ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати / Назоратни амалга ошириш тартиби /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.07.2018 й. ПФ-5490-сон "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

27.07.2018 й.

N ПФ-5490



ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ

ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ушбу мақсадда муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради. Хусусан:

биринчидан, назорат қилувчи органлар ва инсофли тадбиркорлик субъектлари ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилинганлиги амалдаги текширувлар тизимини, давлат назоратининг бошқа турларини, шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади;

иккинчидан, қонун ҳужжатларида замон талабларига жавоб бермайдиган айрим ҳуқуқий механизмларнинг мавжудлиги сабабли солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, пенялар ва молиявий жарималар бўйича қарздорликлар сунъий йўл билан йиғилиб бормоқда;

учинчидан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган давлат органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари амал қилмоқда;

тўртинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг ташкилий жиҳатлари ва тартиб-таомилларини комплекс тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунийлиги мониторингини олиб боришнинг ягона яхлит тизими мавжуд эмаслиги назорат қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва ўтказиладиган текширувларнинг асослилигини холис баҳолаш имконини бермаяпти;

бешинчидан, ўтказиладиган текширувларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва холислигини таъминловчи назорат қилувчи органлар фаолияти устидан мустақил жамоатчилик назорати тизими жорий этилмаган;

олтинчидан, кўчмас мулк объектларини бузиб, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектларининг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтирмоқда.

Бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг мазкур Фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қуйидагиларга ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга;

давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, мазкур банднинг тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслар 2019 йил 1 июлга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилиши белгилансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ушбу бандда кўрсатилган шахсларнинг тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклашда, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам берсин, бажарилган ишлар натижалари тўғрисидаги ойлик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.


2. Якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларга ҳисобланган ундириш умидсиз бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, мазкур қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қарздорликни хатловдан ўтказсин, кейинчалик кўрсатилган қарздорликларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўрсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Марказий банки, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги бўлган ва икки ой давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби;

молия-хўжалик фаолиятни амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, фаолият кўрсатмаётган ташкилотлар ва муассислари узоқ муддат бедарак бўлган ташкилотларнинг умидсиз қарздорлигини ҳисобдан чиқариш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


4. 2018 йил 1 сентябрдан:

тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 сентябрдан:

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи "хавфни таҳлил этиш" тизими натижалари асосида амалга оширилади;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун давомида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Белгилансинки, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда - ваколатли орган) томонидан амалга оширилади.

Ушбу Фармоннинг 5-бандида кўрсатилган талаблар тезкор-қидирув тадбирлари, шунингдек, жиноят-процессуал қонунчилиги асосида ўтказиладиган тафтишга нисбатан татбиқ этилмайди.

5-1. Белгилансинки:

аудиторлик текширишларини ўтказиш бўйича сарф-харажатлар ана шу текширишларни тайинлаган ташкилотлар ҳисобидан қопланади;

ҳудудий солиқ органлари томонидан бошқа туманлар (шаҳарлар)да рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш бинолари, савдо шохобчалари қаерда жойлашганидан ва хизматлар кўрсатиладиган (ишлар бажариладиган) жойдан қатъий назар, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш такрорланишига йўл қўйилмаган ҳолда, тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган жойдаги тегишли солиқ органлари билан бир вақтда амалга оширилади.

6. Қуйидагилар:

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар турларининг рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Назорат қилувчи органлардан бошқа ташкилотларга ўтказилаётган айрим назорат функциялари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 сентябрдан амалга киритилсин.


7. Назорат қилувчи органлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда ўз фаолиятига "хавфни таҳлил этиш" тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги тегишли низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги назорат қилувчи органларга "хавфни таҳлил этиш" тизимини ўз фаолиятига жорий этишда кўмаклашсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимининг бошланғич версиясини ишлаб чиқсин ҳамда 2019 йил 1 январдан унинг қуйидагиларга имкон берувчи тўлиқ версиясини ишга туширсин:

а) ваколатли органга:

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорларнинг асослилигини ўрганиш ва текширувларни ўтказишга ноёб код билан рухсат бериш;

назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган текширувлар ўтказиш тартибига риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш;

б) назорат қилувчи органларга ўтказилган текширувлар натижаларини киритиш;

в) тадбиркорлик субъектларига ўз сўровларига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни қисқа хабар (SMS) кўринишида ҳамда реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиш.


9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ушбу Фармон қоидаларини инобатга олган ҳолда "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ўрнатилган тартибда киритсин;

бир ой муддатда "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргунга қадар амал қиладиган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомни ҳамда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги "Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5087-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектлари - Палата аъзоларининг фаолиятида ўтказиладиган текширувлар мониторингини амалга ошириши ҳамда текширувларда иштирок этиши маълумот учун қабул қилинсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларга тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда якунлари юзасидан ҳар чоракда ваколатли органга ахборот тақдим қилиш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Марказий банкининг 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган янги енгил автомобилларни банк корпоратив карталари орқали сотиб олиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


14. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография

ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда "Давергеодезкадастр" қўмитаси деб юритилади) ва Адлия вазирлигининг 2018 йил 1 октябрдан кўчмас мулкка (ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга) бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришни бекор қилиш, тегишли ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестрига электрон шаклда киритиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


15. 2018 йил 1 октябрдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги, шу жумладан, ушбу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши, шунингдек, улар билан тузилган битимлар ҳақидаги ахборот маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нотариуслар, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, бошқа ваколатли органлар томонидан "Давергеодезкадастр" қўмитасининг ҳудудий органларига тегишли хатти-ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб бир кун муддатда ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади;

"Давергеодезкадастр" қўмитасининг ҳудудий органлари ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ахборотга асосан кўчмас мулкка бўлган тегишли ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилганда, давлат ва бошқа ташкилотлар сўров юборганда "Давергеодезкадастр" қўмитасининг ҳудудий органлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимлар давлат реестридан тегишли ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи электрон ва (ёки) қоғоз шаклдаги кўчирмани тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу банднинг талабларидан келиб чиққан ҳолда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва улар билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармасини (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил қилиш;

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини белгилаш, уларда маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари жалб қилинишини назарда тутиш;

жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини Жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартибини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ манбаларини назарда тутган ҳолда, Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарорини қабул қилсин.


16-1. Вазирликлар, идораларнинг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қаттиқ огоҳлантириб қўйилсинки, назорат органларининг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари рухсатсиз текширилганлиги ва уларнинг хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашилганлиги учун етказилган иқтисодий зарарнинг ўрни қопланган ҳолда жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортиладилар.

17. 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.


19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ваколатли орган билан келишилган

ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида

ўтказиладиган текширувлар турларининг

РЎЙХАТИ

Т/р

Текширувларнинг турлари

Текширувларни

ўтказиш муддатлари

1.

Қонунчилик бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ёки назорат қилувчи органлар ташаббуси билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг хавф-таҳлили натижалари асосида ўтказиладиган текширувлар (камерал ва сайёр солиқ текшируви ҳамда солиқ аудити бундан мустасно).

1 кундан

10 кунгача

2.

Қуйидаги ҳолатларда ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятининг текширувлари:

Молия йили давомида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ қонунчилигининг мунтазам бузилиши ҳолатлари;

устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг аниқланиши.

30 кундан ошмаган

ҳолда

Изоҳ:

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тегишли текширувдан ўтказишнинг мазкур Фармон билан белгиланган энг узоқ муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаси асосида фақат бир марта Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил рухсати билан узайтирилиши мумкин. Бунда тегишли текширувнинг узайтирилган муддати асосий муддатидан ошмаслиги керак.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни ваколатли орган билан келишиш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказилган ҳолда амалга оширилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона

тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли

органни хабардор этиш тартибида

ўтказиладиган текширувлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Текширувлар (назорат функциялари)

Назорат қилувчи орган

Текширув

муддати

1.

Ишончли ахборотлар мавжуд бўлганида тегишли рухсатномасиз ёки қалбаки акциз маркали ёхуд акциз маркасиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва сотиш ҳолатларини текшириш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги

1 кун

2.

Қалбакилаштирилган, мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш мақсадида фақатгина шундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва улгуржи реализация қилишни назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

1 кун

2-1.

Қалбакилаштирилган, мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган маҳсулотлар, рецепт билан бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рецептсиз сотилишининг олдини олиш мақсадида фақатгина шундай маҳсулотларни чакана реализация қилиш бўйича ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

1 кун

2-2.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилишини, улгуржи ва чакана реализация қилувчи ташкилотларда уларга берилган лицензия талабларига риоя этилишини бир йилда кўпи билан бир маротаба назорат қилиш (2 ва 2-1-позицияларда белгиланган назорат тадбирлари бундан мустасно).


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


5 кун


3.

Атмосфера ҳавоси, тупроқ, оқава ва ер усти сувларининг ифлосланиш манбаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган объектларда чиқиндиларни жойлаштириш объектларини мониторинг қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси

1 кун

4.

Рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя қилинганлигини ўрганиш мақсадида барча қурилиш объектларида, шу жумладан якка тартибдаги уй-жой қуриш объектларида, молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, қисқа муддатли инспекторлик текширувлар ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси, туманлар (шаҳарлар) бош архитекторлари

1 кун

4-1.

Йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини назорат қилиш.


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси


3 кундан ошмаган ҳолда


5.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича текширувлар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси

30 кундан ошмаган ҳолда

6.

Саноат, радиациявий ва ядро хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳолати устидан, шунингдек ваколатли орган билан келишилган объектларда углеводород хом ашёли ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофазасини назорат қилиш.

"Саноатгеоконтехназорат" ДИ

10 кундан ошмаган ҳолда

7.

"Ўзбекэнерго" АЖ объектларида ҳамда 35 кВ ва ундан юқори кучланишдаги электр тармоқларида ишларни олиб боришда хавфсизликни назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Электр энергетика соҳасида назорат қилиш давлат инспекцияси

5 кундан ошмаган ҳолда

8.

Табиий, техноген, террорчилик-қўпорувчилик тусидаги фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва улардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган объектларда фуқаро муҳофазаси талабларига риоя қилиш устидан назорат олиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

10 кундан ошмаган ҳолда

9.

Барча ташкилотларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланишни текшириш.

Бунда кўрсатилган текширувлар Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруқларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молия назорати бош бошқармаси

10 кундан ошмаган ҳолда

10.

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ваколатига кирадиган масалалар бўйича:

уч ойда кўпи билан бир маротаба - умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи, шу жумладан озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда истеъмолчиларни водопровод суви билан таъминлайдиган, оқова сувларни чиқариб ташлайдиган;

олти ойда кўпи билан бир маротаба - қонун ҳужжатларига кўра ходимлари тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган, шу жумладан сартарошхона ва косметология хизматларини кўрсатувчи;

бир йилда кўпи билан бир маротаба - аҳолига диагностика, даволаш-профилактика хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш.


Ўзбекистон Республикаси Санитария-

эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати


10 кундан ошмаган ҳолда


10-1.

Нодавлат тиббий ташкилотларда лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан икки ярим йилда кўпи билан бир маротаба (қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва ижтимоий тармоқлардаги асосланган маълумотлар бўлган ҳолатларда чекланмаган миқдорда) текширувлар ўтказиш.


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

5 кундан ошмаган ҳолда


11.

Давлат захиралари жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларида назорат функцияларини амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси

10 кундан ошмаган ҳолда

12.

Ўсимлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш ҳамда ўсимликлар карантини бўйича тадбирлар ўтказилиши устидан назорат қилиш.


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги

1 кун

13.

Тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан ерлардан мақсадли фойдаланилиши, ижара шартномаси бўйича мажбуриятларга мувофиқ, улар томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини (ғўза, дон ва бошқалар) экиш бўйича ўрнатилган талабларга риоя этилишини назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси

5 кундан ошмаган ҳолда

14.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланмаган жойларда амалга оширилаётган, шунингдек келиб чиқишини исботловчи тегишли ҳужжатсиз гўшт ва сут маҳсулотлари савдоси устидан назорат.


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси

1 кун

15.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган рўйхатга мувофиқ, автомобилларга сиқилган ва суюлтирилган газ қуйиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида технологик жараён талаблари, саноат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши устидан бир йилда бир мартадан кўп бўлмаган назорат тадбирлари.


Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан бирга

1 кун

16.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни амалга ошириш устидан назорат ўтказишда тизимли текширишлар.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси

5 кундан ошмаган ҳолда

17-1.

Сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига ноқонуний уланиш, ҳисоблаш мосламаларига қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблаш мосламалари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатларини, шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва канализация корхоналари томонидан сув таъминоти ва канализация соҳасида хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилиниши ҳолатларини текшириш.


Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси


1 кун


17-2.

Асосли маълумотлар бўлганда кўп квартирали уйлардаги жойларнинг ўзбошимчалик билан қайта қурилиши ва (ёки) қайта режалаштирилиши ҳолатларини текшириш ҳамда бошқариш органлари томонидан кўп квартирали уйларда юзага келган авария вазиятларини бартараф этиш бўйича чоралар кўрилганлиги устидан назорат қилиш.


Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси


1 кундан ошмаган ҳолда


18.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ваколатига кирадиган масалаларга доир текширишлар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси

30 кундан ошмаган ҳолда

20.

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ кредит ташкилотлари фаолияти устидан назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

30 кундан ошмаган ҳолда

21.

Қуйидаги ҳолатлар аниқланганда ва уларни бартараф этишда тезкор назорат тадбирларини ўтказиш:

ёнувчи моддалар ва қурилиш материалларини бир жойга тўплаш ёки очиқ оловда ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этмаслик;

далалар ва аҳоли пунктларида махсус техник воситаларни қўлламасдан битумни эритиш, анғизни, тўкилган баргларни ва дарахт шохлари ёки бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш;

оқава сувларни жой рельефига ёки очиқ ҳавзаларга, шунингдек, коммунал канализация тизимига нормадан ортиқча ёки рухсатсиз оқизиш;

табиий сув объектларидан сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсатномасиз сув олиш;

дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш ёки йўқ қилиш, ёввойи ҳайвонларни (шу жумладан балиқни) овлаш ёки қўлга киритиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик;

дарёлар, сойлар, кичик дарё ва кўлларнинг ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

1 кун

22.

Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси


10 кундан ошмаган ҳолда


22-1.

Солиқ аудитини ўтказиш*

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси


Ўзбекистон Республи-

касининг Солиқ кодексида белгиланган муддатлардан ошмаган ҳолда


23.

Қуйидагиларни назорат қилиш:

юк ва йўловчи ташишни ташкил этувчи хўжаликларда техник воситаларнинг ишчи ҳолатида тутиш, эксплуатация қилиш ва таъминлаш;

идоравий темир йўлларига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларида локомотивлар, вагонлар, алоқа воситалари ва сигнализация, электр таъминотининг ишчи ҳолатида тутилишини таъминлаш.

"Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси

10 кундан ошмаган ҳолда

25.

Юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказилаётган текширувлар

Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси

30 кундан ошмаган ҳолда

26.

Этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни ҳамда алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилувчи улгуржи корхоналарни қуйидаги мақсадларда текшириш;

ўлчов жиҳозлари, пломбалар ва бошқа мониторинг воситаларнинг бутлиги;

этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари қолдиқлари;

лицензия олишда тақдим этилмаган истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар мавжуд эмаслиги;

узум ва мевадан тайёрланган вино маҳсулотлари сифатининг амалдаги техник талабларга мослиги.

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги

3 кундан ошмаган ҳолда

27.

Юридик шахслар томонидан ер қаърини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал хом-ашёни қайта ишлаш, шунингдек, кон ишларининг геологик-маркшейдерлик таъминоти соҳасида қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши устидан текширувлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси

10 кундан ошмаган ҳолда

28.

Ер қаъри фойдаланувчилари томонидан фойдали қазилмаларни қазиб олиш (чиқариш)нинг ҳақиқий ҳажмларининг маркшейдерлик ўлчов хулосаларига мувофиқлиги устидан йилига икки мартадан кўп бўлмаган мониторинг ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясиЎзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда

5 кундан ошмаган ҳолда

29.

Ер қаъри бойликлари ва техноген минерал ҳосилалардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш учун рухсат ҳужжатларини олмай туриб, ўзбошимчалик билан фойдали қазилмаларни қазиб олишга йўл қўймаслик бўйича назорат тадбирларини ўтказиш.


Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси

1 кун

30.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширувлар.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

10 кундан ошмаган ҳолда


31.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши масалалари бўйича текширувлар.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

1 кун

32.

Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан:

бир йилда бир мартадан батафсил ва назорат текширувини ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тезкор текширувлар ўтказиш.


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


10 кундан

ошмаган

ҳолда


33.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг Давлат назорати департаменти ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширувлар.


Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


10 кундан

ошмаган

ҳолда


34.

Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ хусусий бандлик агентликлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.


Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


10 кундан

ошмаган

ҳолда


35.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, ички назорат қоидаларини тасдиқловчи давлат органлари ва назорат юклатилган органлар


30 кундан

ошмаган

ҳолда


36.

Нодавлат ўрта махсус, профессионал, олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим ташкилотларида, ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, тегишли лицензия ва тасдиқномасиз, шунингдек лицензия ва тасдиқномада назарда тутилмаган йўналишларда таълим бериш ҳолатларини, лицензия ва тасдиқномада фаолият манзили сифатида кўрсатилмаган манзилда фаолият юритиш (офис, ўқитиш манзили) ҳолатларини текшириш.


Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


10 кундан

ошмаган

ҳолда


36-1.

Нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларида, ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, тегишли лицензия ва тасдиқномасиз, шунингдек лицензия ва тасдиқномада назарда тутилмаган йўналишларда таълим бериш ҳолатларини текшириш.


Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги


10 кундан

ошмаган

ҳолда


36-2.

Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш таълим ташкилотларида ҳамда автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича имтиҳон марказларида, ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, тегишли лицензия ва тасдиқномасиз, шунингдек лицензия ва тасдиқномада назарда тутилмаган йўналишларда ва фаолият манзилларида таълим бериш, шунингдек имтиҳон олиш ҳолатларини текшириш.


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


10 кундан

ошмаган

ҳолда


Изоҳ.

Ушбу иловада кўрсатилган назорат функциялари назорат органларининг тегишли ҳудудий тузилмалари томонидан амалга оширилиши мумкин.

4, 10, 14, 16, 17, 31 ва 32-бандларда кўрсатилган назорат функциялари якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ҳам амалга оширилади.

35-позицияда кўрсатилган назорат функциясини амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида тегишли текширишни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган максимал муддати назорат органларининг асослантирилган буюртманомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил рухсати билан фақат бир марта узайтирилиши мумкин. Бунда тегишли текширувнинг узайтирилган муддати текширувнинг асосий муддатидан ошмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилиниши, мулкчилик шаклидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан амалга ошириладиган назорат тадбирлари, истисно тариқасида, "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга оширилади.


*) Солиқ органлари 2022 йил 1 январга қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилади.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Назорат қилувчи органлардан бошқа ташкилотларга

ўтказилаётган айрим назорат функциялари

РЎЙХАТИ

    

Т/р

Назорат

функциялари

Назорат қилувчи орган

Назорат функциялари

ваколатига ўтказилаётган

фуқаролик жамияти институтлари

ва бошқа ташкилотлар

Назорат қилувчи

органда сақланиб

қолинаётган назорат

механизми

1.

Туроператорлик ва меҳмонхона хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш.

Ўзбекистон Республикаси

Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси

Хусусий туристик ташкилотлар уюшмаси ва туризм соҳасидаги бошқа жамоат бирлашмалари

Профилактика ишлари; туризм соҳасидаги хизматларни сертификатлаш

2.

Полиграфия соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш.

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Профилактика ишлари





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июлдаги

ПФ-5490-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 8 июндаги "Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг янгиланган таркибини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-2008-сон Фармони.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 19 ноябрдаги "Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида"ги ПФ-2114-сон Фармонининг 1-банди иккинчи - тўртинчи, олтинчи, еттинчи ва тўққизинчи хатбошилари, 3-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари, 5, 6 ва 11-бандлари, шунингдек, 2-иловаси.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 3 августдаги "Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги ПФ-2678-сон Фармони.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-3665-сон Фармонининг 1-банди иккинчи - бешинчи хатбошилари, 3, 4 ва 6-бандлари.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида" 1998 йил 19 ноябрдаги ПФ-2114-сонли Фармонига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ПФ-3694-сон Фармони.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ПФ-4087-сон Фармони иловасининг 3-банди.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 апрелдаги "Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4296-сон Фармонининг 1-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги ПФ-4522-сон Фармони.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4725-сон Фармонининг 2-банди иккинчи - тўртинчи ва еттинчи хатбошилари.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2777-сонли қарори) ПФ-5027-сон Фармони иловасининг 1, 2, 4, 8-бандлари.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 5 октябрдаги ПФ-3665-сон Фармонига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги ПФ-5102-сон Фармони.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 февралдаги "Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2777-сон қарорининг 2-банди учинчи хатбоши.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-3454-сон қарори 11-иловаси изоҳининг 3-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 июль


"Халқ сўзи", 2018 йил 28 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 30 июль, 30-сон, 621-модда










































Время: 0.1376
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск