ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларини моддий-техник таъминлаш /

Олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 05.04.2018 й. 2992-сон билан рўйхатга олинган 27.02.2018 й. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2-2018-сон, Молия вазирлигининг 40-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 5 апрелда 2992-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус

таълим вазирлиги,

Молия вазирлигининг

2018 йил 27 февралдаги

2-2018, 40-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари

маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг

фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми) ҳисобидан

академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари,

сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар

ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик

лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий

қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги ПҚ-3290-сон "Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 ноябрдаги 901-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тошкент юридик коллежида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмунини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ оширилган тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қўшимча қабул қилган тасарруфида академик лицей бўлган идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги ПҚ-3290-сон "Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан олий таълим муассасалари раҳбарияти олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми) ҳисобидан академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга.



2-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

ТОМОНИДАН ТАСАРРУФИДАГИ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙ

УЧУН ЎҚУВ-ЛАБОРАТОРИЯ АСБОБ-УСКУНАЛАРИ, САРФЛАШ

МАТЕРИАЛЛАРИ, КОМПЬЮТЕР ТЕХНИКАСИ, ДАРСЛИКЛАР ВА

ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМАЛАРИ СОТИБ ОЛИШ ҲАМДА АКАДЕМИК

ЛИЦЕЙНИНГ ЎҚИТУВЧИ ВА ЎҚУВЧИЛАРИНИ МОДДИЙ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ УЧУН МАБЛАҒ АЖРАТИШ


3. Олий таълим муассасаси томонидан тасарруфидаги академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб- қувватлашнинг молиявий манбаси бўлиб, олий таълим муассасасига тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми (базавий тўлов-контракт миқдорини чиқариб ташлаган ҳолда) ҳисобланади.

Бунда, академик лицейга маблағлар тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми ҳисобидан олий таълим муассасасини сақлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий ишларни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларни малакасини ошириш ва рағбатлантириш билан боғлиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ҳукуматининг қарорлари асосида белгиланган бошқа харажатларни қоплашдан ортган қисмидан ажратилади.

Тошкент давлат юридик университетининг бюджетдан ташқари маблағлари (фақат ўқитишнинг базавий қиймати миқдоридан ошадиган қисмида тўлов-контракт асосида ўқишдан тушадиган тушумлар) ҳисобидан университет ҳузуридаги академик лицей учун ўқув-лаборатория ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, енгил автотранспорт воситалари сотиб олиш, шунингдек лицей ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун ажратилади.


4. Ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш маблағига бўлган эҳтиёж бўйича буюртмалар академик лицей раҳбари томонидан асосланган ҳисоб-китоблар кўринишида келгуси молия йили бошланишидан бир ой олдин бириктирилган олий таълим муассасасига тақдим этилади.


5. Тасарруфидаги академик лицей томонидан ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратиш масаласи бўйича тақдим этилган буюртма олий таълим муассасанинг Кенгаши муҳокамасига қўйилиб, олий таълим муассасасининг кутилаётган тушумлари ва харажатларини ҳисобга олган ҳолда академик лицейга ажратиш мумкин бўлган маблағлар бўйича қарор қабул қилинади.


6. Олий таълим муассасаси томонидан маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилингандан кейин тасарруфидаги академик лицей буюртмаси асосида ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш харажатлари олий таълим муассасасининг ўқитишни тўлов контракт шаклидан тушган маблағлар даромадлари ва харажатлари сметасига киритилади.


7. Олий таълим муассасасининг ўқитишнинг контракт шаклидан тушган маблағлари даромадлар ва харажатлар сметаси рўйхатдан ўтказиш учун идоравий бўйсунуви бўйича вазирлик ёки идорага тақдим этилганда академик лицейларнинг ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун буюртмалари ва олий таълим муассасасининг маблағ ажратиш тўғрисидаги қарори ҳамда кутилаётган даромадлар ва харажатларнинг таҳлили алоҳида илова қилинади.


8. Олий таълим муассасаси томонидан тасарруфидаги лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун маблағлар академик лицейнинг "Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси" шахсий ҳисобварақасига (4001...) беғараз ёрдам сифатида ўтказилади ҳамда олий таълим муассасасининг иқтисодий таснифи бўйича "Бошқа харажатлар" харажат моддасида (4821190) касса ва ҳақиқий харажатлар сифатида акс эттирилади.


9. Зарур ҳолларда олий таълим муассасаси томонидан ўзининг балансида бўлган ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларнинг эҳтиёжидан ортиқча қисмини юқори ташкилотнинг розилиги билан тасарруфидаги академик лицейга белгиланган тартибда беғараз бериши мумкин.



3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ТОМОНИДАН

ТАСАРРУФИДАГИ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАР УЧУН ЎҚУВ-

ЛАБОРАТОРИЯ АСБОБ- УСКУНАЛАРИ, САРФЛАШ

МАТЕРИАЛЛАРИ, КОМПЬЮТЕР ТЕХНИКАСИ,

ДАРСЛИКЛАР ВА ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМАЛАРИ

СОТИБ ОЛИШ УЧУН АЖРАТИЛГАН

МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


10. Олий таълим муассасаси томонидан тасарруфидаги академик лицейга ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш учун ажратилган маблағлар академик лицей даромадига киритилади ҳамда фақат буюртмада келтирилган мақсадлар бўйича ажратилган маблағлар доирасида белгиланган тартибда сарфланади, бунда уларнинг бошқа мақсадлар учун сарфланишига йўл қўйилмайди.


11. Академик лицейлар ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олишини белгиланган тартибда мустақил равишда ташкил этади.


12. Академик лицейлар томонидан сотиб олинган ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар академик лицей балансига белгиланган тартибда қабул қилинади ва тугатиш муносабати билан ҳисобдан чиқарилгунга қадар ҳисобда акс эттирилади.



4-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

ТОМОНИДАН ТАСАРРУФИДАГИ АКАДЕМИК

ЛИЦЕЙЛАРГА ЎҚИТУВЧИ ВА ЎҚУВЧИЛАРИНИ

МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ УЧУН

АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ


13. Олий таълим муассасаси томонидан академик лицейларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар академик лицей даромадига киритилади ҳамда фақат моддий рағбатлантириш мақсадлари бўйича ажратилган маблағлар доирасида белгиланган тартибда сарфланади, бунда уларнинг бошқа мақсадлар учун сарфланишига йўл қўйилмайди.


14. Олий таълим муассасаси томонидан академик лицейларнинг ўқитувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан педагог ходимларни моддий рағбатлантириш мезонлари ва миқдорлари олий таълим муассасалари томонидан белгиланади.

Бунда моддий қўллаб-қувватлаш педагог ходимларига базавий тариф ставкасининг 50 фоизигача миқдоридаги устама ва ойлик маошининг бир баробари миқдоридаги пул мукофоти ҳамда моддий ёрдам кўринишида амалга оширилади.

Тошкент давлат юридик университетининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт маблағлари) ҳисобидан академик лицей ходимларига тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар белгилаш учун моддий ёрдам кўрсатилади.


15. Академик лицейлар томонидан педагог ходимларни моддий рағбатлантириш мезонларини белгилашда уларнинг қуйидаги эришган натижаларига эътибор қаратилади:

таълим сифатини ошириш учун инновацион ва ахборот технологияларини жорий этганлиги;

таълим беришнинг янги услуб ва шаклларини қўллашда фаол иштирок этганлиги;

халқаро, республика, вилоят миқёсидаги танлов, фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаганлиги;

фан ва ижодий тўгаракларни ташкил этган, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган тадбирларни жорий этганлиги;

ўқув адабиётлари ва ўқув-услубий қўлланмалар яратишда бевосита иштирок этганлиги;

ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини юқори бўлишига аниқ ҳисса қўшганлиги.


16. Академик лицейларнинг билимли, одобли, мустақил фикрга эга бўлган ва ижобий фазилатларни ўзида мужассам этган ўқувчилари, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар олий таълим муассасаси томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантирилади.

Моддий рағбатлантириш ҳар ойда бир ўқувчига энг кам иш ҳақининг икки баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда ойлик стипендия, бир йилда бир ўқувчига энг кам иш ҳақининг олти баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда бир йўла тўланадиган моддий ёрдам кўринишида амалга оширилади.


17. Академик лицейларнинг ўқувчиларини моддий рағбатлантириш тартиби ва миқдорлари олий таълим муассасалари томонидан белгиланади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Академик лицейлар олий таълим муассасасига ҳар чоракда, чоракдан кейинги ойнинг 10 санасидан кечиктирмай ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳисобот тақдим этади, шунингдек академик лицей директори (директор вазифасини вақтинча бажарувчи шахс) олий таълим муассасаси Кенгаши йиғилишида маълумот беради.


19. Олий таълим муассасаси томонидан тасарруфидаги академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш бўйича жавобгарлик шахсан академик лицей директорига (директор вазифасини вақтинча бажарувчи шахсга) юклатилади.


20. Олий таълим муассасаси томонидан тасарруфидаги академик лицейлар учун ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳамда академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратишнинг асосланганлиги ҳамда тўғрилиги юзасидан жавобгарлик шахсан олий таълим муассасаси ректорига (ректор вазифасини вақтинча бажарувчи шахсга) юклатилади.


21. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, "Навоий кон-металлургия комбинати" давлат корхонаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 апрель, 14-сон, 289-модда








































Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск