ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келиши, кетиши ва бўлиши /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.07.2018 й. ПҚ-3836-сон "Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.07.2018 й.

N ПҚ-3836



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА

ХОРИЖИЙ ФУҚАРОЛАРНИНГ КИРИШИ

ТАРТИБИНИ ОПТИМАЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳозирги вақтда республикага хорижий фуқароларнинг кириши учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини оптималлаштиришга, миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига кириш туризмини трансформация қилиш, маданий-тарихий меросни, табиий бойликлар ва анъаналарни, шунингдек, республиканинг туризм имкониятлари ва салоҳиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хорижий фуқароларнинг республикага кириши тартибини янада такомиллаштириш электрон кириш визасини расмийлаштириш ва бериш бўйича интерактив хизматларни, шунингдек, бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига визасиз қисқа муддатли кириш ва 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш тартибини жорий қилиш йўли билан хорижий фуқароларнинг кириш визасини олиш жараёнларини соддалаштириш заруратини тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5326-сон Фармонининг 3-банди талаблари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, 2018 йил 15 июлдан бошлаб:

хорижий фуқароларнинг кириш визасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик идораларига мажбурий мурожаат этишларини бекор қилиш;

хорижий фуқаронинг кириш визасини олиш учун мурожаатини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш;

республикага кириш учун рухсат берувчи ҳужжатни расмийлаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

электрон кириш визаларининг ягона маълумотлар базасини шакллантириш орқали электрон кириш визасини расмийлаштиришнинг марказлаштирилган тизимини яратишни назарда тутувчи электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш тизими (кейинги ўринларда "E-VISA.UZ" тизими деб аталади) жорий этилади.


2. Ўзбекистон Республикасининг электрон визаси тўғрисидаги низом 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича "E-VISA.UZ" тизими жорий қилинишини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилиши таъминлансин.


4. Белгилансинки, "E-VISA.UZ" тизими қатнашчиларининг идоравий тизимларини кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасига кириш учун хорижий фуқароларга электрон визани расмийлаштириш ва бериш тизимини янада жорий қилиш, электрон визани ҳамда бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига қисқа муддатли визасиз кириш ва 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига визасиз киришини расмийлаштириш жараёнида фойдаланиладиган идоравий тизимларни модернизация қилиш бўйича Ташкилий-техник чора-тадбирлар комплексини ("Йўл харитаси") Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда тасдиқлашга киритсин.


6. Хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасига кириш учун электрон кириш визасини расмийлаштириш ва бериш учун консуллик йиғимлари миқдори қуйидагича белгилансин:

20 АҚШ доллари - бир марталик;

35 АҚШ доллари - икки марталик;

50 АҚШ доллари - кўп марталик.

Қабул қилинган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари фаолиятини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг валюта ҳисобварақасига ўтказилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлигининг берилган электрон кириш визаларини идентификация қилиш мақсадида дастурий таъминотни модернизация қилиш бўйича ишларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига беғараз молиявий ёрдам сифатида бюджетдан ташқари Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 300 миллион сўмни ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

8. "E-VISA.UZ" тизимини янада жорий қилиш доирасида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, дастурий таъминот, эҳтиёт қисмлар ва материаллар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан 2021 йил 1 январгача (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.


9. 2018 йил 15 июлдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари бўлинмаларига пассажирлар тўғрисида олдиндан ўз вақтида маълумот берадиган ташувчининг учинчи мамлакатга авиабилети мавжуд бўлган, 2-иловага* мувофиқ давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидан транзит орқали ўтадиган фуқаролари учун - 5 суткадан ортиқ бўлмаган муддатда мамлакатнинг халқаро аэропортлари ўтказиш пунктлари орқали визасиз кириш, вақтинча бўлиш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш;

хорижий паспорт ёки биометрик ҳаракатланиш (ўтиш) ҳужжати билан қонуний вакили кузатувида бўлган, 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқаролар учун - кузатувчи шахснинг паспортидаги кириш визаси муддати амал қилиши даврида, бироқ Ўзбекистон Республикасига кирган кундан бошлаб 90 кундан ортиқ бўлмаган даврда, ўтказиш пунктлари орқали визасиз кириш, вақтинча бўлиш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш тартиби белгилансин.

Шу билан бирга, хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган вақтларида 16 ёшга тўлганларида чиқиш визаси ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари М.И. Атаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари А.А. Усманов:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг турли тоифаларига қўшимча виза режимларини жорий қилиш бўйича таклиф киритсин ("Silk road" - Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилаётган туристлар учун бошқа мамлакатлар виза белгиларини тан олиш имконияти билан, "Vatandosh" - келиб чиқиши Ўзбекистон Республикасидан бўлганлар ва уларнинг оила аъзоларига - беш йиллик виза, "Golden visa" - йирик хорижий инвесторлар учун - ўн йиллик виза);

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда йўловчилар тўғрисида олдиндан маълумот олиш тизимини ишга туширгач Ўзбекистон Республикасидан транзит орқали ўтадиган, вақтинча бўладиган ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган хорижий фуқаролар учун ердаги ўтказиш пунктлари орқали визасиз кириш тартибини жорий қилишни таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасидан транзит орқали ўтадиган, вақтинча бўладиган ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган хорижий фуқаролар учун визасиз кириш тартибини жорий қилиш натижасига кўра 2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда фуқаролари Ўзбекистон Республикасидан транзит орқали ўтадиган, вақтинча бўладиган ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги "Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3509-сон қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари мазкур қарор қоидаларининг кенг ёритилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари орқали 2018 йил 15 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий фуқароларнинг кириши учун электрон визаларни расмийлаштириш ва бериш тартиби, бир қатор хорижий мамлакатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасига қисқа муддатли визасиз кириш ҳамда 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига визасиз кириши жорий қилинганлиги тўғрисида кенг хабардор бўлишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 июль


"Халқ сўзи", 2018 йил 6 июль












































Время: 0.1942
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск