ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Умумий қоидалар /

Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.07.2018 й. 542-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 16 июлдаги

542-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги

спорт клублари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клубларининг (кейинги ўринларда спорт клуби деб аталади) ҳуқуқий мақоми, мақсади ва асосий вазифаларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Спорт клуби тегишлича Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти (кейинги ўринларда спорт жамияти деб аталади) ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) таълим муассасаларидаги филиали ҳисобланади.

Спорт клуби "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига мувофиқ юридик шахс сифатида ташкил этилиши мумкин.


3. Спорт клуби тегишлича спорт жамияти ҳамда Ассоциациянинг рамзий белгиларидан фойдаланади.


4. Спорт клубига ном бериш тегишлилиги бўйича спорт жамияти ва Ассоциация томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



2-БОБ. СПОРТ КЛУБИНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Спорт клубининг мақсади давлат таълим муассасаларининг ўқувчилари, талабалари, педагог ва бошқа ходимлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олишдан ташқари спорт таълими тизимини янада такомиллаштириш орқали истеъдодли ёшларни саралаб олишдан иборат.


6. Спорт клубининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчилар ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчилар ва талабалар ўртасида спорт турлари бўйича жамоалар ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан "мактаб лигаси", "талабалар лигаси" ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;

умумтаълим мактабларида - ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 4 соатдан синфдан ташқари спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;

академик лицейлар ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида - ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;

олий таълим муассасаларида - истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ҳамда республика олий спорт маҳорати мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;

жисмоний тарбия ва спорт жараёнига машғулотлар ўтказиш учун малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш.



3-БОБ. СПОРТ КЛУБИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Спорт клуби қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз аъзолари ва қатнашчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

спорт клуби тузилган ҳудудда жисмоний тарбия ва спорт масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар киритиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

ўз муассисининг Низомида белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар ўтказиш;

белгиланган тартибда пуллик соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш.

Спорт клуби қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Спорт клуби қуйидагиларга мажбур:

қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя этиш;

ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан клуб аъзоларининг танишиши эркинлигини таъминлаш;

рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиш ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

спорт клуби вакилларининг чет мамлакатларга спорт клубининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни ўз вақтида хабардор қилиш.

Спорт клубига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. СПОРТ КЛУБИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Спорт клубини ташкил этиш учун давлат таълим муассасасининг спорт иншооти (спорт тадбирлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, спорт турлари бўйича ўқув-машқ машғулотлари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш учун мўлжалланган, ўзига қўйиладиган норма ва талабларга жавоб берадиган ҳамда тегишли паспортга эга бўлган ёпиқ ёки очиқ типдаги ихтисослаштирилган иншоот) мавжуд бўлиши, шунингдек, зарур спорт анжомлари ва ускуналар билан таъминланиши лозим.

Спорт клуби давлат таълим муассасасининг спорт иншоотларида дарсдан ташқари вақтларда текинга фойдаланади.


10. Спорт клуби раҳбарлигига жамоатчилик асосида давлат таълим муассасаси раҳбари (директор, ректор) сайланиши мумкин.


11. Спорт клуби фаолияти самарадорлигини оширишга спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаси раҳбари бевосита жавобгардир.


12. Спорт клубида спорт тўгараги ишлари спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари (йўриқчилари) томонидан жамоатчилик асосида олиб борилиши, спорт тўгараги ишларини самарали ташкил этган давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари (йўриқчилари) спорт клуби раҳбари томонидан клуб маблағлари ҳисобига моддий рағбатлантирилиши мумкин.


13. Спорт клубидаги спорт тўгараги ишлари давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг педагогик юкламаларидан ўрин олган соатлар ҳамда давлат таълим муассасаси ихтиёридаги соатлар ҳисобига амалга оширилади.


14. Давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари (йўриқчилари) йиллик иш режалари, педагогик юкламалари соатларини белгилаш ва тасдиқлашда спорт тўгараги ишлари, спорт тадбирлари ҳамда ўқувчилар билан ишлаш назарда тутилган бўлиши зарур.


15. Спорт клуби томонидан ўқув йилининг бошланган (сентябрь) ойида ушбу ўқув йили давомида ўтказиладиган оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаси ишлаб чиқилади. Ушбу календарь режа туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари билан келишган ҳолда спорт клуби раҳбари томонидан амалга оширилади.


16. Спорт клуби ўз аъзоларининг талабларига кўра спорт турлари бўйича тренер жалб қилган холда пуллик спорт тўгараклари ташкил этиши мумкин.



5-БОБ. СПОРТ КЛУБИГА АЪЗО БЎЛИШ

ҲАМДА АЪЗОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Спорт клубига спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасасида таълим олаётган ва фаолият олиб бораётган ўн ёшга тўлган ўқувчилар, талабалар, педагоглар ва бошқа ходимлар ихтиёрий аъзо бўлиши мумкин.


18. Спорт клубига аъзо бўлиш вояга етган жисмоний шахслар (вояга етмаганлар учун уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг ёзма аризалари ҳамда спорт клуби раҳбарининг буйруғига асосан амалга оширилади.


19. Ўқувчи (талаба)лар бир таълим муассасасидан бошқасига ёки таълимнинг кейинги босқичига ўтганида ушбу спорт клуби сафидан чиқарилади ҳамда танланган давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клубига ихтиёрий равишда қабул қилинади.


20. Давлат таълим муассасасида асосий ходим сифатида фаолият юритаётган педагоглар ва бошқа ходимлар бошқа таълим муассасасида ўриндош сифатида меҳнат фаолиятини юритаётган бўлса, ўриндош сифатида меҳнат фаолиятини юритаётган давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клубига ҳам аъзо бўлиши мумкин.


21. Давлат таълим муассасасида асосий ходим сифатида фаолият юритаётган педагоглар ва бошқа ходимлар спорт мусобақалари ва тадбирларида асосий ходим сифатида фаолият юритаётган давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клуби номи билан иштирок этади.

Бир вақтнинг ўзида бошқа таълим муассасасида ўриндош сифатида меҳнат фаолиятини юритаётган педагоглар ва бошқа ходимларнинг спорт тадбирлари ва мусобақаларида бир вақтнинг ўзида иккита давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клублари номидан иштирок этишига йўл қўйилмайди.


22. Спорт клуби аъзолари тенг ҳуқуқли бўлиб, улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз хоҳишига кўра спорт клуби аъзолигидан чиқиш;

спорт клуби томонидан ўтказилаётган оммавий жисмоний тарбия тадбирлари, спорт тадбирлари ва мусобақаларида, шунингдек, халқаро спорт тадбирлари ва мусобақаларида спорт клуби номи билан қатнашиш.

Спорт клуби аъзолари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23. Спорт клуби аъзолари қуйидагиларга мажбур:

спорт клуби фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ушбу Низомда белгиланган талабларга амал қилиш;

спорт клуби томонидан ўтказиладиган турли спорт тадбирлари, кўргазмаларда фаол иштирок этиш.



6-БОБ. СПОРТ КЛУБИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


24. Спорт клуби қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:

спорт жамиятининг бюджетдан ташқари маблағлари (умумтаълим мактаблари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);

Ассоциация маблағлари (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

хорижий ва халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг грантлари;

таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);

спорт клубларига аъзолик бадаллари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



7-БОБ. СПОРТ КЛУБИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

ҲИСОБОТ ТУЗИШ ВА ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


25. Спорт клуби раҳбари спорт клуби фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган тартибда (спорт клуби юридик шахс ҳисобланган тақдирда), спорт клуби ташкил этилган давлат муассасаси раҳбарига (давлат муассасасининг педагогика кенгашига) ҳар ойда, спорт жамияти ва Ассоциацияга ҳар чоракда бир марта тақдим этиб боради.


26. Спорт жамияти ва Ассоциация спорт клублари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ярим йилда бир марта тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига киритиб боради.


27. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги давлат таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган спорт клублари фаолияти тўғрисида ахборот сўраш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


28. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 июль












































Время: 0.2003
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск