ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши /

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.07.2018 й. 533-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 июлдаги

533-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан

қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Молия вазирлигининг қарорларига, ушбу низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Жамғарма ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


4. Жамғарма ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳани молиялаштириш бўйича тажрибасини ўрганиш ва кейинчалик унинг ижобий томонини республикада татбиқ этишда тегишли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан ҳамкорлик қилади.


5. Қуйидагилар Жамғармани шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

пахта толасини экспорт ва ички истеъмолчиларга сотишдан тушадиган бўнак, шунингдек улар юзасидан якуний ҳисоб-китоб қилишдан тушадиган маблағлар;

тасдиқланган прейскурантдаги улгуржи нархлардан юқори бўлган маблағлар, тегишли йил ҳосили пахта толасини сотиш якунлари бўйича - ижобий тафовутнинг тўлиқ миқдордаги якуний суммаси;

дон, ун ва ун маҳсулотларини сотиш ва қайта баҳолашдан, шунингдек маҳсулотлар экспортидан тушган валюта маблағларини эркин биржа савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар;

мақсадли ажратилган маблағларни қайтаришдан тушадиган тушумлар ва уларга ҳисобланган фоизлар;

бюджет тизимининг бюджетлари маблағлари;

жалб этиладиган кредитлар;

халқаро молия институтлари грантлари ва донор ташкилотлар маблағлари;

Жамғарманинг бўш қолдиқ маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосилини ўз вақтида молиялаштириш;

давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш;

жалб этилган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш;

ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳани молиялаштириш бўйича тажрибасини кейинчалик унинг ижобий натижаларини республикада жорий этиш мақсадида ўрганиш;

уруғлик пахта етиштирувчи хўжаликлар, нав оригинаторлари бўлган илмий муассасаларга, шунингдек уруғлик чигитни тайёрлашда иштирок этган бошқа субъектларга тўланадиган устама маблағлари харажатларини қоплаш;

суғурта ҳисобварағида жамланган пахта толасига прейскурант ва жаҳон нархлари ўртасидаги ижобий тафовут маблағларидан, вақтинчалик маблағ тақчиллигида пахта ҳосилини етиштириш ва якуний ҳисоб-китобини молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) фаолиятини таъминлаш харажатларини молиялаштириш.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили ҳисоб-китобини ўз вақтида молиялаштириш;

давлат хариди учун қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни рағбатлантириш учун қайтариб бериш асосида қарз маблағлари ажратиш;

молиялаштиришга замонавий ахборот ва компьютер технологияларини жорий этиш ва уни асосида ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш;

ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳани молиялаштириш бўйича тажрибасини кейинчалик унинг ижобий натижаларини республикада жорий этиш мақсадида ўрганиш.


8. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги баланси лойиҳасини ишлаб чиқади, белгиланган тартиб ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

Жамғарма маблағлари тушумини таҳлил қилади ва ўз вақтида тушишини таъминлайди;

Департаментни сақлаш харажатлари сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Жамғарма кенгашига киритади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритади ва унинг ижроси юзасидан ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади;

давлат хариди учун етиштириладиган пахтанинг умумий ҳажми бўйича  "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти билан, ғалла харид қилиш умумий ҳажми бўйича - "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан, замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича - "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти билан бош битим тузади;

Ҳукумат қарорларида белгиланган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш бўйича бош битим тузади;

Жамғарма кенгашига жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишни текширишлар жараёнида аниқланган қонун бузилишлар ва камчиликлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек уларни бартараф этиш, Жамғарма агентларига бош келишув ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкцияларни (жарималар ва пенялар) қўллаш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Жамғарма ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидан Жамғарма маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни олиш;

жамғарманинг молия ва тижорат агентларидан Жамғарма маблағларидан фойдаланиши бўйича чораклик, йиллик бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини, пахта толаси ва дон, ун ва ун маҳсулотларини сотиш бўйича ҳар ойлик маълумотларни, давлат хариди учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш учун қайтариш асосида ажратилган қарз маблағларидан мақсадли фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни олиш;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши корхоналарига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари - Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича чораклик, йиллик бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини олиш;

Жамғарма маблағларидан мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланганда ва илгари ажратилган маблағлар ва уларга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида қайтарилмаганда молиялаштиришни тўхтатиш;

молия ва тижорат агентлари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари мақсадли маблағларни қайтариш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганда, Жамғарма қарздорларнинг барча ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқларини кўчириб олади.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Жамғарма қуйидагиларга мажбур:

етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосилини харажатларини ўз вақтида молиялаштириш учун молия агентга маблағлар ажратиш;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши корхоналари томонидан етиштириладиган пахта ҳосилини етиштириш харажатларини ўз вақтида молиялаштириш учун уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига маблағлар ажратиш;

етказиб берилган пахта ва ғалла ҳосили якуний ҳисоб-китобларини ўз вақтида молиялаштириш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини доимий мониторинг қилиш;

Жамғарма даромадларининг истиқболдаги кўрсаткичлари бажарилишини таҳлил қилиш ва маблағларнинг тушишига салбий таъсир қилган аниқланган омиллар асосида уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш;

жалб этиладиган кредитлар, халқаро молия институтлари грантлари ва донор ташкилотлар маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА КЕНГАШИ


11. Жамғарма кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади. Жамғарма кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган таркибда ўз фаолиятини амалга оширади.


12. Жамғарма кенгаши:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

Департамент томонидан тақдим этилган Жамғарма балансини кўриб чиқади, қарор қабул қилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун Департаментга кўрсатма беради;

Департаментнинг, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жамғарманинг молия ва тижорат агентларининг пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш, замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаларини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлари, ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисидаги ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларининг ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг даромадлари ва харажатларини шакллантириш тартибини такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясига Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши, тўловлар ва ҳисобларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида амалга ошириш устидан назорат қилиш текшириш ва тафтишлар ўтказиш бўйича кўрсатма беради, уларнинг натижасини кўриб чиқади, кўриб чиқиш якуни бўйича тегишли қарор қабул қилади ва Департаментга бажариш учун юборади.


5-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТ


13. Департамент Жамғарманинг ижро этувчи органи, Жамғармани жорий бошқариш бўйича функциясини бажарувчи ҳисобланади.


14. Департаментнинг ташкилий тузилмаси ва штатдаги ходимлар сони қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда белгиланади.


15. Департаментни сақлаш харажатлари Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Департамент давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказида миллий ва чет эл валютасида тегишли махсус ҳисобварақларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга эга бўлади.


16. Департамент Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги бухгалтерия ҳисоботини тузади ва уни белгиланган тартибда Жамғарма кенгашига тақдим этади.


17. Департаментга Жамғарма кенгаши томонидан сайланадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади. Департамент директори мақомига, моддий таъминот, ижтимоий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича шарт-шароитларига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


18. Директорнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазири билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосари бўлади.


19. Департамент директори:

Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Жамғармага юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўтказилган текшириш ва тафтишда аниқланган ҳолатлар бўйича Жамғарма кенгаши қарорини ижросини таъминлайди;

Департаментнинг штатдаги ходимларининг чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

Департаментнинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Департамент ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек Департамент ходимларини рағбатлантириш бўйича қарорлар қабул қилади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш масалаларига оид тушунтиришлар беради;

ушбу низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


20. Департамент ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларида белгиланган лавозим маоши, мукофот, қўшимча ва устамалардан иборат.

Департамент ходимларига кўп йиллик хизматлари учун қатъий белгиланган лавозим маошига йиллик устама қуйидаги коэффициентларда тўланади:

3 йилдан 5 йилгача - 0,6; 5 йилдан 10 йилгача 0,8; 10 йилдан 15 йилгача 1,0; 15 йилдан ортиқ 2,5.

Иш стажи рағбатлантириладиган кўп йиллик хизмат учун устамалар белгилаш ҳуқуқини беради.

Департамент ходимларига, жамоа шартномасида белгиланадиган ойлик, чораклик ва йил якуни бўйича ҳамда байрам кунлари учун мукофотлар, йўл транспорти, овқатланиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш харажатларига тўловлар ходимлар лавозим маошининг тўрт бараваридан ошмаган миқдорда тўланади. Бунда, чораклик ва йил якуни бўйича тўловлар миқдори ходимларнинг иш кўрсаткичларини самарадорлигига қараб Кенгаш томонидан белгиланади.

Иш кўрсаткичлари самарадорлигига:

жамғарма маблағларини бош келишувда кўзда тутилган муддатларда ўз вақтида тушишини таъминлашга;

мақсадли ажратилган жамғарма маблағларига ҳисобланган фоизларни белгиланган муддатларда ва тўлиқ миқдорда ундиришга;

молия ва тижорат агентларининг жамғарма олдидаги муддати ўтган қарздорликларини қисқартиришга қўшган ҳиссаси киради.

Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, иш ҳақи фонди доирасида касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда ходимнинг соғлигини тиклаш учун санаторий-курорт даволанишига, тўй ва маърака тадбирлари учун моддий ёрдам пули тўланади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛИЯ

ВА ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ


21. "Агробанк" акциядорлик тижорат банки пахта ва ғалла етиштириш, харид қилиш, шунингдек замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш бўйича Жамғарманинг молия агенти ҳисобланади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан етиштириладиган пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш бўйича Ҳукумат қарорларида белгиланган тижорат банклари молия агенти ҳисобланади.

Жамғарманинг молия агентига махсус очиладиган мақсадли ҳисобварақлар орқали давлат хариди учун етказиб бериладиган маҳсулотларга, замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришга ҳамда пахта-тўқимачилик ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига пахта-тўқимачилик ташкилотлари томонидан етиштириладиган пахта хомашёсини етиштиришга ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек Жамғарманинг маблағларини ва тегишли фоиз тўловларининг белгиланган муддатларда қайтарилиши юзасидан назорат ўрнатиш вазифаси юкланади.


22. Қуйидагилар Жамғарманинг тижорат агентлари ҳисобланади:

"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти - пахтани харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва пахта маҳсулотларини сотиш бўйича;

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси - ғаллани харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича;

"Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти - замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича.

Жамғарма давлат хариди учун пахтанинг умумий ҳажми бўйича - "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти билан, ғалланинг умумий ҳажми бўйича эса - "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан, замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалик техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича - "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти шунингдек, пахта-тўқимачилик ташкилотлари томонидан етиштириладиган пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Ҳукумат қарорларида белгиланган тижорат банклари билан Бош битим тузади.

Тижорат агентлари Жамғарма номидан ҳамда у билан келишилган ҳолда маҳсулот харид қилиш, контрактация шартномаларининг ўз вақтида тузилиши, харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китобини қилиш, уларни харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлашнинг белгиланган стандартларига риоя этилиши, шунингдек замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш юзасидан назоратни таъминлайдилар.

Тижорат агентлари тузилган Бош битимга асосан Жамғарма номидан "Агробанк" акциядорлик тижорат банки иштирокида ўзининг тайёрлов корхоналари орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан маҳсулотни сотиб олиш юзасидан ўз вақтида ва асосланган контрактация шартномалари тузилишини, мақсадли маблағлар ва уларга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдилар, сотиб олинаётган маҳсулот учун тўлиқ ҳисоб-китоб қиладилар, маҳсулотни сотиб олишда, сақлаш ва қайта ишлашда белгиланган стандартларга риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлайдилар.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан маҳсулотни сотиб олиш юзасидан ўз вақтида ва асосланган контрактация шартномалари тузилишини, мақсадли маблағлар ва уларга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдилар.

Давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш учун Жамғарманинг қайтариб бериш асосида ажратилган қарз маблағлари ва уларга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлайди.



7-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

АЖРАТИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТАРТИБИ


23. Жамғарма маблағлари Жамғарма молия агентига Жамғарма билан молия ва тижорат агентлари ўртасида тузилган Бош битимга асосан махсус очилган мақсадли ҳисобварақлар орқали ажратилади.


24. Тузилган Бош битимга мувофиқ ва махсус очиладиган мақсадли ҳисобварақларни қўллаш орқали қилинган ҳисоб-китобларга асосан:

молия агенти Жамғарманинг мақсадли маблағларини етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришга;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари Жамғарманинг мақсадли маблағларини пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришга йўналтиради;

тижорат агентлар молия агенти орқали олинган Жамғарманинг мақсадли маблағларини хизмат кўрсатувчи тижорат банклари орқали тайёрлов корхоналарига юборадилар;

тайёрлов корхоналари тушган маблағларни қишлоқ хўжалиги ташкилотларидан харид қилинаётган маҳсулотлар учун ҳисоб-китоб қилишга ишлатадилар;

"Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти тушган маблағларни замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ишлатади.


25. Тайёрлов корхоналари қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ, суғурта ташкилотлари билан суғурталаш шартномаларини тузган ҳолда маблағларни қуйидаги мақсадларга:

амалда етказиб берилган пахта хомашёси ва ғалла қийматининг 100 фоизи миқдорида ҳисоб-китоб қилиш;

давлат хариди учун етиштириладиган маҳсулотларнинг қўшимча ҳажми учун ҳисоб-китоб қилишга сарфлайдилар.



8-БОБ. БАНК ҲИСОБВАРАҚЛАРИ, ЖАМҒАРМА

ҲИСОБВАРАҚЛАРИГА МАБЛАҒЛАРНИ КИРИТИШ

ВА ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


26. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармасида очиладиган Жамғарманинг махсус миллий, суғурта ва хорижий валюта ҳисобварақларида:

шартномаларда кўрсатилган ҳажмда пахта хомашёси ва ғалла етиштириш;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларининг шартномаларида кўрсатилган ҳажмда пахта хомашёсини етиштириш;

замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш учун ажратилган Жамғарма маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисоби;

маҳсулот турлари ва қишлоқ хўжалиги техникалари бўйича ажратилган Жамғарма кредитларини қайтариш ва уларга ҳисобланган фоиз маблағларини жамлаш, ҳисобга киритиш ва ҳисоби;

халқаро молиявий институтлар грантлари ва донор ташкилотлар маблағлари хорижий валюта ҳисобварақларида юритилади.

Шунингдек, махсус суғурта ҳисобварағида тасдиқланган прейскурантдаги улгуржи нархлардан юқори бўлган маблағлар, тегишли йил ҳосили пахта толасини сотиш якунлари бўйича - ижобий тафовутнинг тўлиқ миқдордаги якуний суммаси жамланади ва ҳисоби юритилади.

Вақтинчалик маблағ тақчиллиги юзага келганда, пахта хомашёсини етиштиришда кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш мақсадида, махсус суғурта ҳисобварағида жамланган ижобий тафовут маблағларидан фойдаланиш мумкин.

Бунда, пахта хомашёсини етиштириш харажатлари ва якуний ҳисоб-китобларини молиялаштиришда талаб этиладиган маблағлар, Жамғарма кенгашининг кўрсатмасига асосан суғурта ҳисобварағидан махсус хисобвараққа ўтказилади ва фақат ушбу мақсадлардагина ишлатилади.

Вақтинчалик маблағ тақчиллигида махсус суғурта ҳисобварағидан ишлатилган маблағлар, пахта толасини сотишдан тушган маблағларнинг пахта хомашёсини етиштиришдан ортган маблағлар қисми ҳисобига қайта тикланади.


27. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш бўйича тузилган контрактация шартномаларидаги ҳажмларни харид қилишни молиялаштириш учун Жамғарманинг махсус ҳисобварақларига қуйидаги маблағлар кирим қилинади:

а) пахта толаси бўйича:

пахта толасини экспорт ва ички истеъмолчиларга сотишдан тушадиган бўнак ва якуний ҳисоб-китоб маблағлари "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятининг махсус ҳисобварақларига;

махсус суғурта ҳисобварағига тасдиқланган прейскурантдаги улгуржи нархлардан юқори бўлган маблағлар, тегишли йил ҳосили пахта толасини сотиш якунлари бўйича - ижобий тафовутнинг тўлиқ миқдордаги якуний суммаси;

мақсадли маблағларни қайтариш учун махсус ҳисобварақда жамланган вақтинча бўш маблағлар;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари учун ажратилган маблағларнинг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклари томонидан қайтарилган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;

б) ғалла бўйича:

дон, ун ва ун маҳсулотларини сотиш ва қайта баҳолашдан, шунингдек ушбу маҳсулотлар экспортидан тушган валюта маблағларини эркин биржа савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар;

мақсадли маблағларни қайтариш учун махсус ҳисобварақда жамланган вақтинча бўш маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар кирим қилинади.


28. "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти томонидан давлат хариди учун етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалик техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштиришга ажратилган қарз маблағлари ва унга ҳисобланган фоизларни жамлаш Жамғарманинг махсус ҳисобварақларида юритилади.


29. Халқаро молиявий институтлар грантлари ва донор ташкилотларидан жалб этилган маблағлар хорижий валютадаги ҳисобварақларга кирим қилинади.



9-БОБ. МАҚСАДЛИ МАБЛАҒЛАРНИ ҚАЙТАРИШ


30. Жамғарманинг мақсадли маблағларни қайтариш Жамғарманинг мақсадли маблағларни қайтариш ҳисобварақларига молия агентидан давлат хариди учун тижорат агентлари томонидан харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳисоб-китоб қилишдан ва етказиб берилган замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси учун тушадиган маблағлар ҳисобидан Жамғарманинг махсус ҳисобига туширилади.


31. Молия агенти ва унинг филиаллари томонидан Жамғарманинг мақсадли маблағларини қайтариш, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятининг пахта толасини, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компаниясининг дон, ун ва ун маҳсулотларни сотишдан тушган маблағлари, шунингдек "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаларини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришдан олган даромадлари (асосий қарз ва фоизлари билан) ҳисобига амалга оширилади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари томонидан Жамғарманинг мақсадли маблағларини қайтариш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қайтарилади.

"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти ва "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компаниясининг ташкилотларида, пахта толаси, дон, ун ва ун маҳсулотларини сотишдан, "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамиятининг эса лизинг хизматидан, шунингдек пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларидан тушган маблағларни жамлаш мақсадида "Жамғарма билан мақсадли ҳисоб-китоб қилиш учун махсус ҳисобварақлар" ҳисобварақлари очилади.

Пахта толаси, дон, ун ва ун маҳсулотлари сотишдан, шунингдек замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришдан ва унга ҳисобланган фоизлардан тушган барча пул тушумлари ушбу ҳисобварақларга кирим қилинади ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан аввал ажратилган мақсадли маблағларни молия агентига қайтариш ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун ишлатилади.


32. Молия ва тижорат агентлари Жамғарманинг мақсадли маблағларини қайтариш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тўла бажармаса, Жамғармага қарздорларнинг барча ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқларини кўчириб олади.



10-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


33. Жамғармадан ажратиладиган маблағларни мақсадга мувофиқ ишлатиш, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан етказиб берилган маҳсулотларга, етказиб берилган моддий-техника ресурслари ва кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишни ўз вақтида амалга ошириш жавобгарлиги контрактация шартномаларини бажаришда иштирок этаётган туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва тижорат банклари филиал раҳбарлари зиммасига юкланади.


34. "Агробанк"акциядорлик тижорат банки, пахта-тўқимачилик ташкилотларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклари, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти пахта толасини сотишдан, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси дон, ун ва ун маҳсулотларини сотишдан тушган маблағларни ўз вақтида Жамғармага тўламаганлиги учун, "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ҳамда "Ўзмашлизинг" масъулияти чекланган жамияти ва уларнинг ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари Жамғарма маблағларини мақсадга мувофиқ ишлатмаганлиги, ҳисоб-китоб қилиш тартибини бузганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


35. Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши, тўловлар ва ҳисобларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида амалга ошириш устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


36. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 16 июль
















































Время: 0.0058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск