ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.08.2018 й. ПҚ-3901-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.08.2018 й.

N ПҚ-3901



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ

БОШҚАРУВИ АКАДЕМИЯСИНИНГ ҲУДУДИЙ

ФИЛИАЛЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Жойларда бошқарув кадрлари малакасини оширишнинг сифатини яхшилаш, тингловчиларга ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади) ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида Академиянинг ҳудудий филиалларини (кейинги ўринларда ҳудудий филиаллар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ҳудудий филиалларда директор, бош мутахассис, бош методист ва техник ходим лавозимлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими маркази тизимидаги таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари ўқитувчиларининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб қисқартирилиши ҳисобига ажратилсин.


2. Қуйидагилар ҳудудий филиалларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

замонавий шароитларда бошқарув кадрларининг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда, жойларда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш;

малака ошириш курслари тингловчиларида маҳаллий бошқарув ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги чуқур ва амалиётга йўналтирилган, шунингдек, стратегик режалаштириш, горизонтал ва вертикал муносабатлар тизимига оид билимларни, давлат ва ҳудудий дастурларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари учун вазирлик, идора ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарларини жалб этган ҳолда доимий асосда ўқув-амалий семинарларни ташкил этиш;

ўқув-амалий семинарлар доирасида тингловчиларда фаолиятни режалаштириш ва иш режалари ("йўл хариталари")ни сифатли бажариш кўникмаларини шакллантириш;

малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар жараёнида аниқланган муаммолар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш.


3. Ҳудудий филиалларга Академия ректори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, шунингдек, мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари бўйича Академиянинг факультет деканига тенглаштириладиган директор раҳбарлик қилиши белгилансин.


4. Ҳудудий филиалларда ўқишни ташкил этиш 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


5. Белгилаб қўйилсинки:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари таркибидан шакллантириладиган буюртмалар асосида ҳудудий филиалларда малака ошириш режалари Академия томонидан тасдиқланади;

ҳудудий филиалларда ўқув жараёни замонавий таълим технологияларини татбиқ этган ҳолда бошқарув кадрлари кўникмаларини шакллантириш, интерфаол машғулотлар ва давра суҳбатларини мунтазам ўтказиш, ҳудудларда юзага келган муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш асосида ташкил этилади;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ҳудудий филиаллардаги ўқув жараёнига юбориладиган шахслар ҳудудий филиалларнинг тегишли дастурлари асосида Академияда ўқитилади;

ҳудудий филиалларда ўқув режадаги фанларни ўқитиш учун профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар штат ва соатбай асосда жалб этилади;

ҳудудий филиаллардаги малака ошириш курсларида иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.


6. Ҳудудий филиаллар олий таълим муассасаларининг биноларида "ноль" ставкадаги ижара тўлови асосида ҳамда тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қопламаган ҳолда 2-иловага мувофиқ жадвал бўйича жойлаштирилсин.


7. Академия ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

малака ошириш даврида бошқа ҳудудлардан келган тингловчилар, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларга тегишли олий таълим муассасаларининг ётоқхоналаридан ва Академия меҳмонхона комплексидан яшаш учун белгиланган тартибда жой ажратилишини;

тингловчилар тегишли олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказидан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаб борсин.


8. Белгилансинки, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, малака ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган шахсларга соатбай иш ҳақининг миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга кўпайтирилади.

Академия ректорига малака ошириш курсларига жалб этиладиган юқори малакали илмий-педагогик кадрларга ва тажрибали амалиётчи мутахассисларга:

уларнинг кўпи билан 20 фоизига ўқув машғулотлари ўтказганлиги учун соатбай иш ҳақи миқдорини белгиланган миқдорларидан 50 фоиз юқори этиб белгилаш;

шартнома асосида жалб қилинган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ўқув машғулотлари ўтказганлиги учун соатбай иш ҳақининг миқдорини белгиланган миқдордан икки ярим бараваргача юқори этиб белгилаш ҳуқуқи берилсин.


9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ҳудудий филиалларда бошқарув кадрлари, шу жумладан, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида давомийлиги бир ойдан ошмаган қисқа муддатли дастурлар бўйича малака оширадилар;

ҳудудий филиаллардаги малака ошириш курсларига фақат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари давлат гранти асосида қабул қилинади;

ҳудудий филиаллар фаолиятини услубий таъминлаш ҳамда малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш Академия томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

ҳудудий филиаллардаги малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўтган бошқарув кадрларига белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Академиянинг талабномаси бўйича 2018 йилнинг 15 августига қадар ҳудудий филиалларда малака ошириш курсларини ташкил этиш ва жойлаштириш учун олий таълим муассасаларидаги керакли хоналарни таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширган ҳолда ажратилишини таъминласин;

ҳудудий филиаллар фаолиятини амалга ошириш учун доимий равишда зарур ташкилий-методик ёрдам кўрсатсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бир ойлик муддатда:

ҳудудий филиалларнинг замонавий ахборот-телекоммуникация воситалари билан жиҳозланиши ва доимий равишда бутунжаҳон ахборот Интернет тармоғига уланишини;

ҳудудий филиалларнинг республика ҳудудларидаги иштирокчилар ҳамда Академия билан ўзаро видеоконференциялар ва масофавий тренинглар ўтказиш учун "Электрон таълим" миллий тармоғига уланишини;

Академия ва ҳудудий филиалларнинг Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондига ҳамда етакчи хорижий лицензион ахборот-кутубхона ресурслари фондларига доимий равишда электрон уланишини таъминласин.


12. Академия:

а) 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар:

ҳудудий филиалларнинг юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини;

масофавий таълимни татбиқ қилган ҳолда ўқитишнинг замонавий шакллари ва усуллари, шунингдек, ўқув адабиётлари, замонавий ўқув жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин;

б) икки ҳафта муддатда ҳудудий филиаллар тўғрисидаги намунавий низомни ҳамда уларнинг тузилмасини тасдиқласин.


13. Қуйидагилар ҳудудий филиаллар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2018 йилда ҳудудий филиаллар фаолиятини ташкил этиш ва уларни сақлаш, шунингдек, мебель, ўқув ҳамда масофавий таълим учун зарур жиҳозлар, компьютер техникаси билан таъминлаш юзасидан Академиянинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича зарур бюджет маблағларини ажратсин;

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ҳудудий филиалларни сақлаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда Академияга зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий филиалларга малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарларни самарали ташкил этиш бўйича ҳар томонлама ёрдам берилишини таъминласин.


16. Академия манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари У.С. Исмаилов ва Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 6 августдаги

ПҚ-3901-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг

ҳудудий филиалларида ўқишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

      

Босқич

Тадбирлар

Маъсуллар

Бажариш

муддатлари

I босқич

Ҳар йили маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари таркибидан малака оширувчи номзодларнинг буюртмалар портфели шакллантирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Ҳар йили

15 августгача

II босқич

Буюртмалар портфели асосида ҳудудий филиалларда малака ошириш режалари тасдиқланади.

Академия, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Ҳар йили

1 сентябргача

III босқич

Тасдиқланган ўқув режалар асосида ҳудудий филиалларда малака ошириш ўқув курслари ташкил этилади.

Академия ва унинг ҳудудий филиаллари

Ўқув йили

давомида

(10 ой)


IV босқич

Малака ошириш ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.

Академия ва унинг ҳудудий филиаллари

Ўқув режага мувофиқ, курс якунлари бўйича

Доимий

асосда

Хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг буюртмаларига кўра тўлов-контракт асосида малака ошириш ўқув курслари ташкил қилинади.

Академия ва унинг ҳудудий филиаллари

Ўқув йили

давомида

(10 ой)






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 6 августдаги

ПҚ-3901-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси ҳудудий филиалларини олий

таълим муассасаларининг биноларида "ноль" ставкадаги ижара

тўлови асосида ҳамда тегишли коммунал ва фойдаланиш

харажатларини қопламаган ҳолда жойлаштириш

ЖАДВАЛИ*

       

Т/р

Ҳудудий филиалларнинг номланиши

    

Олий таълим муассасасининг номи

Қамраб олинадиган ҳудудлар

1.

Гулистон ҳудудий филиали

Гулистон давлат университети

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари


2.

Қарши ҳудудий филиали

Қарши давлат университети

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари


3.

Самарқанд ҳудудий филиали

Самарқанд давлат университети

Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари


4.

Урганч ҳудудий филиали

Урганч давлат университети

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти

5.

Фарғона ҳудудий филиали

Фарғона давлат университети

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари

      

*) Ҳудудий филиаллар фаолият юритиши учун 1 та маъмурий хона, 1 та ўқув ёрдамчи хона ва ўқув машғулотлари учун 3 та (ҳар бирининг сиғими 30 та тингловчига мўлжалланган) аудиториялар ажратилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 13 август, 32-сон, 658-модда











































Время: 0.2199
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск