ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Тижорат банклари /

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида Низом (АВ томонидан 02.07.2018 й. 3030-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 28.04.2018 й. 16/18-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 2 июлда 3030-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2018 йил 28 апрелдаги

16/18-сон қарорига

ИЛОВА



Банк хизматлари истеъмолчилари билан

ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат

банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал

талаблар тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида банк хизматлари истеъмолчилари (бундан буён матнда истеъмолчилар деб юритилади) билан муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг (бундан буён матнда банк деб юритилади) фаолиятига қўйиладиган минимал талабларни белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


истеъмолчилар - банк хизматидан фойдаланиш истагида банкка мурожаат қилган, ушбу хизматдан фойдаланаётган ёки олдин фойдаланган жисмоний ёки юридик шахслар;


шахсий кабинет - банкнинг расмий веб-сайтида, интернет-банкинг тизимида ва/ёки мобиль иловасида жойлаштирилган, истеъмолчига банк хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажариши юзасидан ахборот олиш, шунингдек Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда хабарлар алмашиш орқали банк билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини берувчи ахборот ресурси;

мурожаат - истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда банкка юборилган банк хизматларини кўрсатишга тааллуқли ариза, шикоят ёки таклиф.


2. Истеъмолчилар банк ва банк хизматларини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

Банк томонидан бир хизматнинг истеъмолчига қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатилиши тақиқланади.


3. Банк хизматлари банк ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартнома, шу жумладан оммавий оферта тарзидаги шартнома асосида кўрсатилади.

Шартномаларнинг матни истеъмолчилар тушуниши учун аниқ ва содда тарзда баён этилиши ва компьютер воситасида босиб чиқаришда "Тimеs Nеw Rоmаn" 12 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланилиши лозим.

Шартномаларнинг матни давлат тилида тузилади. Истеъмолчи ва банкнинг ўзаро келишувига мувофиқ шартнома матни бошқа тилда ҳам тузилиши мумкин.


2-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИГА АХБОРОТ БЕРИШНИНГ

МИНИМАЛ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Маълумотлар беришнинг умумий минимал талаблари


4. Банк томонидан кўрсатиладиган барча хизматлар тўғрисида маълумотлар истеъмолчига ошкор этилиши лозим.

Хизматлар тўғрисидаги маълумотлар тижорат ёки банк сирини ўз ичига олмаслиги зарур.


5. Банк хизматларини тақдим этиш шартлари, ушбу шартларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, шунингдек банкнинг ахборот стендларида доимий равишда жойлаштириб борилиши керак.

Бунда, банк хизматларини тақдим этиш шартларининг ўзгариши ҳақидаги маълумот кучга киришидан камида ўн кун олдин, валюта айирбошлаш курсларининг ўзгариши тўғрисидаги маълумот зудлик билан эълон қилиниши лозим.

6. Истеъмолчиларга банк хизматлари тўғрисидаги маълумотлар шартномалар тузилишидан аввал бепул тақдим этилиши ва таништирилиши шарт.


6-1. Истеъмолчи банк хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани (кредит, депозит, банк ҳисобварағига хизмат кўрсатиш, лизинг, банк карталари ва бошқалар бўйича) имзо қўймасдан олдин танишиб чиқиши учун ўзи билан олиб кетишга ҳақли.

Банк истеъмолчини ушбу ҳуқуққа эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.

Банк хизматлари масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кўрсатилганда, банк истеъмолчига шартнома тузилишидан олдин мазкур тизим орқали шартнома шартлари билан танишиб чиқиш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиб бериши лозим.

7. Банк ўзининг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчиларга давлат тилида етказиши лозим. Банкнинг молиявий хизматлари тўғрисидаги маълумотлар қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин.

Банк хизматлари тўғрисидаги маълумотларнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши керак.

8. Истеъмолчиларга банк томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўлиқ ва тўғри тушунтирилиши лозим.

Банк хизматлари тўғрисидаги маълумотлар қоғоз шаклда берилганда "Тimеs Nеw Rоmаn" 12 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланиш керак.


9. Банк томонидан кредит бўйича хизмат кўрсатиш даврида истеъмолчининг оғзаки ёки ёзма сўрови олинган кундан эътиборан бир иш куни ичида унга қуйидаги ахборотлар ёзма шаклда ойда бир марта бепул тақдим этилади:

кредитлаш лимити;

кредит бўйича тўланган пул маблағлари суммаси;

асосий сумма бўйича қарз қолдиғи;

навбатдаги тўловларнинг миқдори, таркиби ва муддатлари (тўловлар жадвали);

кредитни муддатидан олдин қисман ёки тўлиқ сўндириш истаги билдирилган тақдирда тўлаш лозим бўлган суммалар миқдори;

муддати ўтказиб юборилган қарздорлик миқдори ва таркиби;

келиб тушаётган пул маблағлари кредит бўйича қарзни сўндиришга йўналтирилиши ҳақида ахборотлар.


10. Банк истеъмолчининг талабига кўра қуйидаги ҳужжатларнинг банк томонидан тасдиқланган нусхаларини бепул (битта банк хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича бир марта) беришга мажбур:

банк ва истеъмолчи томонидан имзоланган банк хизматини кўрсатиш ҳақидаги шартномасини;

истеъмолчи томонидан берилган ариза (агар қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай аризанинг расмийлаштирилиши мажбурий бўлса ёки банкнинг ички қоидаларига асосан банк хизматини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузиш чоғида бундай аризани расмийлаштирилиши шарт бўлганда);

истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ордер, тўлов топшириқномаси, электрон тўлов воситасига пул маблағлари ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома);

кредит шартномалари бўйича истеъмолчи томонидан мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома).

Банк истеъмолчининг талабига кўра мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни уларни тайёрлаш харажатларидан ошмайдиган ҳақ эвазига чекланмаган тарзда тақдим этиши мумкин. Бундай ҳужжатларни тақдим этишнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, бу ҳақида банк томонидан истеъмолчига асосли равишда ёзма хабар берилиши керак.


11. Банк истеъмолчиларга маълумот бериш учун банк хизматини кўрсатиш шартномасини тузиш чоғида улар билан боғланиш алоқа воситаларини келишиб олиши ва ушбу алоқа воситалари орқали боғланиш имкониятини таъминлаши лозим.


12. Истеъмолчининг тегишли сўрови банкда рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб беш иш куни ичида банк хизматини кўрсатиш ҳақидаги шартнома, истеъмолчи томонидан берилган ариза ва истеъмолчига кредит берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда бир иш куни ичида кредит шартномалари бўйича истеъмолчи томонидан мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

12-1. Банк истеъмолчига ёки унинг ваколатли вакилига банк хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини тақдим этиши керак.

Агарда шартнома масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали тузилганда, банк истеъмолчига ушбу шартнома тузилган кунда, мазкур тизимлар орқали шартномадан фойдаланиш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиши шарт.


2-§. Банкнинг расмий веб-сайтида ахборот

бериш хусусиятлари


13. Банк ўзининг расмий веб-сайтига эга бўлиши шарт.

Расмий веб-сайтга жойлаштирилаётган ахборотларнинг санаси кўрсатилиши керак.

14. Банкнинг расмий веб-сайтида сайтнинг тузилишини баён этувчи, ушбу тузилмадаги расмий веб-сайтнинг ҳар бир саҳифаси жойлашган жойни қулай шаклда аниқлаш имконини берувчи бўлим бўлиши керак.


15. Банкнинг расмий веб-сайти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга мувофиқ бўлиши керак.


16. Банкнинг расмий веб-сайтидаги ахборотдан фойдаланишда:

истеъмолчилар зарур маълумотлардан хоҳлаган пайтида танишиб чиқиш ва ундан фойдаланиш имконига эга бўлиши керак. Маълумот билан танишганлик ёки ундан бошқача тарзда фойдаланганлик учун ҳақ ундирилмаслиги ҳамда бошқа чекловлар қўйилмаслиги лозим;

истеъмолчи маълумот билан бепул ва кенг тарқалган дастурий таъминот ёрдамида фойдаланиш имконига эга бўлиши лозим;

ахборот шифрланган ёки бошқа воситалар орқали ҳимояланган бўлмаслиги керак;

банк ўз расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборотдан (истеъмолчининг шахсий кабинетида жойлаштирилган ахборотдан ташқари) фойдаланиш учун истеъмолчидан рўйхатдан ўтиш ёки шахсий маълумотларини тақдим этишини, шунингдек у билан турли хил битимлар тузишни талаб қилишга ҳақли эмас.


17. Банк расмий веб-сайтининг мазкур банк ва кўрсатилаётган банк хизматлари шартлари тўғрисида ахборотларни ўз ичига олган бўлимига веб-сайтнинг бош саҳифасидан гиперҳаволалар орқали бир ўтишда кириш учун имкони яратилган бўлиши керак.


18. Банк ўзининг расмий веб-сайтида, интернет-банкинг тизимида ва/ёки мобиль иловасида истеъмолчи учун шахсий кабинет яратиш ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериши лозим.

Банк истеъмолчига унинг шахсий кабинетида:

кредит шартномаси бўйича истеъмолчи билан тузилган шартнома ва унга киритилган ўзгартиришлар ҳамда мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган маълумотлардан;

омонат (депозит) шартномаси бўйича истеъмолчи билан тузилган шартнома ва унга киритилган ўзгартиришлар ҳамда омонат қолдиғи, омонат бўйича кирим-чиқим операцияларига доир маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериши шарт.

18-1. Банклар ўзларининг расмий веб-сайтларида жисмоний шахсларга мўлжалланган кредитларнинг (микроқарзларнинг) тўлиқ қийматини мустақил ҳисоблаб чиқиш имкониятини яратиб беришлари лозим.


3-§. Банк фаолиятига оид реклама

тусидаги ахборотлар бериш


19. Реклама тусидаги ахборот истеъмолчининг ишончини суиистеъмол қилмайдиган тарзда ва (ёки) истеъмолчининг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланишни кўзламаган ҳолда тақдим этилиши лозим.


20. Реклама тусидаги ахборот бевосита ёки билвосита, икки хил маънода қўллаш ёки ошириб кўрсатиш воситасида истеъмолчини чалғитиши, хусусан банк хизматининг шартлари юзасидан истеъмолчининг танловига таъсир ўтказмаслиги керак.


21. Реклама берувчи банк Интернет тармоғида контекстли рекламани жойлаштиришда бошқа кредит ташкилотининг фирма номи ва (ёки) товар белгисидан калит сўзлар сифатида фойдаланиши мумкин эмас.


22. Реклама берувчи банк истеъмолчига нотўғри ахборот тақдим этилишига йўл қўймаслик мақсадида ўз расмий веб-сайтини бошқа кредит ташкилотининг илгари эълон қилинган расмий веб-сайтига ўхшатиб ниқобламаслиги керак.



4-§. Истеъмолчига бериладиган

ахборотнинг минимал ҳажми


23. Банкнинг ахборот стендларида ва расмий веб-сайтида қуйидаги ахборотлар жойлаштирилиши шарт:

банкнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, манзили, филиаллари манзиллари, иш вақти, боғланиш учун алоқа телефонлари, расмий веб-сайти ва электрон почта манзили;

мазкур Низомнинг матни;

истеъмолчиларга банк хизматларини кўрсатиш тартиби, шартлари ва қиймати, шу жумладан банк хизмати бўйича намунавий шартномалар матни (фақат расмий веб-сайтда);

банк операциялари бўйича тарифлар, фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақлари тўғрисида;

чет эл валюталарини сотиш ва сотиб олиш курслари, чет эл валюталарини алмаштириш курслари, шунингдек валюта айирбошлаш операциялари учун ундириладиган воситачилик ҳақи миқдорлари (агарда мавжуд бўлса);

истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, шу жумладан мурожаат қилиш усуллари ва улар йўлланадиган манзиллар тўғрисида;

истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари, шу жумладан низони судгача ҳал этиш имконияти ва усуллари ҳақида.


24. Банк истеъмолчини тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳақида хабардор қилиши, шунингдек истеъмолчининг талабига кўра мазкур Низомнинг 23-бандида кўрсатилган ахборотни тақдим этиши шарт.

Тақдим этилаётган хизматларнинг шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


24-1. Банк омонатчилар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган чекловлар ўрнатишга ҳақли эмас.

24-2. Банк омонати (депозити) шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим. Бунда шартнома масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилганда, уни қонун хужжатларида белгиланган тартибда офертани акцептлаш орқали ҳам расмийлаштириш мумкин.

24-3. Банк ва омонатчилар ўртасида банк омонати (депозити) шартномаси, омонат суммаси банк кассасига қабул қилинган ёки омонат ҳисобварағига тегишли маблағ нақд пулсиз шаклда келиб тушган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади.

24-4. Банк омонатчига унинг пул маблағлари омонатга қабул қилинганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни ёзма шаклда ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон тарзда тасдиқлаб бериши лозим.

24-5. Фуқароларнинг банкдаги омонатлари Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ кафолатланган бўлса, банк омонати (депозити) шартномасида бу ҳақда маълумот акс эттирилиши шарт.

25. Банк омонати шартномаси шартларига омонатчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қиладиган ўзгартиришларни банк томонидан бир томонлама киритилишига йўл қўйилмайди.


26. Банк омонати (депозит) шартномаси тузилгунга қадар банк истеъмолчига оғзаки тарзда қуйидаги ахборотни тақдим этади:

омонат (депозит) тури (талаб қилиб олгунча, муддатли, жамғарма);

омонат (депозит) муддати (мавжуд бўлганда);

омонатнинг (депозитнинг) энг кам суммаси;

мукофот ставкалари;

қўшимча битим тузмаган ҳолда омонат (депозит) муддатини узайтириш шартлари;

омонатни (депозитни) тўлдириш имконияти;

омонатни (депозитни) тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин қайтариб олиш шартлари;

фоиз ставкалари;

омонат (депозит) бўйича асосий сумма ва фоизли даромадларни тўлаб бериш тартиби;

омонатга (депозитга) қўшимча маблағ киритиш имконияти;

омонатга (депозитга) нақд пулларни кирим қилиш қандай ҳужжат билан расмийлаштирилиши;

омонатга (депозитга) қўйиш мақсадида банк кассасига нақд пулларни топшириш ёки банк ҳисобварағига маблағларни ўтказишдан аввал банк билан депозит шартномасини расмийлаштириш шартлиги;

банк омонати (депозити) шартномаси бўйича назарда тутилган банк ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг жавобгарлиги тўғрисида.

Банк омонати (депозит) шартномаси масофавий хизмат кўрсатиш тизими орқали тузилганда, банк мазкур тизим орқали истеъмолчига шартнома тузилишидан олдин мазкур бандда кўрсатилган маълумотлар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

27. Кредит шартномаси тузилгунга қадар банк истеъмолчига қуйидаги ахборотни тақдим этади:

кредит олиш учун қарз олувчига қўйиладиган талаблар;

кредитнинг тури;

кредитнинг энг кўп миқдори ва валютаси, шу жумладан чет эл валютаси билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлари (чет эл валютаси бўйича курслар ўзгариши натижасида юзага келадиган молиявий йўқотиш билан боғлиқ таваккалчилик) ҳақида огоҳлантиради;

кредитдан фойдаланиш муддати;

фоиз ставкасининг йиллик номинал қиймати, ўзгарувчан фоиз ставкалари қўлланилганда эса уларни аниқлаш тартиби, шунингдек истеъмолчи-жисмоний шахслар мурожаат қилган санадаги кредитнинг тўлиқ қиймати. Бунда жисмоний шахсларга ажратиладиган кредитларнинг (микроқарзларнинг) тўлиқ қийматини ҳисоблаш мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ тартибда амалга оширилади;

кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисоблаш бошланадиган сана ёки уни аниқлаш тартиби;

воситачилик ҳақлари, тарифлар ва кредит олиш ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларнинг батафсил рўйхати ва миқдорлари;

кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда истеъмолчининг жавобгарлиги ва таваккалчиликлари;

кредит бериш, шу жумладан масофавий хизматлар кўрсатиш тизимлари орқали кредит бериш усуллари;

қарз олувчининг кредитни қайтариш, кредит бўйича фоизларни ва бошқа тўловларни тўлаш чоғидаги тўловларининг даврийлиги;

гаровга қўювчи, кафил (кафолат берувчи) ва кредит шартномасининг тарафи ҳисобланган бошқа шахснинг жавобгарлиги;

банк ва истеъмолчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан муддати ўтказиб юборилган қарздорликни ундириш жараёнида истеъмолчининг ҳуқуқлари, шунингдек банк хизматларини кўрсатиш шартномасида кўзда тутилган тарафларнинг жавобгарлиги ҳақидаги маълумотлар;

истеъмолчи томонидан кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш, кредитни тақдим этиш ва ундан фойдаланиш муддатлари;

кредит олиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати;

кредит бериш тўғрисидаги шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш турлари;

кредит таъминотига қабул қилинадиган гаров турлари (агар гаров талаб қилинса);

кредитни муддатидан олдин сўндириш тартиби;

кредит шартларини ўзгартириш тартиби, шу жумладан қарздорликни қайтариш муддатларини қайта кўриб чиқиш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш тартиб-таомили.

27-1. Банк олдидаги мажбуриятлар таъминоти сифатида мулкини гаровга қўяётган ёки кафил бўлаётган учинчи шахсларга келгусида юзага келиши мумкин бўлган хатарлар, хусусан қарз олувчи томонидан кредит ва унга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, кредит бўйича юзага келган қарздорликларни қоплаш учун қонунчиликка ва шартномага мувофиқ учинчи шахснинг гаровдаги мол-мулкига ёхуд кафилнинг мол-мулкига ундирув солидар ёки субсидиар жавобгарлиги тартибида қаратилиши мумкинлигини тушунтириши лозим.

28. Банк истеъмолчини қуйидаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ўз молиявий аҳволини таҳлил қилиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши лозим:

истеъмолчининг қарз юки жорий молиявий аҳволига мос келиши;

банк хизматини кўрсатиш шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини бажариши учун тахминан қайси муддатларда ва қанча миқдорда пул маблағлари келиб тушиши кутилаётганлиги (масалан, жисмоний шахслар учун - иш ҳақи тўланиши, бошқа даромадлар олиши даврийлиги);

кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслигига олиб келиши мумкин бўлган енгиб бўлмас куч таъсиридаги вазиятлар ва бошқа ҳолатлар юз бериши эҳтимоли (шу жумладан жисмоний шахслар учун - ишини йўқотиш, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра иш ҳақи ва бошқа турдаги даромадларни кечикиб олиши, ишга жойлашиши, соғлиғининг ёмонлашганлиги натижасида даромадларининг тушиб кетиши).


29. Банк истеъмолчи кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги билан боғлиқ таваккалчиликлар тўғрисида, шу жумладан истеъмолчига нисбатан мажбуриятларни бузганлиги учун қўлланиладиган неустойка (жарима, пеня) ва уларнинг натижасида истеъмолчининг харажатлари суммаси ошиши эҳтимоли тўғрисида ахборот беради.


30. Банк сўровига жавобан истеъмолчи томонидан тақдим этилган маълумотлар - тузилаётган кредит шартномасининг шартларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида истеъмолчи огоҳлантирилиши зарур.


30-1. Истеъмолчи-жисмоний шахс кредит олиш ёки омонат ҳисобварағи очиш учун банкка мурожаат қилганида (банк биносига истеъмолчи ташриф буюрганда) банк мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ кредитнинг ҳамда 3-иловасига мувофиқ муддатли омонатнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини (бундан буён матнда Ахборот варақаси деб юритилади) истеъмолчи -жисмоний шахс билан биргаликда тўлдиради ва истеъмолчи - жисмоний шахсга тақдим этади.

Банк ўзининг расмий веб-сайтида истеъмолчиларга тақдим этилаётган омонат ва кредит маҳсулотлари бўйича Ахборот варақасининг интерактив шаклини мустақил равишда тўлдириш ва ундан нусха олиш имкониятини яратиб бериши лозим.

Ахборот варақаси истеъмолчи - жисмоний шахсга бепул тарзда тақдим этилади ва кредит олиш ёки омонат ҳисобварағи очиш учун буюртманома ҳисобланмайди.

Ушбу банднинг талаблари миқроқарз муносабатларига ҳам қўлланади.


3-БОБ. БАНКНИНГ ИСТЕЪМОЛЧИ БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШИ


1-§. Банк томонидан истеъмолчи билан

муносабатларни амалга оширишнинг

асосий қоидалари


31. Истеъмолчида банк хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари юзасидан саволлар юзага келганда, банк истеъмолчига ушбу саволларнинг моҳияти бўйича асосли жавоб ва бошқа тегишли тушунтиришлар бериши шарт. Бунда, банк истеъмолчиларга қарз тўлашдан бўйин товлаш ва (ёки) уни тўламаганлик учун жавобгарликдан қочишнинг усул ва йўлларини қўллаш, шунингдек бошқа шунга ўхшаш масалалар юзасидан (шу жумладан бошқа молия ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган банк хизматлари бўйича ҳам) маслаҳат бериш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.


32. Истеъмолчи оғзаки маслаҳат сўраб мурожаат қилганда кутиш муддати ўттиз дақиқадан ошмаслиги керак.


33. Банк фаолиятида инсофсиз хизмат кўрсатиш амалиётларининг қўлланилишига йўл қўйилмайди, жумладан:

истеъмолчи бошқа кредит ташкилоти билан банк хизматини кўрсатиш шартномасини тузишига тўсқинлик қилиш мақсадида банк томонидан кредит бюросига ёки бошқа ташкилотларга нотўғри ахборот бериш;

истеъмолчиларга субординар қарзни омонат (депозит) ёки омонатга (депозитга) тенглаштирилган қарз сифатида таклиф этиш;

истеъмолчи учун мақбул шартларда расмийлаштирилган бошланғич қарзни қайтариш мақсадида уни бошқа кредит шартномасини тузишга рағбатлантириш;

истеъмолчиларнинг қарзи миқдорини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширганлиги учун банк ходимларини мукофотлаш ва рағбатлантириш тақиқланади.


34. Истеъмолчиларга кредитлар бўйича хизмат кўрсатаётганда банклар кредитлаш жавобгарлигининг ҳалоллик, шаффофлик, ишончлилик, шерикчилик муносабатлари, иқтисодий манфаатлар ва имкониятларни ҳисобга олиш тамойилларига риоя қилишлари шарт.


35. Банк:

кредит бўйича номинал ва реал фоиз ставкаларни кредит бериш санасидаги эълон қилинган фоиз ставкалари кўрсаткичларидан оширмаслиги (фоиз тўловлари номинал ставка бўйича кредит асосий суммасининг камайиб борадиган қолдиғига ҳисоблаб ёзилади);

кредит шартномаси тузилгунга қадар мазкур Низомнинг 27-29-бандларига мувофиқ ахборот истеъмолчига маълум қилиши;

кредит шартномаси тузилгунга қадар қарз олувчининг тўловга қобилиятлилиги пухта ўрганиши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ истеъмолчидан ундирилиши тақиқланган қўшимча йиғимлар, воситачилик ҳақлари ва бошқа тўловларни кредит шартномаси шартларига киритмаслиги;

кредит ёки лизинг шартномасида шартнома тузилгандан кейин ва мижоз томонидан пул маблағлари олингунга ёхуд лизинг бўйича мол-мулк учун тўлов амалга оширилгунга қадар бўлган даврда истеъмолчининг кредит ёки лизинг олишдан бепул асосда воз кечиш ҳуқуқини назарда тутиши;

кредит шартномасида жарима санкцияларини ундирмаган ҳолда исталган вақтда истеъмолчининг кредитни (лизингни) муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқини назарда тутиши;

кредит қарздорлиги бўйича ҳисобланган фоизлар, воситачилик ҳақи ва неустойкаларнинг (пеня, жарималар) энг кўп умумий суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ошиб кетмаслигини назорат қилиши;

гаров предмети сифатида қўйилган бирдан-бир турар жой фақат суд тартибида ундирилиши мумкинлигини ва у оммавий савдолар орқали реализация қилинишини (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) истеъмолчига маълум қилиши;

кредит шартномасининг шартларига қарз олувчининг ҳуқуқларини чекланишига ва/ёки мажбуриятларини оширилишига олиб келувчи ўзгартиришларни бир томонлама киритилиши йўл қўйимаслиги лозим.


35-1. Тижорат банкларига:

микроқарз шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан кўп миқдорида фоизлар ҳисоблаш, комиссия ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш;

кредит буюртмаларини кўриб чиқиш, ссуда ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш учун тўловлар, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан илгари қоплаш учун неустойка (жарима, пеня) ундириш;

жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар (қарзлар) бериш ва кредитлар (қарзлар) бўйича уларнинг мажбуриятларини хорижий валютада ҳисобга олиш;

илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда жисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади.

35-2. Банкнинг дастурий таъминотида юзага келган носозликлар истеъмолчиларнинг мажбуриятларини ортишига ва уларнинг қонуний манфаатларига зарар етишига олиб келмаслиги лозим.

36. Кредит бўйича тўловларни кредит шартномаси валютасидан бошқа валютага боғланган ҳолда индексация қилишни назарда тутувчи кредит маҳсулотларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


36-1. Истеъмолчи-жисмоний шахс банк хизматлари учун тўловларни амалга ошириш шаклини ўзи мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

36-2. Банк томонидан тўлов шаклига қараб (нақд пул билан ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар) банк хизматлари учун ҳар хил нархлар (тарифлар) белгилаш тақиқланади.

36-3. Истеъмолчиларга нисбатан банк томонидан банк хизматлари учун тўловларни фақат ўз филиалларининг кассалари (мини-банклари) орқали ва (ёки) нақд пул шаклида тўлаш, шунингдек омонатларга маблағлар фақат нақд пул шаклида қабул қилиш лозимлиги бўйича талаб белгиланишига йўл қўйилмайди.

36-4. Истеъмолчи-жисмоний шахс яшаш жойидан қатъи назар, ўзи танлаган банкка кредит олиш учун мурожаат этишга ҳақли.

36-5. Банк қарз олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг суғурта компанияси ва (ёки) баҳоловчини танлаш ҳуқуқини чекламаслиги лозим.

36-6. Банк кредит операцияларини амалга оширишда қуйидагиларга риоя этиши лозим:

кредит шартномасида кредит маблағларини бериш муддати, шартлари ва улардан фойдаланиш тартиби аниқ кўрсатилиши;

кредит шартномасида кредит маблағларини бериш мажбуриятини бажармаганлиги ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун банк қарз олувчи олдида кредитор сифатида ўз жавобгарлигини акс эттириши;

истеъмолчи - жисмоний шахслар билан тузилган кредит шартномасида кредитнинг тўлиқ қиймати миқдорини кўрсатиши шарт. Бунда кредитнинг тўлиқ қиймати миқдори шартноманинг биринчи варағининг ўнг юқори бурчагида, квадрат шаклдаги рамка ичига, оқ фонда қора ранг билан, "Times New Roman" 14 ўлчамли шрифтдан кам бўлмаган ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда, рақам ва сўзлар билан ёзилади.

36-7. Кредит шартномасига илова қилинган кредитни қайтариш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, банк ва қарз олувчи томонидан имзоланиши, шунингдек, қоида тариқасида кредит шартномаси матнида илова кўринишидаги кредитни қайтариш жадвалига ҳавола бўлиши керак.

36-8. Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни қарз олувчига ҳакиқатда берилган кредит асосий суммасининг қолдиғига нисбатан кредит шартномасида белгиланган номинал ставка бўйича ҳисоблаши керак.

Бунда, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар кредит суммаси қарз олувчининг ҳисобварағига ёки қарз олувчи томонидан кўрсатилган бошқа ҳисобвараққа ўтказилган ёхуд қарз олувчига нақд пул кўринишида берилган санадан бошлаб ҳисобланади.

Агар кредит шартномасида кредитни сўндириш даврида имтиёзли давр кўзда тутилган бўлса, унда имтиёзли даврнинг бошланиш куни кредит берилган санадан ҳисобланиши керак.

36-9. Банк қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортган тақдирда, ушбу кредит бўйича маблағлар беришни тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қарз олувчига кредит бериш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан ёзма хабарнома юбориши шарт.

36-10. Жисмоний шахс - қарз олувчи томонидан истеъмол кредити ва ипотека кредити бўйича қарздорлик тўлиқ тўланганидан сўнг, банк мазкур қарздорлик бўйича амалга оширилган охирги тўлов санасининг кейинги уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда қарз олувчининг шахсий кабинетида кредит бўйича қарздорлик тўлиқ сўндирилганлиги ва ушбу кредит шартномаси бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот жойлаштириши шарт.

36-11. Кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси тури (ўзгармас ёки ўзгарувчи фоиз ставкаси) ҳамда кредитнинг асосий суммаси ва фоизларини тўлаш усули (дифференциал ёки аннуитет) томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ кредит шартномасида назарда тутилиши керак.

36-12. Банклар:

кредит ажратиш қоидаларида белгиланган муддатда истеъмолчи томонидан кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиши ҳамда кредит ажратиш тўғрисида ёки кредит ажратишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши;

кредит ажратиш тўғрисида ёки кредит ажратишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қабул қилинган қарор тўғрисида бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай истеъмолчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Бунда, агар хабарнома истеъмолчига электрон почта, СМС-хабар ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали юборилган бўлса, унда банк истеъмолчи учун унинг сўровига мувофиқ хабарномани ёзма қоғоз шаклда ҳам тақдим этиш имкониятини таъминлаши лозим.

37. Банк кредит бўйича қарздорликни ундиришни кредит шартномасида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва асосларда амалга оширади.

Кредит бўйича қарздорликни ундириш мақсадида банк қарздорликни сўндириш зарурлиги ва кредит бўйича мажбуриятлар бажарилмаслигининг оқибатлари ҳақида тегишли тарзда қарздорни хабардор қилади. Қарздорлик тўғрисидаги хабарнома асосий қарз суммаси, ҳисобланган фоизлар, воситачилик ҳақи, неустойка, бошқа тўловлар (агар мавжуд бўлса) кўрсатилган ҳолда қарздорлик миқдори тўғрисида қарздор учун қисқача ахборотни ўз ичига олган бўлиши керак. Хабарномани қўлга топшириш ҳамда у ҳақида телефон воситалари орқали оғзаки эслатмалар қилиш маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 8:00 гача йўл қўйилмайди.

37-1. Қарз олувчи кредит (қарз) бўйича гаровда турган ўзининг депозитидаги (омонатидаги) маблағларини кредит (қарз) шартномаси даврининг ҳоҳлаган вақтида депозит (омонатнинг) амал қилиш муддатидан қатъи назар, мазкур кредитни (қарзни) қайтариш учун йўналтириш ҳуқуқига эга.

Бунда, қарз олувчи кредит (қарз) бўйича гаровда турган ўзининг муддатли депозитидаги (омонатидаги) маблағларини шартномада кўрсатилган депозит (омонат) муддати тугагунга қадар кредитни (қарзни) қайтариш учун йўналтирмоқчи бўлса, у бу ҳақда банкни (депозитни) омонатни қайтаришни мўлжаллаётган санадан камида бир ой олдин хабардор қилиши лозим.

37-2. Қарздордан кредитнинг жорий тўлови учун кредитни (қарзни) қайтариш жадвалида белгиланган суммага нисбатан кўп маблағ келиб тушса, у ҳолда банк келиб тушган маблағнинг ортиқча қисмини қарз олувчининг кредитининг (қарзнинг) асосий қарзини сўндиришга йўналтиради ҳамда кредит (қарз) суммасини қайта ҳисоблайди, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

Агар кредитни қайтариш жадвали расмийлаштирилгандан сўнг кредит бўйича молиялаштиришни бошлаш муддатлари ёки шартномада кўзда тутилган ўзгарувчан фоиз ставкаси ўзгариши, кредит шартномасининг шартлари томонлар ўртасида қайта кўриб чиқилиши (шу жумладан, кредитнинг реструктуризация қилиниши), қарз олувчи томонидан кредит қисман муддатидан олдин сўндирилиши муносабати билан кредит бўйича тўловларни амалга ошириш саналари ва муддатлари ёки оралиқ кредит тўловларининг миқдорлари ўзгарганда банк кредитни қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириб, қарз олувчига тақдим қилиши лозим.

Бунда, кредитни қайтариш жадвали янгидан расмийлаштирилиши билан ундан олдин мавжуд бўлган кредитни қайтариш жадвали ўз кучини йўқотади. Ушбу қоида кредит шартномасида қайд этилиши шарт.

37-3. Қарз олувчи-юридик шахснинг хорижий валютада кредит олишга бўлган танлови ва бундай танловга кўра хорижий валюта курсининг ўзгариши натижасида хорижий валютада олинган кредит бўйича миллий валютадаги қарз юкининг ошиши билан боғлиқ равишда келиб чиқадиган оқибатлар қарз олувчининг таваккалчилиги ҳисобланиши ҳақидаги шарт банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномасида акс эттирилиши лозим.

37-4. Банк кредит (қарз) шартномасига асосан кредит (қарз) бўйича қарздорлик суммасини тўлаш мажбурияти тўлиқ бажарилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мазкур қарз бўйича:

гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш;

гаров сифатида бўлган мол-мулкка нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан чиқариш чораларини кўриши шарт.

37-5. Банк кредит бўйича тузиладиган гаров шартномасида банкнинг гаров таъминотига қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда қарз олувчининг кредитнинг қопланмаган қисмидан ортиқ суммада гаров таъминоти суммасини камайтириш ҳуқуқини, шунингдек гаров таъминотини камайтириш тартиби ва усулларини акс эттириши шарт.

38. Кредит бўйича талабни бошқа шахс фойдасига воз кечиш фақат қарздорнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Қарздорнинг розилигидан қатъи назар, кредит бўйича талабни учинчи шахсларга ўтказиш бўйича банкнинг (кредиторнинг) ҳуқуқини кредит шартномасига киритишга йўл қўйилмайди. Кредит бўйича талабни учинчи шахсга ўтказиш ҳуқуқи алоҳида битим билан расмийлаштирилади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қоидалар ипотека кредитлари бўйича талабларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сон "Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан ташкил этилган Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига ўтказиш ҳолатларига татбиқ этилмайди.

38-1. Банк томонидан мижознинг банк ҳисобварағи ва (ёки) банк омонати, шу жумладан, банк карталари бўйича (банк карталаридан фойдаланаётган пайтда "PIN-код"ни нотўғри терилиши оқибатида блокировкага тушган ҳолатлар бундан мустасно) амалиётлар тўхтатиб қўйилганда, банк амалиёт тўхтатилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисобварақ ёки омонат эгасига унинг ҳисобварағига хизмат кўрсатиш тўхтатилганлиги ва унинг сабаблари юзасидан хабарнома (маълумотнома) юбориши шарт.

38-2. Банк томонидан кредитлар, микроқарзлар ва лизинг бўйича қарздорликларни сўндириш учун банк ҳисобварағи ва (ёки) банк омонатидан (шу жумладан, банк карталари бўйича) маблағлар ҳисобварақ (омонат) эгасининг топшириғисиз ҳисобдан чиқарилганда, банк ушбу маблағ ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ҳисобварақ (омонат) эгасига унинг ҳисобварағидан қанча миқдордаги маблағ қандай сабабларга асосан ва кимнинг фойдасига чиқарилганлигини кўрсатган ҳолда хабарнома (маълумотнома) юбориши шарт.

38-3. Мазкур Низомнинг 38-1 ва 38-2-бандларида назарда тутилган хабарномалар (маълумотномалар) мижозларга шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари ва бошқа коммуникация каналлари орқали топширилиши мумкин. Хабарномани (маълумотномани) олиш усули истеъмолчи томонидан мустақил равишда танланади ва танланган усул банк ҳисобварағи ёки омонати шартномасида кўрсатилиши лозим. Мижоз хабарнома (маълумотнома) етказиш усулини банкка шахсан ёки почта орқали ёзма ариза тақдим этиш йўли билан ўзгартириш ҳуқуқига эга. Бунда мижоздан қабул қилинган ариза банк томонидан унинг банк ҳисобварағи бўйича йиғмажилдида ёки омонат ҳисобварақлари бўйича алоҳида картотекада сақланади.

Хабарномани (маълумотномани) мижозга етказиш усули ўзгарганлиги муносабати билан банк ҳисобварағи ёки омонати шартномасига ўзгартиришлар киритиш талаб этилмайди.

38-4. Банк ўз филиали ёки унинг таркибий тузилмасида терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки банк картасидаги пул маблағини нақдлаштириш бўйича хизмат кўрсатганда банк картасини тақдим этувчига (банк карта эгаси ёки картани ишлатиш ваколати берилган шахс) ушбу картанинг "PIN-код"ини мустақил теришга имкон яратиб бериши лозим.


2-§. Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш

бўйича минимал талаблар


39. Банк:

ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган, хизмат кўрсатиш жойларида ошкор этиладиган ахборотдан барча истеъмолчилар бутун иш вақти давомида фойдалана олишларига имкон яратиб бериш керак;

ахборот истеъмолчилар учун қулай ва монеликсиз танишиш имконини берадиган тарзда жойлаштирилишини таъминлаши керак;

истеъмолчилар билан бевосита ишловчи банк ходимларини (бундан буён матнда администраторлар деб юритилади) истеъмолчилар кўра оладиган, ходимнинг фамилияси, исми ва лавозими қайд этилган визуал идентификация воситаларига эга бўлишларини таъминлаши лозим;

банк хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган жойида истеъмолчилар ва ногиронлиги бўлган ҳамда имконияти чекланган истеъмолчилар билан шартномаларни тузиш имкониятини таъминлаши керак.


40. Администраторлар ушбу Низомда назарда тутилган, истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми содда шаклда тақдим эта олиши, шунингдек истеъмолчининг бундай ахборот қайд этилган банк ҳужжатлари билан танишиши учун имкон яратиши шарт.

Банк администраторларга ушбу Низомнинг 23-бандида кўрсатилган ахборотни олиш, ўрганиш ва янгилаш имкониятини таъминлаши шарт.


40-1. Банк томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда аниқ тартиб ва қўлланмалар кўрсатилган, шу жумладан мижозлар билан мулоқотга киришиш, эҳтиёжларини аниқлаш, маҳсулот/хизматни тақдим этиш, таклиф шакллантириш, эътирозлар билан ишлаш ва мулоқотни якунлаш жараёнида банк ходимларининг хулқ-атвори ва касбий одоб-аҳлоқ қоидаларини назарда тутувчи мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари жорий этилиши шарт.


4-БОБ. ҚАРЗДОРЛИК ЮЗАГА КЕЛГАНДА

БАНКЛАРНИНГ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР БИЛАН

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


41. Кредит шартномаси бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда, банк истеъмолчи зиммасидаги қарз юки янада ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келган санадан бошлаб 7 (етти) календарь куни давомида истеъмолчи билан шартномада келишилган ҳар қандай алоқа боғлаш усулларидан, шу жумладан электрон алоқа воситаларидан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллардан фойдаланиб, истеъмолчига муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганлиги ҳақида хабар бериши шарт.

42. Банк қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда истеъмол кредити шартномаси бўйича истеъмолчини муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қайтариш мажбуриятлари бажарилмаганлиги ҳолати, муддати, суммалари, таркиби ва оқибатлари ҳақида хабардор қилиши, истеъмолчидан муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келиши сабаблари ҳақида сўраши шарт.


43. Истеъмолчи кредит шартномаси бўйича қарзнинг асосий суммасини қайтариш ва (ёки) фоизларни тўлаш муддатларини бузганда, банк тегишли кредит шартномасида назарда тутилган усулда низони судгача ҳал қилиш юзасидан ўз талабномасини истеъмолчига юборади.

44. Банк йўллайдиган талабномада қуйидаги ахборот кўрсатилган бўлиши керак:

банк номи ва уни идентификациялаш учун етарли маълумотлар;

талабнома расмийлаштирилган санадаги истеъмолчининг жорий қарзи миқдори ва таркиби;

қарзни тўлаш усул(лар)и;

истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажариши лозим бўлган муддат (ўн кундан кам бўлмаслиги лозим);

талабномада кўрсатилган муддатгача истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатлари;

низони судгача ҳал қилиш усуллари.

45. Банк ва истеъмолчи тарафларнинг ўзаро розилигига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган низони судгача ҳал қилиш усулларини, шу жумладан музокаралар ўтказиш орқали, қўллашга ҳақли.

46. Истеъмолчи низони судгача ҳал қилиш юзасидан талабномада белгиланган муддатда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, банк судга даъво билан мурожаат этишга ҳақли.


5-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


47. Банк истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибига эга бўлиши керак. Банк истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби мазкур Низомга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак.

Банк томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар банкнинг (филиалнинг) стендларида ва расмий веб-сайтида жойлаштирилган бўлиши лозим.

Истеъмолчининг талабига мувофиқ банк истеъмолчига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Банк мурожаатларни ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилишини таъминлайди ҳамда унинг натижалари бўйича мурожаат этувчиларни хабардор қилади.


47-1. Банк истеъмолчининг мурожаат қилиш ҳуқуқини чеклашга ҳақли эмас. Банк томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бепул амалга оширилади.

Банк томонидан мурожаатни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

47-2. Банк ўзининг расмий веб-сайти орқали истеъмолчиларнинг электрон мурожаатларини қабул қилишни ташкиллаштириши лозим.

47-3. Банклар истеъмолчилар билан телефон алоқаси орқали боғланишини таъминловчи Call-марказларга эга бўлишлари лозим. Мазкур Call-марказлар орқали истеъмолчиларга банк фаолияти билан боғлиқ оғзаки маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилиши керак.

47-4. Call-марказлар телефонларининг рақамлари банк расмий веб-сайти бош саҳифасида, шунингдек унинг филиаллари, мини-банклари ва банк биносидан ташқарида жойлашган кассаларининг ахборот стендларида жойлаштирилиши лозим.

47-5. Call-марказ орқали тушаётган мурожаатлар иш вақти давомида қабул қилинади.

47-6. Истеъмолчининг оғзаки мурожаатида баён этилган масала қўшимча ўрганишни ёки қўшимча текшириш ўтказишни талаб этмаса, ушбу мурожаатга жавоб телефон орқали ёки шахсий қабул давомида оғзаки берилиши мумкин.

Агар истеъмолчининг оғзаки мурожаатида баён этилган масаласи қўшимча ўрганишни талаб этса, истеъмолчига мурожаатни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда тақдим этиш таклиф этилади.

48. Истеъмолчиларнинг барча ёзма ва электрон мурожаатлари ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни мурожаатлар ҳисобини қайд этиш дафтарида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳисобини қайд этиш дафтари рақамланган, тикилган ва муҳрланган бўлиши керак.

Истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳисобини қайд этиш дафтари тўлиқ махфийлик ва ахборот хавфсизлиги таъминланган ҳолларда электрон шаклда юритилиши мумкин. Дафтар камида беш йил сақланади.


49. Истеъмолчилардан келган мурожаатлар банк (филиал) раҳбари кўрсатмасига асосан белгиланган ижрочи томонидан кўриб чиқилади.


49-1. Истеъмолчиларнинг мурожаатлари банкка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши ва ёзма ёки электрон шаклда жавоб берилиши керак.

49-2. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда.

Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у банкнинг раҳбари ёки ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

50. Банк (филиал) раҳбарияти банкнинг расмий веб-сайти ва ахборот стендларида жойлаштирилган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалига мувофиқ истеъмолчиларни шахсан қабул қилишлари шарт. Шахсий қабул баённома асосида расмийлаштирилиб, истеъмолчи томонидан имзоланади ёки истеъмолчини хабардор қилган ҳолда махсус (аудио ва видео) техника воситалари орқали овозлар ёзиб олиниши ёки видеотасвирга туширилиши мумкин.


50-1. Банкнинг мансабдор шахслари томонидан шахсий қабулни ўтказишга доир талаб билан жисмоний шахслардан ва юридик шахсларнинг вакилларидан ёзма мурожаатлар келиб тушганда, банк ушбу мурожаатлар келиб тушган санадан бошлаб 7 кундан кечиктирмаган ҳолда ушбу шахсларга банкнинг мансабдор шахсларига қабул санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда қабул белгиланганлиги, шунингдек қабулни амалга оширадиган банк мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозимини кўрсатган ҳолда хабарнома юбориши лозим.

51. Истеъмолчиларни шахсий қабул қилиш банкнинг масъул ходими томонидан мунтазам равишда, банк хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган жойда амалга оширилади.


52. Телефон орқали мурожаат этилганда, ушбу мурожаатни кейинчалик кўриб чиқишда фойдаланиш мақсадида истеъмолчини олдиндан хабар қилган ҳолда суҳбат махсус (аудио) техника воситалари орқали ёзиб олиниши мумкин.


53. Банк ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан келиб тушган мурожаат, шу ходимнинг ўзига кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин эмас.


54. Истеъмолчининг мурожаати юзасидан йўлланадиган жавоб хати банк (филиал) раҳбарияти томонидан имзоланиши лозим.

Мурожаатларга жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади, жавоблар мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни инкор этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак.


55. Агар банкка бир нечта (икки ёки ундан ортиқ) истеъмолчи томонидан мурожаат этилганда, агар мурожаатда жавобни бошқа шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга юборилади.


56. Истеъмолчининг мурожаати асосли деб топилган ҳолларда, банк камчиликларни бартараф этиш, истеъмолчининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли чораларни кўриши зарур.


57. Банк мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ички назоратни таъминлаши лозим.


58. Банк мунтазам равишда:

истеъмолчиларнинг мурожаатларини мониторинг қилади, унда қайд этилган масалаларни ҳамда мурожаатлар динамикасини таҳлил этади, умумлаштиради;

истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида банк фаолиятида бундай камчиликлар такрорланмаслигини таъминлаш лозим.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

59. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


60. Банк ўз ходимининг хизмат вазифасини бажариши давомида йўл қўйган ножўя хатти-ҳаракатлари натижасида омонатчига етказилган зарарлар бўйича жавобгардир.





Низомга

1-ИЛОВА


Кредитнинг (микроқарзнинг) тўлиқ қийматини ҳисоблаш

ТАРТИБИ

Мазкур Тартиб жисмоний шахслар - истеъмолчиларга (бундан буён матнда "қарз олувчилар" деб юритилади) ажратилган кредитларнинг (микроқарзларнинг) тўлиқ қийматини ҳисоблаш тартибини белгилайди.


1. Мазкур Тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

кредитнинг (микроқарзнинг) тўлиқ қиймати(бундан буён матнда "КТҚ" деб юритилади) - кредит (микроқарз) олиш билан боғлиқ тўловларнинг ҳаққоний, йиллик ва самарали ҳисоблашдаги фоиз ставкаси;

кредит (микроқарз) шартномаси - банк томонидан қарз олувчига пул маблағларини тўловлилик, муддатлилик ва қайтаришлилик шартлари асосида бериш ҳақидаги банк ва қарз олувчи ўртасидаги келишув.


2. КТҚни ҳисоблаб чиқишда қарз олувчининг қуйидаги тўловлари ҳисобга олинади:

а) асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловлар;

б) банк фойдасига амалга ошириладиган тўловлар, агар бундай тўловлар кредит (микроқарз) шартномаси шартларига мувофиқ қарз олувчининг мажбуриятларига кирса ва/ёки кредит (микроқарз) ажратилиши бундай тўловларнинг амалга оширилишига боғлиқ бўлса;

в) учинчи шахслар фойдасига амалга ошириладиган тўловлар, агар бундай тўловлар кредит (микроқарз) шартномаси шартларига мувофиқ қарз олувчининг мажбуриятларига кирса, шу жумладан:

суғурта ташкилоти фойдасига амалга ошириладиган тўловлар, агар суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юзага келган тақдирда наф олувчи бўлиб банк ҳисобланса;

қарз олувчининг мажбуриятлари таъминотига қабул қилинган ва гаровга қўювчининг ихтиёрида қоладиган гаров предметини гаров шартномаси бўйича суғурта қилишда қарз олувчи томонидан суғурта ташкилотининг фойдасига амалга ошириладиган тўловлар;

қарз олувчи томонидан кафолат (кафиллик) олиш учун кафолат берувчига (кафилга), шунингдек гаровга топширилаётган мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотга тўланадиган тўловлар;

мижозларни жалб қилиш, улар томонидан кредит (микроқарз) олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш, ушбу ҳужжатларни банкка топшириш, кредитларни (микроқарзларни) қоплаш ҳисобига банк мижозларидан тўловлар ва пул ўтказмаларини қабул қилиш бўйича банкка хизмат кўрсатадиган ташкилотлар (воситачилар) ҳисобига амалга оширилган тўловлар.

Банк томонидан КТҚ кўрсаткичининг ҳисоб-китоби кредит (микроқарз) шартномаси муддати тугагунга қадар мазкур бандда назарда тутилган барча тўловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


3. КТҚ ҳисоб-китобига қуйидагилар киритилмайди:

а) қарз олувчининг учинчи шахслар фойдасига амалга оширадиган тўловлари, мазкур Тартибнинг 2-бандида кўрсатилган тўловлар бундан мустасно;

б) бажариш мажбурияти кредит (микроқарз) шартномаси шартларидан эмас, балки қонунчилик талабларидан келиб чиқадиган, қарз олувчи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган тўловлар;

в) қарз олувчининг кредит (микроқарз) шартномаси шартларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги билан боғлиқ тўловлар, шу жумладан неустойка ва/ёки шартномада назарда тутилган бошқа тўловлар;

г) банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ажратилган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловлар, хусусан:

банк картасини чиқариш билан боғлиқ комиссиялар;

банк картасига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ комиссиялар;

банк ва/ёки тўлов ташкилотлари мобил иловаси, банкоматлари ва инфокиосклари орқали кредит тўловлари амалга оширилганда ундириладиган комиссиялар;

кредит (микроқарз) суммаларини банкоматлардан фойдаланган ҳолда нақд пулда олганлиги учун тўланадиган комиссиялар.


4. Банклар қуйидаги ҳолларда КТҚни ҳисоблаб чиқишлари шарт:

а) қарз олувчилар билан кредит (микроқарз) шартномаси тузилганда;

б) кредит (микроқарз) олиш истагини билдирган қарз олувчиларга кредит (микроқарз) олиш шартлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш вақтида. Агар маълумотлар тақдим этиш вақтида мазкур Тартибнинг 2-бандида назарда тутилган айрим тўловлар миқдорини аниқлаш имкони бўлмаса, у ҳолда банк томонидан унга маълум бўлган шу турдаги тўловларга амал қилиши ҳамда кредит (микроқарз) олиш истагини билдирган қарз олувчиларга шу тўловларнинг манбаларини ошкор қилиши лозим (масалан, КТҚни ҳисоблашда тарифларидан фойдаланилган суғурта компаниясининг номи ва бошқалар).


5. КТҚни ҳисоблашда қарз олувчининг кредит (микроқарз) бўйича амалга ошириб бўлган тўловлари улар ҳақиқатда тўланган вақтда, келажакда амалга оширадиган тўловлари эса кредит (микроқарз) шартномаси тузилган санада маълум бўлган кредит (микроқарз) ажратиш шартларига асосан тўловларни тўлаш жадвали бўйича ҳисобга олинади.

Агар гаров предметини суғурталаниши кредит (микроқарз) шартномаси тузилган санадан кейин амалга ошириладиган бўлса, у ҳолда банк қарз олувчидан суғурта компаниясига амалга оширилиши мўлжалланаётган тўлов суммасини аниқлаши ва шу суммадан келиб чиққан ҳолда КТҚни ҳисоблаб чиқиши шарт.


6. Кредитнинг тўлиқ қийматини ҳисоблашда қуйидаги шартлар ҳисобга олинади:

а) агар кредит (микроқарз) шартномасига мувофиқ истеъмолчи кредит (микроқарз) маблағларини қисмларга бўлиб олиши ёки кредит (микроқарз) олиш вақтини танлаш мумкинлиги назарда тутилган бўлса, унда кредит (микроқарз) суммаси истеъмолчига кредит (микроқарз) шартномасини тузиш вақтида тўлиқ ўтказилган деб ҳисобланади;

б) кредит (микроқарз) олиш истагини билдирган қарз олувчиларга кредит (микроқарз) олиш шартлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш вақтида, кредитнинг тўлиқ қиймати таркибидаги суғурта харажатларини ҳисоблашда суғурта ташкилотларининг жорий даврда амалда бўлган ставка ва мукофот миқдорларидан энг юқориси олинади. Шунингдек, истеъмолчилар келгусида суғурта ташкилотларининг ставка ва мукофот миқдорлари ўзгариши эҳтимоли кредитнинг тўлиқ қийматига таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида хабардор қилинишлари шарт.


7. Агар кредитнинг (микроқарзнинг) фоиз ставкаси базавий кўрсаткичларга (Марказий банкнинг асосий ставкаси, инфляция даражаси ва бошқалар) боғланган бўлса, у ҳолда банк КТҚни ҳисоблашда шу кундаги базавий кўрсаткичларнинг миқдоридан фойдаланади.


8. Банклар КТҚни дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда ҳисоблайди.

КТҚ қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

S =

m

i = 1

Pi

бунда,

(1+APR) ti/365

S - кредитор томонидан қарздорга ажратиладиган кредитнинг (микроқарзнинг) суммаси;

Pi - мижознинг кредитни (микроқарзни) сўндириш учун йўналтирадиган навбатдаги тўлов суммаси; (Pi кредитни сўндириш графигидаги пул оқимларини англатади)

APR - кредитнинг (микроқарзнинг) тўлиқ қиймати (КТҚ);

m - мижознинг кредитни (микроқарзни) сўндириш учун йўналтирадиган тўловлари сони;

(Масалан, истеъмолчи кредит (микроқарз)ни 3 йил давомида ҳар ойда бир марта сўндириб борса, m - 36 га тенг бўлади)

i - мижознинг кредитни (микроқарзни) сўндириш учун йўналтирадиган навбатдаги тўловининг тартиб рақами;

(Масалан, кредитни сўндириш графигига асосан истеъмолчи ҳар ой сўндириб борса ва жорий тўлови 5-чи ойга тўғри келса, i-5 га тенг бўлади)

ti - кредит (микроқарз) ажратилган кундан бошлаб мижоз томонидан сўндириш учун йўналтириладиган навбатдаги тўловга қадар бўлган муддат (кунларда).

(Агар истеъмолчи ҳар ой сўндирилиб бориладиган кредит (микроқарз) бўйича 5-чи ой учун тўлов қилиши керак бўлса t5 - 150 кунни ташкил этади)


9. КТҚни ҳисоблашда вергулдан кейин бир белгигача яхлит қилиб ҳисобланади. Агар вергулдан кейинги иккинчи белги "5" га тенг ва ундан юқори бўлса, у ҳолда вергулдан кейинги биринчи белги бир бирликка оширилади. Масалан, КТҚ кўрсаткичи 18,66 ни ташкил қилди. У яхлит қилиб ҳисоблангач - 18,7 ҳосил бўлади.


10. Банклар истеъмолчи - жисмоний шахсга унинг талабига кўра КТҚ миқдори тўғрисидаги маълумот билан бирга кредит (микроқарз) шартномаси тузиш пайтида унинг мутлақ қийматини, яъни кредитнинг (микроқарзнинг) асосий қиймати, фоизлари ва бошқа тўловлар, шу жумладан амалдаги таърифлар бўйича учинчи шахс фойдасига тўланадиган тўловларни, агар бундай тўловлар истеъмолчи - жисмоний шахснинг мажбурияти бўйича шартнома шартларидан келиб чиқадиган бўлса, уларни алоҳида кўрсатган ҳолда ёзма маълумот тақдим этади.


11. Банклар оммавий ахборот воситалари орқали кредит (микроқарз) тўғрисидаги маълумотларни эълон қилганларида, ушбу эълонда банкка мурожаат этилганида мижозларга кредит (микроқарз) олиш билан боғлиқ КТҚни ҳисоблаб берилиши ҳақида ахборот беришлари лозим.






Низомга

2-ИЛОВА


Кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот

ВАРАҚАСИ*

Тижорат банкининг номи, расмий веб-сайти, телефон рақамлари


1-бўлим. Кредит бўйича маълумотлар

1. Кредитнинг тури



2. Кредитнинг мақсади



3. Кредитнинг миқдори



4. Кредитдан фойдаланиш муддати



5. Кредитдан фойдаланиш муддати давомидаги фоиз ставкаси (номинал миқдорда)ва ушбу фоиз миқдори бўйича тўланиши лозим бўлган сумма


________________

(фоиз кўринишида)

________________

(кредитнинг тўлиқ

муддатига пул

кўринишида)


6. Кредитнинг тўлиқ фойдаланиш муддати давомида тўланадиган жами сумма






(кредитнинг миқдори)


+

(ҳисобланадиган фоизлар)


=

(жами тўланадиган сумма)



7. Кредитнинг имтиёзли даври (агар мавжуд бўлса)



8. Тўловларнинг даврийлиги

(ҳар ойда, ҳар чоракда ва ҳ.к.)



9. Кредитни сўндириш усули

(аннуитет усулида (тенг миқдорларда), дифференциал усулида)



10. Тўловларнинг даврида бир марталик тўлов суммаси:

аннуитет усулида

дифференциал усулида


_____________________

_____________________

(оралиқ тўловларидан энг

кўп миқдордаги тўлов)


11. Кредитни ажратиш шакли

(маҳсулот/хизмат таъминотчиси ҳисобварағига пул ўтказиш, нақд пул, банк картасига ўтказиш, ва ҳ.к.)



12. Кредит билан боғлиқ қўшимча харажатлар, жумладан (агар бундай харажатлар мавжуд бўлса):


_________________________

(кредитнинг тўлиқ муддатига

пул кўринишида, жами)


- Турлари бўйича банкнинг комиссия ва йиғимлари

(алоҳида кўрсатилсин)


________________________

(кредитнинг тўлиқ муддатига

пул кўринишида)


- учинчи шахслар хизмати

(алоҳида кўрсатилсин)


_________________________

(кредитнинг тўлиқ муддатига

пул кўринишида)


13. Кредитнинг тўлиқ қиймати

(номинал фоиз ставкасини ва кредитга хизмат кўрсатиш харажатларини ўз ичига олади)



14. Кредит олиш бўйича тақдим қилинган аризани кўриб чиқиш муддати



        


2-бўлим. Бошқа молиявий мажбуриятлар билан боғлиқ муҳим шартлар

1. Кредит бўйича қарздорлик ўз вақтида сўндирилмаганлиги учун шартномада кўзда тутилаётган тўлаши лозим бўлган неустойка (жарима, пеня) (агар бундай шарт мавжуд бўлса)


_______________________________

(фоиз ёки қатьий белгиланган сумма

кўрсатилади, шунингдек неустойка

(жарима, пеня) ҳисоблаш учун асос

бўлувчи шартнома шартлари

келтирилади)


2. Кредит бўйича қарздорлик ўз вақтида сўндирилмаганлиги учун кредит суммасидан тўланадиган оширилган фоиз ставкаси миқдори (агар бундай шарт мавжуд бўлса)


_______________

(фоизда)

3. Кредитнинг таъминоти

(таъминот предметига қўйиладиган минимал талаблар, гаровнинг минимал қиймати)



Кредит олишга рози бўлишдан олдин диққат билан ўрганиб чиқинг!



Сиз кредитнинг шартлари ва қиймати тўғрисида, тўловлар ва ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида (фоизлар, жарима ва пенялар), кредит шартномаси бўйича Сизнинг ҳуқуқларингиз ва мажбуриятларингиз тўғрисида, кредит шартномаси бўйича юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва жавобгарликлар тўғрисида, шунингдек Сизга тушунарсиз бўлган бошқа масалалар юзасидан банкдан тўлиқ ва батафсил маълумот олишга ҳақлисиз.

Агар Сизда шикоятлар мавжуд бўлса, у ҳолда Сиз мурожаатингизни (телефон рақами кўрсатилади) рақамли телефонга ёки (банкнинг почта манзили кўрсатилади) манзилга ёки (банкнинг электрон почтаси манзили кўрсатилади)электрон манзилга жўнатишингиз мумкин.



АХБОРОТ ВАРАҚАСИНИНГ ТЎҒРИЛИГИ

ВА ҲАҚИҚИЙЛИГИ ТАСДИҚЛАНАДИ.

   

(банк мутахассисининг Ф.И.Ш. ва лавозими)


тўлдирилган сана

*) Мазкур варақа кредит шартномаси ёки кредит олиш учун буюртманома ўрнини босмайди, аксинча турли банкларнинг кредитлаш шартларини таққослашга ва керакли танловни амалга оширишга ёрдам беради.






Низомга

3-ИЛОВА


Муддатли омонатнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот

ВАРАҚАСИ*

Тижорат банкининг номи, расмий веб-сайти, телефон рақамлари


1-бўлим. Омонатнинг асосий шартлари

1. Омонат номи



2. Омонатнинг валютаси



3. Омонат бўйича йиллик фоиз ставкаси

(агар омонат бўйича йиллик фоиз ставкаси дифференциаллашган ёки омонатни расмийлаштириш усулига боғлиқ бўлса, ҳар бири алоҳида кўрсатилади)



4. Омонат бўйича ҳисобланган фоизларни капитализацияси мавжудлиги (ҳисобланган фоизни асосий маблағга қўшиб қайта фоиз ҳисоблаш)



5. Омонатнинг муддати



6. Омонатга қўйиладиган маблағнинг энг кам миқдори (агар мавжуд бўлса)



7. Омонат бўйича фоизларни тўлаш даврийлиги



8. Омонатни расмийлаштириш усули (онлайн ёки банкка ташриф буюриш орқали)



9. Қўшимча маблағ киритиш имконияти



10. Автоузайтириш (омонат муддати тугаганда омонат муддатини банк томонидан бир томонлама узайтириш)



11. Бошқа шартлар



2-бўлим. Бошқа муҳим шартлар

1. Омонатга қўйилган пул маблағларини омонат муддати тугагунга қадар қисман ечиб олиш имкониятининг мавжудлиги



2. Омонат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тартиби



Омонат қўйишга рози бўлишдан олдин диққат билан ўрганиб чиқинг!



Сиз омонатнинг шартлари, омонат бўйича фоиз даромадлари ва ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида, шунингдек ҳуқуқларингиз ва мажбуриятларингиз, Сизга тушунарсиз бўлган бошқа масалалар юзасидан банкдан тўлиқ ва батафсил маълумот олишга ҳақлисиз.

Агар Сизда шикоятлар мавжуд бўлса, у ҳолда Сиз мурожаатингизни (телефон рақами кўрсатилади)рақамли телефонга ёки (банкнинг почта манзили кўрсатилади) манзилга ёки (банкнинг электрон почтаси манзили кўрсатилади) электрон манзилга жўнатишингиз мумкин.



АХБОРОТ ВАРАҚАСИНИНГ ТЎҒРИЛИГИ

ВА ҲАҚИҚИЙЛИГИ ТАСДИҚЛАНАДИ.

   

(банк мутахассисининг Ф.И.Ш. ва лавозими)


тўлдирилган сана

*) Мазкур варақа омонат шартномаси ёки омонат олиш учун буюртманома ўрнини босмайди, аксинча турли банкларнинг омонат шартларини таққослашга ва керакли танловни амалга оширишга ёрдам беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 июль, 27-сон, 553-модда








































Время: 0.1877
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск