язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Бошқа масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.02.2018 й. 143-сон "Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Халқаро ёшлар оромгоҳини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.02.2018 й.

N 143




ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИНИНГ

ХАЛҚАРО ЁШЛАР ОРОМГОҲИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, самарали ўтказиш, маънавий оламини бойитиш ҳамда дунёқарашини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига тегишли Термиз шаҳар, "Гулистон" маҳалласи, Фидокор кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган болалар оромгоҳи Ўзбекистон ёшлар иттифоқига шартнома асосида текин фойдаланишга берилаётгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган болалар оромгоҳи негизида Халқаро ёшлар оромгоҳини (кейинги ўринларда оромгоҳ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


3. Қуйидагилар:

оромгоҳни сақлаш, жорий ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши;

оромгоҳда ҳар йилги ёз мавсуми давомида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш бўйича харажатлар белгиланган тартибда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, қолган барча харажатлар эса Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг маблағлари ҳисобидан қопланиши;

ёз мавсумидан ташқари бошқа вақтда оромгоҳда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирокида турли хил тадбирлар, фестиваллар, анжуманлар, семинар ва бошқа машғулотлар ўтказиб борилиши инобатга олинсин.


4. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига:

оромгоҳнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, бунда штатларни сақлаш харажатларини тегишли бинолар ва иш ҳажмига мутаносиб равишда белгилаш;

ёшлар иштирокида халқаро миқёсдаги тадбирлар, таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш учун оромгоҳни зарур ўқув-услубий адабиётлар, керакли анжомлар, асбоб-ускуналар билан таъминлаб бориш;

оромгоҳни ҳар йили 20 майга қадар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ёз мавсумига тайёр ҳолда тақдим этиш, оромгоҳни жорий таъмирлаш, зарур жиҳозлар, асбоб-ускуналар, штатлар жадвалига мувофиқ хизмат кўрсатадиган ходимларни (техник ходимлар ва бошқалар) иш ҳақи билан таъминлаш тавсия этилсин.


5. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

оромгоҳнинг йил давомида фаолият юритишини сифатли ташкил этиш мақсадида электр энергияси, табиий газ, сув, коммунал-маиший хизматлар узлуксиз равишда кўрсатилишини таъминласин;

оромгоҳга жалб этиладиган болаларнинг оромгоҳ атрофида жойлашган аттракционлар, ёпиқ сузиш ҳавзаси ва спорт майдончаларидан фойдаланишлари учун шарт-шароитлар яратсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига ҳамда Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 26 февраль