ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.06.2018 й. ПҚ-3802-сон "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.06.2018 й.

N ПҚ-3802



ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда самарали солиққа тортиш тизими ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, солиқ назоратининг эскирган услуб ва принципларига асосланган давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини ташкил этиш мазкур органлар олдига қўйилган янги вазифаларни ҳал қилиш, жумладан, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқлар йиғилувчанлигининг оширилишини таъминлаш имконини бермайди, ўз ечимини топмаган сезиларли муаммоларнинг мавжудлиги ушбу ҳолатни янада оғирлаштирмоқда, хусусан:

биринчидан, солиқ солишнинг қўшимча манбаларини изламасдан солиқ ҳисоботи билан чекланиб қолган, асосан прогноз кўрсаткичларини бажариш билан боғлиқ бўлган солиқ маъмуриятчилигининг паст даражаси;

иккинчидан, солиқ маъмуриятчилигида коррупциявий муҳитни шакллантираётган, давлат солиқ хизмати органларининг деярли барча бўғинларида ходимлар коррупциялашувига олиб келаётган сезиларли шарт-шароитларнинг мавжудлиги;

учинчидан, солиқ маъмуриятчилигини тўлиқ амалга ошириш, солиқ солинадиган қўшимча базани аниқлаш, иқтисодиётда хуфиёна айланмалар даражасини қисқартиришга имкон бермайдиган ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланмаслик;

тўртинчидан, камерал назоратни, жумладан, солиқ имтиёзлари ва преференцияларидан мақсадли фойдаланилиши устидан камерал назоратни амалга ошириш учун ташқи манбаларни йиғишни таъминлайдиган таъсирчан дастурий маҳсулотларнинг мавжуд эмаслиги;

бешинчидан, солиқлар тўлашдан бўйин товлашнинг турли схемалари яратилишига олиб келаётган, савдо, умумий овқатланиш корхоналари, бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бўйича берилган ваколатлардан самарасиз фойдаланилиши;

олтинчидан, мақсадли текширувлар ташкил этиш учун солиқларни тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмаслиги;

еттинчидан, мавжуд ресурслардан давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш учун етарлича фойдаланилмаётганлиги ва интизомий жавобгарликка тортиш даражаси ҳаддан ташқари юқорилиги умуман солиқ тизимининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисоблансин:

биринчидан, давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан "Солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори" деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш;

иккинчидан, экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши, бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасининг ошишини таъминлаш;

учинчидан, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллаш;

тўртинчидан, солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни максимал даражада камайтириш ва соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш;

бешинчидан, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш;

олтинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, давлат солиқ хизмати органларининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш.

5. Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг қуйидаги асосий мезонлари белгилансин:

давлат солиқ хизмати органлари ишининг сифатини қониқарли баҳолайдиган солиқ тўловчилар, шунингдек, уларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларнинг сони;

камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг умумий суммаси;

хронометраж ва кўздан кечириш натижалари бўйича аниқланган давлат бюджети даромадларини ошириш захиралари суммаси ва уларни ундириш даражаси;

паспортлари тузилган солиқ тўловчиларнинг сони;

ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилишининг тўлиқлиги ва солиқ қарздорлигининг пасайиш даражаси;

давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларда "шахсий кабинет"дан фойдаланиш даражаси;

электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарини автоматлаштирилган мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулотларни қўллаётган солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши.


6. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда Махсус жамғарма деб юритилади) ҳисобидан қуйидаги суммаларнинг 10 фоизига қадар миқдорда мукофотланиши белгилансин:

камерал назорат натижаси бўйича ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

бир ой мобайнида хронометраж ва паспортлаштириш натижаси бўйича аниқланган, солиқ тўловчи томонидан тўланган солиқ;

солиқ текширувлари натижаси бўйича ундирилган солиқлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда якуний натижаларга эришишдан келиб чиқиб давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ва уларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини тасдиқласин.

Махсус жамғармага солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун молиявий санкциялар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарималар суммасидан ажратмалар миқдори 25 фоиздан 40 фоизга оширилсин, бунда қўшимча тушадиган маблағлар ходимларни шахсий мукофотлашга мақсадли йўналтирилсин.


7. Давлат солиқ хизмати органлари давлат улуши бўлган жамиятлардан дивидендлар ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмалар йиғимини ундиришни амалга оширади.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг "Республика ахборот-маслаҳат маркази" ва "Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази" давлат унитар корхоналари негизида "Солиқ-сервис" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда - "Солиқ-сервис" ДУК) унинг ҳудудий марказларини тузган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қуйидагилар "Солиқ-сервис" ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш;

давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш;

давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлаш;

"call-марказ" махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш;

солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш;

ахборотни ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш.

Давлат солиқ қўмитаси:

давлат солиқ хизмати ҳудудий органларининг юқорида кўрсатилган функцияларни бажарадиган бошқарув ходимлари штат бирликларини қисқартириш;

Маълумотларни қайта ишлаш маркази ишини тубдан такомиллаштириш, жумладан, солиқ тўловчилар учун янги дастурий маҳсулотлар ва сервисларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишни назарда тутсин.


9. "Солиқ-сервис" ДУКнинг хизматлари бюджет маблағлари ва Махсус жамғарма маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланиши белгилансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида:

йирик солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш, жумладан, солиқ ҳисоботларини қабул қилиш, солиқ назоратини амалга ошириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш мажбурияти юклатилган Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси;

солиқ маъмуриятчилиги соҳасида солиқ органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини таҳлил қилиш вазифаси юкланган ҳолда Йиғма ахборот-таҳлил департаменти ташкил этилсин.

12. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий жиҳатларга барҳам бериш мақсадида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилсин.


13. Солиқ академияси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази этиб қайта ташкил қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази фаолиятини ташкил қилиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитишнинг замонавий услубларини, жумладан, малака оширишнинг масофавий шаклларини жорий этиш, шунингдек, ҳудудий филиалларини тузишни назарда тутган ҳолда ҳукумат қарорини қабул қилсин;

қайта ташкил этилаётган Солиқ академиясининг бакалавриат ва магистратура талабаларининг ўқишини тегишли йўналишлар бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтига кўчириш чораларини кўрсин.


14. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

16. Қуйидагилар:


а) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар прогнозининг бажарилиши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини таъминлаш устидан лозим даражада назорат ўрнатилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши;

давлат солиқ хизмати органларига юқори маънавий-ахлоқий сифатларга эга малакали ходимларни жалб этишга қаратилган, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва рағбатлантиришнинг мутлақо янги тизими яратилиши;

ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, қонун бузилишининг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳити яратилиши, жамоада соғлом муҳит шакллантирилиши;

давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланиши, солиқ тўловчилар билан тўғридан-тўғри алоқасиз мулоқот ўрнатилиши;

солиқ маъмуриятчилигининг замонавий услубларини жорий этиш соҳасида халқаро экспертлар, грантларни жалб этиш ишлари;

давлат солиқ хизмати органларининг моддий-техника жиҳатдан таъминланиши учун;


б) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тушишининг таъминланиши;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланиши, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услублари жорий этилиши, солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилиниши, уларга барҳам бериш чоралари кўрилиши;

солиқ солиш базасини кенгайтириш бўйича, жумладан, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали комплекс чора-тадбирлар кўрилиши;

назорат амалга оширилиши ва солиқ қарздорлиги ошишига йўл қўймаслиги, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш орқали солиқ тизими модернизация қилиниши учун;


в) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарларининг:

солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини оширишга кўмаклашувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қўллаш методологияси такомиллаштирилиши;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари даражасини ошириш учун захираларни излаш ва аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилиши;

солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарганлиги учун тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш чоралари кўрилиши;

солиқ солиш қисмида иқтисодиётнинг хуфиёна секторини легаллаштиришга қаратилган тизимли назорат таъминланиши;

сифатсиз, қалбаки (ясама) ва ноқонуний олиб кирилган товарлар ишлаб чиқарилиши, шунингдек, реализация қилинишига қарши курашишнинг ҳолати ва самарадорлиги;

солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва таҳлилнинг илғор автоматлаштирилган услублари, электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича дастурий маҳсулотлар жорий этилиши ҳамда самарали фаолият кўрсатиши;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари пухта, ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив кўриб чиқилиши, фуқаролар шахсан қабул қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ва солиқ коллежлари фаолияти самарали ташкил этилиши учун шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.


17. Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилансин.


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда солиқ тўлашдан бўйин товлаётган шахслар, яширилган солиқ солиш объектлари, шунингдек, ноқонуний олиб кирилган товарлар етказилиши, сақланиши ва реализация қилиниши, яширин цехларни аниқлаш юзасидан тизимли қўшма рейдларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилсин;

икки ой муддатда давлат солиқ хизмати органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни, жумладан, оффшор зоналарда рўйхатдан ўтган шахслар билан операцияларни амалга оширадиган солиқ тўловчиларни мониторинг қилишни назарда тутган ҳолда тасдиқласин;

уч ой муддатда солиқ соҳасида фуқаролар томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилиши учун ижтимоий тармоқлар ва дастурий маҳсулотларнинг салоҳиятидан фойдаланиш мумкин бўлган, жумладан, уларга тадбиркорлик субъектларининг солиққа оид ҳуқуқбузарликлари тўғрисида хабар қилиш имконини берувчи веб-портал очиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин;

бир ой муддатда қўшилган қиймат солиғини электрон бошқариш тизимини, жумладан, солиқлар йиғилувчанлигини ошириш ва инсофсиз солиқ тўловчиларни аниқлаш мақсадида барча айланмалар занжирини таҳлил ва назорат қилиш учун давлат солиқ хизмати органларида электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш бўйича дастурий комплексни жорий этиш юзасидан таклифлар киритсин.

19. 2018 йил 1 августдан маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш фаолиятини моддий рағбатлантиришни ошириш ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,7 бараварга оширилган миқдорда қўлланилиши белгилансин.

Мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


20. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига мазкур қарорга мувофиқ тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига Маълумотларни қайта ишлаш марказини кенгайтириш, замонавий электрон маъмуриятчилик тизимини, жумладан, электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва онлайн назорат-касса машиналарини автоматлаштирилган мониторинг қилиш тизими дастурий маҳсулотларини жорий этиш, шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 2018 йилда зарур маблағларни ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.


21. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси қуйидагилар бўйича таъсирчан чоралар кўрсин:

юқори профессионал малака ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган профессионал кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш;

мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида виждонан хизмат қилаётган ходимларни уларнинг шахсий ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш механизмларини яратиш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан коррупция кўринишлари ва мансаб суиистеъмолчиликлари содир этилишининг барча хавфларини бартараф қилиш;

аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тушунтириш, профилактика ишларини олиб бориш;

давлат солиқ инспекцияларининг иш юкламаси ва солиқларни йиғиш фаолиятининг иқтисодий самарадорлигидан келиб чиқиб уларнинг сонини оптималлаштириш.


22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига давлат солиқ хизмати органларининг маълумотлар базасини бошқа давлат органлари маълумотлар базалари билан таққослаш, жойларда солиқ текширувлари далолатномаларини ўрганиш орқали солиқ тўловчиларнинг ва солиқ солиш объектларининг тўлиқ қамраб олинишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри, тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини мониторинг қилиш вазифаси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси икки ҳафта муддатда мавжуд маълумотлар базасига Молия вазирлигининг уланишини таъминласин.


23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисидаги янгиланган низомларни тасдиқласин.


24. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларнинг Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.


25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3168-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


26. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев



*) 3-илова рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 26 июндаги

ПҚ-3802-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

       

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси

 

 

 

 


 

 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари

"Солиқ-сервис" давлат унитар корхонаси*

Туман (шахар)лар давлат

солиқ инспекциялари

"Янги технологиялар" илмий-ахборот

маркази" давлат унитар корхонаси*

Йирик солиқ тўловчилар бўйича

ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси

"Хумсон санаторийси" давлат

унитар корхонаси*

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

ҳузуридаги Малака ошириш маркази

"Ғазалкент соғломлаштириш маркази"

давлат корхонаси*

Тошкент, Бухоро ва Фарғона

солиқ коллежлари

 

"Даволаш-соғломлаштириш мажмуаси"

давлат муассасаси*

  

*) Хўжалик ҳисобидаги идоравий муассасалар

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 июнь


"Халқ сўзи", 2018 йил 27 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 июль, 26-сон, 511-модда








































Время: 0.1644
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск