Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар /

Эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига ер участкалари бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.01.2018 й. 29-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил16 январдаги

29-сон қарорига

3-ИЛОВА



Эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига

ер участкалари бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари билан ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар (кейинги ўринларда ЭИЗ деб аталади) қатнашчиларига ер участкалари бериш тартибини ва махсус ҳуқуқий режимни белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари (кейинги ўринларда маъмурий кенгаш деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларидан ташкил этиладиган коллегиал органлар;


Дирекция - ЭИЗ фаолиятини тезкор бошқариш учун ташкил этиладиган, давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс;


инвестор - белгиланган тартибда танловдан ўтган ҳамда ЭИЗ ҳудудида инвестициялашни амалга ошираётган инвестиция фаолияти субъекти;


ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисидаги битим деб аталади) - Дирекция ва инвестор ўртасида тузиладиган ҳамда уларнинг ҳуқуқи, мажбурияти ва масъулиятини белгиловчи битим;


ЭИЗ қатнашчиси - белгиланган тартибда ЭИЗ ҳудудида рўйхатдан ўтган ва Дирекция томонидан ЭИЗ қатнашчиси реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъект;


ер участкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома - тегишли шаҳар (туман) ҳокимлиги ва ЭИЗ қатнашчиси ўртасида тузиладиган, ЭИЗ ҳудудида ер участкасидан тезкор фойдаланиш тўғрисидаги шартнома.


3. ЭИЗ таркибига киритиладиган ер участкалари чегаралари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумати қарорлари билан белгиланади.

ЭИЗ ҳудудидаги ер участкалари маъмурий кенгашларнинг тўғридан-тўғри ихтиёрида ҳисобланади ҳамда маъмурий кенгашларнинг қарорларига асосан ЭИЗ қатнашчиларига берилади.


4. ЭИЗ ҳудудидаги архитектура ва шаҳарсозлик фаолияти белгиланган тартибда амалга оширилади.


5. ЭИЗ қатнашчиларига ер участкаси Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида белгиланган ЭИЗ фаолият юритиш муддатига тезкор фойдаланиш учун берилади.

ЭИЗ қатнашчиларига ЭИЗ фаолият юритиш муддати узайтирилган тақдирда ер участкасидан тезкор фойдаланиш муддатини тегишли муддатга узайтириш ҳуқуқи берилади.

ЭИЗ қатнашчиси мақомини олган ва/ёки маъмурий кенгаш қарори билан ЭИЗнинг бош режасига мувофиқ корхонасини жойлаштириш амалга оширилган тақдирда ер участкаси беришни рад этишга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. ЭИЗ ҚАТНАШЧИЛАРИГА

ЕР УЧАСТКАСИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ


6. ЭИЗ қатнашчиси мақомини олган корхоналарни жойлаштириш маъмурий кенгашлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

ЭИЗ қатнашчиларини жойлаштириш, биринчи навбатда, нофаол, бўш турган бино, иншоот ва битмаган қурилиш объекти, шунингдек, давлат мулки объектлари ва ташқи муҳандислик инфратузилмасига эга ҳудудларда қурилиш учун зарур ер участкалари аниқлаштирилган ҳолатда амалга оширилади.


7. Ер участкаларини ажратиш ҳужжатларини тайёрлаш ишлари, шунингдек, ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш шартнома асосида ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўйича давлат корхонаси (кейинги ўринларда давлат корхонаси деб аталади) томонидан ЭИЗ қатнашчиси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


8. Инвестор Дирекция билан биргаликда ЭИЗ бош режасига мувофиқ ЭИЗ ҳудудида корхона жойлашадиган жойни белгилайди.


9. Ер участкаси олиш учун ЭИЗ қатнашчиси Давлат хизматлари марказларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги 358-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг иловасидаги шаклда ер участкаси ажратиш тўғрисидаги ариза билан почта орқали ёки шахсан бориб мурожаат этади.

Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари Ягона портали ёки Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари Ягона портали (кейинги ўринларда Ягона портал деб аталади) орқали юборилган аризалар тўғридан-тўғри тегишли шаҳар (туман) ҳокимлигига юборилади.

Ер участкаси ажратиш тўғрисидаги аризада қўшимча ер участкасидан фойдаланишнинг мақсади, унинг жойлашган жойи ва ўлчамлари (зарур майдоннинг асоси), қурилиш ишлари бошланиши ва тугатилишининг тахминий муддати, юридик шахснинг реквизитлари ва почта манзили кўрсатилиши лозим.

Давлат хизматлари марказлари томонидан инвесторга аризасининг Давлат хизматлари марказига келиб тушишидан бошлаб то унга ер участкаси ажратиш тўғрисидаги тегишли қарор тақдим этилгунга қадар аризанинг кўриб чиқиш ҳолатини реал вақт режимида кузатиш имконияти таъминланади.


10. Давлат хизматлари марказига почта алоқаси ёки шахсан келиб топширилган ариза Давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканердан ўтказилиб, унинг электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) билан имзоланади ва ер участкаси жойлашган шаҳар (туман) ҳокимлигига идоралараро электрон маълумот алмашув тизими орқали ариза келиб тушган куни юборилади.

ЭИЗ қатнашчиси аризани топширишдан олдин давлат корхонаси ҳисоб рақамига ер участкаси танлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида аванс тўлайди.

Ер участкасини танлаш бўйича материалларни келишишда ваколатли ташкилотлардан рад жавоби олинган тақдирда аванс қайтариб берилмайди, давлат корхонаси томонидан рад этилиши ҳолатлари бундан мустасно.

ЭИЗ қатнашчиси ер участкасини танлаш бўйича материалларни келишишнинг рад этилиши юзасидан ваколатли органлар қарори тўғрисида белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


11. Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан аризани кўриб чиқишда Давлат хизматлари марказига мурожаат этган инвесторни таклиф этиш ҳамда қўшимча ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.


12. Давлат корхонаси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида ер участкаларини танлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлайди.


13. Ер участкаларини танлаш бўйича ҳужжатлар қуйидаги таркибда тайёрланади:

ер участкаси тўғрисида қисқача маълумот, жорий фойдаланилиши ва режалаштирилаётган йўналишини кўрсатиш;

қўшни ер участкаларидан фойдаланишнинг турлари кўрсатилган ҳолатдаги схема;

ер участкасининг М1:500 топографик харитасида ер ости муҳандислик коммуникациялари акс эттирилган (қишлоқ хўжалиги харитасида топографик харита мавжуд бўлмаган тақдирда) жойлашув режаси;

ер участкаларининг атрофидаги объектлар билан биргаликдаги камида икки томондан олинган фотосуратлари.


14. Ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида:

унинг умумий майдони аниқланади;

шаҳарсозлик ва ер тузиш ҳужжатлари ўрганилади, танланаётган ер участкасидаги бино ва иншоотлар, уй-жойлар, жумладан ўзбошимчалик билан қурилган, ерости муҳандислик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ерларининг таркиби аниқланади;

муҳандислик инфратузилмаси ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш вақтида ноқулайликлар туғдирмаслик ҳамда бино ва иншоотларнинг асоссиз бузилишининг олдини олган ҳолда ер участкаларини жойлаштириш йўллари қидирилади;

атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаси бўлган объектлар атрофида санитария бўйича қўриқлаш зонасини таъминлаш имконияти ҳисобга олинади;

биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ёки қишлоқ хўжалигини юритиш учун яроқсиз бўлган ерларда объектлар қурилиши учун ер участкасини танлаш имконияти ўрганилади.


15. Ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатлар қуйидагилар билан келишилади:

туман (шаҳар) ҳокими;

туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси давлат экология экспертизаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида" 2001 йил 31 декабрдаги 491-сон қарорига мувофиқ лойиҳа инвестори томонидан атроф муҳитга таъсир этиш бўйича ариза келиб тушган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бошқармалари;

давлат санитария-эпидемиология назорати туман (шаҳар) маркази;

туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) ёнғин хавфсизлиги бўлими;

қўриқланадиган, сув қўриқхоналари ва санитария-ҳимоя зоналари, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, магистрал қувурлар, темир ва автомобиль йўллари, электрузатиш ва алоқа линиялари ҳамда аэродромлар, чиқинди ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари атрофида ер участкаси танланган тақдирда тегишли режим ҳудудлари ва иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар;

Дирекция;

Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар.

Инвесторларга ер участкалари бюджет ташкилотларидан олиб берилган тақдирда ер участкаларини танлаш ҳужжатлари тегишли юқори (республика) ташкилоти билан келишилади. Ер участкаларини танлаш бўйича ҳужжатларни келишиш муддати тўрт кундан ошмаслиги лозим.

Ер участкасини жойлаштириш режаси йўлланган кундан бошлаб белгиланган муддатда ваколатли ташкилотлар томонидан келишилмаган тақдирда у келишилган ҳисобланади, ваколатли ташкилотлар томонидан асосланган рад этиш белгиланган муддатда тақдим этилган ҳолатлар бундан мустасно.

Ер участкалари бериш бўйича ҳужжатларни келишишда ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.


16. Аҳоли пунктининг бож режаси ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳалари билан белгиланган ва функционал йўналиши шаҳарсозлик ҳужжатларидаги тушунтиришга мувофиқ бўлган аҳоли пунктларида объектлар қуриш учун ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда вилоятлардаги архитектура ва қурилиш бош бошқармалари, лойиҳа-қидирув бош ташкилотлари билан келишиш талаб этилмайди.


17. Давлат корхонаси тўрт кун мобайнида ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатлар асосида ер участкаси ажратиш бўйича ҳужжатларни ва туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлайди.

Зарурат бўлганда ер участкасини ажратиш бўйича ҳужжатларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

кўчириб чиқарилаётган фуқаролар рўйхати, янги ер участкалари ёки хонадон (мавжуд бўлганда) олишни хоҳловчилар кўрсатилган ҳолда;

ер участкалари ижарачилари, фойдаланувчилари, эгалари ва мулкдорларининг бошқа ҳамда қишлоқ ва ўрмон ҳўжалигидаги ишлаб чиқариш (мавжуд бўлганда) зарарларининг миқдорини аниқлаштириш далолатномаси;

ўрмон хўжалиги корхоналари эгалигидаги ер участкаси олиб берилаётган тақдирда ажратилаётган ер участкаларининг техник текшириш далолатномаси;

бузиб ташланадиган бино ва иншоотлар баҳоси бўйича ҳисобот (мавжуд бўлганда).

Ажратилаётган ер участкасидан ташқарида бўлган уй-жой, иморат ва иншоотлар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар, агар ерни олиб қўйиш натижасида улардан келгусида фойдаланиш имкони йўқолса ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида назарда тутилган қишлоқ ва ўрмон хўжалигидаги ишлаб чиқариш зарарлари қийматини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида" 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг хусусий мулкида бўлган ер участкаларининг қиймати баҳоловчи ташкилотлар томонидан унинг ерни олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақтдаги бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаштирилади.

Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун тўлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Қурилиш соҳасида рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш тартиботларини амалга ошириш муддатлари ва қийматини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2013 йил 30 майдаги 150-сон қарорига мувофиқ белгиланган миқдорларда амалга оширилади.


18. Давлат корхонаси ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича ҳужжатларни ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши учун туман (шаҳар) ҳокимига юборади.


19. Туман (шаҳар) ҳокими ўз ваколатлари доирасида икки кун ичида ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади ва уни ер участкасидани ажратиш бўйича ҳужжатларнинг нусхалари билан ер участкасини ажратиш бўйича ишни ташкил этиш ва унинг чегараларини натурага ўтказиш учун давлат ер тузиш ва кадастр корхонасига тақдим этади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорига унинг ажралмас қисми сифатида ажратилаётган ер участкаси чегарасининг режаси илова қилинади.


20. Давлат корхонаси ер участкасига ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилган куни туман (шаҳар) ҳокимлигига ер участкасига ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ва ер участкаси ажратиш бўйича йиғмажилдни тақдим этади.


21. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорни, унга қуйидагиларни илова қилган ҳолда бир кун муддатда Давлат хизматлари марказига тақдим этади:

ер участкаси чегарасини натура ўтказиш далолатномаси;

ер участкасига ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

ер участкаси ажратиш бўйича йиғмажилд;

ер участкасидан фойдаланиш шартлари, ердан фойдаланиш бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ер участкасига ҳуқуқнинг тугатилиш ҳолатлари ва томонларнинг хоҳишига кўра бошқа масалалар кўрсатилган ҳолда.

ЭИЗ қатнашчиси кўрсатилган ҳужжатларни олган куни ер участкасидан фойдаланиш тўғрисида икки нусхадаги шартномани имзолайди, унинг бир нусхаси туман (шаҳар) ҳокимлигига Давлат хизматлари маркази орқали юборилади.


22. Ер участкаси ажратиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ишларининг умумий муддати 21 кунни ташкил этади.


23. ЭИЗ қатнашчисига ер участкаси бериш тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокими қарори, ер участкасининг жойлашиш режаси ва ер участкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома нусхалари ЭИЗ қатнашчисига ер участкаси бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг бир ҳафта муддатда ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ташкилотларга иш фаолиятида бошқа ер участкаларини жойлаштиришни келишиш вақтида фойдаланиш учун юборилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ МУЛКИДАГИ ИШЛАМАЁТГАН

КОРХОНАЛАР ВА МУЛКНИ "НОЛ" ҚИЙМАТИДА

РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШДА ЕР УЧАСТКАЛАРИ

АЖРАТИШ ТАРТИБИ


24. ЭИЗ қатнашчиси ва Дирекция ўртасида имзоланган давлат мулкидаги ишламаётган корхоналар ва мол-мулк олди-сотди шартномаси асосида ЭИЗ қатнашчисига экологик талабларни ва хавфсизлик қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда асосли ҳисоб-китоблар бўйича кўрсатилган объектлар билан банд бўлган, уларнинг фойдаланиши учун зарур ер участкаларидан тезкор фойдаланиш ҳуқуқи ўтади.

Дирекциянинг тақдимномасига кўра ер участкасидан тезкор фойдаланиш ҳуқуқининг ўтиши туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасини аввалги ердан фойдаланувчидан олиб қўйиш ва уни ЭИЗ қатнашчисига бериш тўғрисидаги қарори билан уч иш куни мобайнида расмийлаштирилади.


25. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига асосан, белгиланган тартибда ЭИЗ қатнашчисининг ер участкасига ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда унга ер участкасига ҳуқуқининг давлат рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Эркин иқтисодий зона қатнашчиси мақомидан маҳрум бўлган тадбиркорлик субъектидан, зарурат бўлганда, ер участкасини олиб қўйиш қонунчиликка ҳамда инвестициялаш тўғрисидаги битимга ёки инвестор билан тузилган бошқа шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


27. ЭИЗ қатнашчилари ва Дирекция ўртасидаги ер участкаларидан фойдаланиш бўйича низолар қонунчиликка ҳамда ер участкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ ҳал қилинади.


28. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига

ер участкалари бериш

СХЕМАСИ

          

Субъектлар

Механизм

Муддатлари

Инвестор

          

1. Ер участкаси олиш учун Давлат хизматлари марказига тегишли шаклда ер участкаси ажратиш тўғрисидаги аризани тўлдириб, почта орқали ёки шахсан бориб ёхуд Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари Ягона портали ёки Ўзбекистон Республикаси эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари Ягона портали орқали мурожаат этади.

Хўжалик юритувчи субеъект ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйҳатдан

ўтган кундан бошлаб 1 иш кунида

       

2. Энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида аванс тўловини амалга оширади.

       

Ариза бериш кунида

Давлат хизматлари маркази

        

Аризани ер участкаси жойлашганлиги бўйича туман (шаҳар) ҳокимлигига юборади.

            

Ариза олинган куни

Туман (шаҳар) ҳокимликлари

        

1. Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими)га ер участкалари танлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш учун юборади.

        

2. Туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарига икки

ёки ундан ортиқ туманлар ва вилоятлар ҳудудларида жойлашадиган объектларни ҳамда суғориш иншоотларини, шунингдек, муҳандислик тармоқлари ва йўл-транспорт коммуникациялари қуриш учун ер участкаларини танлаш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш учун аризани юборади.

        

Ариза олинган вақтдан бошлаб

      

Туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси (давлат корхоналари)

            

Ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлайди ва келишиш учун ваколатли ташкилотларга юборади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги

томонидан ариза келиб

тушган кундан бошлаб

5 кун давомида

         

Ваколатли ташкилотлар

        

      

Ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатларни келишади.

             

4 кун давомида

Давлат корхоналари

         

1. Ер участкасини ажратиш бўйича ҳужжатларни ва ер участкасини ажратиш бўйича туман (шаҳар) ҳокими қарори лойиҳасини тайёрлайди.

     

2. Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича ҳужжатларни туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши учун юборади.

          

3 кун давомида

Туман (шаҳар) ҳокими

         

1. Ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади ва уни ер участкасини ажратиш бўйича хужжатлар нусхалари билан барча давлат корхонасига ер участкасини ажратиш ва унинг чегарасини натурага ўтказиш бўйича йиғмажилдни шакллантириш учун юборади.

       

2 кун давомида

Туман (шаҳар) ҳокими

         

Ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорни қуйидаги ҳужжатларни илова ҳолда Давлат хизматлари марказига тақдим этади:

ер участкаси чегераларини натурага ўтказиш далолатномаси;

ер участкасига ҳуқуқнинг давлат рўйҳатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома;

ер участкаси ажратиш бўйича йиғмажилд;

ер участкасидан фойдаланиш туман (шаҳар) ҳокими имзолаган шартнома, унда ер участкасидан фойдаланиш шартлари, томонларнинг ерлардан фойдаланиш туман бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ер участкасига бўлган ҳуқуқ тўхтатиладиган ҳолатлар ва томонларнинг ҳоҳишига кўра бошқа масалалар кўрсатилади.

           

1 кун давомида

Давлат хизматлари маркази

           

Ер участкаси ажратиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими қабул қилган қарор, шунингдек, ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш, шунингдек, ер участкаси чегараларини натурага кўчириш бўйича ишлар учун аризачининг тўлови зарурлиги тўғрисида инвесторни аризада кўрсатилган усулда хабардор қилади.

         

Ҳужжтлар келиб тушгандан бошлаб

1 иш соати ичида

Инвестор

             

Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда ер участкаси чегарасини натурага ўтказиш ишлари учун тўловни амалга ошириш.

          

Давлат хизматлари марказининг билдиришномаси олинган куни

          

Туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорини инвесторга беришнинг умумий муддати 21 кунни ташкил этади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 январь

































































Время: 0.0075
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск