ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура /

Адвокатнинг касб этикаси Қоидалари (ЎзР Адвокатлар палатасининг II Конференциясининг 27.09.2013 й. қарорига 8-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адвокатлар палатасининг

II Конференциясининг

2013 йил 27 сентябрдаги қарорига

8-ИЛОВА



Адвокатнинг касб этикаси

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Адвокатнинг касб этикаси қоидалари (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) адвокатларга нисбатан амал қилади. Адвокатлик тузилмалари раҳбарлари ва адвокатлар тузилмалар ходимлари томонидан Қоидаларга ҳамда адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашлари лозим.


2. Адвокат қонун ҳужжатларига ва ушбу Қоидаларга қатъий риоя этиши шарт.

Қоидаларда ва қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри тартибга солинмаган масалалар бўйича жамиятда шаклланган умум-ахлоқ нормалари қўлланилади.


3. Адвокат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича касбий вазифаларини қонун ҳужжатлари доирасида мустақил бажаради.


4. Адвокатнинг касбий мустақиллиги унга бўлган ишончнинг зарур шарти бўлиб ҳисобланади. Адвокат ўзига бўлган ишончнинг йўқолишига олиб келадиган ҳаракатлардан ўзини четга олиши керак. Ишончни суистеъмол қилиш адвокат мақомига номувофиқдир.


5. Адвокатлик касбининг нуфузи унинг ўзига нисбатан масъулиятли муносабати билан шаклланади ва бу муносабат ўз ўрнида жамиятнинг адвокатга бўлган муносабатини белгилайди.


6. Адвокат ўз касбий нуфузини ошириш ва уни сақлаш мақсадида ахлоқ доирасида ҳаракатлар қилиши ва қадр-қимматни камситадиган ҳаракатлар қилмаслиги лозим.

Адвокатнинг касбий қадр-қимматини камситадиган хулқ-атвори - бу унинг обрўсини тўкадиган ва адвокатурага нисбатан жамиятнинг ишончини йўқолишига олиб келадиган ҳаракат ҳисобланади.


7. Касб этикаси қоидаларини бузганлик "Адвокатура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жавобгарликка сабаб бўлади.



II. АДВОКАТНИНГ КАСБИЙ НУФУЗИ

ВА ШАХСИЙ ҚАДР-ҚИММАТИ


8. Адвокат ўз касбига хос шаън ва қадр-қимматни сақлаш чораларини кўриши лозим.

Ушбу Қоидаларга риоя этиш зарурати адвокатлик мақоми берилганлиги фактидан келиб чиқади.


9. Ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши учун адвокат:

ҳушмуомила, одобли, жонкуяр, ҳалол, виждонли, принципиал бўлиши, юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахсларнинг, ишонч билдирувчи шахсларнинг (ҳимоя остидаги шахсларнинг), ҳамкасбларининг ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши, касб муомаласи одатларига риоя қилиши ҳамда касбга мос кийиниши;

ўз вақтида ва малакали фаолият кўрсатиши, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳимоянинг қонунда назарда тутилган воситалари ҳамда усулларидан фойдаланиши, ўз ҳуқуқий нуқтаи назарини фаол ҳимоя қилиши, ишонч билдирувчи шахсларнинг (ҳимоя остидаги шахсларнинг) ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини фаол ҳимоя қилиши;

адвокатлик сирини сақлаши;

адвокатуранинг нуфузига ва адвокатнинг шахсий қадр-қимматига путур етказадиган ҳаракатларга йўл қўймаслиги, адвокатуранинг жамиятдаги ролини оширишга кўмаклашиши;

доимий равишда ҳуқуқ соҳасидаги билимларини кенгайтириши ва касбий малакасини ошириши зарур.


10. Адвокат илмий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятидан бошқа ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Адвокат ўз касбий фаолиятини адвокатлик тузилмасининг раҳбари сифатидаги иш билан қўшиб олиб боришга ҳақли.

Ўз касбий вазифаларини бажариш бўйича зиммасига олган топшириқлар адвокат учун бошқа фаолиятга нисбатан устувор аҳамиятга эга бўлиши керак.


11. Адвокат қуйидагиларга ҳақли эмас: юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг қонуний манфаатларига зид ҳаракат қилишга, унга юридик ёрдам кўрсатишда ўз шахсий фойдасини кўзлаб, аҳлоқсиз манфаатлари учун ёки ташқи тазйиқ таъсирида юридик ёрдам кўрсатишга;

иш бўйича ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) иродасига зид позицияни эгаллашга ва унга қарши ҳаракат қилишга, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс бировнинг айбини ўз бўйнига олиб, ўзини айблаётганлигига ишончи комил бўлган ҳоллар бундан мустасно;

ишонч билдирувчи (ҳимоя остидаги) шахс айбга иқрор бўлмаган ҳолларда, унинг айби исботланганлиги тўғрисида ошкора баёнотлар беришга, шунингдек уни айбга иқрор бўлишга кўндиришга;

адвокатлик сирини ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) розилигисиз ошкор этишга;

ўзининг реал имкониятларидан ортиқча юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга;

ўз ёрдамини юридик ёрдамга муҳтож шахсларга мажбуран қабул қилдиришга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан шахсий алоқаларидан фойдаланиб, уларга ишни муваффақиятли ҳал қилишни ваъда қилиш билан, бошқа адвокатларнинг ролини камситиш ва бошқа номуносиб усуллар билан жалб қилишга;

иш муҳокамаси давомида процесснинг бошқа иштирокчилари шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ва таҳқирловчи фикр билдиришга;

адвокат юридик ёрдам кўрсатувчи шахс сифатида иштирок этаётганда низо предмети ҳисобланган мулкни ва мулкий ҳуқуқларни шахсий манфаатлари йўлида ҳар қандай усул билан ўз номига ёки бошқа шахслар номига расмийлаштириш орқали эгаллашга;

иш учун зарур бўлмаган ҳолларда ва ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни олиш учун ҳаракат қилишга;

адвокатлик сири билан боғлиқ масалалар бўйича гувоҳлик кўрсатувлари беришга;

иш бўйича сўроқ қилинган гувоҳлар, жабрланувчилар ва экспертлар билан тергов ва судцан ташқарида мунозарага киришишга;

процесс иштирокчилари ёки бошқа шахслар ҳақида иш учун зарур бўлмаган, уларни обрўсизлантирадиган ҳужжатларни талаб қилишга ва тақдим этишга;

келишув битими тузиш давомида бошқа тарафдан олинган маълумотлардан процесс давомида ва процессдан кейин мазкур тарафга қарши фойдаланишга.


12. Адвокатга ишонч, сирнинг сақланишига ишонч билан баҳоланади. Адвокатлик сири ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) дахлсизлигини билдиради.


13. Адвокатлик сири адвокат фаолиятида устувор аҳамиятга эга. Сирни сақлаш муддати вақт билан чегараланмайди.

Ишонч билдирувчи шахсдан (ҳимоя остидаги шахсдан) бошқа ҳеч ким адвокатни адвокатлик сирини сақлаш мажбуриятидан озод қилиши мумкин эмас.


14. Адвокат ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан тақдим қилинган ахборотни қуйидаги ҳолларда ошкор қилиши мумкин:

ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс)нинг бунга розилиги, агар бундай ахборотни ошкор қилиш ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс)нинг манфаати йўлида адвокатнинг касбий вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлса;

ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) манфаати юзасидан бошқа адвокатлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганда, агар у бундай маслахатлашувларга эътироз билдирмаган бўлса;

адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасидаги фуқаровий низони ҳал қилишда ўз позициясини асослаш ёки ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) иштирок этган ҳаракатларга асосланиб адвокатга нисбатан қўзғатилган интизомий ёки жиноят иши бўйича шахсий ҳимоясини таъминлаш учун.


15. Адвокатлик сири қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:

ишонч билдирувчи шахсларнинг (ҳимоя остидаги шахсларнинг) адвокатга мурожаат қилганлиги фактига, шу жумладан уларнинг исмлари ва номларига;

ишга тайёргарлик кўриши давомида адвокат томонидан тўпланган барча далиллар ва ҳужжатларга;

адвокат томонидан ишонч билдирувчи шахслардан (ҳимоя остидаги шахслардан) олинган маълумотларга;

юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) тўғрисида адвокатга маълум бўлган ахборотга;

ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) бевосита берилган ёки унга мўлжалланган ҳуқуқий маслаҳатлар мазмунига; иш бўйича барча адвокатлик иш юритувига; юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) шартларига, шу жумладан, адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасидаги молиявий ҳисоб-китобларга;

адвокатнинг юридик ёрдам кўрсатиши билан боғлиқ хар қандай бошқа маълумотларга.


16. Адвокатлик сирини сақлаш мақсадида адвокат ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) тегишли бўлган материаллар ва ҳужжатларни алоҳида иш юритувда (досье) олиб бориши керак.


17. Адвокатлик сирини сақлаш қоидалари адвокатнинг ёрдамчилари ва стажёрларига, шунингдек адвокатлик тузилмаларининг бошқа ходимларига нисбатан ҳам амал қилади.


18. Ҳужжатлар ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан тақдим этилган бўлса ва ҳужжатларнинг сохталиги ҳақида маълумот мавжуд бўлмаса, адвокат уларнинг ишончлилиги учун жавоб бермайди.



III. АДВОКАТЛАРНИНГ ЎЗАРО

МУНОСАБАТЛАРИ


19. Адвокат ўз ҳамкасбларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, зарурат бўлганда ўз ҳамкасбига имкон қадар амалий ёрдам (ҳуқуқий позицияни, ҳимоянинг мақсадга мувофиқ воситалари, усуллари ва услубларини танлашида ҳамда бошқа шу кабиларда) кўрсатиши шарт.


20. Адвокат адвокатлик тузилмасидаги бошқа адвокат олдига келган шахсни юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битим (шартнома) тузишга кўндиришга ҳақли эмас.


21. Адвокат:

ҳуқуқий ҳужжатларда, ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) ва бошқа шахсларга ёзган хатларида бошқа адвокатнинг, адвокатура институти, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судьялар ва бошқа давлат органлари ходимларининг шаънига доғ туширадиган ёки уларга нисбатан ҳақоратли ибораларга йўл қўйишга;

юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахслар, ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) билан суҳбатларда бошқа адвокатнинг шаънига доғ туширадиган ибораларни қўллашга, шунингдек, ушбу шахсларга илгари юридик ёрдам кўрсатган адвокатларнинг ҳаракатлари ва маслаҳатларининг тўғрилигини танқид қилишга;

юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахслар ва ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) билан бошқа адвокатлар томонидан ундирилаётган ҳақ миқдорини муҳокама қилишга ҳақли эмас.


22. Адвокат узрли сабабларга кўра суд мажлиси ёки тергов ҳаракатларида иштирок этиш учун белгиланган вақтда етиб келишининг имкони бўлмаганда, шунингдек бошқа вақт тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритиш ниятида бўлса, бу ҳақда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга имкон қадар олдиндан маълум қилиши, жараёнда иштирок этаётган бошқа адвокатларни ҳам хабардор қилиши ва улар билан ўзаро мақбул вақтни келишиб олиши керак.


23. Агар ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ишни, топшириқни зиммасига олиб бўлган бошқа адвокат билан биргаликда юритишни илтимос қилса, адвокат ўз ҳамкасби ишни биргаликда юритишга рози ёки рози эмаслигини аниқлаши лозим.

Адвокатлар томонидан ишни бирга юритиш юзасидан келишувга эришилмаса, улар бу ҳақда ишонч билдирувчи шахсни (ҳимоя остидаги шахсни) хабардор қилиб, унга адвокат танлашда бир қарор қабул қилишни таклиф этишлари керак.


24. Агар адвокат ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) бошқа адвокатга қарши қўзғатган ишини юритиш топшириғини олса, у бу ҳақда адвокатлик тузилмасининг раҳбарига ва ҳамкасбига маълум қилиши ҳамда ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига риоя этган ҳолда низони келишув битими тузиш йўли билан тугатишни таклиф қилиши керак.

Агар келишув битими тузишнинг имкони бўлмаса, ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларини ифода этувчи адвокат ҳамкасби билан суҳбатни давом эттирмасдан, топшириқни бажариши лозим.


25. Адвокатлар ўртасидаги муносабатлар ишда иштирок этувчи тарафлар манфаатларини ҳимоя қилишга таъсир кўрсатмаслиги керак.

Адвокат бошқа ғараз мақсадларни кўзлаб, ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига зид ҳаракат қилиши мумкин эмас.


26. Адвокат ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) процессуал рақиби билан фақат унинг вақили (ҳимоячиси) сифатида иштирок этаётган адвокатнинг розилиги билан ёки унинг иштирокида суҳбатлашишга ҳақли.


27. Зарурат бўлганда адвокат ўз ҳамкасби томонидан касб этикаси нормаларини бузилиши йўл қўйганлигига эътибор қаратиши ҳақида огохлантириши лозим.

Улар қўпол равишда бузилганида ёки билдирилган огохлантириш инобатга олинмаган тақдирда, Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига шикоят қилиниши мумкин.


28. Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги лавозимларга сайланган ёки тайинланган адвокатлар бошқа адвокатларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган, уларнинг касбий фаолиятини амалга ошириши учун тўсқинлик қиладиган, камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитлар белгиламасликлари лозим.



IV. АДВОКАТНИНГ ИШОНЧ БИЛДИРУВЧИ

ШАХС (ҲИМОЯ ОСТИДАГИ ШАХС) БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРИ


29. Қонун ва ахлоқ нормалари адвокатлик касбида ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) хоҳиш-иродасидан устундир. Ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) қонунга риоя этмасликка ёки Қоидаларда назарда тутилган нормаларни бузишга қаратилган ҳар қандай истаги, илтимоси ёки кўрсатмаси адвокат томонидан бажарилиши мумкин эмас.


30. Адвокат ўзига юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсга тааллуқли масаланинг моҳиятини аниқлаши, қонунни тўлиқ тушунтириши, ўрганилаётган масалага қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ баҳо бериши ва имкон қадар масалани ҳал этиш учун танланадиган муайян вариантнинг оқибатлари тўғрисида маълум қилиши керак. Масалани ҳал этиш вариантини узил-кесил танлаш ҳуқуқи доимо ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) тегишлидир.


31. Адвокат ўзига юридик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсга ёки ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) топшириқни бажариш бўйича эришиладиган натижа бўйича асоссиз умидлар пайдо қилиши ёки бошқа усуллар орқали ишга таъсир кўрсатиш мумкинлиги юзасидан тассаввур ҳосил қиладиган ваъда ва кафолатлар беришга ҳақли эмас.


32. Агар адвокат томонидан қабул қилинадиган янги топшириқ ижроси олдинги топшириқ ижросига тўсқинлик қиладиган бўлса, адвокат ушбу топшириқни ўз зиммасига олмаслиги керак.


33. Адвокат ишонч билдирувчи шахсдан (ҳимоя остидаги шахсдан) қарз муносабатлари бўйича шахсан тобеъ бўлиб қолишига йўл қўймаслиги лозим.


34. Адвокат ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) билан касбий вазифаларидан ташқари бошқа яқин муносабатларга киришиши мумкин эмас.


35. Топшириқ бекор қилинганда адвокат ишонч билдирувчи шахсдан (ҳимоя остидаги шахсдан) олган ишга доир барча ҳужжатларнинг асл нусҳаларини ва ишончномани дарҳол унга қайтариши керак.


36. Топшириқни бажариш жараёнида адвокат ўз ҳаракатларида ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) тақдим этган ҳужжатлар ва ахборотнинг ишончлилиги презумпциясидан келиб чиққан ҳолда уларни қўшимча равишда текширувдан ўтказмайди.


37. Адвокатнинг суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор ёки суднинг тайинловига кўра ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш битим (шартнома) асосида юридик ёрдам кўрсатилганидаги вазифалардан фарқ қилмайди


38. Агар топшириқни қабул қилганидан кейин адвокат топшириқни зиммасига олишга ҳақли бўлмаган ҳолатлар аниқланса, адвокат битимни (шартномани) бекор қилиши лозим.


39. Адвокат суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор ёки суд томонидан тайинлов бўйича юридик ёрдам кўрсатишда қонунда белгиланган тартибда шахсан иштирок этиши шарт.

Жиноят ишида тайинлов асосида иштирок этаётган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас.

Дастлабки тергов босқичида ҳимоя қилиш топшириғини тайинлов ёки битим (шартнома) бўйича қабул қилган адвокат биринчи инстанция судида ҳимоя қилишни узрли сабабларсиз рад этишга ҳақли эмас.

Иш бўйича иштирок этиш топшириғини тайинлаш ёки битим (шартнома) бўйича қабул қилган адвокат ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, ҳимоя қилишдан бош тортишга ҳақли эмас ҳамда мурожаат қилган ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) иши бўйича суд ҳукми устидан апелляция шикоятини тайёрлаш ва уни бериш босқичига қадар ҳимоячи вазифаларини бажариши керак.


40. Адвокат қуйидаги ҳолларда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилмаслиги лозим:

мурожаат қилган шахснинг манфаатлари мазкур иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки юридик ёрдам кўрсатилган шахсларнинг манфаатларига зид бўлса;

гарчи шахслардан бирининг манфаатлари бошқасининг манфаатларига зид бўлмаса-да, аммо бу шахслар ишнинг айни бир воқеаси бўйича турлича нуқтаи назарда бўлсалар;

айни бир иш бўйича вояга етган ва вояга етмаган шахсларнинг ҳимоясини амалга ошириш зарур бўлса;

илгари у судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вақили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган бўлса;

ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса;

агар адвокат бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлса ҳамда бу ҳол ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига зид келса;

агар аниқ ҳолатлар натижасида турлича манфаатларга эга бўлган шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш зарурияти, шунингдек манфаатлар зиддияти потенциал имконияти бўлса, шериклик шартномасига асосан биргаликда юридик ёрдам кўрсатаётган адвокатлар топшириқ ижросини давом эттириш учун барча зиддиятли муносабатлар тарафларидан ёзма розилигини олишлари ҳамда шу манфаатларни ҳуқуқий ҳимоя қилишининг тенг имкониятларини таъминлашлари шарт.


41. Адвокатнинг топшириқдан воз кечиш тўғрисидаги тегишли илтимосномаси суд-тергов органлари томонидан қаноатлантирилган ҳолларда у бу ҳақда адвокатлик тузилмаси раҳбарини ва бошқа адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат қилиш имкониятига эга бўлиши учун ишонч билдирувчи шахсни (ҳимоя остидаги шахсни) олдиндан хабардор қилиши шарт.


42. Адвокат ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) талаблари қаноатлантирилишига кафолат бермаслиги керак. Даъвонинг ёки унга эътирознинг асослилигига шубҳа бўлса ҳам адвокат топшириқни қабул қилиши мумкин, бироқ ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) унинг талаблари қаноатлантирилмаслиги мумкинлигини тушунтириши шарт.


43. Ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) талаблари ёки эътирозлари асоссизлигига ишонч комил бўлганда ва ҳуқуқий позицияси бўлмаганда, адвокат бу ҳақда ўз фикрини ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга) маълум қилиши керак. Агар даъво ёки унга эътирозларнинг асоссизлиги суд муҳокамаси давомида аниқланса ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатнинг ишда иштирок этишини қатъий талаб қилса, адвокат қонун билан асослантирмасдан ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) талаблари ва эътирозлари билан чекланиши керак.


44. Ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўз айбига иқрор бўлганлиги адвокатнинг ушбу қарорнинг шубҳали ёки исбот қилинмаганлигини инкор этиш ҳуқуқини чекламайди. Бундай ҳолатда у иш бўйича ишонч билдирувчи шахсдан (ҳимоя остидаги шахсдан) мустақил ҳуқуқий позицияни эгаллаши ва уни ҳимоя қилиш чораларини кўриши лозим.


45. Ишда мавжуд далиллар ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ҳаракатларида эълон қилинган айбдан енгилроқ жиноят таркиби мавжудлигини кўрсатса, адвокат унга бу ҳақда маълум қилиши ва у билан енгилроқ жиноятни назарда тутган ҳуқуқий позицияни келишиб олиши зарур. Бунда ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатнинг таклифига рози бўлмаса, адвокат ўзи мустақил танлаган позициядан келиб чиққан ҳолда ҳимояни амалга оширади.


46. Бир гуруҳ шахслар иштирок этаётган ишларда ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахсларни) ўртасида ҳимоя борасида зиддиятлар мавжуд бўлса, адвокат суд тергови вақтида ҳимоя нутқи учун ўзининг ишонч билдирувчи шахсининг (ҳимоя остидаги шахсининг) айбини рад этадиган ёки айбдорлигига шубҳа туғдирадиган далилларни ёхуд жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларни тўплаши ва таҳлил қилиши лозим. Адвокат бошқа судланувчиларнинг ҳолатини заруратсиз ёмонлаштирмаслиги лозим. Адвокат томонидан ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига зид бўлган бошқа судланувчиларга қарши қаратилган ҳаракатлари фақатгина бундай ҳаракатларсиз ишонч билдирувчи шахсни (ҳимоя остидаги шахсини) тўлиқ ҳимоя қилиш мумкин бўлмайдиган ҳолатлардагина асосли ҳисобланади.


47. Адвокат ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) илтимосига кўра унга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан, агар ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) вояга етмаган бўлса ёки руҳий касалликка чалинган бўлса, суд ҳукмда адвокатнинг важларини инобатга олмаган ва сўралганидан оғирроқ жазо ёки оғирроқ жиноят учун жазо тайинлаган бўлса ёхуд жазони енгиллаштириш учун ҳуқуқий асослар мавжуд бўлса шикоят қилиши керак.

Агар маҳкум (вояга етмаганлар ва рухий касалликка чалинган шахслардан ташқари) ҳукм устидан шикоят қилишга эътироз билдирса, адвокат имкон қадар унинг бу ҳақдаги қарорини ёзма равишда олиши керак.


48. Адвокат жабрланувчини, гувоҳни ёки бошқа шахсларни ёлғон кўрсатувлар бериш учун кўндиришга ва адвокатлик сўрови ўтказиш чоғида сўровдан ўтказилаётган шахснинг розилигисиз тушунтиришлар олишга ҳақли эмас.


49. Адвокат ўзи бажараётган иши учун ҳақ сифатида тўланиши лозим бўлган маблағларни олишга, шунингдек ўзи сарф қилган чиқим ва харажатларни қопланишига ҳақлидир.


50. Юридик ёрдам учун ҳақ миқдори адвокат билан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) нинг ўзаро келишуви асосида белгиланади ва битим (шартнома) билан расмийлаштирилади.

Бунда ишнинг ҳажми, мураккаблиги, ишни бажариш учун кетган вақт, адвокатнинг тажрибаси ва малакаси, иш бажариш муддатлари, тезкорлиги, якуний натижаси ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олиниши мумкин.


51. Битим (шартнома)да иш ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) фойдасига ҳал бўлиш-бўлмаслигига қараб юридик ёрдам учун ҳақ миқдори белгиланиши ёки адвокатга қўшимча мукофот пуллари тўланиши назарда тутилиши мумкин.


52. Адвокатнинг юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) кўрсатилган вазифаларни таъминлаш учун ишонч билдирувчи шахсдан (ҳимоя остидаги шахсдан) мол-мулк олиши тақиқланади, аванс тўловлари бундан мустасно.



V. АДВОКАТНИНГ ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР, СУДЛАР, БОШҚА

ДАВЛAT, ЖАМОАТ ТАШҚИЛОТЛАРИ ВА

ЎЗГА ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРИ


53. Адвокат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд, бошқа давлат ва жамоат ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини уларнинг ишончли вакили эканлигидан келиб чиққан ҳолда касбий вазифаларини бажаради.


54. Адвокат тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамасини қасддан чўзишга ҳамда уларни ўтказиш муддатларини бузишга ҳақли эмас.


55. Адвокат суд ёки тергов процессида қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этиши, судга ҳамда процеснинг бошқа иштирокчиларига ҳурмат кўрсатиши, агар ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ҳуқуқлари бузилса, бундай ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.


56. Судья ва процесснинг бошқа иштирокчилари ҳаракатларига эътироз билдиришда адвокат ўзини одоб доирасида тутиши ва қонун ҳужжатларига амал қилиши керак.



VI. АДВОКАТНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДВОКАТЛАР ПАЛАТАСИ ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИ ОРГАНЛАРИ, ШУНИНГДЕК

МАЛАКА КОМИССИЯЛАРИ БИЛАН

МУНОСАБАТЛАРИ


57. Адвокат Адвокатлар палатаси органлари, ҳудудий бошқармаларини ҳурмат қилиши, аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаши, улар томонидан қабул қилинадиган адвокатлик касб фаолиятини тартибга солувчи қарорлар, йўриқномалар ҳамда қоидаларни аниқ бажариши шарт.


58. Адвокат Адвокатлар палатаси органлари, ҳудудий бошқармаларига касбий ва жамоатчилик фаолияти билан боғлиқ барча масалаларда ёрдам кўрсатиши шарт.


59. Адвокат Адвокатлар палатаси органлари, ҳудудий бошқармалари, малака комиссиялари таклифига биноан белгиланган муддатда хозир бўлиши шарт.

Белгиланган муддатда етиб келишнинг имкони бўлмаса, адвокат бунинг сабабини олдиндан маълум қилиши лозим.


60. Адвокат, агар ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ёки фуқаролик ишида унинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган даъво тақдим этилган бўлса, бу ҳақда адвокатлик тузилмаси раҳбарини хабардор қилиши шарт.

Адвокатлик тузилмаси раҳбари бу ҳақда Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига маълум қилиши лозим.



VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


61. Адвокат мураккаб ахлоқий вазиятларда ўзини қандай тутиш борасида аниқ фикрга эга бўлмаса, у тушунтириш беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай тушунтириш бериш рад қилиниши мумкин эмас.


62. Ушбу Қоидалар талабларини қўллаш бўйича Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг тушунтиришларига мувофиқ ҳаракат қилган адвокат интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.


63. Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидалар талаблари бузилса, бироқ кам аҳамиятли бўлганлиги сабабли адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширмайдиган, адвокатуранинг обрўсини тўкмайдиган ҳамда ишонч билдирувчи шахсга (ҳимоя остидаги шахсга), Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига жиддий зиён етказмайдиган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) интизомий жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлиши мумкин эмас.









































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск