ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.08.2018 й. ПҚ-3894-сон "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.08.2018 й.

N ПҚ-3894



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШНИ БОШҚАРИШНИНГ

ИННОВАЦИОН МОДЕЛИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўтган йилларда мамлакатда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва соғлом авлодни шакллантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада соғлиқни сақлашни самарали ислоҳ қилишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги оқибатида ушбу соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда амалга оширилмоқда, бу эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш имконини бермаяпти;

иккинчидан, республика соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти;

учинчидан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, энг аввало, республиканинг хусусий соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва лозим даражада сақлаш, уларнинг кўникмалари замонавий талабларга мувофиқлиги устидан таъсирчан мониторинг тизими жорий этилмаган;

тўртинчидан, хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш орқали давлатнинг соғлиқни сақлашга харажатларини мақбуллаштиришга, шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотларини бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига интеграция қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти;

бешинчидан, клиник протоколлар ва тиббий стандартларнинг мукаммал эмаслиги, шунингдек, инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги аҳолига тиббий ёрдамни ташкил этишга замонавий услуб ва ёндашувларни жорий этиш имконини бермаяпти;

олтинчидан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар, шунингдек, ишончли тиббиёт статистикасининг ягона базаси шакллантирилмаганлиги соғлиқни сақлаш тизими аҳволини муносиб баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини бермаяпти;

еттинчидан, ҳал этилмаган муаммо ва камчиликларнинг сақланиб қолаётганлиги жамиятда тиббиёт ходимларининг имиджи ва обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда, ушбу касб нуфузини ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни пасайтирмоқда.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, республика соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишнинг стратегик мақсадлари этиб белгилансин:

умумэътироф этилган халқаро методикаларга мувофиқ аниқланадиган мамлакат аҳолиси саломатлиги кўрсаткичларининг барқарор яхшиланишини ва соғлиқни сақлаш тизимидан қаноатланганлик даражасини таъминлаш;

дастлабки босқичда минтақада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги бўйича етакчи ўринларни ҳамда кейинчалик соғлиқни сақлаш тизими самарадорлигининг жаҳон рейтингларида муносиб ўринни эгаллаш;

аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажмида хусусий сектор улушини салмоқли даражада кўпайтириш, ушбу хизматнинг сифатини ва ундан фойдаланиш имкониятларини ошириш;

миллий иқтисодиётнинг бюджетни шакллантирадиган тармоғи сифатида тиббий туризмни шакллантириш, кейинчалик унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига ҳиссасини изчил ошириб бориш;

республика тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шу жумладан, бошқарув кадрларига халқаро стандартларга мувофиқ узлуксиз таълим бериш ва улар малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (кейинги ўринларда - Миллий палата) ташкил этилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

халқаро стандартлар асосида замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартларни ишлаб чиқиш;

тиббиёт статистикасини таҳлил қилиш, шунингдек, статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

республика шифокорлари ва провизорларини рўйхатга олиш, шунингдек, умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;

тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш;

тиббиёт ходимлари касбий малака даражаси, шунингдек, уларнинг кўникмалари замонавий талаблар ва жаҳоннинг энг яхши амалиётига мувофиқлиги устидан, шу жумладан, улар фаолиятини якка тартибда лицензиялашни жорий этиш орқали таъсирчан мониторинг тизимини йўлга қўйиш;

мамлакатимиз тиббиёт ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини ва жаҳоннинг энг яхши амалиётини чуқур ўрганиш асосида шифокор (тиббий) хатолари, касалликларни нотўғри диагностика қилиш ва даволаш ҳолатларини камайтиришнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига, шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида хорижнинг энг яхши амалиётини мослаштирилган тарзда жорий этиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришини таъминлаш;

аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки, Миллий палата:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида уларни молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда ташкил этилади ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўз таркибий бўлинмаларига эга бўлади, уларнинг тузилмалари ва низоми Миллий палата раиси томонидан тасдиқланади;

республика тиббиёт ва фармацевтика ходимларини бирлаштирувчи, республика соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, шу жумладан, ушбу қарорнинг 1-бандида белгиланган стратегик мақсадларга эришишни таъминлаш учун масъул ташкилот ҳисобланади;

соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш соҳасида ҳамда ваколатига киритилган бошқа масалалар бўйича тиббиёт ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ташкилотларнинг муассиси сифатида қатнашиш, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича тўлов-контракт асосида хизмат кўрсатишни ташкил этиш ҳуқуқига эга;

республикада касбий фаолиятни амалга ошираётган шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш, шунингдек, улар тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва юритишни таъминлайди;

Миллий палатанинг тузилмаси ва низоми Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Белгилансинки, 2024 йил 1 январдан шифокорлар ва провизорларнинг Миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши тақиқланади.

4. Миллий палата ҳузурида қуйидагилар ташкил этилсин:

а) Ўзбекистон Республикасида Соғлиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш).

Белгилаб қўйилсинки:

Кенгашга Миллий палата раиси раҳбарлик қилади ҳамда унинг таркиби соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари орасидан шакллантирилади;

Кенгаш соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Миллий палатанинг коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади;

Кенгаш таркиби Миллий палата раиси томонидан тасдиқланади;

б) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, маблағлари тижорат банкидаги махсус, шу жумладан, валюта ҳисобварағида жамланадиган Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма).

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олишни амалга оширишдан, шунингдек, улар фаолиятини лицензиялашдан тушадиган маблағлар;

шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга оширишдан тушумлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банкларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

хайрия қилувчилар - жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари, шу жумладан, қуйидагиларга йўналтирилади:

Миллий палатани сақлаш, унинг фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш;

халқаро стандартларга мувофиқ илғор тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш;

замонавий клиник қўлланмалар ва протоколлар, диагностика ва даволаш сифатига оид стандартлар, тиббиёт ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш;

республика тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларининг бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмасини қуриш, уларни замонавий ускуналар билан, шу жумладан, лизинг шартларида жиҳозлашга қайтариш шарти билан ва имтиёзли асосда маблағ ажратиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

республика шифокорлари ва провизорлари тўғрисида умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида хайрия фаолиятини амалга ошириш;

Миллий палата зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.


6. Миллий палата 2018 йил охирига қадар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини аттестациядан ўтказсин ҳамда Миллий палатани юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Миллий палатага 2018 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмаларини сақлаш учун назарда тутилган маблағларнинг ажратилишини ҳамда кейинги йилларда маблағлар ҳажмларининг сақлаб қолинишини;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш доирасида Миллий палатанинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича етакчи хорижий ташкилотлар вакилларининг эксперт кўмагини жалб этишга доир харажатларнинг молиялаштирилишини таъминласин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Миллий палатага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади;

Миллий палата раиси меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Миллий палата раиси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш, шунингдек, Миллий палата ва унинг бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Кенгаш томонидан белгиланади.

10. Миллий палата раисига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида зарур ҳолларда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат органлари, илмий-таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, бошқа экспертларни маслаҳатчи сифатида шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

11. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига - Миллий палатанинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорлиги таъминланиши, шунингдек, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича чора-тадбирларнинг сифатли амалга оширилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатилиши;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига - Миллий палата ва бошқа манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан жавобгарлик юклансин.


12. Миллий палата манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Миллий палата тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутадиган ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.

13. Миллий палата 2022 йил 1 январга қадар муддатда:

ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, компьютер техникаси, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, қурилиш материаллари, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати 2018 йил якунларига кўра Миллий палата фаолиятининг самарадорлигини ўргансин ҳамда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда унинг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, шифокорлар ва провизорлар фаолиятини якка тартибда лицензиялаш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Миллий палатанинг буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган чет эл мутахассислари, шу жумладан, халқаро экспертларга белгиланган тартибда кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миллий палатанинг буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган чет эл мутахассислари, шу жумладан, халқаро экспертларга белгиланган тартибда давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, уларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Миллий палата буюртманомаларига биноан белгиланган тартибда республикага чет эл мутахассислари, шу жумладан, халқаро экспертларни жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, ушбу чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.


18. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Миллий палатани белгиланган тартибда ҳукумат ва шаҳар алоқаси билан таъминласин.


19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Миллий палатанинг жойлаштирилишини таъминласин.


20. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Миллий палатага 6 та, шу жумладан, 4 та шахсий, 1 та юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сотиб олиш ва сақлашга лимит ажратсин.


21. Миллий палата Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 август


"Халқ сўзи", 2018 йил 3 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 6 август, 31-сон, 643-модда













































Время: 0.0177
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск