язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Электрон тижорат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.07.2018 й. ПҚ-3832-сон "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.07.2018 й.

N ПҚ-3832



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА РАҚАМЛИ

ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида давлат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда, электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий этилмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Ахборот-технологик платформаларда фаолият кўрсатадиган рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда, бу эса шундай платформаларнинг янги моделларини яратиш заруратини тақозо этмоқда.

"Блокчейн" технологиялари (маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиялари), "сунъий ақл", суперкомпьютерлар имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, крипто-активлар бўйича фаолият жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларидан бири ҳисобланади. "Блокчейн" технологиялари нафақат иқтисодиётнинг кўплаб секторларига, балки давлат бошқаруви тизимига ва бошқа жамоатчилик муносабатларига аста-секин жорий этилмоқда.

Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар деб ҳисоблансин:

инвестициявий ва тадбиркорлик фаолиятининг турли шаклларини диверсификация қилиш учун крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни, жумладан майнинг (турли криптовалюталарда янги бирликлар ва комиссия йиғимлари форматида мукофот олиш имконини берадиган тақсимлаш платформасини таъминлаш ва янги блоклар яратиш бўйича фаолият), смарт-контракт (рақамли транзакцияларни автоматик тартибда амалга ошириш орқали ҳуқуқ ва мажбуриятлар бажарилишини назарда тутувчи электрон шаклдаги шартнома), консалтинг, эмиссия, айирбошлаш, сақлаш, тақсимлаш, бошқариш. суғурталаш. крауд-фандинг (жамоавий молиялаштириш), шунингдек. "блокчейн" технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш;

"блокчейн' технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда амалий иш кўникмаларига эга малакали кадрларни тайёрлаш;

крипто-активлар бўйича фаолият ва "блокчейн" технологиялари соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, рақамли иқтисодиётда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун "блокчейн" технологияларини ишлаб чиқиш соҳасида фаолият кўрсатадиган юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш;

хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган холда "блокчейн" технологияларини жорий этиш учун зарур ҳуқуқий базани яратиш;

рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш соҳасида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади;

"блокчейн" технологиялари жорий этиладиган аниқ фаолият соҳалари манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан белгиланади;

рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни ва "блокчейн" технологияларини жорий этишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим;

крипто-активлар айланмаси махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлик операциялари, жумладан норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган шахслар томонидан ўтказиладиган крипто-активлар айланмаси билан боғлик валюта операцияларига валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилмайди.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2018-2020 йилларда қуйидагиларни назарда тутадиган "Блокчейн" технологияларини ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) ишлаб чиқсин ва амалга оширсин:

а) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни, жумладан мазкур фаолиятни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали жорий этиш ва ривожлантириш, бунда крипто-активларни маҳаллий ва халқаро крипто-биржаларда реализация қилиш имкониятини назарда тутишни;

б) 2021 йил 1 январдан бошлаб "блокчейн" технологияларини:

давлат органлари фаолиятига, жумладан бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишда, давлат харидларини амалга оширишда, давлат хизматларини кўрсатишда, шахс тўғрисидаги маълумотларни верификациялашда татбиқ этишни;

давлат реестрлари, классификаторлари ва бошқа маълумотлар базаларини юритишда, жумладан уларга киритилган ахборотни янгилаш ва ундан фойдаланишда жорий этишни;

устав фондида давлатнинг иштироки устувор бўлган йирик тижорат ташкилотларининг корпоратив бошқаруви тизимига, жумладан бизнес- жараёнларни такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, маъмурий ва операцион жараёнларни мақбуллашириш, шунингдек, замонавий менежментни татбиқ этиш ва ресурсларни бошқариш учун татбиқ этишни;

клиринг операцияларида, тўловларни амалга оширишда, савдога оид молиялашда (аккредитив), шунингдек, лойиҳаларга кредит беришда жорий этишни.


4. 2018 йил 1 октябрдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги, жумладан крипто-активлар савдоси бўйича крипто-биржалар яратиш фаолияти лицензияланиши лозим;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Тошкент шаҳридаги Инха университетининг "Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни кўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази дирекцияси" МЧЖ устав фондидаги университетнинг улушини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


6. "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзбектидроэнерго" АЖ уч ой муддатда рақамли иқтисодиёт элементлари ва крипто-активлар айланмаси (жумладан майнинг) соҳасидаги фаолият негизида тажриба лойиҳасини ишга тушириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

а) бир ой муддатда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритсин;

б) 2019 йил 1 январга кадар муддатда қуйидагиларни назарда тутадиган "Рақамли иқтисодиёт ва блокчейн-технологиялар тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини киритсин:

"блокчейн" технологиялари соҳасидаги асосий тушунчалар ва унинг фаолият юритиш принциплари;

давлат органлари, шунингдек, жараён иштирокчиларининг "блокчейн" технологиялари соҳасидаги ваколатлари;

"блокчейн" технологияларидан ноқонуний мақсадларда фойдаланганлик учун жавобгарлик чоралари;

в) икки ой муддатда:

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 июль, 27-сон, 547-модда