Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет /

Маълумотлар узатиш тармоғи, шу жумладан Интернет хизматларини кўрсатиш Қоидалари (АВ томонидан 10.07.2018 й. 3038-сон билан рўйхатга олинган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 21.05.2018 й. 173-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 10 июлда 3038-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирининг

2018 йил 21 майдаги

173-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Маълумотлар узатиш тармоғи, шу жумладан

Интернет хизматларини кўрсатиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги, "Алоқа тўғрисида"ги, "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 мартдаги 137-сон "Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ маълумотлар узатиш тармоғи, шу жумладан Интернет (бундан буён матнда маълумотлар узатиш тармоғи деб юритилади) хизматларини кўрсатиш қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


GSM-шлюз - мобил алоқа тармоқлари ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;


IP-шлюз - IP тармоқлар ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;


IP-адрес - TCP/IP технологиялари билан бошқариладиган маълумотлар узатиш тармоғида компьютерлар ёки узелларни идентификациялайдиган ноёб адрес;


IP-телевидение (IPTV) - телевидение, видео, аудио, матн, графика ва шу каби, бошқа маълумотлар, IP протоколи асосидаги тармоқлар таъминланадиган, сифат, хавфсизлик, интерактивлик ва ишончлиликнинг талаб қилинадиган даражасини таъминлаш мақсадида бошқариладиган мультимедиа хизматлари;


IP-телефония - IP технологияси асосида пакетлар коммутацияланадиган маълумотлар узатиш тармоқлари орқали нутқли ахборот, жумладан маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро алоқани айирбошлаш хизмати;


SMS-шлюз - мобил телефондан фойдаланмасдан SMS хабарлар жўнатиш ва олиш имконини берадиган аппарат-дастурий восита;


Wi-Fi хизмати ташкилотчиси - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш учун Wi-Fi технологияси бўйича ўзларининг четки ускуналаридан, мижозлар ёки ташриф буюрувчилар ҳисобланадиган тор доирадаги фойдаланувчиларга ускунадан фойдаланишни тақдим этадиган маълумотлар узатиш тармоғи оператори ёки маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари провайдери ёхуд абонент - юридик шахс;


Wi-Fi хизматлари - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш учун Wi-Fi технологияси бўйича четки ускуналарга фойдаланувчиларнинг чекланган доирасига ускунадан фойдаланишни тақдим этиш;


абонент - маълумотлар узатиш тармоғи оператори ёки маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари провайдери билан шартнома тузган, маълумотлар узатиш тармоғи хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


аутентификация - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи томонидан кўрсатилган идентификациялаш маълумотларининг ҳақиқийлигини аниқлаш;


домен номи - ахборот ресурсига ёки ахборот тизимига берилган, уларни Интернет тармоғида идентификациялаш учун хизмат қиладиган ноёб ном;


домен номлари тизими - Интернет тармоғида домен номларини бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби;


идентификациялаш - мавжуд маълумотлар асосида маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи шахсини аниқлаш;


Интернет тармоғи - ягона адрес ва номлар маконидан фойдаланиладиган, шлюзлар ёрдамида бирлаштирилган, ягона ТСР/IP протоколига мувофиқ ишлайдиган кўплаб тармоқлардан иборат глобал халқаро тармоқ (бошқариладиган тармоқлар бирлашмаси);


Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пункти - фойдаланувчиларга Интернетдан фойдаланиш юзасидан ҳақ эвазига ёки бепул хизматлар кўрсатиш жойи;


маълумотлар узатиш - маълумотларни (рақамли шаклда тақдим этилган, электрон воситалар билан қайта ишлаш учун яроқли бўлган, нутқни, матн, факсимил хабарлар, динамик тасвирларни (видеони) ва бошқаларни ўз ичига оладиган ахборотларни) иккилик сигналлар кўринишида, кейинчалик ҳисоблаш техникаси воситалари билан қайта ишлаш учун, телекоммуникациялар воситалари орқали бир пунктдан бошқа бир пунктга кўчириш;


маълумотлар узатиш тармоғи - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона хизмат кўрсатиш, тақдим этиш ва тўлов принциплари асосида барча жисмоний ва юридик шахсларга маълумотлар узатиш хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган телекоммуникациялар тармоғи;


маълумотлар узатиш тармоғи оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида маълумотлар узатиш тармоғига эга бўлган, унинг ишлашини, ривожланишини таъминловчи ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;


маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари - оператор ва провайдернинг маълумотлар узатиш тармоғи орқали сигналлар ва ахборотнинг бошқа турларини қабул қилиш, узатиш ва қайта ишлаш бўйича фаолияти маҳсули;


маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари провайдери (бундан буён матнда провайдер деб юритилади) - фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланувчи (бундан буён матнда фойдаланувчи деб юритилади) - маълумотлар узатиш тармоғи хизматларининг истеъмолчиси ҳисобланган юридик ёки жисмоний шахс;


хостинг хизматлари - Интернет тармоғида доимий бўладиган серверда ахборотни жойлаштириш учун техник ресурсларни тақдим этиш хизмати;


2. Оператор ва провайдернинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензия асосида амалга оширилади.


3. Оператор ёки провайдер томонидан маълумотлар узатиш тармоғидан ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланишнинг тақдим этилиши, операторлар ва провайдерлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, шунингдек операторлар ёки провайдерларнинг абонентлар билан ўзаро муносабатлари ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.



2-БОБ. МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ

ТАРМОҒИ ХИЗМАТЛАРИ


§ 1. Умумий қоидалар


4. Маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари рўйхати оператор ёки провайдер ҳамда абонент ўртасида тузиладиган маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш шартномасида белгиланган бўлиши керак.


5. Маълумотлар узатиш тармоғи орқали маълумотлар узатиш тармоғи хизматларининг қуйидаги турлари тақдим этилиши мумкин:

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш (турли стандартлар бўйича), трафик транзити, шунингдек маълумотлар узатишнинг халқаро тармоқларидан, жумладан Интернетдан фойдаланиш;

реал вақтда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш;

электрон хабарлар қабул қилиш ва узатиш (шу жумладан, электрон почта);

конфиденциал ахборотни криптографик ва бошқача муҳофаза қилиш;

кичик (қуйи) тармоқ ажратиш;

домен ва домен номлари тизимини рўйхатга олиш ва олиб бориш;

IP-адрес ажратиш ва тутиб туриш;

IP-телефония ва IP-телевидение (IPTV);

хостинг хизматлари.

Оператор ёки провайдер қонун ҳужжатларига мувофиқ маълумотлар узатиш тармоғининг бошқа хизматларини ҳам кўрсатиши мумкин.


6. Фавқулодда ҳолатларда маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.



§ 2. Wi-Fi хизматини кўрсатиш


7. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси чекланган доирадаги фойдаланувчиларга пулсиз ёки пуллик асосда Wi-Fi хизматлари кўрсатиши мумкин. Фойдаланувчиларнинг чекланган доирасини аниқлаш шартлари Wi-Fi хизмати ташкилотчиси томонидан белгиланади. Wi-Fi хизматини кўрсатишда сессиянинг амал қилиш давомийлиги 24 соатдан ошмаслиги керак.


8. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси бўлган абонент-юридик шахс томонидан ўз ҳудудида бепул Wi-Fi хизматини ташкил этиш оператор ёки провайдер билан тузилган шартномага мувофиқ оператор ёки провайдернинг аппарат-дастурий воситалари асосида амалга оширилиши мумкин.


9. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси:

оператор ёки провайдер билан биргаликда, фойдаланувчиларнинг шахсини идентификациялаш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилган веб-ресурслари (log-файллар) ҳисобини юритиш бўйича аппарат-техник чора-тадбирлар кўриши;

оператор ёки провайдер билан биргаликда, ахборот ресурслари ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотнинг ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриши керак.


10. Wi-Fi хизмати абонент - юридик шахс томонидан кўрсатилган тақдирда, абонент - юридик шахс ва оператор ёки провайдер ўртасида тузиладиган шартномада фойдаланувчиларга Wi-Fi хизмати тақдим этиши тўғрисида маълумот кўрсатилиши, шунингдек фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш бўйича кўриладиган чоралар белгиланиши зарур.


11. Фойдаланувчилар шахсини идентификациялаш мобил телефон рақами бўйича ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар асосида амалга оширилган бошқа рўйхатдан ўтиш маълумотлари (авиачипталар, темир йўл чипталари, меҳмонхонада рўйхатдан ўтиш маълумотлари ва шу каби бошқа маълумотлар) бўйича амалга оширилиши мумкин.

Фойдаланувчини мобил телефон рақами бўйича идентификациялашда, фойдаланувчининг мобил телефон рақамига SMS-хабар воситасида бир марталик пароль (One Time Password - OTP) юборилади ва фойдаланувчи аутентификация қилинади. Бунда бир марталик паролнинг (One Time Password - OTP) активлик муддати чекланган бўлиши (10 дақиқадан кўп бўлмаслиги) керак.


12. Wi-Fi хизмати ташкилотчиси фойдаланувчининг шахсий маълумотлари ва телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган хабарларининг сир сақланишини таъминлаши шарт, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.



3-БОБ. МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ ТАРМОҒИ

ХИЗМАТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


13. Оператор ёки провайдер "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ абонентларга ўзи томонидан кўрсатиладиган маълумотлар узатиш хизматлари тўғрисида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Оператор ёки провайдер томонидан абонентга қуйидаги маълумотлар тақдим этилиши зарур:

оператор ёки провайдернинг номи, почта манзили, фойдаланувчилар ва абонентлар билан ҳамкорлик қиладиган филиалларининг номи, улар жойлашган жой, иш тартиби ва алоқа телефонлари;

оператор ёки провайдерга берилган лицензия рақами ва амал қилиш муддати;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари;

фойдаланиладиган абонент интерфейслари ва маълумотлар узатиш протоколлари;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатишдаги чекловлар;

тариф режалари;

муайян тариф режаси, маркетинг кампаниялари доирасида ёки тадбирлар ўтказиш даврида маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларини тақдим этишда имтиёзлар ёки чегирмалар;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланишнинг пулли ва пулсиз хизматлари рўйхати;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларига ҳақ тўлаш муддатлари ва шакллари;

абонентларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби;

ахборот-маълумот хизматининг ва техник таъминлаш хизматининг телефон рақамлари (мавжуд бўлганда);

ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизими тўғрисидаги маълумотлар;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш ҳудудларида техник имкониятлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.


14. Оператор ёки провайдер билан абонент ўртасида тузиладиган шартномада қуйидаги маълумотлар мажбурий равишда кўрсатилиши шарт:

шартнома тузилган жой ва сана;

оператор ёки провайдернинг номи;

оператор ёки провайдер ҳисобварағи реквизитлари;

оператор ёки провайдерларга берилган лицензия реквизитлари;

шартноманинг амал қилиш муддати;

абонент тўғрисидаги маълумотлар;

ҳисоб-китоб шакли ва тартиби;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

тариф режаси, хизматларнинг нархлари;

шикастланишларни бартараф этиш муддатлари;

сифат кўрсаткичлари (маълумотлар узатишнинг максимал тезлиги, маълумотлар узатишнинг минимал кафолатланган тезлиги, маълумотлар узатиш кечикишининг максимал вақти);

кўрсатиладиган хизматлар рўйхати (зарур бўлганда).

Шартномада томонлар ўртасидаги келишувга асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


15. Абонент оператор ёки провайдер билан шартнома тузганидан кейин, оператор ёки провайдер уланиш усулига боғлиқ ҳолда, абонентга уланиш учун зарур параметрларни етказади (IP-адрес ва бошқа адрес реквизитлари), маълумотлар узатиш тармоғида ишлаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида йўл-йўриқ кўрсатади, фойдаланувчининг зарур ускунасини (компьютер, модем, факс) ва зарур дастурий таъминотни тавсия қилади.


16. Интернетдан жамоат бўлиб фойдаланиш пунктида бир марталик маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари фойдаланувчиларга Жамоат фойдаланиш жойларида интернет тармоғидан ахборот олиш имконини бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1393, 2004 йил 30 июль) мувофиқ кўрсатилади.


17. Оператор ёки провайдер маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ахборотни абонентларга тақдим этиш мақсадида ахборот-маълумот бериш бўйича хизмат кўрсатиш тизимини яратади.

Қуйидаги маълумотлар оператор ёки провайдер томонидан абонентнинг сўровига мувофиқ 24 соат мобайнида ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши шарт:

маълумотлар узатиш тармоғининг кўрсатиладиган хизматлари тўғрисидаги;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларига бўлган тарифлар тўғрисидаги;

абонентга унинг шахсий ҳисобварағининг ҳолати ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш ҳақини тўлаш бўйича қарздорлик тўғрисидаги, жумладан абонентга уланган хизматлар: маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек лимитланган трафикли тарифлардаги трафик қолдиғи тўғрисидаги;

техник носозликлар тўғрисидаги.



4-БОБ. МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ ТАРМОҒИ

ХИЗМАТЛАРИГА ҲАҚ ТЎЛАШ


18. Маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари учун тарифлар қонун ҳужжатларига мувофиқ томонлар ўртасида тузиладиган шартномада белгиланилади.


19. Ҳисоб-китоблар шакли ва тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ, оператор ёки провайдернинг технологик имкониятлардан келиб чиқиб абонент билан келишилган ҳолда оператор ёки провайдер томонидан белгиланади ҳамда шартномада акс эттирилади ва ҳисоб-китоблар амалга оширилади.


20. Маълумотлар узатиш тармоғи хизматлари учун тарифлар миллий валютада белгиланади ва барча тўловлар миллий валютада амалга оширилади.


21. Оператор ёки провайдер автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимлари ёрдамида абонентга кўрсатилган хизматлар (маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек абонент пул маблағларининг ҳаракати ва бошқалар) тўғрисидаги ахборот ҳисобини юритади.


22. Оператор ёки провайдер шартнома асосида ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш тўғрисида абонентга ахборот тақдим этади. Бунда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

оператор ёки провайдер реквизитлари ва мурожаат учун телефон рақамлари;

ҳисоб-китоб даври;

бажарилган ишлар нархи;

тақдим этиладиган хизматлар рўйхати, ҳар бир хизмат учун ҳисоб-китоб даври ва улар учун тўланадиган сумма;

қўшилган қиймат солиғи суммаси (агар ундирилса);

умумий тўланадиган сумма;

ҳисоб тақдим этилган сана;

ҳақ тўлаш муддати.


23. Оператор ёки провайдер томонидан абонентнинг ҳисоб варағи юритилган тақдирда, тўлов тўғрисида кўрсатилган ахборот оператор ёки провайдер ва абонент ўртасидаги шартнома шартларининг ўзгаришлари билан боғлиқ абонентнинг ҳисоб варағи бўйича баланс тузатишларини, шунингдек келиб тушган ва абонентнинг ҳисоб варағида акс эттирилган олдинги ҳисоб-китоб давридаги хизматлар учун абонентнинг тўловлари тўғрисидаги ахборотларни ўз ичига олиши керак.



5-БОБ. ОПЕРАТОР ВА ПРОВАЙДЕРЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


24. Оператор ва провайдер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) абонентлар ва фойдаланувчиларга хизматлар кўрсатиш;

б) қуйидаги ҳолларда абонентни шартномада белгиланган муддатда олдиндан хабардор қилиб, абонентга хизматлар кўрсатишни тўхтатиб туриш:

абонент томонидан шартнома шартлари бузилганда, шу жумладан кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ўз вақтида тўланмаганда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 мартдаги 137-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари бузилганда;

в) абонентнинг айби билан юзага келган зарарлар ўрни тўлдирилишини талаб қилиш;

г) абонентга зарар етказмасдан абонентга хизматларни тақдим этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни, техник ва тариф сиёсатини мустақил белгилаш ҳамда амалга ошириш;

д) абонент томонидан маълумотлар узатиш тармоғининг фойдаланилган веб-ресурсларининг ҳисобга олинишини (log-файлларининг юритилишини) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил қилиш;

е) қонун ҳужжатларига мувофиқ абонентнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш;

ж) операторни огоҳлантирмасдан маълумотлар узатиш тармоғига GSM, IP ёки SMS-шлюзлар уланганда, шу жумладан маълумотлар узатиш тармоғида махсус аппарат-дастурий воситаларини ўрнатиш йўли билан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда хизматлар кўрсатишни бир томонлама тўхтатиш.

Оператор ва провайдер қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


25. Қуйидагилар оператор ва провайдернинг мажбуриятлари ҳисобланади:

а) ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ, лицензия ва ушбу Қоидалар асосида амалга ошириш;

б) шартномада белгиланган муддатда ва ҳажмда ишларни бажариш ҳамда хизматларни тақдим этиш;

в) қонун ва қонун ости ҳужжатларига, шу жумладан техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларга ҳамда шартномага мувофиқ кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини таъминлаш;

г) абонентларга ўзининг веб-сайтида ва (ёки) оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек абонентлар ва фойдаланувчилар билан ишлаш жойларида қуйидаги ахборотларни тақдим этиш:

хизматларни кўрсатиш тартиби ва шартлари ўзгарганлиги, шу жумладан хизматлар учун тарифлар ўзгарганлиги тўғрисида - ўзгартиришлар кучга киришидан камида 10 кун олдин;

иш вақти, почта манзили ва банк реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида - тегишли ўзгаришлар киритилган вақтдан бошлаб;

д) шартноманинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги, шунингдек абонентнинг аризасига кўра хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки шартномада белгиланган даражадаги сифатга эга хизматлар кўрсатилмаганлиги учун қайта ҳисоб-китоб қилиш;

е) абонентларга хизматлар кўрсатиш нормал режимининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган таъмирлаш-созлаш ва профилактика ишлари ўтказилишини бошлаш муддатлари ҳамда давомийлиги тўғрисида зудлик билан хабардор қилиш;

ж) хизматлар узлуксиз, кечаю кундуз кўрсатилишини таъминлаш;

з) абонентнинг талаби билан унинг ҳисобварағида акс эттирилган ўзаро ҳисоб-китобларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги, шу жумладан абонент томонидан олинган хизматлар тўғрисидаги ахборотни: маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборотнинг ҳажми тўғрисида батафсил ахборотни тақдим этиш;

и) ахборот ресурслари ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриш;

к) абонентларнинг оғзаки мурожаатларини дарҳол, ёзма ёки ахборот тизимлари орқали қабул қилинган мурожаатларини операторга келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида кўриб чиқиш;

л) фойдаланувчиларга ҳар ойда бир маротаба маълумотлар узатиш тармоқларидан фойдаланишда қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидаларга риоя қилиш зарурлиги юзасидан эслатма хабарини бериш. Бунда эслатма хабар матни телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан шакллантирилади;

м) Wi-Fi хизмати кўрсатиш вақтида фойдаланувчиларнинг шахсини идентификациялаш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилган веб-ресурслари (log-файллар) ҳисобини юритиш бўйича аппарат-техник чора-тадбирлар кўриш;

н) халқаро ва шаҳарлараро трафик ноқонуний ўтказиш, шу жумладан GSM, IP ёки SMS-шлюзлардан, шу жумладан тармоқда махсус аппарат-дастурий воситаларини ўрнатиш йўли билан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш чораларини кўриш;

Оператор ёки провайдер қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзларига юклатилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаришлари мумкин.


26. Оператор ёки провайдер абонентни ҳақ тўлаш эвазига қўшимча хизматлар кўрсатишга ёки маълум бир хизматни кўрсатиш учун бошқа хизматларни олишга мажбурлашга, шунингдек абонентдан кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундиришга ҳақли эмас.


27. Оператор ёки провайдер фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ва маълумотлар узатиш тармоқлари орқали узатиладиган хабарларининг сир сақланишини таъминлаши шарт, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.



6-БОБ. АБОНЕНТ ВА ФОЙДАЛАНУВЧИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


28. Абонент ва фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартномада кўзда тутилган оператор ёки провайдернинг сифатли ва узлуксиз хизматларидан фойдаланиш;

оператор ёки провайдердан ушбу Қоидаларда белгиланган мажбуриятларини, шунингдек унинг маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини тақдим этиш шартномаси бўйича мажбуриятларини бажаришини талаб қилиш;

шартномада кўзда тутилмаган хизматлар учун ҳақ тўлашни рад этиш;

оператор ёки провайдер айби билан етказилган зарар ўрнининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш;

оператор ёки провайдер билан тузилган шартномани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш.

Абонент оператор ёки провайдер томонидан маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилганда, агар шартномани ўз вақтида бажариш бошланмаган ёки ишлар (хизматлар) шартномада белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлганда, шунингдек бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар сифати шартнома шартларида белгиланганидан паст даражада бўлганда қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

камчиликларини бепул бартараф этиш;

оператор ёки провайдер билан келишув бўйича маълумотлар узатиш тармоғи хизмати кўрсатилиши мумкин бўлган янги муддатни белгилаш;

маълумотлар узатиш тармоғи хизматининг нархини қайта ҳисоблашни талаб қилиш.

Абонент ва фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


29. Жисмоний ёки юридик шахс оператор ёки провайдер билан шартнома тузишдан олдин оператор ёки провайдердан қуйидаги ахборотларни олишга ҳақли:

тақдим этиладиган асосий ва қўшимча хизматлар рўйхати;

тақдим этиладиган хизматлар нархи, тарифлар;

алоқани ва абонентнинг маълумотлар узатиш тармоғидан фойдалана олишни ташкил қилиш усуллари;

уланиш ва хизмат кўрсатиш тартиби;

хизматларни тақдим этиш қоидалари;

кафолатланган хизмат кўрсатиш даражаси, сифат даражаси, оператор, провайдер серверида абонент ахборотининг ҳимояланганлигини таъминлашнинг кафолатланган даражаси ва бошқа маълумотларни.


30. Қуйидагилар фойдаланувчининг мажбуриятлари ҳисобланади:

маълумотлар узатиш тармоғидан давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни узатиш учун фойдаланишга йўл қўймаслик;

маълумотлар узатиш тармоғи орқали Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотни ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотни тарқатмаслик;

маълумотлар узатиш тармоғи ёрдамида фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатмаслик;

қонун ҳужжатларига асосан маълумотлар узатиш тармоғи орқали тарқатилиши тақиқланган ахборотлардан тижорат ёки нотижорат мақсадларда тарқатиш учун фойдаланмаслик;

маълумотлар узатиш тармоғидан фойдалана олиш атрибутларини бошқа шахсларга бермаслик (кўпайтирмаслик);

таркибида компьютер вируслари ёки тармоқ учун зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни ёки дастурий таъминотни эълон қилмаслик ёки узатмаслик;

компьютер ахборотидан, яъни ахборот-ҳисоблаш тизимлари, тармоқлари ва уларнинг таркибий қисмларидаги ахборотлардан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланмаслик;

маълумотлар узатиш тармоғида тақдим этилган ахборот ва интеллектуал мулк объекти учун муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслик.

Фойдаланувчига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.


31. Қуйидагилар абонентнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

оператор ёки провайдер билан тузилган шартнома шартларига риоя қилиш;

тақдим этилган хизматлар учун тўловни шартномада белгиланган муддатларда амалга ошириш;

оператор ёки провайдерни ўзининг охирги (терминал) ускунаси, тармоғи ва дастурий таъминотидаги барча носозликлар ёки ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома шартлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги ёхуд бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида оператор ёки провайдерга етказилган зарарни қоплаш;

телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун GSM, IP ёки SMS-шлюзлар ёки шунга ўхшаш аппарат-дастурий воситалардан фойдаланиш нияти бўлганда, бу ҳақда оператор ёки провайдерни огоҳлантириш;

маълумотлар узатиш тармоғидан халқаро ва шаҳарлараро трафикни ноқонуний ўтказиш мақсадида фойдаланмаслик, шу жумладан GSM ва IP-шлюзлар орқали.

Абонентга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



7-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


32. Маълумотлар узатиш тармоғида юзага келган шикастланишлар шартномада белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, оператор, провайдер абонентнинг талабига кўра шартномада белгиланган миқдорда жарима (пеня) тўлайди.

Оператор, провайдер томонидан жарима (пеня) тўланганлиги уларни шартнома бўйича зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.


33. Оператор, провайдер, Wi-Fi хизмати ташкилотчиси ўз ихтиёрида (бевосита бошқаруви ва назорати остида) бўлмаган маълумотлар узатиш тармоғининг ресурслари, серверлари ва сегментлари мазмуни, улардан фойдаланиш имконияти ва ишлаш қобилияти учун жавобгар бўлмайди.


34. Абонент ўз мажбуриятларини бажармаганлиги, шу жумладан шартномага мувофиқ белгиланган муддатда хизматлар учун ҳақ тўламаганлиги учун шартномага мувофиқ жавобгар бўлади.


35. Маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


36. Мазкур Қоидалар талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


37. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 16 июль, 28-сон, 584-модда









































Время: 0.1827
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск