ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш / Умумий қоидалар /

Товарларни декларациялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.07.2018 й. 605-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 июлдаги

605-сон қарорига

1-ИЛОВА



Товарларни декларациялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом товарларни божхона юк декларациясини тақдим этиш орқали декларациялаш, шу жумладан, уни автоматлаштирилган тарзда расмийлаштириш жараёнини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Е-архив" интерактив хизмати - товарларни электрон шаклда декларациялашни шакллантиришга асос ҳисобланган электрон ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда сақлаш учун мўлжалланган ва декларациялаш жараёни ва божхона расмийлаштируви давомида божхона хизмати органлари билан ахборот алмашувига қаратилган бир марталик электрон архивни яратиш имконини берувчи хизмат;


"Товарларни электрон декларациялаш" автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - автоматлаштирилган ахборот тизими) - вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот тизимлари алоқасини таъминловчи дастурий-техник воситалар комплекси;


божхона брокери - божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларант ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;


божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис (кейинги ўринларда - мутахассис) - божхона брокери ёхуд бошқа юридик шахс билан меҳнат шартномаси тузган ва ушбу юридик шахс номидан божхона расмийлаштируви бўйича иш бажарадиган Ўзбекистон Республикаси жисмоний шахси;


божхона юк декларацияси - декларант, божхона брокери ёки декларацияловчи шахс томонидан давлат божхона хизмати органига (кейинги ўринларда - божхона хизмати органлари) тақдим этиладиган ва муайян божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;


божхона юк декларациясини автоматлаштирилган тарзда расмийлаштириш - божхона юк декларациясини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда - Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими) масъул божхона хизмати органларининг ходими иштирокисиз, махсус алгоритмлар асосида автоматлаштирилган тарзда расмийлаштириш;


ваколатли органлар - Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни бериш ва киритиш ёхуд узатиш вазифалари юкланган органлар;


декларант - товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс;


декларацияловчи шахс - божхона хизмати органларига божхона юк декларациясини ўз номидан тақдим этаётган декларант ёки божхона юк декларациясини тўлдириш, имзолаш ва божхона хизмати органларига декларант номидан тақдим этишга ваколатли божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ёҳуд бошқа шахс;


декларацияловчи шахслар рўйхати - декларант томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (кейинги ўринларда - ЯИДХП) "Декларацияловчи шахслар рўйхати" интерактив хизматига қўшиш ва чиқариш йўли билан шакллантириладиган декларацияловчи шахслар рўйхати;


ишонч билдирилган шахс - товарларни электрон шаклида декларациялашни тўлдиришга асос бўлиб хизмат қилувчи тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда маълумотларга жавобгар ҳисобланган, декларантнинг номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи ваколатли шахс;


рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатлар - ваколатли органлар томонидан бериладиган, Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиладиган ёки узатиладиган, божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган, рухсат бериш характерига эга бўлган ҳужжатлар ҳамда рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжат ва маълумотлар;


тақдим этиладиган ҳужжатлар - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат божхона қўмитаси) томонидан белгиланган шаклда Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига декларацияловчи шахс томонидан киритиладиган рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар ва маълумотлар, шунингдек божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар;


тасдиқланган электрон хабарнома - божхона ахборот тизими орқали маълум бир форматдаги электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда - ЭРИ) билан тасдиқланган декларант ёки декларацияловчи шахсларга автоматлашган тарзда юбориладиган божхона органи ходими томонидан товарларга нисбатан қабул қилинган қарори ҳақидаги электрон шаклдаги ҳужжат;


ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси шахсий кабинети (кейинги ўринларда - ТИФ иштирокчиси кабинети) - ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг божхона хизмати органлари билан персоналаштирилган ўзаро алоқа ва ахборот алмашинуви асосида рўйхатдан ўтган ҳолда божхона хизмати органларининг интерактив хизматларидан фойдаланиш учун мўлжалланган давлат божхона хизматининг электрон платформаси;


товарларнинг электрон декларацияси - (кейинги ўринларда - ТЭД) ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона хизмати органларига тақдим этилган божхона юк декларациясининг электрон кўринишидаги шакли;


формат-мантиқий назорат - Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида божхона юк декларацияси маълумотларини мантиқан ўзаро таққослаш ёки божхона хизмати органларида мавжуд ахборотлар билан солиштириш ва божхона юк декларациясини белгиланган форматга мувофиқлигини дастлабки текширувдан ўтказиш жараёни;


электрон шаклида декларациялаш - товарларни электрон шаклида декларациялаш ҳамда божхона расмийлаштируви учун лозим бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни, божхона юк декларациясини қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган божхона хизмати органларига идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан электрон шаклда тақдим этиш жараёни;


электрон ҳужжатнинг асли - электрон ҳужжатнинг бир хил ҳар қайси айнан нусхаси, башарти у белгиланган тартибда ҳақиқий деб тасдиқланган бўлса, асли.


3. Товарларни божхона юк декларацияси орқали декларациялаш электрон шаклда, шунингдек, мазкур Низомнинг 4-бобида белгиланган талабларга мувофиқ қоғозда ёзма шаклда амалга оширилади.


4. Божхона назорати остида ташилаётган товар билан юк операциялари товар етказиб берилган манзилда шу мақсадларни амалга ошириш учун махсус ажратилган жойларда ва божхона органининг иш вақтида амалга оширилади.

Юк операцияларини ваколатли шахс ёки ташувчининг ёзма аризасига кўра бошқа жойларда ва (ёки) қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида юк операцияларини амалга ошириш зарурати юзага келган бўлса, ўша божхона органининг белгиланган иш вақтидан ташқари пайтда ўтказишга шу божхона органининг назорати остида йўл қўйилади.


5. Товар келиб тушадиган божхона органи жойлашган ерларга ёки жўнатувчи божхона органи томонидан белгиланган бошқа жойларга товар етказиб берилади.

Товар келиб тушадиган божхона органи иш вақтидан ташқари пайтда товар етказиб берилганда, у божхона назорати зонасига жойлаштирилади.


6. Ташувчи товар келиб тушадиган божхона органини товар етказиб берилганлиги тўғрисида товарларни ва унинг кузатув ҳужжатларини тақдим этиш орқали хабардор қилади.

Хабар қилиш товарлар етказиб берилганидан кейин ўттиз дақиқадан кечиктирмай, товарлар товар келиб тушадиган божхона органининг иш вақтидан ташқари пайтида етказиб берилганда эса, божхона органининг иш вақти бошланганидан кейин ўттиз дақиқадан кечиктирмай амалга оширилади.


7. Товар келиб тушадиган божхона органи хабарномани олган пайтдан эътиборан уч соат ичида товарнинг кузатув ҳужжатларига ва божхона ахборот тизимига белги қўйиш орқали товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги фактини тасдиқлайди.

Етказиб берилганлиги тасдиқланган пайтдан эътиборан товар вақтинча сақлаш божхона режимида турган товар мақомини олади.


8. Товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганига қадар қисқа божхона юк декларацияси асосида божхона назорати остида сақланади.

Қисқа божхона юк декларацияси сифатида транспорт ҳамда тижорат ҳужжатларидан, шу жумладан халқаро ташишлари амалга оширилаётганда қўлланиладиган, чет тилларда тузилган ва уларда, товарни жўнатувчи (қабул қилувчи)нинг номи ва жойлашган ери, товар жўнатилган мамлакат ва келиб тушадиган мамлакати, товарнинг номи, миқдори, оғирлиги (килограммларда) ёки ҳажми (метр кубларда), юк жойларининг сони, товарнинг ўраш-жойлаш ҳамда тамғалаш хусусияти ва усуллари ҳамда товарнинг фактура қиймати ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасига мувофиқ тасниф коди ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатлар назарда тутилади.

Қисқа божхона юк декларацияси товар божхона органига тақдим этилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан ташувчи ёки бошқа ваколатли шахс томонидан берилади. Агар товар шу муддат ичида бошқа божхона режимига жойлаштирилса, қисқа божхона юк декларацияси берилмайди.


9. Товар етказиб берилганидан ҳамда товар келиб тушадиган божхона органига тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим қилинганидан кейин товар тушириб олинади ёки қайта ортилади, божхона омборига вақтинча сақлаш учун жойлаштирилади ва муайян божхона режимига маълум қилинади.


10. Товарлар доимий божхона назорати остида бўлганда ва товарлар божхона органига топширилгандан кейин божхона расмийлаштируви йигирма тўрт соат ичида тугалланганда, вақтинча сақлаш божхона режими божхона расмийлаштирувининг босқичи сифатида қўлланилмайди.


11. Божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар учун божхона юк декларацияси товар келиб тушадиган божхона органига товарлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай берилади, божхона қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарлар учун божхона юк декларацияси улар амалда олиб чиқиб кетилганига қадар берилади.


12. Давлат божхона қўмитаси ва ваколатли органлар доимий равишда ўз ахборот тизимларини узлуксиз ишлашини таъминлайдилар.


13. Давлат божхона қўмитаси товарларни электрон шаклида декларациялаш ҳамда божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг электрон шаклини тасдиқлайди ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.



2-БОБ. ТОВАРЛАРНИ ЭЛЕКТРОН

ШАКЛИДА ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


14. Товарларни электрон шаклида декларациялаш Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг ваколатли органлар ахборот тизимлари билан ўзаро маълумотларни ўтказиш телекоммуникация тармоғи орқали амалга оширилади.


15. Товарларни электрон шаклида декларациялаш ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ схема бўйича тўрт босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда - ваколатли органлари мажбурий тартибда "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига ўзларининг рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатларини киритилишини таъминлайди.

"Ягона дарча" божхона ахборот тизимига ваколатли органлар томонидан рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотлар киритилмаган бўлса, тизим томонидан ТЭД қабул қилинмайди.

Иккинчи босқичда - декларант ТИФ иштирокчиси кабинети орқали рўйхатдан ўтган ҳолда декларацияловчи шахслар рўйхатига божхона брокери ёки ўз штат бирлигида бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси тўғрисидаги маълумотларни киритади ва унинг томонидан божхона хизмати органларига ТЭДни тақдим этиш ваколат муддатини кўрсатади. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бундан мустасно.

Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари номидан ёҳуд Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан ТЭД тақдим этилганда, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис тўғрисидаги маълумотлар декларацияловчи шахслар рўйхатига киритилмайди.

Декларант томонидан декларацияловчи шахслар рўйхатига киритилган божхона брокери ТИФ иштирокчиси кабинети орқали рўйхатдан ўтган ҳолда ўзининг штат бирлигида бўлган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси тўғрисидаги маълумотларни киритиб, божхона хизмати органларига товарларни электрон шаклида декларациялашни тақдим этиш ваколат муддатини кўрсатади.

Декларант ёки у ишонч билдирилган шахс ТИФ иштирокчиси кабинетидаги "Е-архив" интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда электрон архивни шакллантириб, унга ўзининг ЭРИси билан тасдиқлаган божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг электрон шаклларини жойлаштиради.

Электрон архивга жойлаштирилган ҳужжатларга автоматик тарзда махсус рақам берилади ва бу ҳақда декларантга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.

Электрон архивга жойлаштирилган ҳужжатлар декларант томонидан ўзгартирилиши ва учирилиши мумкин, бунда декларацияш жараёнида ҳамда божхона расмийлаштируви давомида фойдаланилган ҳужжатлар мустасно.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати ва формати, уларнинг тақдим этиш тартиби Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади ва бу ҳақда "Е-архив" интерактив хизмати орқали маълум қилинади.

Декларант маълум қилинган махсус рақамни декларацияловчи шахслар рўйхатида маълумоти киритилган божхона брокери ёки божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга тақдим этади ҳамда уларга ТИФ иштирокчиси кабинетида фақат ушбу махсус рақам берилган ҳужжатларни кўриш, зарур ҳолларда кўчириб олиш имкониятини таъминлайди, бундан ТЭД декларант томонидан тақдим этиладиган ҳоллар мустасно.

Декларацияловчи шахс ТИФ иштирокчиси кабинетида рўйхатдан ўтган ҳолда "Е-архив" интерактив хизматининг электрон архивидаги махсус рақами бўлган ҳужжатлар асосида ТЭДни шакллантиради ва ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона хизмати органларига юборади.

ТЭДни шакллантиришда декларацияловчи шахс томонидан асос бўлган электрон ҳужжатлар махсус рақами кўрсатилади ва ушбу электрон ҳужжатларни божхона хизмати органларига тақдим этиш талаб этилмайди.

Электрон шаклида декларациялаш жараёнида декларацияловчи шахс махсус рақам берилмаган қўшимча декларациялашга оид ҳужжатларни тақдим этиши мумкин, бу ҳақда божхона хизмати органларига ҳужжатлар зарурлигининг сабабларини кўрсатган ҳолда электрон хабарнома юборилади.

Транспорт ва тижорат ҳужжатлари ёки божхона хизмати органларида мавжуд маълумотлар бундан мустасно.

Автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона органига ТЭД келиб тушганида, бу ҳақда ТИФ иштирокчиси кабинети орқали декларантга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.

Учинчи босқичда - божхона хизмати органларига келиб тушган ТЭД божхона ахборот тизимининг дастлабки формат-мантиқий назоратидан ўтказилади ва текширувларнинг ижобий натижасида, товарларни электрон шаклида декларациялашга автоматлаштирилган тарзда тартиб рақами берилиб, рўйхатдан ўтказилади ҳамда бу ҳақда декларантга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.

Формат-мантиқий назоратда ТЭДда хато ва камчиликлар ёки номувофиқликлар аниқланган тақдирда, Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан автоматлаштирилган тарзда товарларни электрон шаклида декларациялаш қайтарилади ва бу ҳақда декларант ёки декларацияловчи шахсга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.

ТЭД рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб у юридик аҳамиятга эга ҳужжатга айланади.

Рўйхатдан ўтган ТЭД божхона ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тарзда товарлар божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи божхона хизмати органи ходимлари ўртасида тақсимланади ёки божхона хизмати органи ходими иштирокисиз, Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги махсус алгоритмлар асосида автоматлаштирилган тарзда ушбу Низомнинг 3-бобида кўрсатилган тартибда расмийлаштирилади.

Тўртинчи босқичда - Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тарзда тақсимланган ТЭД божхона хизмати органлари ходими томонидан қабул қилинади ва бу ҳақда декларант ёки декларацияловчи шахсга ТИФ иштирокчиси кабинети орқали тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.

ТЭД ушбу хабарнома юборилган вақтдан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.

ТЭДни расмийлаштиришда божхона ахборот тизими томонидан хавф даражаси паст деб топилган декларациялар устувор деб ҳисобланади.

Божхона хизмати органлари ходими божхона расмийлаштирувини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига риоя этиш билан бирга "Хавфни бошқариш" автоматлаштирилган ахборот тизимини қўллаш натижасига мувофиқ ҳаракатларни амалга оширади.

ТЭДнинг божхона расмийлаштируви у қабул қилган вақтдан бошлаб қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

а) хавф даражаси паст бўлганда ва божхона юк декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш зарурати юзага келмаганда, уч соат давомида (божхона хизмати органларининг иш вақтидан ташқари пайтда божхона юк декларацияси тақдим этилган ҳолатлар бундан мустасно);

б) хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга бўлганда ва божхона юк декларациясига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш зарурати юзага келмаганда, саккиз соат давомида (божхона хизмати органларининг иш вақтидан ташқари пайтда божхона юк декларацияси тақдим этилган ҳолатлар бундан мустасно);

в) хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга бўлганда ёки ушбу банднинг "а" ва "б" кичик бандларида муддати келтирилмаган ҳолларда қонунчиликда белгиланган умумий муддатда расмийлаштирилади.

Божхона хизмати органлари ходими божхона расмийлаштирувини амалга оширишда "Хавфни бошқариш" автоматлаштирилган ахборот тизимининг натижаларига асосланган ҳолда, хавф даражасига кўра қуйидаги ҳаракатларни амалга оширмайди:

хавф даражаси паст бўлганда, электрон ҳужжатларнинг аслини талаб этиш ёки божхона кўриги ўтказиш ёҳуд божхона экспертизасини тайинлаш;

хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга бўлганда, божхона экспертизасини тайинлаш ва божхона кўригини ўтказиш.

Ушбу банднинг "а" ва "б" кичик бандларида кўрсатилган муддатлари ўтказиб юборилганда, божхона хизмати органлари ходими муддатларнинг ўтиб кетганлигининг асослантирилган сабаблари декларацияловчи шахсга тасдиқланган электрон хабарнома орқали маълум қилинади.


16. Божхона хизмати органлари ходими қабул қилинган ТЭДнинг расмийлаштирувини ушбу Низомнинг 15-бандидаги "а", "б" ва "в" кичик бандларда белгиланган муддатларда амалга оширишдан олдин қуйидагиларни бажаради:

ТЭДда кўрсатилган товарлар тегишли божхона омборига жойлаштирилганлиги ёки жойлаштириш эхтимоли мавжудлигини ўрганиб чиқади. Бунда божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда божхона омбори мудирига сўровнома юборади.

Божхона (эркин) омбори мудири сўровномани қабул қилгандан сўнг ўттиз дақиқа ичида тақдим этилган ҳужжатлар асосида товарлар божхона омборига жойлаштирилганлиги ёки жойлаштириш эхтимоли мавжудлигига аниқлик киритиб, божхона ахборот тизими орқали ТЭД тақдим этилган божхона постига электрон шаклда жавоб юборади.

Товарлар божхона (эркин) омборига жойлаштирилмаганлиги ёки жойлаштириш эхтимоли мавжуд эмаслиги тасдиқланган тақдирда, божхона хизмати органлари ходими томонидан ТЭДни тақдим этган декларацияловчи шахснинг ТИФ иштирокчиси кабинетига божхона ахборот тизими орқали декларация қайтарилиши тўғрисида электрон шаклдаги хабарнома юборади. Божхона (эркин) омбори мудири томонидан товарлар жойлаштирилганлиги ёки жойлаштириш эхтимоли мавжудлиги божхона ахборот тизимида олдиндан тасдиқлаш ҳолатлари ҳамда товарларни дастлабки, даврий декларациялаш ҳолатлари бундан мустасно.

Товарлар божхона органи рухсати асосида божхона омбори мақомига эга бўлмаган омборга жойлаштирилганда ёки товарлар транспорт воситасидан туширилмаган ҳолда эркин муомалага чиқарилиши ҳолатларида божхона ахборот тизимида бу ҳақида белги божхона хизмати органлари ходими томонидан амалга оширилади.


17. ТЭДнинг божхона расмийлаштируви якунланганлиги расмийлаштирувни ўтказган божхона хизмати органлари ходими томонидан ўзининг ЭРИ билан белги қўйиш орқали тасдиқланади ва бу ҳақда автоматлаштирилган тарзда декларацияловчи шахснинг ТИФ иштирокчисининг кабинетига тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.



3-БОБ. АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН ТАРЗДА

ТЭДНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


18. ТЭД дастлабки формат-мантиқий назоратдан мувафақиятли ўтгандан сўнг, қуйидаги шартларга мос келганда, Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги махсус алгоритмлар асосида автоматлаштирилган тарзда божхона хизмати органлари ходими иштирокисиз расмийлаштирилади:

хавфни бошқариш тизими орқали хавф даражаси паст деб баҳоланганида;

ТЭДда кўрсатилган маълумотларда номувофиқликлар аниқланмаганида;

электрон ҳужжатларнинг аслини талаб этиш ёки товарларни чиқариб юборишдан олдин божхона назоратидан ўтказиш зарурияти бўлмаганида;

божхона ахборот тизимида белгиланган тегишли ҳужжатларни текшириш шартлари бажарилганда;

ТЭДда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши (чиқилиши) чекланган ва тақиқланган товарлар мавжуд бўлмаганда;

ТЭДда кўрсатилган маълумотларнинг ваколатли идоралар томонидан берилган рухсатнома ҳужжатларидаги маълумотлар билан ўртасида ўзаро номувофиқликлар аниқланмаганда;

товарларни инсон аралашувисиз божхона расмийлаштирувидан ўтказиш бўйича божхона ахборот тизимида белгиланган шартларни текшириш натижалари бажарилганда;

Мазкур шартларга мос келмаган электрон шаклида декларациялаш жараёни ушбу Низомнинг 15-бандига мувофиқ амалга оширилади ва бу ҳақда декларантга тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.


19. ТЭД божхона ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тартибда расмийлаштирувдан ўтказилгандан сўнг, бу ҳақида декларацияловчи шахснинг ТИФ иштирокчиси кабинетига тасдиқланган электрон хабарнома юборилади.


20. ТЭДларни божхона ахборот тизимида автоматик ҳолда рўйхатга олиш, божхона хизмати органлари ходимларига автоматлаштирилган тарзда тақсимлаш ва божхона ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартиблари ва шартлари Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.



4-БОБ. ҚОҒОЗДА ЁЗМА ШАКЛДА ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ


21. Товарларни қоғозда ёзма шаклда декларациялаш декларацияловчи шахс томонидан А4 форматдаги варақларда Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланган шаклдаги божхона юк декларациясини тўлдирган ҳолда тегишли ҳужжатлар билан бирга божхона хизмати органларига тақдим этиш орқали амалга оширилади.


22. Қоғозда ёзма шаклдаги декларациялаш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ташқи савдо контрактлари бўйича олиб ўтилаётган товарларга нисбатан;

божхона ахборот тизимининг дастурларида техник носозликлар вужудга келганда;

халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳолларда;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган ҳолларда божхона юк декларацияси қоғозда ёзма шаклда тақдим этилганда божхона хизмати органларига электрон ташувчида унинг электрон шаклдаги нусхаси тақдим этиш талаб этилмайди.


23. Тақдим этилган қоғозда ёзма шаклдаги божхона юк декларацияси божхона хизмати органлари томонидан унинг электрон шаклдаги нусхаси билан бир вақтда қабул қилиниб, руйхатга олинади ва божхона хизмати органлари ходимлари ўртасида тақсимланган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган умумий муддатда расмийлаштирилади.


24. Божхона хизмати органлари ходими божхона юк декларациясида кўрсатилиши кўзда тутилмаган ёки ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳолатларда божхона юк декларацияси бўйича ундирилган божхона тўловлари тўғрисидаги маълумотларни божхона хизмати органларининг "Божхона тўловларини ҳисобини юритиш" автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади.


25. Расмийлаштирилган қоғозда ёзма шаклдаги божхона юк декларациялари ҳисоби божхона хизмати органлари томонидан юритилади.



5-БОБ. ТЭДНИ ҲАМДА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН

РУХСАТ ЭТУВЧИ ВА БОШҚА ҲУЖЖАТЛАРНИ

ТАҚДИМ ЭТАЁТГАНДА ЭРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


26. ЭРИни тарқатиш ва унинг ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази - электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш маркази томонидан ташкил этилади. Бунда ЭРИ калитлари махсус ҳимояланган қурилмаларда сақланиши талаб этилади.


27. Электрон ҳужжатларни тақдим этганда, қуйидагилар электрон ҳужжатлар алмашинуви иштирокчилари ҳисобланади:

а) рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатларни Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритувчи ва узатувчи ваколатли органлар ходимлари;

б) автоматлаштирилган ахборот тизимига ТЭД ва электрон шаклда тақдим этиладиган ҳужжатларни тақдим этувчи декларацияловчи шахслар;

в) ТЭД ва электрон шаклда тақдим этиладиган ҳужжатларни расмийлаштирувчи божхона хизмати органлари ходимлари.


28. ТЭДни имзолаш ваколатига эга бўлган жисмоний шахс (электрон рақамли имзо калитининг эгаси) товарларни электрон шаклида декларациялашда кўрсатилган маълумотларни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқловчи шахсдир.


29. Давлат божхона қўмитаси дастурий-аппарат воситалари деларацияловчи шахсларнинг ЭРИси ҳақиқийлиги ва уларнинг рўйхатда мавжудлигини текшириш жараёнини, шунингдек, электрон шаклдаги автоматлаштирилган ахборот тизими ва Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига келиб тушиш сана ва вақтини кўрсатувчи рухсат берувчи ва бошқа ҳужжатларни қабул қилишни таъминлайди.



6-БОБ. ЭЛЕКТРОН ШАКЛИДА

ДЕКЛАРАЦИЯЛАШДА БОЖХОНА АХБОРОТ

ТИЗИМИ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


30. Товарларни электрон шаклида декларациялашда декларант ёки декларацияловчи шахс қўйидаги ҳуқуқларга эга:

ТЭДни тақдим этишида, ушбу Низомнинг 15-банди "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган муддатларда расмийлаштирувни амалга оширилишидан олдин ёҳуд расмийлаштирув жараёнида товарларни транспорт воситаларидан божхона хизмати органлари томонидан белгиланган жойларга тушириш учун рухсат бериш тўғрисида божхона хизмати органларига сўровнома юбориш;

товарларни транспорт воситаларидан божхона хизмати органлари томонидан белгиланган жойларга вақтинча сақлаш учун тушириш жараёнида ёки туширилгандан сўнг товарлар миқдори, номланиши, тавсифи ёки бошқа ўзига хос хусусиятларида тафовут аниқланган тақдирда ТЭДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш ҳақида мурожаат қилиш;

ўзларининг ТИФ иштирокчиси кабинетида "Божхона расмийлаштируви бўйича кўрсатилган хизмат сифатини баҳолаш" модули орқали электрон шаклида декларациялаш жараёнини баҳолаш;

автоматлаштирилган ахборот тизими ва Давлат божхона қўмитаси томонидан кўрсатиладиган интерактив хизматлар орқали улар томонидан тақдим этилган ТЭДларнинг ва электрон ҳужжатларнинг декларация расмийлаштирилган санадан бошлаб ўн беш кун мудатда юклаб олиш ҳамда қоғозда ёзма шаклини чоп этиш;

божхона расмийлаштируви жараёнида ва ундан сўнг божхона хизмати органлари томонидан божхона юк декларациясиларда қоидабузарликлар аниқлангунга қадар божхона тўловларининг ҳисоблашга ёки таъқиқ, чекловлар қўлланилишига таъсир этмайдиган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда божхона органи рухсати билан тузатиш ҳуқуқига эга, бундан қонунчиликда декларант ёки декларацияловчи шахснинг мурожаатига асосан божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тақиқланган ҳолатлар мустасно.

Ушбу ҳолатларда декларант ва декларацияловчи шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид процессуал хужжатлар расмийлаштирилмайди.

Товарларни электрон шаклида декларациялашда декларант ёки декларацияловчи шахслар:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, божхона расмийлаштируви вақтида тақдим этилган ТЭДлардаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини таъминлаши;

товарларни декларациялаш давомида божхона хизмати органларига ҳужжатларни тақдим этиш ҳамда тегишли сўровномаларни юбориш билан боғлиқ ҳаракатларни ТИФ иштирокчиси кабинети орқали амалга ошириши;

ТЭДни тўлдиришда асос бўлган қоғозда ёзма шаклидаги ҳужжатларнинг сақланиши бўйича жавобгарлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ декларант зиммасига юкланади.

Декларант ТЭДни тўлдиришда асос бўлган қоғозда ёзма шаклидаги ҳужжатларнинг хавфсиз сақланиши шароитларини таъминлаши ва уларга ўзгартириш киритишдан ҳимоялаши шарт.

Декларант томонидан божхона хизмати органларига ТЭД ўз номидан тақдим этилганда, у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади.

Юкларнинг божхона расмийлаштирувида электрон шаклида декларациялаш жараёнидан фойдаланаётган декларантлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ декларацияловчи шахслар рўйхатига киритилаётган маълумотлар ва электрон ҳужжатларни архивлаштириш интерактив хизмати орқали тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилиги ҳамда тўғрилигини таъминлайдилар.


31. Товарларни электрон шаклида декларациялашда божхона хизмати органлари ходимлари қўйидаги ҳуқуқларга эга:

тақдим этилган ТЭДда номувофиқликлар аниқланганида, божхона хизмати органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хорижий давлатлар ёки халқаро ташкилотлардан олинган маълумотлар ҳамда тезкор-қидирув натижалари асосида белгиланган хавфни минималлаштириш чораларини ўзгартириш ва қўшимча тадбирларни амалга ошириш;

декларацияловчи шахслар томонидан баҳолаш жараёнида берилган таклифларни мониторинг қилиш;

аниқланган хатолик ёки номувофиқликлар (тафовутлар) ҳолатлари сабабларини ўрганиш мақсадида тақдим этилаётган электрон ҳужжатларнинг аслини талаб қилиш. Ўрганиш давомида божхона қонунчилик ҳужатлари бузилганлиги тасдиқланмаса ёки аниқланган хатоликлар декларацияловчи шахс томонидан бартараф этилса, тақдим этилган электрон ҳужжатларнинг асли тўлиқ қайтарилади;

агар ўрганиш давомида қонунчиликда назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланса, терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш;

Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали декларант ва декларацияловчи шахсларга божхона юк декларациясининг расмийлаштирув ҳолати, сарф этилган вақт ҳақида маълумотларни интерактив хизматлари орқали кузатиш ва баҳолаш имкониятини яратиш.

Товарларни электрон шаклида декларациялашда божхона хизмати органлари ходимлари:

ТЭДни декларациялаш ва расмийлаштирув давомида "Хавфни бошқариш" автоматлаштирилган тизими буюрган божхона операцияларини бажариши;

хавфни минималлаштириш чораларини ўзгартириш натижасида божхона кўригини ўтказиш зарурияти мавжуд бўлганда, декларацияловчи шахсга товарларга нисбатан божхона кўриги тайинланганлиги, уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида тасдиқланган электрон хабарнома юбориши;

декларацияловчи шахс томонидан тақдим этилган товарларни тушириш тўғрисидаги сўровномани кўриб чиқиш ва рухсат берувчи ёҳуд рад этувчи хабарнома юбориши;

декларацияловчи шахс томонидан тақдим этилган товарларни транспорт воситаларидан божхона хизмати органлари белгилаган жойларга вақтинча сақлаш учун тушириш жараёнида ёки туширилгандан сўнг товарлар миқдори, номланиши, тавсифи ёки бошқа ўзига хос хусусиятларида тафовут аниқланган тақдирда ТЭДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш ҳақида мурожаатини кўриб чиқиши.

Божхона органи ходими ТЭДга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишга қуйидаги ҳолларда рухсат беради:

декларант ёки декларацияловчи шахсдан ТЭДда маълум қилинган товарларга нисбатан ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар талаб қилинмаган бўлса;

ТЭДда маълум қилинган товарларни божхона кўригидан ўтказиш белгиланмаган бўлса;

ТЭДдаги товарларни божхона экспертизасидан ўтказиш тайинланмаган бўлса;

декларацияловчи шахснинг мурожаати асосли деб топилганда.

Мурожаат қуйидаги ҳолатларда асосли деб ҳисобланади:

товарлар ва транспорт воситаси доимий равишда божхона назорати остида сақланганда;

товарлар миқдоридаги тафовут божхона омбори вақили томонидан тузилган далолатнома асосида тасдиқланганда;

товарларни ортиш (тушириш) жараёнлари божхона омборида ўрнатилган видеокузатув камераларида аниқ тасвирланганда;

ваколатли идора экспертиза хулосаси олинган ҳолларда (тушириш ёки ортиш жараёнига эксперт жалб этилган тақдирда).

Мурожаатни бир иш куни ичида ўрганиб чиқиб, ушбу муддат ичида товарларни декларант, декларацияловчи шахс, божхона омбори вакили (агар товарлар божхона омборига жойлаштирилган ҳолларда) иштирокида божхона кўригидан ўтказади ва мурожаат асосли деб топилган тақдирда ТЭДга ўзгартириш киритишга рухсат беради;

божхона юк декларациясида божхона тўловларини кам ҳисобланишига, шунингдек, тақиқ ёки чекловлар қўлланилмаслигига ёхуд божхона статистикаси, божхона мақсадлари учун зарур бўлган бошқа маълумотларни нотўғри шаклланишига сабаб бўлмаган маълумотлардаги сўзларда (рақамлар ва ҳарфли кодлар мустасно) имло хатоликлар аниқланганда, декларацияловчи шахсга бир иш куни давомида ушбу хатоликлар билан боғлиқ қоидабузарликларни ихтиёрий равишда тузатишга рухсат бериш, бундан қонунчиликда божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тақиқланган ҳолатлар мустасно.

Қоидабузарликларни ихтиёрий равишда тузатишга рухсат берилганлиги декларацияловчи шахсга ТИФ иштирокчиси кабинети орқали электрон хабарнома билан маълум қилинади ва бир иш куни муддати хабарнома жўнатилган вақтдан бошлаб ҳисобланади.


32. Божхона хизмати органлари, декларантлар ва божхона брокерлари, шу жумладан, декларацияловчи шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда товарларни электрон шаклида декларациялашлар ва электрон шаклда тақдим этиладиган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлайди.


33. Божхона брокерлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ декларацияловчи шахслар рўйхатига киритилаётган маълумотлар тўғрилигига жавобгар ҳисобланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Божхона хизмати органлари ходимлари ТЭДларнинг ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган муддатларда расмийлаштирилиши учун шахсан жавоб берадилар, бундан божхона хизмати органларининг автоматлаштирилган тарзда расмийлаштирилган ёки мазкур Низомнинг 15-бандининг йигирма олтинчи хатбошиси асосида сабаблари декларацияловчи шахсга маълум қилинган товарларни электрон шаклида декларациялашлар мустасно.


35. Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастурига уланган божхона ва ваколатли органлар ўз ваколатлари доирасида ташқи савдо операцияларни амалга оширувчи хўжалик субъектлари ва давлатга зарар етказувчи тизимдаги мавжуд маълумотларга ноқонуний кириш, уларни ўзгартириш ёки бошқа ҳаракатлардан ҳимоялаш бўйича зарур бўлган ташкилий ва техник чораларни кўриши шарт.

Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастуридаги маълумотларга кириш ҳуқуқи бўлган божхона ва ваколатли органлар ходимлари мазкур маълумотларни ошкор этиш, ўз мақсадлари ёки учинчи шахслар манфаатларида фойдаланиш ҳамда учинчи шахсларга маълумотларнинг белгиланган ҳимоя қоидаларини бузган ҳолда, уларни олиш имкониятини яратиш ҳуқуқига эга эмас.

Божхона юк декларацияси ҳамда божхона назоратини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар божхона ораганларида товарлар божхона назорати остида турган товар мақомини йўқотган йилдан кейинги йилдан эътиборан уч йил давомида сақланади.


36. Давлат божхона қўмитаси декларацияловчи шахсларга товарларни электрон шаклида декларациялаш ва Давлат божхона қўмитаси томонидан кўрсатиладиган интерактив хизматлар орқали улар томонидан тақдим этилган товарларни электрон шаклида декларациялашларнинг ва электрон ҳужжатларнинг декларация расмийлаштирилган санадан бошлаб ўн беш кунлик мудатга қадар юклаб олиш, қоғозда ёзма шаклини чоп этиш ҳуқуқи ва имкониятини таъминлайди.


37. Давлат божхона қўмитаси пуллик хизмат асосида декларантларга ўзларига тегишли товарларни электрон шаклида декларациялашларнинг божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб уч йил ичида ўз серверида сақлаб бериш, уларни қоғозда ёзма шаклини чоп этиш ва товарларни электрон шаклида декларациялашга оид бошқа маълумотларни олиш имкониятини таъминлайди.

Пуллик хизматдан тушган йиғимлар Давлат божхона қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш, божхона хизмати органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади ва белгиланган тартибда тақсимланади.

Мазкур пуллик хизматларнинг турлари, шакллари, мақомлари ва хизматга пул тўлашнинг тарифлари Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


38. Электрон шаклида декларациялашда божхона хизмати органлари томонидан бошқа шахслар учун товарларни электрон шаклида декларациялаш ва унга тегишли ҳужжатларнинг қоғозда ёзма шакли чоп этилмайди ва имзо ҳамда муҳр билан тасдиқланмайди. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

ТЭД ва тегишли ҳужжатларнинг қоғозда ёзма шаклидаги нусхаларини божхона хизмати органлари томонидан тасдиқлаш тартиби Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.


39. Рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шаклини шакллантиришда ваколатли органлар ходимлари тегишли маълумотларнинг ўз вақтида киритилиши ҳамда уларнинг тўғрилиги учун шахсан масъулдирлар.


40. ТЭДлардаги аниқ келишувлар ва уларнинг ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига боғлиқлиги тўғрисидаги маълумотлар конфиденциал ҳисобланади.


41. Аниқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг амалга оширган операциялари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тақиқланади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


42. Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан божхона юк декларациясини тақдим этиш сўралганда, божхона юк декларацияси асосида шаклланган маълумот қоғозда ёзма шаклда ёки электрон кўринишда ёҳуд ўзаро келишувга асосан ахборот алмашинуви тизимлари орқали тақдим этилади, ушбу Низомнинг 41-бандида тақиқланган ҳолатлар бундан мустасно.


43. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Товарларни декларациялаш тартибини амалга ошириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Иштирокчилар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари







1-босқич

Ваколатли

органлар


1. Рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатларни идолараро ҳамкорлик даражасида божхона ахборот тизимига киритилишини таъминлайди ёки юборади.


2. Мурожаат қилувчиларга рухсат этувчи ва бошқа ҳужжатларни тақдим этади.


Мурожаат қилувчиларга ҳужжатларни беришдан аввал ёки уларни бериш билан бир вақтда.


Қонунчиликда белгиланган муддатларда.







2-босқич

Декларацияловчи шахс


Товарларнинг электрон декларацияси ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатларни тайёрлайди, электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона органларига юборади.


Тайёр бўлишига кўра







3-босқич

Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими


1. Товарларнинг электрон декларацияси божхона ахборот тизимининг дастлабки формат-мантиқий назоратидан ўтказилади ва текширувларнинг ижобий натижасида, унга автоматлаштирилган тарзда тартиб рақами берилиб, рўйхатдан ўтказилади.


2. Формат-мантиқий назоратидан ижобий ўтмаган товарларнинг электрон декларацияси, хабарномада сабаблари кўрсатилган ҳолда декларацияловчи шахсга қайтариб юборилади.


3. Рўйхатдан ўтган товарларнинг электрон декларацияси божхона ахборот тизими орқали божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи божхона органларининг ходимлари ўртасида автоматлаштирилган тарзда тақсимланади ёки божхона органлари ходими иштирокисиз, махсус алгоритмлар асосида автоматлаштирилган тарзда расмийлаштирилиши мумкин.


Реал вақт режимида

4-босқич

Божхона органлари ходими


1. Товарларнинг электрон декларациясини келиб тушган вақтидан бошлаб 3 соат ичида қабул қилади. Ушбу муддатда қабул қилинмаган товарларнинг электрон декларацияси ахборот тизими томонидан автоматик тарзда қабул қилинади.


2. Божхона органлари ходими товарларни электрон декларациясини қабул қилган вақтдан бошлаб унинг расмийлаштирувини амалга оширади.


3. Товарларнинг электрон декларациясининг божхона расмийлаштируви якунланганлиги расмийлаштирувни ўтказган божхона органлари ходими томонидан ўзининг электрон рақамли имзоси билан белги қуйиш орқали тасдиқланади ва бу ҳақда божхона ахборот тизими томонидан автоматлаштирилган тарзда декларацияловчи шахснинг ТИФ иштирокчиси кабинетига хабарнома юборилади.


Товарларнинг электрон декларацияси божхона органларига келиб тушганда.


Низомнинг 15-бандидаги "а", "б" ва "в"-кичик бандларида белгиланган муддатларда. (хавф даражаси паст ва хавф даражаси ўрта кўрсаткичларда божхона органларининг иш вақтидан ташқари пайтда декларация тақдим этилган ҳолатлар бундан мустасно).

Божхона расмийлаштируви якунланганида.

 

 

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 2 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 6 август, 31-сон, 647-модда












































Время: 0.0135
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск