ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Электрон ҳукумат. Давлат хизматлари. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги /

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда иштирокини фаоллаштириш Концепцияси (ЎзР ВМ 07.08.2018 й. 622-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 7 августдаги

622-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг

виртуал маконда иштирокини фаоллаштириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Мамлакатда давлат органларининг виртуал маконда иштирокини таъминлаш, электрон давлат хизматлари кўрсатишнинг ягона тизимини ривожлантириш, давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштиришнинг янги механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат ҳокимияти тизимида янги институт - Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, жойларда эса Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар барча даражалардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан уларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш бўйича самарали ҳамкорлик тизимига айланди.

Жадал ривожланаётган миллий ахборот-коммуникация инфратузилмасининг янги ахборот технологияларини фаол қўллаш ҳисобига давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро тезкор алоқа ўрнатишини таъминламоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳада ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи, ривожланишнинг замонавий тенденциялари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг янада очиқлиги ва шаффофлигини, қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан фаол ҳамкорликни таъминлаш борасида бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Чунончи:

биринчидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги (кейинги ўринларда Интернет деб аталади) миллий ахборот ресурслари мамлакатнинг инновацион ривожланиш йўлига, рақамли жамият ва иқтисодиётга ўтиш, ахборотлашган жамият шаклланиши билан боғлиқ муҳим вазифаларни амалга оширишга етарли даражада хизмат қилмаяпти;

иккинчидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматларининг жамоатчилик фикрини, ушбу органлар томонидан қабул қилинаётган қарорларга аҳолининг муносабатини тизимли ўрганиш, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга давлат органларининг ўз вақтида ва доимий равишда муносабат билдиришини самарали ташкил этиш борасидаги фаолияти ҳозирги кун талабларига тўла жавоб бермайди;

учинчидан, давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, аҳолининг кундалик ҳаётига ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш борасидаги ишлар янгича инновацион ёндашувни талаб этмоқда;

тўртинчидан, Ўзбекистоннинг тезкор "рақамли тараққиёти"ни ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги етарли даражада ривожланмаган;

бешинчидан, аҳолининг ахборот ва рақамли технологиялардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш, соҳада илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти;

олтинчидан, халқаро ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, мамлакатнинг миллий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда қўшимча чоралар белгилаш талаб этилмоқда.

Ушбу Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда иштирокини фаоллаштириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга оид вазифаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал макондаги иштирокини янада такомиллаштириш, ахборот хизматларининг жамоатчилик фикрини, ушбу органлар томонидан қабул қилинаётган қарорларга муносабатини тизимли ўрганиш, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга давлат органларининг ўз вақтида муносабат билдиришини самарали ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.



1-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ


1. Қуйидагилар концепциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистонда ахборотлашган жамиятни жадал шакллантириш, Интернет тармоғини фуқаролар, жамият ҳамда давлат эҳтиёжларидан келиб чиққан холда уларнинг барқарор ижтимоий, маданий ва иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи маълумотлар билан бойитиш, глобал виртуал маконда миллий ахборот маҳсулотларини кенг тарқатиш;

аҳоли билан мулоқотнинг ва икки томонлама алоқанинг фаол ва самарали шаклларини жорий этиш, айниқса, қарорлар қабул қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан барқарор, режали ҳамда репрезентатив ахборот-коммуникация алоқаларини таъминлаш;

давлат бошқаруви тизимига, ижтимоий-иқтисодий соҳаларга, аҳолининг кундалик ҳаётига ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича кенг миқёсли ишларни изчил давом эттириш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш;

Ўзбекистон ҳамда унинг иқтисодиёти, ижтимоий ва гуманитар соҳаларда замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этишни бизнес тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шароитларини яхшилаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал макондаги иштирокини, аҳолининг ахборотдан ва рақамли технологиялардан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш мақсадида илмий тадқиқотлар ҳамда ишланмаларни кўпайтириш, соҳада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

халқаро ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, мамлакатнинг миллий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

кичик бизнес вакиллари ва аҳолининг рақамли иқтисодиёт маконини шакллантиришдаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш самарадорлигига ишончини оширишга қаратилган ташкилий шарт-шароитлар яратиш ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш;

виртуал макондаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ахборотлашган жамиятни шакллантириш, жамият ва давлат фаолиятида рақамли технологияларни, ахборот технологияларини ривожлантириш, давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини, шунингдек, Интернет миллий сегментининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш.


2. Концепция қуйидаги асосий тамойилларга таянади:

инсон ҳуқуқларининг устуворлиги;

қонунийлик;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги;

икки томонлама алоқа;

ижтимоий йўналтирилганлик;

ахборот маконининг бирлиги;

тизимлилик;

ахборотни ҳимоя қилиш.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


3. Қуйидагилар концепцияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:


а) ахборотлашган жамиятни жадал шакллантириш.

Ушбу йўналишда:

жамиятга ахборот ва билим қадриятларини сингдириш, мамлакатнинг инновацион ривожланиши ва жаҳон "рақамли ҳамжамияти"га интеграциялашуви, "рақамли иқтисодиётга" ўтишига хизмат қиладиган веб-ресурсларни шакллантириш, уларни тижоратлаштириш ҳамда ташкилий, моддий-техник ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;

Интернетда миллий сегментни ғоявий-мафкуравий жиҳатдан бойитиш, фойдаланувчилар, энг аввало, ёшларнинг замонавий талаб ва эҳтиёжларига мос бўлган оммабоп ахборот ресурслари, медиа-маҳсулотлар, бадиий, мультипликацион ва ҳужжатли фильмларни яратиш ва ривожлантириш ҳамда Интернет журналистикасини тараққий эттириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг замонавий веб-ресурсларини фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес тузилмаларнинг интеллектуал ва ахборот эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш;

Интернетда иқтисодиёт, таълим, фан ва техника, соғлиқни сақлаш, маданият, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид таълим муассасалари ўқув дастурлари билан уйғунлашган замонавий ахборот ресурслари салмоғини ошириш;

Интернетда маҳаллий ва хорижий инвесторларни мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, ислоҳотларни амалга ошириш жараёни тўғрисидаги ахборотлар, ахборот-таҳлилий ва статистик маълумотлар билан таъминлашга хизмат қиладиган Инвестициявий ва бошқа порталларни ривожлантириш;

Интернетнинг глобал ва миллий сегментини ривожлантириш тенденцияларини доимий равишда ўрганиб бориш, веб-ресурслар контентини шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, Интернетда юртимизда яратилаётган миллий ахборот ресурсларини янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш;

Интернет манбаларини ўзбек тилидаги адабиётлар билан тўлдириш бўйича чоралар-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётининг илғор намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ва чет элларда ўрганиш ишларини тизимли асосда йўлга қўйиш;

ижтимоий тармоқлардаги миллий контентни янада бойитиш ва уларнинг хорижий ахборот ресурслари, Интернетга кириб боришини кучайтириш ҳамда Ўзбекистон ижтимоий тармоқлари ва мессенжерлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг жозибадорлиги ва мазмундорлигини ошириш эвазига фойдаланувчилар аудиториясини кенгайтириш;

мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ҳамда иқтисодий устуворликларини самарали амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, миллий брендларни яратиш, маҳсулот ва хизматларни дунё ва минтақа бозорларига олиб киришга йўналтирилган ахборот, ахборот-таҳлилий ресурсларни шакллантириш;

Ўзбекистоннинг ижобий имижини ривожлантириш, дунё рейтингларида ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар тараққиёт борасида мамлакат кўрсаткичлари даражасини кўтаришга хизмат қиладиган ахборот контентини қўллаб-қувватлаш ва шакллантириш соҳасида ижтимоий шерикликни ҳамда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ташкил қилиш.


б) давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан барқарор, тизимли мулоқотини таъминлаш ва ахборот-коммуникатив алоқаларини кучайтириш.

Ушбу йўналишда:

жамоатчиликка давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида тизимли равишда ахборот бериб бориш, аҳолининг очиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ва аҳолининг ўзаро ҳамкорлигида, авваламбор жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда самарали қарорлар қабул қилиш тизимини яратишда инновацион ёндашувларни жорий этиш;

жамиятда, айниқса, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш, очиқлик ва шаффофликка асосланган қарорлар қабул қилиш тизимини яратишда давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ва аҳолининг ўзаро ҳамкорлигини ташкиллаштиришда инновацион ёндашувларини татбиқ этиш. Жумладан, бу борада қонун лойиҳаларини аҳоли кенг қатламлари иштирокида жамоатчилик муҳокамаси ва ижтимоий экспертизадан ўтказиш тизимини ривожлантириш, Интернетда махсус "майдонча"лар яратиш ҳамда аҳолига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига оид қабул қилинган ва қилинаётган қарорларни тушунтириш ишларини тизимли йўлга қўйиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида аҳоли билан ўзаро таъсирчан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва қабул қилинаётган қарорлар ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва мониторинг олиб бориш борасида самарали ижтимоий шерикликни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг очиқ коллегиал йиғилишларида мансабдор шахсларнинг фаолиятига оид ва ижтимоий аҳамиятга молик бўлган, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ахборотларини тинглаш;

ҳар бир кўча, маҳалла, туман, шаҳар ва минтақа бўйича социологик сўровлар ўтказиш, уларнинг натижалари бўйича аҳолининг аниқ фикр ва мулоҳазаларининг "ижтимоий хариталари"ни тузиш, шунингдек, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш ва минтақани социал-иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳоли билан узвий алоқа қилишнинг кўпканалли ахборот-коммуникацион тизимининг замонавий шаклларини (хусусан, жонли эфир орқали мулоқот, эксперт кенгашлари ишини ташкил қилиш ва шу кабилар) амалиётини кенгайтириш.


в) давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, аҳолининг кундалик ҳаётига ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш.

Ушбу йўналишда:

давлат ва хўжалик бошқаруви, электрон ҳукумат тизимига, шу жумладан, ахборотлашган жамият ва рақамли иқтисодиётни қарор топтиришга кўмаклашиш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш;

рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ички бозорини ривожлантириш, давлат электрон ва телекоммуникациялар хизматлари кўламини кенгайтириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот ва ресурслар тизимини, идоралараро электрон ҳамкорликни, ягона электрон реестрлар ва "ягона дарча" тамойили асосида электрон ва виртуал давлат хизматлари тизимини такомиллаштириш;

телекоммуникациялар инфратузилмасини модернизациялаш, Интернетга мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидан кириш имкониятларини "охирги миль" тамойили асосида кенгайтириш, мультисервис алоқа тизимини, мобил алоқа бозори, телекоммуникацияларнинг бошқа замонавий хизматлари ҳамда логистика ва почта хизматларини ривожлантириш;

янги ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар, маълумотлар базасини ишлаб чиқиш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, жамият аъзолари ҳамда бизнес соҳаси вакиллари билан ўзаро ҳамкорликда маъмурий тўсиқларга барҳам бериш, ҳужжатлар қоғоз шаклида айланишини камайтириш;

электрон тижорат инфратузилмасини модернизация қилиш, яқин келажакда ушбу бизнес сегментини ривожланган давлатлар даражасига кўтариш;

инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий рақобатбардош ва экспортбоп дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилишга хорижий инвестицияларни жалб этиш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги механизмини татбиқ этишни рағбатлантириш, тегишли қулай шарт-шароитларни яратиш;

Миллий ахборот тизимида ахборот хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштириш, унинг ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилиш, дастурий маҳсулотлари ва тармоқларини ҳимоя қилишда замонавий технологияларни жорий этиш, шахсий ва биометрик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва сақлашнинг ҳимояланган технологиясини кенг қўллаш.


г) Ўзбекистоннинг тезкор "рақамли тараққиёти", иқтисодиёти, ижтимоий, социал ва гуманитар соҳаларини бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигида ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш.

Ушбу йўналишда:

рақамли технологияларни жорий этиш, иқтисодиёт соҳаларининг рақамли трансформациясига эришиш, миллий IT-индустрияни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш учун кенг имкониятлар яратиш орқали рақамли иқтисодиётнинг ўсишини таъминлаш;

фуқаролар, бизнес ва давлатнинг глобал иқтисодиёт ва очиқ бозорлардаги иштироки, рақобатбардошлиги ва муваффақиятга эришишини таъминлаш мақсадларида рақамли тизимлар стандартлари, платформалар ва инфратузилмаларни ривожлантириш;

қишлоқ хўжалиги ва саноатни рақамлаштириш сиёсатини тизимли амалга ошириш ва бунинг эвазига янги рақамли иш ўринлари яратиш;

замонавий интеллектуал тизимларни жорий қилиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат, туризм соҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, ақлли ва хавфсиз шаҳарлар ва минтақалар технологияларини барпо қилиш орқали аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш;

рақамли иқтисодиётнинг устувор йўналишларини глобал рақамли макон шаклланиши шароитида мамлакатнинг технологик рақобатбардошлигини таъминлаш талабларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ва ривожлантириш;

ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаларини ташкил қилишга рақамли иқтисодиёт ютуқлари ва глобал рақамли макон шаклланиши ва ривожланиши қонуниятларини инобатга олган ҳолда самарали инновацион ёндашувларни жорий қилиш;

миллий "қаттиқ рақамли инфратузилмалар"ни, хусусан, кенг майдонда қайд этиладиган телекоммуникацион инфратузилма ва мобил алоқа инфратузилмаларини, рақамли телевидение ва радио, Буюмлар интернети, шунингдек, ҳисоблаш инфратузилмаси, маълумотларни виртуаллаштириш ва сақлаш, киберхавфсизлик инфратузилмаси, махсус инфратузилмаларни ривожлантириш;

миллий "юмшоқ рақамли инфратузилмалар" - идентификация ва ишонч инфратузилмалари, очиқ маълумотлар, интероперабеллик, блокчейн, электрон ҳисоблагичлар ва транзакциялар, электрон тижорат, давлат хизматлари, турмуш фаровонлигини таъминлаш (тиббиёт, таълим, транспорт ва бошқалар)ни ривожлантириш;

миллий рақамли иқтисодиёт хавфсизлигини ҳамда мамлакатнинг глобал рақамли иқтисодиёт ва глобал рақамли макон шаклланиши жараёнларида самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича чоралар кўриш.


д) давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг виртуал маконда мавжудлигини таъминлаш, аҳолининг ахборотдан, рақамли технологиялардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришни назарда тутувчи илмий тадқиқотлар, ишланмаларни рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Ушбу йўналишда:

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият бошқаруви тизимини ривожлантиришга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат хизматлари сифатини юксалтириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимларининг стратегик ва лойиҳавий бошқарув, менежмент, маркетинг, ахборот технологиялари ҳамда коммуникация соҳаларида малакасини тизимли равишда ошириб бориш;

ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни бошқариш ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштиришни жорий этиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун олий таълим муассасалари базасида ўқув курслари ташкил қилиш;

фуқаролар учун рақамли дунё афзалликлари ва имкониятларидан кенг фойдаланишни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, рақамли саноат ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш мақсадларида ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникациялар ривожланиши сурати ва ўзгаришларини инобатга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ахборот ташувчилар ва компьютер технологиялари, виртуал кутубхоналар, оптималлаштирилган ўқув-методик комплекс ва бошқалар ёрдамида виртуал таълим тизими - ягона ахборот-таълим маконини шакллантириш;

аҳолининг малака ошириш ва рақамли экотизим интерактив маконга тегишли бўлган рақамли иқтисодиёт талабларига ижтимоий мослашувчанлиги масалаларини узлуксиз ўрганиб бориш, рақамли ишчи муҳит ва билимлар жамияти талабларидан келиб чиққан ҳолда кишиларнинг билим ва малакасини ошириш, инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим тизимида рақамли воситалардан кенг фойдаланишини таъминлаш;

ёш иқтидор эгаларини аниқлаш ва уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқаришда чуқур ўйланган, илғор фан ютуқларига таянадиган инновацион усулларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.


е) глобал виртуал ва рақамли маконни шакллантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, мамлакатнинг миллий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш.

Ушбу йўналишда:

жамият ва давлатни рақамлаштириш борасида ривожланган мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш;

мамлакатнинг глобал рақамли иқтисодиёт ва глобал рақамли макон тараққиёти жараёнларида самарали иштирок этишини таъминлаш мақсадида икки томонлама ва кўп томонлама стратегик халқаро муносабатларни кенгайтириш;

халқаро консалтинг компаниялари ва экспертларни жалб қилган ҳолда миллий IT-инфратузилмасини ҳамда унинг моддий-техник базасини ривожлантириш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-текшириш муассасалари билан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида халқаро техник стандартларни татбиқ қилишни ташкил этиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш;

Ўзбекистоннинг халқаро ижобий имижини илгари суришда "очиқ дипломатия" воситаларидан кенг фойдаланиш, аввало, миллий ва хорижий экспертлар жамиятлари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва илмий доиралар билан манзилли ахборот ҳамкорлигини кенгайтириш;

рақамли иқтисодиёт соҳасидаги халқаро шартнома ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқиб миллий қонунчиликни такомиллаштириш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 август










































Время: 0.1925
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск