ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Электрон тижорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.07.2018 й. ПҚ-3832-сон "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.07.2018 й.

N ПҚ-3832



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ ВА КРИПТО-АКТИВЛАР

АЙЛАНМАСИ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида давлат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда, электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий этилмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Ахборот-технологик платформаларда фаолият кўрсатадиган рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда, бу эса шундай платформаларнинг янги моделларини яратиш заруратини тақозо этмоқда.

Маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиялари, "сунъий ақл", суперкомпьютерлар имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, крипто-активлар бўйича фаолият жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларидан бири ҳисобланади. Маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиялари нафақат иқтисодиётнинг кўплаб секторларига, балки давлат бошқаруви тизимига ва бошқа жамоатчилик муносабатларига аста-секин жорий этилмоқда.

Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар крипто-активлар айланмаси соҳасини янада такомиллаштириш бўйича энг муҳим вазифалар деб ҳисоблансин:

инвестициявий ва тадбиркорлик фаолиятининг турли шаклларини диверсификация қилиш учун крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни, жумладан майнинг (турли крипто-активларда янги бирликлар ва комиссия йиғимлари форматида мукофот олиш имконини берадиган тақсимлаш платформасини таъминлаш ва янги блоклар яратиш бўйича фаолият), смарт-контракт (рақамли транзакцияларни автоматик тартибда амалга ошириш орқали ҳуқуқ ва мажбуриятлар бажарилишини назарда тутувчи электрон шаклдаги шартнома), консалтинг, эмиссия, айирбошлаш, сақлаш, тақсимлаш, бошқариш, суғурталаш, шунингдек, маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш;

маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда амалий иш кўникмаларига эга малакали кадрларни тайёрлаш;

крипто-активлар бўйича фаолият ва маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиялари соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, рақамли иқтисодиётда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияларини ишлаб чиқиш соҳасида фаолият кўрсатадиган юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш;

хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган холда маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияларини жорий этиш учун зарур ҳуқуқий базани яратиш;

рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш соҳасида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш.


2. Белгилаб қўйилсинки:

маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиялари жорий этиладиган аниқ фаолият соҳалари манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан белгиланади;

крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантиришни ва маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияларини жорий этишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва техник топшириқларнинг лойиҳалари Агентликда мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим;

крипто-активлар айланмаси махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари, жумладан, норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган шахслар томонидан ўтказиладиган крипто-активлар айланмаси билан боғлик валюта операцияларига валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари нормалари татбиқ этилмайди.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) крипто-актив мулкий ҳуқуқ ҳисобланиб, маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган қиймати ва эгасига эга;

б) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари қуйидагилардан иборат:

майнинг;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар фаолияти (кейинги ўринларда - хизматлар провайдерлари);

в) майнинг бу ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолиятидир.

Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда электр энергиядан фойдаланилган тақдирда:

истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади;

тиғиз даврда истеъмол қилинган электр энергия учун тегишли тарифларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган устамалар қўлланилади;

истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисоблагич ўрнатилган ҳолда юритилади.

Майнинг Агентлик томонидан мажбурий рўйхатдан ўтказилади ва лицензияланадиган фаолият турига кирмайди.

Майнинг билан шуғулланувчи шахслар (майнерлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари шарт.

Майнерларни рўйхатдан ўтказиш фақат Интернет тармоғи орқали электрон шаклда амалга оширилади.

Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга;

г) хизматлар провайдерлари жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматлар кўрсатади.

Хизматлар провайдерлари фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари - юридик шахслар бўлиши мумкин.

Хизматлар провайдерлари турларига:

крипто-биржа - крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш учун электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;

майнинг-пул - майнинг жараёнини таъминлаш мақсадида ҳисоблаш қувватларини бирлаштирувчи электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;

крипто-депозитарий - крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот;

крипто-дўкон - крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот;

Агентлик қарорлари билан белгиланадиган бошқа турдаги хизматлар провайдерлари;

д) 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;

е) Агентлик:

крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартибини белгилайди;

ж) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга лицензия бериш учун давлат божи миқдори ва уни тўлаш тартиби Агентлик томонидан белгиланади;

з) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширишга лицензия беришдан тушадиган давлат божининг барча суммаси лицензияловчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади;

и) хизматлар провайдерлари фаолиятига қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа ва (ёки) техник ҳамда дастурий воситалар мажмуининг мавжудлиги;

крипто-активлар билан боғлиқ барча операциялар бўйича маълумотларни, платформа иштирокчиларининг идентификация маълумотларини, хизматлар провайдерларининг платформа иштирокчилари билан муносабатларига оид материалларни (шу жумладан, платформа иштирокчилари ўртасида), шу жумладан, иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаш;

крипто-активлар айланмаси, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги рекламага қўйиладиган, шу жумладан крипто-активлардан фойдаланилиш билан боғлиқ фаолиятнинг самарадорлиги (даромади) ҳақида ваъдаларига, крипто-активлар билан битимларни тузиш бойишнинг енгил усули эканлиги ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланганлиги ҳамда крипто-активлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги талабларга риоя қилиш;

аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширмаслик;

платформа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни ваколатли органнинг сўровига биноан бепул тақдим этиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа талаблар.

Крипто-биржаларга қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

крипто-активларни котировкалашни уларга бўлган талаб ва таклиф асосида амалга ошириш;

ариза берилган санада пул маблағи шаклида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси мавжудлиги, шундан уч минг баравари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилади;

к) хизматлар провайдерлари фаолиятини уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этишини назорат қилиш функциялари хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензияловчи органга ва тегишли ваколатли давлат органларига юкланади;

л) хизматлар провайдерларининг устав жамғармаси фақат унинг муассисларининг маблағлари ва бошқа мол-мулкларидан шакллантирилади. Хизматлар провайдерларининг устав жамғармасини шакллантириш учун фойдаланиладиган маблағлар кредит ёки гаровга олинган маблағлар ва шу каби бошқа маблағлар жалб қилиниши орқали амалга оширилишига йўл қўйилмайди;

м) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун юридик шахслар йиғим тўлайдилар. Йиғимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Агентлик ўртасида тақсимланади.

Йиғимлар миқдори, уларни тўлаш ва уларнинг тақсимланиши Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади;

н) қуёш фотоэлектр станциялари учун асбоб-ускуналар ва қурилмалардан фойдаланувчи майнерлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта тикланадиган энергия соҳасида солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга;

о) майнинг билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона энерготизимига ноқонуний уланиши ҳолатлари аниқланганда, уларга нисбатан белгиланган тариф 5 баробар ўсувчи коэффициент билан қўлланилади;

п) 2022 йил 1 январга қадар крипто-биржа фаолияти учун берилган лицензиялар давлат божи ва йиғимлар ундирилмасдан мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта расмийлаштирилади.

4. Хизматлар провайдерларига:

кўрсатилган хизматлар учун, шу жумладан, крипто-активлар шаклида мукофот олиш, унинг миқдорини ва уни мижозлардан ундириш тартибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари билан крипто-активларни миллий ва хорижий валютага сотиб олиш ва (ёки) бегоналаштиришга, шунингдек, крипто-активларни бошқа крипто-активларга айирбошлашга қаратилган битимларини ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.

6. Қуйидагилар:

а) хизматлар провайдерларини:

террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар томонидан;

иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар томонидан бошқариш;

б) хизматлар провайдерларининг устав жамғармасида:

ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг;

оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этиши;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активларнинг тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида қўлланилиши;

г) яширин майнингни амалга ошириш (махсус дастурий таъминотдан фойдаланиш орқали учинчи шахсларнинг ҳисоблаш қувватларида, уларга билдирмаган ҳолда ёки розилигисиз майнингни амалга ошириш бўйича фаолият) ва аноним крипто-активлар майнинги (анонимлик принципи бўйича ишлаётган крипто-активлар) тақиқланади.

7. Мазкур қарор талабларини инобатга олган ҳолда Агентлик:

а) Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизмат провайдерлар фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги, Крипто-активлар майнингини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги ҳамда Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида ("Тартибга солиш қумдони" махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни қабул қилинишини ва амалга киритилишини;

б) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда "Давлат божи тўғрисида" ва "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритилишини таъминласин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 июль, 27-сон, 547-модда








































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск