ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 29.11.2017 й. 44-сон "Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

29.11.2017 й.

N 44



ДАВЛАТ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ

БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАР БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга оширишга оид ишларни кўриш бўйича суд амалиётида вужудга келган масалалар ва фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан, ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасига биноан ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуни талабларининг оғишмай бажарилиши фуқароларнинг ижтимоий таъминотга бўлган конституциявий ҳуқуқларининг кафолати ҳисобланади.

2. Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишларини кўришда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсиясини ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Меҳнат дафтарчаларини юритиш тўғрисида"ги йўриқнома, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 26 октябрда 2835-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисида"ги йўриқнома ва ушбу соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари қўлланиши лозим.


3. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ""Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида" 1993 йил 3 сентябрдаги 939-XII-сонли қарорига мувофиқ Қонун татбиқ этилгунга қадар амалда бўлган:

пенсиялар тайинлашда ва пенсияларни қайта ҳисоблашда иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш учун тузатиш коэффициентларини қўллаш;

илгари амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарарли ва меҳнат шароити оғир ишларда Қонун амалга киритилгунга қадар ишлаган шахсларнинг ёшига қараб имтиёзли пенсия билан таъминланиш тартиби сақлаб қолинган.


4. Судларга тушунтирилсинки, Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги низомга мувофиқ пенсияларни тайинлаш ва тўлаш, шунингдек, фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (бундан буён матнда Пенсия жамғармаси деб юритилади) томонидан амалга оширилиб, уларнинг қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси юқори турувчи органларининг фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ҳам судга шикоят қилиниши мумкин.


5. Давлат пенсия таъминотига оид ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги ишлар судда кўрилиши мумкин:

иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги;

иш стажини тасдиқловчи ҳужжатнинг тегишлилик фактини белгилаш ҳақидаги;

иш ўринларининг аттестация қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги;

фаолиятнинг суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги асоси бўйича Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг фаолият даврларини меҳнат стажига қўшишни рад этиш ҳақидаги қарорлари устидан шикоят бериш;

Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг пенсия тайинлашни рад этиш, пенсияни бир турдан бошқа турга ўтказишни рад этиш, пенсиядан чегирмалар қилиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, ушбу рўйхат тугал ҳисобланмайди ва аризани иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳар қандай ҳуқуқ бузилиши суд орқали тикланиши мумкинлигидан, шунингдек, фуқароларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлиши билан боғлиқ ҳар қандай факт белгиланиши мумкинлигидан келиб чиқиш лозим.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, иш ҳақи миқдори ҳамда суғурта бадали тўланганлиги тегишли ҳужжатлар (штат жадвали, тўлов ведомости, тўлов топшириқномаси ва бошқалар) билан тасдиқланиши сабабли бундай юридик фактларни суд томонидан белгилашга йўл қўйилмайди.


6. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 26-моддасига мувофиқ юридик фактларни белгилаш ҳақидаги аризалар, шунингдек пенсия олиш билан боғлиқ ҳуқуқни амалга ошириш ҳақидаги даъво аризалар фуқаролик ишлар бўйича судларга, Пенсия жамғармаси органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га нисбатан шикоятлар эса, маъмурий судларга тааллуқлидир.

Ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда касб касаллигига учраганлиги ёки меҳнатда майибланганлиги оқибатидаги ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлиги учун, шунингдек ёшга доир пенсия ёшига тўлгунига қадар Қонунни 12-моддасининг "б" бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни корхона ва ташкилотлардан регресс тартибида ундириш тўғрисидаги даъволар иқтисодий судларга тааллуқлидир.


7. Судлар назарда тутиши лозимки, Қонунда қуйидаги давлат пенсия турлари белгиланган:

ёшга доир пенсия;

ногиронлик пенсияси;

боқувчисини йўқотганлик пенсияси.

Пенсия турлари бир-биридан вужудга келиш вақти ва асослари билан фарқланиши ва бу ишни тўғри ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги сабабли, судлар пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни кўришда фуқаро даъво қилаётган пенсия тури ва пенсия тайинлаш ҳуқуқининг вужудга келганлик асосларини аниқ белгилаши талаб этилади.


8. Судларга тушунтирилсинки, Қонуннинг 37-моддасига асосан, ёшга доир умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш учун фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Шу билан биргаликда, ёшга доир пенсиядан фарқли равишда меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари, меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида боқувчисини йўқотганлик учун пенсия тайинлашда иш стажининг давомийлиги юридик аҳамиятга эга эмас. Иш стажининг давомийлиги 20 ёшга тўлгунга қадар умумий касаллик туфайли иш даврида ёки ишлаш тўхтатилганидан кейин ногирон бўлиб қолган шахсларга пенсия тайинлашда ҳам аҳамиятга эга бўлмайди. Қонунни 1-моддасининг тўртинчи қисмига асосан, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу Қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилганлиги сабабли, иш стажининг давомийлиги эмас балки мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аҳамият касб этади. Бундай шахсларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сонли қарори билан тасдиқланган "Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги низом билан тартибга солинади.

Умумий касаллик туфайли ногиронлик пенсияси, шунингдек, умумий касаллик оқибатида боқувчисини йўқотган шахсларга пенсия ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик туфайли вужудга келган вақтда Қонуннинг 17-моддаси билан белгиланган иш стажи мавжуд бўлган тақдирда тайинланади.

Етарли миқдорда иш стажига эга бўлмаган (Қонуннинг 17-моддаси) умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади, ногиронлик пенсияси тайинлаш учун етарли миқдорда иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатида вафот этган боқувчисини йўқотган оила аъзоларига эса, пенсия боқувчининг бор стажига мутаносиб миқдорда тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлик учун пенсияга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда, судлар Қонуннинг 19-моддасида белгиланган, боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасидан келиб чиқиши лозим.

9. Судлар назарда тутиши лозимки, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ходимга тўланадиган иш ҳақи шаклидаги даромадлардан ҳисобланади ва ушлаб қолинади (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Пенсия жамғармасига ҳисобланган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларида шакллантирилган маълумотлар асосида аниқланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, судлар иш берувчининг ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли иш даврини стажга қўшмаганлик билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда, бу ҳолат иш фаолияти даврини ходимнинг иш стажидан чиқариш учун асос бўлмаслигини инобатга олишлари лозим. Чунки Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 282-моддасига асосан, барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилиниши лозим бўлиб, давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар иш берувчилар, шунингдек, суғурталанган ходимларнинг ўзлари томонидан тўланади.

10. Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар - 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар - 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.

Пенсия ёшига етган ва етарли миқдорда иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсия Қонунни 37-моддаси биринчи қисмининг "а", "б", "в" ва "г" бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.


11. Иш фаолиятининг муайян даврини ҳисобга олинадиган иш стажига қўшиш ёки қўшмаслик билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш вақтида судлар Қонуннинг 37-моддаси талабларидан келиб чиқиши лозим.

Хусусан, иш стажига:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан, якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон, фермер хўжаликларидаги фаолият Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт;

е) олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр;

и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

Қайд этилган "д" - "и" кичик бандларида назарда тутилган даврлар ушбу банднинг "а" - "г" кичик бандларида кўрсатиб ўтилган умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда, иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Ногирон бўлиб қолган шахслар стажига ушбу "д" - "и" кичик бандларида назарда тутилган даврлар қайд этилган банднинг "а" - "г" кичик бандларида кўрсатиб ўтилган стаж муддатидан қатъи назар қўшилади.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлинган вақт ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди.

Ота-онасидан жудо бўлган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсия миқдорини ошириш ҳам ота, ҳам онанинг умумий иш стажига қараб, Қонунни 27-моддасининг "г" бандида кўрсатиб ўтилган миқдорларда амалга оширилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 35-бандига мувофиқ 1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 115 ва 139-моддаларига асосан, жамоа хўжалигида ишланган вақтнинг амалда давом этган даври байрам кунларини ҳисобдан чиқарган ҳолда олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.

Жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этганлик ҳолати қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

меҳнатнинг ҳақиқий даври ва муайян йилда меҳнатда иштирок этиш минимуми кўрсатилган хўжалик аъзосининг меҳнат дафтарчаси;

хўжаликнинг ҳар бир аъзосига кадрлар бўлими томонидан меҳнатнинг ҳақиқий даври ва муайян йилда меҳнатда иштирок этиш минимуми тўғрисида маълумотлар акс эттирилган ҳолда юритилиши лозим бўлган шахсий карточка;

жамоа хўжалиги бошқарувининг ҳар йилда ўтказилиб келинган ва хўжалик аъзоларининг меҳнатда иштирок этиш минимуми белгиланган қарори.

Шу муносабат билан судлар шуни назарда тутиши лозимки, меҳнат стажини ҳисоблаш вақтида юқорида кўрсатилган икки асос мавжуд бўлган ҳолда жамоа хўжалиги бошқарувининг бундай қарори талаб этилиши ортиқча ҳисобланади.

Жамоа хўжалиги бошқарувининг меҳнатда иштирок этишнинг минимумини белгиловчи қарори мавжуд бўлмаган ҳолларда, судлар, бир йил учун қабул қилинган қарорга мувофиқ, кейинги икки йил учун меҳнатда иштирок этиш минимуми фактини белгилашга ҳақлидир (масалан, 1980 йил учун бошқарув қарори мавжуд бўлганда, 1981-1982 йиллар учун меҳнатда иштирок этишнинг минимум факти белгиланади).

Судларга тушунтирилсинки, бундай факт муайян давр учун жамоа хўжалиги бир аъзосининг меҳнатда иштирок этишнинг минимуми кўрсатилган меҳнат дафтарчаси асосида бошқасининг меҳнат дафтарчасида эса бундай маълумотлар кўрсатилмаган ҳолларда ҳам тасдиқланиши мумкин.


13. Ижодий фаолият билан машғул ходимнинг меҳнат фаолияти даврини иш стажига қўшмаслик ҳақидаги низоларни ҳал қилишда судлар ижодий фаолият билан машғул бўлган ижодий уюшмалар аъзоларига 1991 йил 1 январгача иш стажи, агар ана шу муаллифнинг асари биринчи марта эълон қилинган ёки жамоат олдида ижро этилган (намойиш этилган) кундан эътиборан, 1991 йил 1 январдан бошлаб эса улар фақат Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари томонидан белгиланганидан келиб чиқиш лозим.

14. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан, якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон, фермер хўжаликларидаги фаолият даврини пенсия олишга ҳуқуқ берувчи иш стажига қўшиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда, судлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсиясини ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарори талабларидан келиб чиқиши лозим.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, суғурта бадаллари тўловчилари:

якка тадбиркорлар;

якка тадбиркорлар томонидан ёлланган шахслар;

оилавий тадбиркорлик субъектининг оила аъзолари;

деҳқон ва фермер хўжаликлари аъзолари;

шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида қорамол боқиш ва чорвачилик маҳсулотлари сотиш билан банд бўлган;

шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик маҳсулотлари) етиштириш билан банд бўлган жисмоний шахслар ҳисобланади.

Бундай шахсларнинг меҳнат дафтарчаларига 2001 йилга қадар ёзувлар Пенсия жамғармасида мавжуд бўлган маълумотлар асосида, 2001 йилдан кейин эса солиқ органларининг суғурта бадаллари тўланганлиги ҳақидаги маълумотлари асосида киритилган. Бундай ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат стажи Пенсия жамғармасида сақланадиган шахсий ҳисобга олиш варақаси асосида, шунингдек, тадбиркорнинг Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларини ҳисобга олиш китобида белгиланиши лозим.

Шундан келиб чиққан ҳолда, судлар шунга эътибор қаратиши лозимки, ушбу ҳужжатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд эмаслиги талаб қилинаётган меҳнат фаолияти даврини тасдиқлаш учун асос бўла олмайди, чунки қонун ҳужжатларида суғурта бадаллари тўланганлик фактини гувоҳлар кўргазмаларига асосан тасдиқлаш тартиби назарда тутилмаган.


15. 1992 йил 13 мартдаги "Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат иштирокчиларининг фуқароларини пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги Келишув" 6-моддасининг 2-бандига мувофиқ мазкур Келишув кучга киргунга қадар фуқаронинг барча давлат иштирокчиларининг ҳудудидаги иш даври Қонуннинг 37-моддаси талабларини қўлламаган ҳолда иш стажига қўшилади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишлаган даврни иш стажига қўшмаслик билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда, судлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сонли қарори билан тасдиқланган "Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида"ги низом талабларини қўллашлари талаб этилади.

Судларга тушунтирилсинки, меҳнат шартномаси (контракти) асосида, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий Бюролардан чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатнома олган чет элда ёлланган ҳолда ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан хорижий давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйлари, ваколатхоналар (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда), ташкилотларда ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс ҳисобланади.


16. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 13-моддасига асосан, ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ҳамда давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ агентлари ҳисобланади. Солиқ агентларига суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти, шунингдек, уларнинг ҳисоблаб чиқариш тўғрилиги учун жавобгарлик ҳам юклатилган.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ иш берувчиларнинг муайян тоифалари, хусусан, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари (элчихона ёки миссиялар), консуллик муассасаларига (бош консуллик, консуллик, вице-консуллик ёки консуллик агентлиги) ёки Ўзбекистон Республикасидаги халқаро (ҳукуматлараро) ташкилотларга Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш бўйича мажбуриятлар юклатилмаган.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, қонун ҳужжатларига мувофиқ, суғурта бадалларини ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти юклатилмаган иш берувчиларда ишлаган иш даврининг иш стажига қўшилмаганлиги билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 311-моддасининг саккизинчи қисми талабларидан келиб чиқиши талаб этилади, унга кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи жисмоний шахслар суғурта бадалларини жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасидан келиб чиққан ҳолда, суғурта бадалларини тўлаш ҳақида жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда бериладиган ариза асосида ихтиёрий равишда тўлайди.

17. Бола уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини иш стажига қўшмаслик билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш вақтида, судлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги низоми 35-бандининг "ж" кичик банди, 66-банди талабларидан келиб чиқиши лозим бўлади.

Судларга тушунтирилсинки, юқорида кўрсатилган низомга асосан, болани парваришлаш таътилида бўлиш (шу жумладан, пули тўланадиган таътилда бўлиш) даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди.


18. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, Қонуннинг 9 - 14-моддалари қоидаларига мувофиқ ходимларнинг алоҳида тоифаларига ёшга доир пенсия ёши кам бўлган, тегишли ҳолларда эса иш стажи кам бўлган ҳолда ҳам Қонуннинг 7-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ тайинланади.

Умумий белгиланган ёшга етгунга қадар ёшга доир пенсия тайинлашнинг шартларидан бири бўлиб, муддатидан илгари ёшга доир пенсия белгилаш учун асос бўладиган қонун билан белгиланган даврийликдаги иш стажининг мавжудлиги ҳисобланади.

Хусусан, Қонунга мувофиқ имтиёзли асосларда пенсиялар ёшидан қатъи назар муайян шахсларга пенсия ёши (10 йил, 5 йил ва 1 йилга) қисқартирилган ҳолда, лилипутлар ва паканаларга, шунингдек, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхона, муассаса, ташкилотнинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тегишли иш стажига эга бўлган ҳолларда, пенсия ёши 2 йилга қисқартирилган ҳолда, муддатидан илгари тайинланиши мумкин.


19. Имтиёзли равишда пенсия олиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатларга асосан фуқароларнинг алоҳида тоифалари эгадир.

Судлар Пенсия жамғармасининг имтиёзли шартларда пенсия тайинлашни рад этиши билан боғлиқ низоларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган Талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда, ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг Рўйхатларига асосланиши лозим бўлади.


20. Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестация қилинганлиги тўғрисидаги далиллар мавжуд бўлмаганлиги сабабли меҳнат даврининг умумий пенсия ёшини қисқартирган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қўшилмаганлиги билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш вақтида, судлар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси даврийлиги қонун ҳужжатларида белгиланадиган, бироқ беш йилда камида бир марта иш берувчи томонидан ўтказилишидан келиб чиқиши лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасига мувофиқ иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун жавобгарлик айнан иш берувчига юклатилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, судлар зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги ишларни кўриш вақтида, иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилмаганлиги ходимнинг айби эмаслигини инобатга олган ҳолда, бузилган ҳуқуқни тиклаш учун барча лозим бўлган чораларни кўриб, шу жумладан, бошқа даврлар учун меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларининг аттестацияси ўтказилганлигини текшириш ва унинг натижасидан келиб чиқиши лозим.

Шуни назарда тутиш лозимки, Фуқаролик процессуал кодексининг 74-моддасига кўра, гувоҳлар кўрсатмалари ишнинг характерини белгиловчи хусусиятларини (муайян шароитдаги ишлар) тасдиқловчи ва муддатидан илгари ёшга доир пенсия тайинланишига таъсир қиладиган тегишли далил бўла олмайди. Бу ҳолатлар Фуқаролик процессуал кодексининг 71-моддасида кўрсатилган ўзга далиллар билан тасдиқланиши мумкин (масалан, буйруқлар, ҳисоб-китоблар, нарядлар, мансаб вазифалари ва ҳ.к.).

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 28 ва 29-моддаларига асосан, меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳамда ишлаб чиқаришда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар юзасидан судда эксперт сифатида иш юритишга ҳақлидир. Шунинг учун зарурат туғилган пайтда, бундай шахслар судда иштирок этиши ёки улардан кўрилаётган иш бўйича хулоса олиш масаласини ҳал қилиш лозим.


21. Пенсия жамғармаси томонидан, фуқаронинг фикрига кўра, муддатидан илгари пенсия тайинлаш ҳуқуқини берадиган стажга қўшилиши лозим бўлган даврни бундай стажга қўшиш рад этилган ҳолларда, назарда тутмоқ лозимки, даъвогар томонидан бажарилаётган ишларнинг, у эгаллаб турган лавозимнинг, мавжуд касбнинг муддатидан илгари пенсия тайинлаш ҳуқуқини берадиган ишлар, лавозимлар, касбларга ўхшашлиги масаласи суд мажлисида аниқланган ҳар бир ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда (даъвогар томонидан бажарилаётган ишларнинг характери ва ўзига хослиги, амалга ошириш шароитлари, эгаллаб турган лавозими бўйича ёки мавжуд касб бўйича у томондан бажарилаётган функционал вазифалар, шунингдек, у ишлаган корхона, муассаса, ташкилотлар фаолиятининг йўналишлари ва ҳоказо) аниқланади. Шу билан бирга, турли хил номланадиган ишлар, касблар, лавозимларнинг ўхшашлигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

Шундан келиб чиқиб, зарур бўлган ҳолларда суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакилларни иштироки ёки уларнинг хулосасини олиш масаласини ҳал этиш лозим.


22. Имтиёзли стажни ҳисоблашда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил12 майдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган Талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг Рўйхатлари;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 12 мартда 2337-сон билан рўйхатга олинган "Талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида"ги йўриқнома қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги 250-сонли қарори билан тасдиқланган имтиёзли шартлар асосида пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқариш, корхона, ишлар, касблар, мансаблар ва кўрсаткичларнинг 1, 2, 3-сонли Рўйхатларидан чиқарилган касблар Пенсия жамғармаси бўлимининг ёшга доир имтиёзли шартларда пенсия тайинлашни рад этиш, худди шунингдек, қонун билан назарда тутилган бошқа имтиёзларни чиқариш билан боғлиқ ишларни кўриш ва ҳал қилишда Фуқаролик кодекси 4-моддасининг учинчи қисми талабларига риоя этиш зарур. Ушбу Қонун нормасига кўра, фуқаролик қонун ҳужжати амалга киритилгунига қадар вужудга келган муносабатлар бўйича бу қонун ҳужжати у амалга киритилганидан кейин вужудга келган ҳуқуқ ва мажбуриятларга нисбатан қўлланилади.

23. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси ва Қонуннинг 42-моддасига биноан, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар, туманлар (шаҳарлар)нинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади. Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида кўрсатиб ўтилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига, шунингдек, ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига киритилади.

Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаган ҳолларда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур бўлган маълумотлар киритилмаган ёки иш даври ҳақидаги хато ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлганда, Пенсия жамғармаси иш стажини (банд бўлган шахснинг иш стажидан ташқари) тасдиқлаш учун маълумотномалар, буйруқдан кўчирмалар, шахсий ҳисоб варақаси ва иш ҳақини бериш ҳақидаги ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлари), идоравий архив маълумотномалари ва иш даври ҳақида маълумотга эга бўлган бошқа ҳужжатларни қабул қилиши лозим.

Бунда ташкилот, корхона, муассаса ёки архив раҳбари, шунингдек, маълумотномани тайёрлаган ходим томонидан имзоланган ва корхона, муассаса, ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланган маълумотномада ишга қабул қилиш, иш (мансаб) бўйича ўзгартириш ва асосини кўрсатган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим.

Шу муносабат билан судларга тушунтирилсинки, меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан тасдиқланадиган ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган меҳнат фаолияти даврларини иш стажига қўшилмаган ҳолларда суд меҳнат фаолияти даврини белгилашга ҳақли эмас, чунки бундай факт меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан тасдиқланади.

Меҳнат фаолияти даври фактини бошқа тартибда тасдиқлашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд томонидан тасдиқланиши мумкин.


24. Фуқаролик процессуал кодекси 295-моддаси иккинчи қисмининг 6-бандига мувофиқ, суд шахснинг ҳуқуқни вужудга келтирувчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалардан ташқари) кўрсатилган исми, отасининг исми ва фамилияси унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги исми, отасининг исми ва фамилияси билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёки тегишли эмаслиги фактини белгилайди.

Шунга кўра, судлар иш стажини тасдиқловчи ҳужжатни тегишлилиги фактини белгилашда ушбу фактни судсиз тартибда тасдиқлаш имкони мавжуд бўлмаган ҳоллардагина тасдиқлаш мумкинлигига эътибор қаратиши лозим.


25. Пенсия тайинлаш рад этилган тақдирда, Пенсия жамғармаси тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечиктирмай корхона, муассаса, ташкилот ёки ариза берувчига рад этиш сабабларини, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган билдиришномани бериши ёки юбориши ҳамда барча тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан фуқаро (ота-она, қонуний вакил)га қайтариши шарт.

Қонуннинг 48-моддасига мувофиқ пенсия тайинлашни рад этиш ҳақидаги қарорга нисбатан судга шикоят берилиши мумкин.

Пенсия тайинлашни рад этиш ҳақидаги қарорнинг қонунийлигини текширишда, суд Пенсия жамғармасининг қарорида кўрсатилган асосларни Қонун нормаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар томонлама синчковлик билан текшириши лозим бўлади.


26. Судларга тушунтирилсинки, Қонуннинг 65-моддасига асосан пенсиядан чегирмалар:

а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;

б) Пенсия жамғармасининг қарорига биноан пенсионерга - унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қўлланилиши мумкин.

Фуқаролик қонун ҳужжатлари ва меҳнатга оид қонун ҳужжатларида ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато тушунчалари ёритиб бермаганлигидан келиб чиқиб, Пенсия жамғармасининг пенсиядан чегирмалар қилиш ҳақидаги қарорига нисбатан берилган шикоятларни кўришда, бу масала суд томонидан ҳал этилиши лозим.

Ҳисоб билан боғлиқ арифметик, математик ҳаракатларни (кўпайтириш, қўшиш, айириш, бўлиш) амалга оширганда йўл қўйилган нотўғриликлар ҳисоблашдаги хато деб топилиши лозим.

Бошқа техник хато деганда, дастурий таъминотга маълумотларни киритишда йўл қўйилган хато, шунингдек, дастурий таъминотнинг бузилиши оқибатида вужудга келган хатони тушуниш лозим.

Ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш, ҳисоб-китобни амалга оширишда тегишли бўлмаган (дахлдор бўлмаган) дастлабки маълумотлардан фойдаланиш ҳисоблашдаги хато ҳисобланмайди.

Пенсионернинг қонунга зид, пенсиянинг ортиқча суммаларини олишга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлари пенсионер томонидан қилинган суиистеъмоллик деб баҳоланиши лозим.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, жиноят содир қилинганлиги натижасида пенсиянинг ортиқча тўланиш ҳолатлари вужудга келганида ортиқча тўланган сумма давлатга етказилган зарар сифатида айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши лозим.

Баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда, судлар пенсионернинг пенсиясидан чегирма қилиш ҳақидаги қарорнинг асослилигини ҳар томонлама текшириши лозим.


27. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1030-моддасига мувофиқ фуқаро томонидан виждонсизлик қилинмаганлиги ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганлиги аниқланса, унга берилган пенсиялар, нафақалар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтарилмайди.


28. Судларга тушунтирилсинки, пенсиядан чегирмаларнинг миқдори ушлаб қолишнинг асосларига боғлиқ. Комиссия қарори асосида чегирмалар қуйидаги миқдорда амалга оширилади:

ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида - 10 фоиз;

қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида, пенсия ва нафақалар тўланган вақтда ишга жойлашганлигини яшириш - 30 фоиз;

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг икки баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олувчи шахслар бўйича - 5 фоиз.

Суднинг қарори ёки бошқа ижро ҳужжатига асосан ундириладиган чегирма миқдори тўланиши лозим бўлган пенсия миқдорининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим. Пенсионер ёки нафақа олувчи қарздорликни ўрнини қоплаш учун унинг ёзма аризасига мувофиқ пенсия ва нафақалар суммаларини кўпроқ миқдорда, шу жумладан, тўлиқ миқдорда йўналтириш ҳуқуқига эга. Пенсионер ёки нафақа олувчининг ёзма аризасида у томонидан белгиланган фоиз тарзидаги миқдор ёки қатъий сумма кўрсатилади.

Шунга кўра, судлар пенсиядан ушлаб қолиш ҳақидаги даъволарни қаноатлантиришда ойлик ушлаб қолиш миқдорини белгилаши лозим.


29. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ортиқча тўланган пенсия миқдорини ундириш ҳақидаги талабларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида белгиланган умумий уч йиллик даъво муддати қўлланилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 153-моддасига кўра, даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарори чиқарилгунига қадар берган аризасига мувофиқ қўлланилади.


30. Судларнинг эътибори ҳал қилув қарорининг хулоса қисми уни ижро этиш вақтида саволлар келтириб чиқармаслиги учун аниқ ва тушунарли қилиб баён этилиши лозимлигига қаратилсин. Шу мақсадда даъвогарнинг талаби қаноатлантирилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида хусусан қандай талаблар қаноатлантирилганлиги, даъвогарнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун жавобгар зиммасига қандай мажбурият юклатилаётганлиги (масалан, даъвогарнинг муайян иш даврини муддатидан илгари ёшга доир пенсия белгилаш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшиш мажбуриятини юклаш, жавобгардан тўланмаган пенсия суммасини ундириш), шунингдек, суд, агар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлашни асоссиз равишда рад этганлиги ҳақида хулосага келганда жавобгар зиммасига қайси вақтдан пенсия тайинлашга мажбурлиги кўрсатилиши лозим.

Назарда тутиш лозимки, агар даъвогар қонунда белгиланган тартибда Пенсия жамғармасига пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган бўлиб, унга асоссиз рад берилган бўлса, суд бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига даъвогар Пенсия жамғармасига ариза билан мурожаат қилган кундан бошлаб пенсия тайинлаш мажбуриятини юклаши мумкин.


31. Судлар ишларни кўришда фуқароларнинг пенсия ва нафақа олиш ҳуқуқларининг бузилиши, шунингдек пенсия ва нафақа тайинлаш учун зарур бўлган нотўғри архив ва бошқа маълумотларни тақдим этиш факти аниқланган ҳар бир ҳолатга хусусий ажрим чиқариш билан (ФПК 275-моддаси) муносабат билдириши шарт.

32. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари мунтазам равишда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётини ўрганиб бориш орқали йўл қўйилган хатоларнинг ўз вақтида бартараф этилишини ва қонун нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминласин.

33. Мазкур Қарор қабул қилиниши муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида" 1991 йил 20 декабрдаги 5-сонли қарори 2-бандининг тўққизинчи хатбошиси ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси

И. Алимов

           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил
































Время: 0.0071
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск