ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.07.2018 й. 584-сон "Автомобиль йўллари инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.07.2018 й.

N 584



АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ

ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЙЎЛ ҲАРАКАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республикада охирги йилларда амалга оширилаётган ва минтақаларнинг саноат салоҳиятини оширишга, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар иқтисодий алоқалар интенсивлигини оширишнинг ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида йўл-транспорт инфратузилмасини янада жадал ривожлантиришни талаб қилади.

Бу йўналишда йирик инфратузилма объектларини қуриш, замонавий автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш, энг муҳим транзит транспорт йўлларини, шу жумладан "Тошкент-Термиз", "Самарқанд-Бухоро-Олот", "Ғузор-Бухоро-Қўнғирот-Бейнау", "Тошкент-Чимён-Чорвоқ дам олиш зонаси" транспорт йўлларини комплекс реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

Сирғали мавзесини айланиб ўтадиган янги йўналиш бўйлаб Тошкент автомобиль ҳалқа йўлида тўлиқ қатнов таъминланди. Тошкент, Нукус, Бухоро шаҳарларида мураккаб транспорт чорраҳалари, шунингдек йирик аҳоли пунктларини айланиб ўтиш йўллари қурилди. 2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастури доирасида 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро автомобиль йўллари таъмирланди, шунингдек, 265 километрли умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини қайта қуриш ишлари бажарилди.

Шу билан бирга, автомобиль йўлларини қулай ва шинам қилиш, йўл ҳаракатини ахборотлар билан таъминлаш, йўл бўйидаги инфратузилмани халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб масалаларга ҳанузгача лозим даражада эътибор қаратилмаяпти. Қуйидагилар бундай ҳолатнинг асосий сабаблари ҳисобланади:

биринчидан, автомобиль йўлларини қулай ва шинам қилиш ҳамда ривожлантиришга доир норматив ҳужжатлар халқаро стандартларнинг замонавий талабларига мос келмайди. Жумладан, 1970-80 йилларда ишлаб чиқилган амалдаги стандартларни янгилаш, шу жумладан светофор билан тартибга солиш, йўлдаги тўсиқларни, йўл устига чизиқлар тортиш ва йўл белгиларини қўллашга доир стандартларни янгилаш талаб этилади;

иккинчидан, йўл белгиларини ишлаб чиқариш ва ўрнатишга доир ишларни ташкил этиш ҳамда ўтказишга, йўл устига нур қайтарувчи хусусиятга эга замонавий технологиялар асосидаги бўёқдан, шунингдек, бошқа сифатли материаллардан фойдаланган ҳолда ўчиб кетмайдиган чизиқлар тортишга тизимли ёндашилмаяпти. Республика автомобиль йўлларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра 70 мингдан ортиқ эскирган йўл белгиларини алмаштириш, шунингдек, қўшимча равишда 136 мингдан зиёд янги кўрсаткичлар ўрнатиш зарурлиги аниқланди;

учинчидан, автомобиль йўлларини, айниқса халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларини кўрсаткич белгилари билан, шу жумладан чет тиллардаги кўрсаткич белгилари билан жиҳозлаш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаган;

тўртинчидан, йўл инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида малакали кадрлар етишмайди, йўл ҳаракатини тартибга солиш соҳасида шу соҳага ихтисослашган етакчи хорижий ташкилотлар билан тажриба алмашишни ташкил этишга доир ишлар тизимли олиб борилмаяпти.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун юқори даражада қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар амалга оширилаётган 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси доирасида йўл инфратузилмасини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

биринчи - йўл устига чизиқлар тортишда, йўловчилар ўтиш жойларини, автомобиль йўллари кесишадиган ва туташадиган жойларни, автомобилларнинг қисқа муддат тўхтаб туриш ва тўхташ жойларини қуришда инновацион ишланмаларни ҳамда нур қайтарувчи материалларни қўллаш асосида йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш;

иккинчи - йўл ҳаракати иштирокчиларини йўналиш бўйлаб сифатли навигация билан таъминлайдиган йўл белгилари ва ахборот кўрсаткичларини, шу жумладан чет тиллардаги йўл белгилари ва ахборот кўрсаткичларини етарли миқдорда ўрнатиш орқали "гапирадиган йўл" принципи бўйича йўл ҳаракати иштирокчиларининг хабардорлигини ошириш";

учинчи - автомобиль йўллари фойдаланувчиларига юқори даражада қулайлик яратиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, йўл бўйи ҳудудларини тўлиқ кўкаламзорлаштириш, обод қилиш ва меъморий-ландшафт лойиҳасини тузиш, мазкур ҳудудларда инфратузилма объектларини оқилона қуриш ҳисобига транспорт воситаларининг экологияга салбий таъсирини камайтириш;

тўртинчи - ахборот-коммуникация технологияларини, техник воситалар ва дастурий маҳсулотларни автомобиль йўлларини қуриш, тўғрилаш ва улардан фойдаланиш жараёнига кенг жорий этиш;

бешинчи - йўлларни таъмирлаш ишлари сифатини ошириш ва ҳудудларни обод қилиш, шунингдек, тартибга солишнинг техник воситаларига қўйилган замон талабларига жавоб берадиган, шунингдек, республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган замонавий чидамли материаллардан, бутловчи, таркибий қисмлардан фойдаланиш ҳисобига автомобиль йўлларидан фойдаланишда харажатларни камайтириш.


2. Қуйидагилар:

2019-2023 йилларда йўл белгилари ишлаб чиқаришни ва уларни республика автомобиль йўлларига ўрнатишни, йўл устига чидамли чизиқлар тортишни ташкил этиш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага* мувофиқ;

2019-2023 йилларда йўл белгиларини ишлаб чиқаришни ва республика автомобиль йўлларига ўрнатишни, йўл устига чидамли чизиқлар тортишни ташкил этиш дастурини молиялаштириш параметрлари 2-иловага* мувофиқ;

йўл белгилари ишлаб чиқаришни ва уларни республика автомобиль йўлларига ўрнатишни, йўл устига чидамли чизиқлар тортишни ташкил этиш бўйича "йўл харитаси" 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Дастурни амалга ошириш доирасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини шакллантиришда уларнинг параметрларида йўл белгиларини ишлаб чиқариш, уларни хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларига, шаҳарлар, туман марказлари ва уларни бошқа аҳоли пунктлари кўчаларига ўрнатишни, йўл устига чидамли чизиқлар тортишни ташкил этишни молиялаштириш учун бюджетдан ажратиладиган мақсадли маблағларни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг асослантирилган талабномалари бўйича йўл белгилари ишлаб чиқаришни ва уларни умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларига ўрнатишни, йўл устига чидамли чизиқлар тортишни ташкил этиш учун зарур маблағларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминласин;

Дастур параметрларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини сўзсиз таъминлаш учун шахсий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг раиси, Молия вазири, Ички ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига юклансин.


4. "Uzavtoyo`lbelgi" ДУК "Ўзэлтехсаноат" АЖ билан биргаликда икки ой муддатда энергия тежовчи технологиялар ва қуёш энергияси манбаларидан фойдаланган ҳолда электрон йўл белгиларининг, энг аввало, ахборот-кўрсаткич ва огоҳлантириш белгиларининг намуналарини ишлаб чиқсин ҳамда 2019 йилдан бошлаб уларни ишлаб чиқаришни ҳамда магистрал автомобиль йўллари ва марказий шаҳар кўчаларига ўрнатишни таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда замонавий халқаро стандартларни ва ранглар гаммасига тоифаланган ёндашувни, яъни яшил рангли ахборот-кўрсаткич белгиларидан кўпроқ фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини йўл белгилари билан жиҳозлаш, йўл устига чизиқлар тортиш ва йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа элементларни ўрнатишга қўйилган талабларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

потенциал хорижий ҳамкорни аниқлаган ҳолда йўл белгиларини, йўл устига тортиладиган чизиқлар ва йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа элементлар учун бўёқлар ва термопластни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклиф киритсин;

йўл инфратузилмасини лойиҳалаштириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги Циньдао шаҳрининг Лойиҳалаш ва режалаштириш институти (Хитой Халқ Республикаси) билан ҳамкорликни ташкил этиш масаласини икки ой муддатда ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда йўл бўйидаги инфратузилма объектларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига ер участкалари бериш, шунингдек, уларнинг зиммасига автомобиль йўллари атрофидаги ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва обод қилиш мажбуриятларини юклаш, давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш бўйича таклифни икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2019 йилда "Тошкент-Самарқанд" йўналиши бўйлаб узунлиги 5 километр бўлган М-39 автомобиль йўллари участкаларини ва "Гулистон-Даштобод" йўналиши бўйлаб узунлиги 5 километр бўлган М-34 автомобиль йўллари участкаларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича дастлабки лойиҳаларни амалга оширсин, энергиянинг муқобил манбалари асосида кўча чироқлари ва йўлни тартибга солувчи техник воситаларни, светодиодлар ва нур қайтаргичлардан фойдаланган ҳолда йўл белгиларини, шунингдек, автомобиль йўллари атрофидаги ҳудудлар ландшафтини лойиҳалаштириш ва уларни кўкаламзорлаштиришнинг замонавий элементларини ўрнатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги "Ўзбекнефтгаз", "Ўзқурилишматериаллари", "Ўзэлтехсаноат", "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси билан биргаликда бутун йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш доирасида йўл устига чизиқлар чизишда ишлатиладиган бўёқлар, термопласт, техник воситалар ва йўлни тартибга солувчи бошқа элементларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи, таркибий қисмларни, хомашё ва материалларни маҳаллийлаштириш ҳамда тармоқлараро кооперация дастурини уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибида:

"Махсусйўлқурилиш" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда "Махсусйўлқурилиш" ДУК деб аталади) ташкил этиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш доирасида цементбетон қопламали автомобиль йўллари қурилишини ҳисобга олиб, замонавий илғор инновацион технологияларни ўрганиш ва жорий этишни мазкур ДУК фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгилаш;

автомобиль йўлларини йўл белгилари билан жиҳозлаш, йўл устига чизиқлар тортиш ва йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа элементлар ўрнатиш бўйича илғор хориж амалиётини қўллаш асосида лойиҳавий ишларни ташкил этишнинг замонавий технологиялари ҳамда прогрессив усулларини жорий этган ҳолда йўл инфратузилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун жавоб берадиган "Ўзйўллойиҳа" лойиҳа-қидирув институти" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда "Ўзйўллойиҳа" ДУК деб аталади) ташкил этиш;

б) йўл белгилари, йўл устига тортиладиган чизиқлар учун бўёқлар ва термопластнинг стандартларга жавоб беришини таҳлил қилиш ва уларни синовлардан ўтказиш бўйича ихтисослаштирилган лабораторияни "Uzavtoyo`lbelgi" ДУК тузилмасида ташкил этиш, уни кўчириладиган ва турғун лабораториялар билан жиҳозлаш.

8. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси:

"Махсусйўлқурилиш" ДУК ва "Ўзйўллойиҳа" ДУКнинг тузилмаси, уставлари белгиланган тартибда тасдиқланишини, шунингдек, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини бир ой муддатда таъминласин;

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти билан биргаликда "Шаҳарлардаги йўл бўйи ҳудудларининг энг яхши ландшафт дизайни" номи учун шаҳарлар ўртасида йиллик танловлар ўтказиш бўйича таклифларни уч ой муддатда киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида "Автомобиль йўллари эстетикаси", "Йўл бўйи ҳудудларининг ландшафт дизайни", "Йўл устига чизиқлар тортиш", "Йўл ҳаракатини ташкил этиш" йўналишлари бўйича техник кадрлар малакасини ошириш курслари ташкил этилишини таъминласин, зарурат бўлса, хорижнинг етук мутахассисларини ўқитувчилар сифатида жалб қилсин.


9. Тошкент шаҳри ҳокимлиги "Ўзйўллойиҳа" ДУК, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК билан биргаликда марказий шаҳар кўчаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда йўловчилар ўтиш жойларини ускуналаш ва техник тартибга солиш воситалари билан жиҳозлашни, шу жумладан кўзи ожизларни мазкур соҳадаги илғор хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда овозлар ёрдамида қўллаб-қувватлашни назарда тутсин.


10. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ботаника институти, Тошкент аграр университети, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда йўл қопламасини шамол туфайли нурашидан, ер ости сувларидан, қор ва қум уюмларидан ҳимоя қилишни таъминлаш учун маҳаллий табиий-иқлим шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўллари бўйлаб дарахтлар экиш бўйича илмий асосланган тавсияларни икки ой муддатда ишлаб чиқсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш ва таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат қилиш функциялари юклансин, бунда, зарурат бўлса, ишлар сифатини бузганлик ва ишларни тегишли рухсатларсиз бажарганлик учун маъмурий жавобгарликни қўлласин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқарувининг раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг раиси А.А. Абдувалиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 июль






































Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск