ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.07.2018 й. 603-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 июлдаги

603-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлиги фаолиятини

қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс мақомисиз ташкил этилади. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг (кейинги ўринларда Қурилиш вазирлиги деб аталади) тегишли ғазначилик ҳисоб рақамларида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРНИ САРФЛАШ ТАРТИБИ


3. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциялари, қурилишдаги танлов савдолари бўйича, консалтинг марказлари ҳамда Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги ва муассислигидаги давлат унитар корхоналарининг шаҳарсозлик соҳасида амалга оширган фаолияти ва кўрсатадиган хизматларидан олинган даромадларнинг 15 фоизи миқдорида йўналтирадиган ажратмалари;

лицензия талабгорларининг қурилиш соҳасида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлиш юзасидан мурожаатларини қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиққанлик учун йиғимларнинг бир қисми;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, лойиҳа-қидирув ташкилотлари бажарган лойиҳа-қидирув ишлари, қурилиш-пудрат ташкилотлари бажарган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг 0,1 фоизи миқдоридаги мажбурий ажратмалари;

кўп квартирали уйларни қуришга мўлжалланган ер участкасига ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган юридик шахсларни электрон рўйхатга киритиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари ҳамда шартномани ҳисобга қўйиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғимлар;

халқаро (хорижий) ташкилотлар ва молия институтларининг грантлари ва хайрия эҳсонлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

қурилиш фаолияти соҳасидаги давлат илмий дастурларини амалга ошириш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этишни молиялаштириш;

қурилиш материаллари ва конструкцияларини лойиҳалаш, қуриш ва ишлаб чиқариш, қурилиш ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш ва бошқариш, қурилиш фаолияти иштирокчилари меҳнати самарадорлигини ошириш бўйича нархни белгилаш ва иқтисодий механизмни такомиллаштириш, ушбу фаолиятнинг автоматлашган тизимини яратиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш;

давлат илмий ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг шаҳарсозлик меъёрлари ва қурилиш фаолиятига доир қоидалари бўйича ишланмаларини молиялаштириш;

илмий ва лойиҳа ташкилотларининг республикада илмий-тадқиқот натижалари илк бор текшириладиган (ишланадиган) тажриба объектларини илмий лойиҳалаш ва қуришга илмий ҳамроҳлик қилишга доир қўшимча сарф-харажатларини қоплаш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида илмий-техник ва илмий-услубий адабиётларни (жумладан даврий нашрларни) тайёрлаш ва чоп этиш, ушбу фаолиятнинг илмий-услубий ва ахборот-таҳлил таъминотини ташкиллаштириш;

илмий-техник симпозиум, анжуман, семинар-тренинг, кўргазмалар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар, маҳорат дарсларини тайёрлаш ва ўтказиш, шаҳарсозлик фаолиятига илмий-техник ютуқларни жорий этиш ва уларни тарғиб этиш мақсадида илмий, меъёрий, услубий, техник, технологик ҳужжатлар ва бошқа илмий-техник ахборот манбаларини харид қилиш;

Қурилиш вазирлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимларига қўшимча ва устама ҳақ, мукофот пуллари ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш;

Қурилиш вазирлигига юкланган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида консалтинг ташкилотларидан ва бошқа ташкилотлардан мутахассисларни, жумладан хорижий маслаҳатчиларни Қурилиш вазирлигига жалб қилиш;

Қурилиш вазирлигига қарашли бино ва иншоотларни қуриш ва таъмирлаш коммунал-фойдаланиш харажатларни қоплаш, шунингдек, уларни зарур ускуналар, мебель, алоқа воситалари, компьютерлар, оргтехника билан таъминлаш;

олий таълим муассасаларининг аниқланган иқтидорли талабалари, техникумлар ва коллежлар ўқувчиларига Вазирлик стипендияларини тўлаш;

Инспекция ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг жорий ва бошқа харажатларини молиялаштириш;

Қурилиш вазирлиги, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

Қурилиш вазирлиги ходимларининг мамлакат ичида ва хорижга хизмат сафарларига чиқиши билан боғлиқ хизмат сафари харажатларини тўлаш;

Қурилиш вазирлиги тузилмасига кирувчи ташкилотларни қўшимча ўқув-услубий адабиётлар билан таъминлаш;

илғор ўқитиш шакли ва услублари, компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

тармоқ ходимлари малакасини ошириш ва илғор хорижий тажрибани ўрганишни ташкил қилиш;

қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциялари томонидан жамғармага йўналтирилган маблағларнинг 0,01 фоизи - Инспекция ва унинг Ҳудудий инспекциялари эҳтиёжларини молиялаштиришга йўналтирилади;

Қурилиш вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари фаолиятини қисман молиялаштириш;

вакиллик харажатларини молиялаштириш;

қонунчиликка мувофиқ ходимларга, жумладан хорижий консультантларга уй-жой хизматлари (ижара) учун ҳар ойлик компенсация тўлаш;

жамоа шартномасида кўрсатилган тўловларни амалга ошириш;

фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича жалб қилинган мутатахассисларга тўловларни амалга ошириш;

Қурилиш вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирлар.


5. Мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган мажбурий ажратмалар, бадаллар ва маблағлар ташкилотлар томонидан ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасидан кечикмай Жамғармага йўналтирилади.


6. Жамғармага мажбурий тўловларни ўз вақтида йўналтириш бўйича шахсий жавобгарлик тегишли ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юкланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Қурилиш вазирлигига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 1-санаси ҳолатига кўра, Жамғарма ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, ташкилотлар бўйича ёзилган мажбурий тўлов ажратмалари миқдори ҳамда мазкур тўлов ажратмалари бўйича қарздорлик тўғрисидаги тезкор маълумотларни ва ҳар чоракда ҳисобот давридан сўнг 10 кун муддат ичида, грант маблағлари ва хайрия эҳсонлари бўйича маълумотларни ҳисобот йилидан кейин тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Давлат солиқ қўмитасидан Жамғармага мажбурий ажратмалардан тушумлар тўғрисида қўшимча маълумотларни сўрашга ҳақли.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс Жамғарма маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.


9. Жамғарма маблағларини сарфлаш Қурилиш вазирлиги ғазначилиги ҳисоб рақамига келиб тушган кирим маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар бўйича тасдиқланган сметага мувофиқ амалга оширилади.


10. Жамғарманинг тасдиқланган сметасида назарда тутилган миқдордан ортиқ кирим маблағидан фойдаланиш сметага тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг амалга оширилади.


11. Даромадлар ва харажатлар сметаларида назарда тутилган ва жорий молия йилида сарфланмаган маблағлар олиб қўйилиши мумкин эмас ва келгуси молия йилида мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадлар учун фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ҲИСОБ-КИТОБ

ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


12. Қурилиш вазирлиги Жамғарма маблағлари тушумлари ва ҳаракати юзасидан алоҳида ҳисоб юритади.


13. Қурилиш вазирлиги Жамғарма маблағларидан фойдаланганлик ҳақидаги ҳисоботларни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


14. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан мақсадли фойдаланиш тартибига риоя қилиш бўйича жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири ва Қурилиш вазирлигининг бош ҳисобчиси зиммасига юкланади.


15. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молия назорати бош бошқармасига юкланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


16. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беришади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 август











































Время: 0.1498
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск