язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 31.07.2018 й. 603-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 июлдаги

603-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси

Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар

қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий

архитектура-шаҳарсозлик кенгаши тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Кенгаш Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри қурилиш бош бошқармаларининг (кейинги ўринларда ҳудудий қурилиш органлари деб аталади)нинг коллегиал органи ҳисобланади ҳамда шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларини келишиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш жараёнида уларнинг профессионал жиҳатдан асосланганлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди.


4. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига ҳисобот беради ва ўз ишини Кенгаш раиси томонидан тасдиқланган иш режасига мувофиқ, бепул асосда амалга оширади.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вилоятлар ҳудудларини режалаштириш тарҳларини ҳамда туманлар (туман гуруҳлари)ни режалаштириш лойиҳалари, аҳоли пунктларининг бош режалари ҳамда ўз тасарруфидаги ҳудудларда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини кўриб чиқиш ва келишиб олиш;

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиб олиш;

аҳоли пунктларини ва қишлоқлараро ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш тўғрисида давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифларини кўриб чиқиш;

бош режаларни, батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш, шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудларда муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш.


6. Кенгаш ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўз ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудини режалаштириш тарҳлари, туман (туманлар гуруҳлари)ни режалаштириш лойиҳалари, аҳоли пунктларининг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларни кўриб чиқади, келишади ва тасдиқлаш учун ваколатли органлар томонидан тасдиқлашга тавсия қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг шаҳарсозликка оид қисмларини, шаҳарсозлик ва архитектурани янада ривожлантириш концепциялари ишлаб чиқилишида иштирок этади, уларни кўриб чиқади ва амалга оширилишида бевосита иштирок этади;

Кенгаш белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари, шу жумладан, шаҳарлар ва туманлар марказларининг бош режаларига асосланган ўзгартиришлар киритилишига ўз ваколати доирасида розилик беради, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ваколатига кирувчи масалалар юзасидан таклифлар киритади;

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилиши учун лойиҳа ҳужжатларини минтақаларда экологик вазиятни яхшилаш, ерлардан оқилона фойдаланиш, турар жой муҳитининг шинамлигини сифат жиҳатдан ошириш ва тарихий-архитектура мероси объектларини сақлаб қолиш нуқтаи-назаридан келиб чиқиб кўриб чиқади, маъқуллайди ёки қайта ишлаш бўйича тавсиялар беради;

аҳоли пунктларини ва қишлоқлараро ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш тўғрисида, жумладан архитектура ва шаҳарсозлик комплекслари, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш соҳасида давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг таклифларини кўриб чиқади ҳамда асосланган таклифлар асосида ваколатли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тавсиялар киритади;

бош режалар, батафсил режалаштириш лойиҳалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида аҳоли пунктларини қуриш ва қисмларини реконструкция қилиш, ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш ва янгилаш бўйича таклифларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига киритади;

замонавий шаҳар марказларини шакллантириш, эски турар жой муҳитининг шинамлигини сифат жиҳатидан оширишни ва тарихий-архитектура мероси объектлари сақлаб қолинишини назарда тутган ҳолда эски шаҳар туманларини ва қисмларини реконструкция қилиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига тавсиялар киритади;

ҳудудий аҳамиятга молик алоҳида, шу жумладан, табиий ва сув объектлари зоналарини, рекреацион, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраган, фойдали қазилмалар жойлашган ва бошқа ҳудудларнинг чегараларини белгилайди ҳамда тегишли объектлар ҳудудларида шаҳарсозлик фаолияти тартиботини ўрнатиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан тавсиялар қабул қилади.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш ва уларда ишлаш учун мутахассисларни жалб этиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлардан Кенгаш фаолиятига доир ҳужжатларни сўраб олиш;

шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Кенгаш ушбу Намунавий низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Кенгашга ҳудудий қурилиш органи раҳбари раислик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Кенгаш аъзоларининг шахсий таркибини тасдиқлаш;

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилаш ва мажлисни чақириш;

Кенгаш томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

Кенгаш аъзолари зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Бош архитектор - ҳудудий қурилиш органи раҳбарининг ўринбосари Кенгаш раисининг ўринбосари ҳисобланади.


10. Кенгаш аъзолари:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этадилар;

шаҳарсозликнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритадилар;

Кенгаш муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

Кенгаш аъзолари Кенгашдаги фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


11. Кенгаш мажлислари ҳафтада бир марта ўтказилади. Кенгаш мажлисини ўтказиш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида Кенгаш аъзолари мажлисни ўтказиш кунидан уч кун олдин хабардор қилинади.


12. Кенгаш мажлисини унинг раиси олиб боради. Кенгаш раиси бўлмаган тақдирда мажлисни унинг ўринбосари бошқаради.

Кенгаш мажлиси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади. Мажлисни ўтказиш учун кворум бўлмаганда Кенгаш янги мажлис ўтказиш санасини эълон қилади.


13. Кенгаш мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалалар аҳамиятидан келиб чиқиб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, лойиҳа-қидирув ва бошқа ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.



5-БОБ. КЕНГАШНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


14. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.

Ишчи орган:

Кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

Кенгаш иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Кенгаш муҳокамасига киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;

Кенгаш мажлисига зарур бўлган материалларнинг тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материалларни олади;

кун тартиби масаласи бўйича Кенгаш мажлиси ўтказилишини ташкил этади.


15. Кенгашнинг масъул котиби вазифасини бажариш ҳудудий қурилиш органининг Аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўлими бошлиғи зиммасига юкланади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Кенгаш мажлисига зарур бўлган ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлаш, Кенгаш мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи орган ишини ташкил этиш;

Кенгаш раиси билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойи, шунингдек таклиф этилувчилар рўйхатини келишиш, Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилиш;

кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил қилиш, Кенгаш мажлиси баёнларини расмийлаштириш ва тасдиқланган баёнларнинг Кенгаш аъзолари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборилишини ташкил этиш;

Кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб бориш ва унинг якунларини кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига киритиш.



6-БОБ. КЕНГАШ ТОМОНИДАН

ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


16. Кенгаш қарори Кенгаш мажлисида қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.


17. Кенгаш аъзоси йиғилишда иштирок этмаган бўлса лойиҳа (лойиҳалар) Кенгаш аъзоси вакили бўлган ташкилот билан келишилган деб ҳисобланади (узрли сабабларга кўра ҳолатлар бундан мустасно). Бундай ҳолатларда ушбу ташкилот ваколатидаги масалалар бўйича масъулият вакили иштирок этмаган ташкилотга юкланади.


18. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлиси баёни билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлиси баёни Кенгаш котиби томонидан имзоланади, Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда Кенгаш аъзолари ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.

Баёнда кўриб чиқилган лойиҳа (масала)ни, асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда, келишиш, келишишни рад этиш ёки уни қайта ишлаш учун қайтариш тўғрисида аниқ хулоса акс эттирилади.

Кенгаш аъзолари муҳокама этилган лойиҳа (масала) хусусида баёнга ўзининг алоҳида фикрини киритишга ҳақли.

Кенгаш баёнининг асл нусхаси ҳудудий қурилиш органида беш йил мобайнида сақланади.

Кенгаш баёни (баёндан кўчирма) йўқолган ёки бузилган ҳолатларда лойиҳа ташкилотнинг мурожаатига кўра уч кун муддатда унга баён нусхаси (дубликати) берилади.


19. Кенгашнинг лойиҳани келишиш тўғрисидаги ижобий қарори (баёни) лойиҳа (шаҳарсозлик) ҳужжатларининг кейинги босқичларини лойиҳалаш ва лойиҳаларни давлат экспертизасига тақдим этиш учун асос бўлади.


20. Кенгаш ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар барча вазирлик, идора, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


21. Кенгаш қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши ҳолатини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


22. Кенгашнинг иш тартиби унинг Кенгаш томонидан қабул қилинган Регламентида белгиланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Мазкур Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 август