ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона тўловлари / Божхона божлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2018 й. ПҚ-3818-сон "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.06.2018 й.

N ПҚ-3818



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА

ТАРТИБГА СОЛИШ ҲАМДА БОЖХОНА-ТАРИФ

ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўтган давр мобайнида мамлакатда халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилди.

Шу билан бирга, божхона-тариф жиҳатдан тартибга солишнинг амалдаги тизими рақобатнинг бозор принциплари ривожланишини рағбатлантирмаяпти. Хусусан, олиб кирилаётган товарларга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича ҳаддан ташқари кенг имтиёзлар берилиши тариф жиҳатдан самарали тартибга солиш имконини бермаяпти, ваҳоланки, шахсий преференциялар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун тенг бўлмаган рақобат шароитларини яратмоқда.

Рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини рағбатлантиришга, ички бозорни сифатли истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган божхона-тариф жиҳатдан тартибга солишнинг самарали тизимини шакллантириш мақсадида:


1. Қуйидагилар божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий принциплари этиб белгилансин:

бож тарифларининг тартибга солиш функцияларини иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг қўшилган қиймат глобал занжирига уйғун интеграциялашувга йўналтирилган устуворликларидан келиб чиққан ҳолда кучайтириш;

ташқи иқтисодий фаолиятни тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини илғор хорижий тажрибани, халқаро принциплар ва нормаларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш;

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни республикада ишлаб чиқарилмайдиган ёхуд етарли бўлмаган ҳажмда ишлаб чиқариладиган ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материаллар билан таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини янада жадаллаштириш мақсадида замонавий технологик ускуналар ва техникаларни олиб кириш учун қулай шарт-шароитларни сақлаш;

божхона расмийлаштирувида тури, мақсади, хусусияти ва таркиби бўйича ўхшаш, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича яқин бўлган товарларни божхона тўловларининг пастроқ ставкалари қўлланиладиган позицияга таснифлаш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ушбу товарларга божхона тўловлари ставкаларини унификация қилиш;

акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкаларини унификация қилиш, уни инсон соғлиғи ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган товарларга нисбатан қўллаш.


2. Қуйидагилар:

импорт божхона божлари ставкалари 1-иловага* мувофиқ;

Белгилансинки, ушбу банд билан тасдиқланаётган ставкалар 2019 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.


3. 2018 йил 1 сентябрдан эътиборан шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:

чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назоратини ўтказиш чоғида ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;

товарларнинг "эркин муомалага чиқариш (импорт)" режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди. Бунда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари (истеъмол қадоқларига эга бўлмаган ҳамда ўз эҳтиёжи учун олиб келинган товарлардан ташқари) ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ва импорт қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, мазкур товарларга мувофиқлик сертификатини ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш тақиқланади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда:

республикага товарлар олиб киришда божхона тўловлари бўйича имтиёзларни бекор қилиш юзасидан таклифлар киритилишини;

товарларни реализация қилишда қулайлик яратиш учун чегара ҳудудларда савдо мажмуаларини ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини берадиган "Интеграциялашган тариф" интерактив хизмати жорий этилишини;

б) икки ой муддатда:

"Интеграциялашган тариф" интерактив хизмати орқали тақдим этиладиган ахборотнинг, жумладан, санитар-карантин, фитосанитар ва ветеринар назорати бўйича, рухсатнома бериш хусусиятига эга бўлган бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги талабларнинг тўлиқ рўйхати;

"Интеграциялашган тариф" интерактив хизмати орқали тақдим этиладиган ахборотни ўз вақтида янгилаб бориш бўйича технологик йўриқноманинг, тегишли вазирлик ва идораларнинг ушбу ахборотни ўз вақтида янгилаб бормаганлиги ҳамда сифатсиз янгилаб борганлиги учун жавобгарлигини назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;

в) "Интеграциялашган тариф" интерактив хизматининг узлуксиз ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминласин.


5. Белгилансинки, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига "Интеграциялашган тариф" интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Бош прокуратура билан биргаликда хўжалик юритувчи субъектларнинг нарх-наво юзасидан ўзаро тил бириктириш ҳолатларини ҳамда соғлом рақобатни чеклайдиган келишилган ҳаракатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрсин.

7. Қуйидагилар 2019 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3303-сон қарори;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-3454-сон қарорининг 12-2-иловаси.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 июнь


"Халқ сўзи", 2018 йил 30 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 июль, 26-сон, 518-модда










































Время: 0.1416
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск