш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сон Фармонига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш мақсадида:


1. 2018 йил 1 августдан бошлаб 1-иловага мувофиқ алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар ва преференциялар берилсин:

давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан аукцион савдолари натижалари бўйича белгиланган ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган имтиёз ва преференцияларни қўллаш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда ўрнатилган тартибда тасдиқласин.


2. Тижорат банкларига 1-иловада кўрсатилган алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига:

айланма маблағини тўлдириш учун - уч ойлик имтиёзли давр билан 18 ойгача муддатга;

асбоб-ускуналар ва сарфлаш материаллари харид қилиш учун - олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 августдан бошлаб штатдаги ходимларининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари корхоналари жами ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 4,7 фоиз миқдорда белгиланади ва ягона ижтимоий тўлов суммаси ўрнатилган тартибда тақсимланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий тажриба ва миллий амалиётни чуқур ўрганиш асосида ижтимоий тадбиркорлик субъектларини аниқлашнинг тартиби ва мезонларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолияти эркинлиги кафолатларини назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда уч ой муддатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин фойдаланиши учун барча техник ва тиббий-ижтимоий имкониятларни инобатга олган ҳолда ҳомийлар ва ҳомийлик олувчиларни боғлайдиган, энг аввало, ҳомийлар ёрдамига ва қўллаб-қувватлашига ўта муҳтож кишилар ҳақидаги мақолалар ҳамда маълумотлар жойлаштириладиган махсус веб-портал яратиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда берилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида, шунингдек, ногиронлиги бўйича ҳеч қандай камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини амалга оширишдаги тенг шароитлар яратиш ва уларни бузганлик учун жавобгарлик муқаррарлиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.


6. Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти (кейинги ўринларда жамоат бирлашмалари деб юритилади)нинг уларнинг корхоналари тасарруфидаги ишлаб чиқариш объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларга бириктирилган ер майдонларидан оқилона фойдаланишни комплекс ўрганиш бўйича таклифлари қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда республиканинг ҳар бир ҳудуди кесимида 2-иловага мувофиқ жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни комплекс ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этсин;

бир ҳафта муддатда жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни ўрганиш жадвалини уларнинг ҳар бир туман (шаҳар) даги сони ҳамда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда тасдиқласин;

2018 йил 1 августга қадар ишчи гуруҳлар томонидан жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни ўрганилишини ҳамда улар томонидан заруратга кўра аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилишини таъминласин;

2018 йил 1 сентябрга қадар ўрганишлар натижаси бўйича жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ҳолатини яхшилаш ва уларга бириктирилган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирлардан иборат "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ҳамда моҳияти кенг ёритилишини ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 11 июндаги

ПҚ-3782-сон қарорига

1-ИЛОВА



2018 йил 1 августдан бошлаб имтиёзлар

ва преференциялар бериладиган алоҳида

тоифадаги тадбиркорлик субъектлари

РЎЙХАТИ

      

1.

Ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари ва инвентарлар ишлаб чиқариш, уларга ортопедик протезлаш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларини таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушган тушум ташкил этган тадбиркорлик субъекти.

2.

Ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 20 фоизини Брайл алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этиш, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар яратишдан тушган тушум ташкил этган тадбиркорлик субъекти.

3.

Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар, ўн олти ёшга тўлмаган болалари ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар, жазони ижро этувчи муассасалардан озод этилган шахслар, одам савдоси қурбонлари, ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, "Меҳрибонлик" уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ташкил этган тадбиркорлик субъекти.

       





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 11 июндаги

ПҚ-3782-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат

бирлашмаларининг корхоналарига тегишли

ишлаб чиқариш объектлари ва ер участкаларидан

самарали фойдаланишни комплекс ўрганиш

бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

          

лавозими бўйича

-

Бош прокуратура масъул ходими, ишчи гуруҳ раҳбари

лавозими бўйича

-

Иқтисодиёт вазирлиги масъул ходими

лавозими бўйича

-

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими

лавозими бўйича

-

Адлия вазирлиги масъул ходими

лавозими бўйича

-

Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими

лавозими бўйича

-

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ходими

лавозими бўйича

-

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъул ходими

лавозими бўйича

-

Савдо-саноат палатаси масъул ходими

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари масъул ходими

келишув асосида

-

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси масъул ходими

келишув асосида

-

Ўзбекистон ногиронлар жамияти масъул ходими

келишув асосида

-

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти масъул ходими

келишув асосида

-

Ўзбекистон карлар жамияти масъул ходими

    


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 12 июнь


"Халқ сўзи", 2018 йил 12 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 18 июнь, 24-сон, 483-модда
















































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск