ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш Концепцияси (ЎзР ВМ 04.08.2018 й. ПҚ-3898-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 4 августдаги

ПҚ-3898-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида

маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) маънавий-маърифий ишларнинг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳарбий хизматчиларнинг билими, маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик, масъулият, садоқат ва ватанпарварлик ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ долзарб вазифаларни давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим-тарбия институтларининг ўзаро ҳамкорликдаги роли ва аҳамиятини миллий ва халқаро ҳуқуқий нормаларини ҳисобга олган ҳолда белгилаб беради.


2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар "Ватан - муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" концептуал ғояси асосида ташкиллаштирилиб, унда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини, халқимиз тинчлигини садоқат билан ҳимоя қилиш энг олий вазифа сифатида эътироф этилади. Мазкур ғоянинг асосий мазмун-моҳияти мамлакатимизнинг тинчлик-осойишталигини, фаровонлиги ва тараққиётини таъминлаш учун ҳар қандай душманга қарши курашишда ўз жонини ҳам аямайдиган, ватанпарвар, фидойи, садоқатли, ҳалол ҳарбий хизматчилар ва ёшларни шакллантиришга қаратилган.


3. Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини ошириш, ҳар томонлама тайёргарликка эга, кучли ва билимли, ҳалол, ватанпарвар, мард ва жасур ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, уларнинг фаол ҳаётий позицияси ва қатъий эътиқоди, интеллектуал салоҳиятини, она Ватан тақдирига бўлган масъулиятини мустаҳкамлаш ҳамда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини садоқат ва фидойилик билан виждонан бажаришга йўналтириш, ҳар томонлама етук ва комил ҳарбий хизматчиларни шакллантириш концепциянинг асосий мазмунини ташкил этади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларнинг умумҳарбий низомлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Концепциянинг асосий мақсади мустақил, кенг дунёқараш ва фикрлашга эга, иймон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавиятли ва фидойи, аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган баркамол шахс - Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш, уларнинг дунёқарашларини, мантиқий, ижодий ва таҳлилий фикрлаш доирасини кенгайтириш, она Ватан тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантиришдан иборат.


6. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда бой маданиятимиз, азалий қадриятлар ва анъаналаримизга асосланган дунёқарашини шакллантиришга йўналтирилган ягона тизимини яратиш;

ҳарбий хизматчиларнинг онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини, миллий армиямиз билан фахрланиш, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғусини чуқур сингдириш;

ҳарбий хизматчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини тизимли ва изчил равишда етказиш ҳамда дунёда ва ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан уларда онгли муносабат ва фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, бурчга садоқат, масъулият, фидойиликни ошириш;

миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ҳарбий хизматчиларда "Ўзбекистон халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди!" деган ҳаётий эътиқодни қарор топтириш;

диннинг асл мазмун-моҳиятини теран очиб бериш орқали ҳарбий хизматчиларга эзгулик ва раҳмдиллик анъаналарини сингдириш, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат муносабатларини шакллантириш ҳамда уларни миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром, фидойилик ва садоқат, ҳалоллик ва поклик, мустақил фикр ва соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш;

ҳарбий хизматчиларнинг эстетик тарбиясини кучайтириш, уларнинг маданият ва санъатнинг турли соҳаларига бўлган қизиқишларини ошириш, ушбу мақсадда адабиёт, кино, театр, тасвирий санъат имкониятларидан кенг фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ БОСҚИЧЛАРИ ВА

ЙЎНАЛИШЛАРИ


7. Ҳарбий хизматчиларнинг маънавияти ва дунёқарашлари, Ватанга бўлган садоқат туйғулари, ватанпарварлиги, ҳарбий касбга бўлган қизиқишлари Темурбеклар мактабларида, кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази ва олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳамда қўшинлардаги ҳарбий хизмат давомида такомиллашиб боради.


8. Концепцияни амалга ошириш борасидаги ишлар уч босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич (шакллантириш) - Темурбеклар мактаблари ва академик лицейларнинг махсус гуруҳларида таълим олаётган ўқувчи-ёшлар билан ташкил этилади.

Мазкур таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларнинг турли йўналишлари, усул ва шаклларидан фойдаланилган ҳолда соғлом ва жисмонан бақувват, руҳан барқарор, билимли, интеллектуал салоҳияти юксак, ватанпарвар, фидойи, дунёқараши кенг ёшлар шаклланади.

Ушбу босқичда қуйидаги масалаларга:

буюк тарихимиз, улуғ аллома ва мутафаккирларимиз, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг моҳиятини, аждодлар бой меросининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини чуқур тушунтиришга;

қалбида Ватан тақдирига юксак дахлдорлик, миллий ўзликни англаш ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга;

Ватан ҳимояси муқаддас ва ҳарбийлик шарафли касб эканлиги, жонажон юрти истиқболи ва равнақи учун керакли мутахассисликни танлаш зарурлигига;

ёрқин мисоллар, адабий асарлар, кино ва театр спектакллардаги қаҳрамонлар орқали улар қалбида ҳарбий касбга бўлган ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга;

ҳарбий тартиб-интизом, одоб-ахлоқ, қатъий ижрочилик, жавобгарлик ва масъулият тушунчаларини сингдиришга;

ёшларда фаол ҳаётий позиция ва қатъий эътиқодни, миллий ўзлик ва муқаддас динимиздаги юксак ахлоқий мезонлар орқали уларда турли кўринишдаги ёт ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга;

ўқувчиларнинг турли фан йўналишлари, чет тиллари ва ахборот технологиялари, шу жумладан, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик бўйича билимларини мустаҳкамлашга;

таълим муассасасида ва соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказиладиган "Темурбекнинг издошлари", "Ўзбекистон фарзандлари ботир бўлур" каби танлов ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этишига асосий эътибор қаратилади.

Иккинчи босқич (ривожлантириш) - олий ҳарбий таълим муассасалари ва олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида таълим олаётган курсантлар билан ташкил этилади.

Мазкур таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларнинг турли йўналишлари, усул ва шаклларидан фойдаланилган ҳолда маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли, Ватан манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган, фидойи, садоқатли, ҳалол, фаол ҳаётий позицияга эга ҳамда биринчи босқичда шаклланган, ўз ўрни ва мутахассисликни аниқ белгилаб олган ёшларнинг билимлари ривожлантирилади.

Ушбу босқичда биринчи босқич вазифаларига қўшимча равишда асосий эътибор қуйидаги масалаларга қаратилади:

буюк саркардаларимизнинг ҳарбий санъати ва саркардалик маҳоратларини, аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий меросларини чуқур ўрганишга;

улуғ аждодларимизнинг Ватан озодлиги йўлида мардонавор олиб борган курашлари, мустақиллигимизни ҳимоя қилишда жон фидо этган юртдошларимиз қаҳрамонликларига муносиб бўлиш туйғуларини шакллантиришга;

Ўзбекистон Республикаси, унинг халқи ва Президентига садоқат, юксак ватанпарварлик ва фидойилик фазилатларини ривожлантиришга;

халқимизнинг маънавий қадриятлари, маданияти ва урф-одатларини ҳамда ҳалоллик, поклик, садоқат ва фидойилик фазилатларини чуқур сингдиришга ҳамда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга;

ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга, танлаган касбини чуқур ўрганишга, Ватан равнақи ва юрт тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишга бўлган интилишлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга.

Учинчи босқич (такомиллаштириш/қўллаш) - қўшинларда муддатли ва шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркиби билан ташкил этилади.

Мазкур босқичда таълим муассасаларида таҳсил олган, қўшинларда муддатли ва мутахассислик йўналиши бўйича ҳарбий хизматни давом эттираётган, мустаҳкам билим ва кўникмаларга эга бўлган офицер, сержантлар ва оддий аскарлар таркиби билан ташкил этилади.

Ушбу босқичда биринчи ва иккинчи босқич вазифаларига қўшимча равишда асосий эътибор қуйидаги масалаларга қаратилади:

она юртга ва ўз касбига меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний фазилатларини оширишга, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимиз, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизга асосланган дунёқарашини юксалтиришга;

Ватан ҳимояси учун жонини фидо қилишга тайёр, ҳарбий хизматчи шаънини юксалтириб боришга, Ўзбекистон халқига, айниқса, ёшларга намуна бўлиш сифатларини оширишга;

ҳарбий ихтисосликларни пухта эгаллашга, ҳар қандай шароитда Ватан мудофаасига шай туришга, матонат ва жасорат фазилатларини мустаҳкамлашга, қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, давлат ва ҳарбий мулкни асраб-авайлаш кўникмаларини такомиллаштиришга;

жанговар тайёргарлик ва ҳарбий маҳоратни мунтазам ошириб боришга, ҳарбий жамоада қарор топган ўзаро ёрдам ва дўстона муносабатларни қадрлаш фазилатларини мустаҳкамлашга;

ҳар қандай қийинчиликка тайёр, юксак ирода ва матонат билан ўзини қаҳрамонликка ундовчи, зийрак, ростгўй, чидамли ва сабр-бардошли, ватанпарварлик ва фидойи юрт ҳимоячисини тарбиялашга;

дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтиришга, глобаллашув жараёнларига нисбатан онгли муносабатни, огоҳлик ва ҳушёрликни, фаол ҳаётий позицияни ҳамда мустаҳкам тартиб ва интизомга риоя қилиш фазилатларини юксалтиришга;

фуқаролик ва диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, диний масалалар бўйича билимлари ва миллий мафкурамизга зид бўлган ёт ғояларга қарши танқидий қараш ва мафкуравий иммунитетни, ўзига ишонч, ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуларини мустаҳкамлашга;

ўзининг мустақил фикр-мулоҳазаларини аниқ баён этишга, маънавияти ва нотиқлик санъатини юксалтиришга, жамиятда юксак маънавиятни қарор топтиришда бадиий асарларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб этишга;

масъулиятни тўлиқ ҳис этишга ва хизматда ибрат, фахр ва ифтихор намунаси бўлишга, етук ва баркамол шахс сифатида ўз дунёқарашлари билан бошқаларни эргаштира олишига.


9. Концепциянинг асосий мақсади, вазифалари ва тизими кенг маънода давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари, ижодий уюшмалар, таълим ва маданий муассасалар, дам олиш масканлари, клублар, кутубхоналар ва бошқа муассасалар фаолияти билан узвий боғланган ҳолда қуйидаги йўналишларда олиб борилади:

маънавий ишлар;

маърифий ишлар;

маданий ишлар.


10. Маънавий ишлар маънавий-маърифий ишлар тизимининг асосий йўналиши бўлиб, шахс руҳиятини, унинг ўзини-ўзи англаши, диди, фаросати, адолат ва адолатсизликни, яхшилик билан ёмонликни ажрата билиш қобилиятини, ақл-заковатини, юксак мақсад ва ғояларни қўя билиши, уларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш ва интилиш салоҳиятини белгилаб беради.

Маънавий ишлар йўналишида ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг онги ва тафаккурига кучли таъсир кўрсатадиган, қалбига етиб борадиган, кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган ва замонавий ахборот ва тарғибот технологияларини қўллаган ҳолда таъсирчан руҳда ўтказиладиган тадбирлар ташкил этилади.

Маънавий ишлар йўналишидаги тадбирлар асосан маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари ва бошқа тадбирлар орқали баҳс ва семинар, давра суҳбатлари, семинар-тренинг, музокара ва мунозара (диспут), интеллектуал ўйинлар каби шаклларда, давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёзувчилар уюшмаси, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, имом-хатиблар, ижодкор зиёлилар томонидан ташкил этилади.


11. Маърифий ишлар йўналишидаги тадбирлар ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг миллий ғоя ва мафкура, қадимий ва бой маданиятимиз, тарихимиз ва азалий қадриятларимиз ҳақидаги билимларини оширишга, уларнинг илмий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимлари ва интеллектуал салоҳиятлари, дунёқарашларини мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятдир.

Маърифий ишлар деганда ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг таълим-тарбия ва ахлоқ-одоб меъёрлари, замон талабларига жавоб берадиган инсоний фазилатларни шакллантириш, тафаккурини юксалтиришга қаратилган илмий ва амалий тадбирлар тизими тушунилади.

Маърифий ишлар йўналишидаги тадбирларда ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини ошириш орқали юртимизга чексиз садоқат, меҳр-муҳаббат, озод ва обод Ватан, келажаги буюк давлат барпо этишдек улуғ ва олижаноб мақсадга эътиқод, жасурлик ва фидойилик туйғулари юксалтирилиб борилади.


12. Маданий ишлар маънавий-маърифий ишлар тизимининг ажралмас йўналишларидан бири бўлиб, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар онгида миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром ҳисларини ошириш, юксак эстетик дид ва ахлоқий меъёрларини шакллантириш, Ўзбекистон халқининг бой тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларига ҳурмат, миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналарини оммавий тадбирлар орқали (музей, театр, кино, истироҳат боғлари, концерт ва бошқа тадбирларга ташрифлар) сингдириладиган тадбирлардан иборатдир.

Маданий ишлар тадбирларида асосий эътибор профессионал ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастурлари, буюк аждодларимиз ва алломалар фаолиятига оид саҳна кўринишлари, давлат байрамлари ва тарихий саналарга бағишланган оммавий маданий тадбирлари орқали ҳарбий жамоаларни жипслаштиришга, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилишидан ғурурланиш туйғусини юксалтиришга, Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги зарурий фаолият сифатида онгли ва ижобий муносабатни ривожлантиришга қаратилади.

Маданий ишлар тадбирлари, қоида тариқасида, дам олиш ва байрам кунлари, маданият ва маърифат марказлари, ҳарбий қисм маданият маркази, кутубхона имкониятларидан кенг фойдаланилган ҳолда ўтказилади.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ


13. Концепцияни амалга ошириш механизмида олимлар, ёзувчи, шоир ва сиёсатчилар, ижодкор зиёлилар, давлат ва жамоат ташкилотларининг, шу жумладан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Нуроний" жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаш мутахассислари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этадилар.


14. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказиш алгоритмининг асосини таъсир ўтказувчи объектлар ва субъектлар, маънавий-маърифий тадбирларнинг шакллари, йўналишлари ва усуллари ташкил этади. Жумладан, унда:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги томонидан - давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, бой тарихимиз, алломаларимиз мероси ва саркардаларимизнинг фидойилиги, қаҳрамонликлари, ислоҳотлар жараёни ва ҳаракатлар стратегияси ҳамда таҳдидлар тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан - буюк аждодларимиз ва алломалар фаолиятига оид театр спектакли ва саҳна кўринишлари, концерт дастурлари, экскурсиялар ҳамда миллий ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларни мустаҳкамлашга, нотиқлик санъатини шакллантиришга қаратилган оммавий маданий тадбирлар;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан - ҳуқуқий билимларни ошириш, дунёқараш ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, глобаллашув жараёнларига нисбатан онгли муносабатни, огоҳлик ва ҳушёрликни, фаол ҳаётий позицияни ҳамда мустаҳкам тартиб ва интизомга риоя қилиш фазилатларни юксалтиришга қаратилган тадбирлар;

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан - халқимизнинг маънавий қадриятлари, маданияти ва урф-одатларини, бой меросимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳамда одоб-ахлоқ, ҳалоллик, поклик, садоқат ва фидойиликни чуқур сингдиришга қаратилган давра суҳбатлари;

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан - ислом динининг асл мазмун-моҳиятини етказиш, диний саводхонликни ошириш, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ғояларини тарғиб қилиш ҳамда ёт ғояларга қарши танқидий қараш ва мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ҳушёрлик ва огоҳлик каби туйғуларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан - маданий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот ҳамда ижтимоий-иқтисодий йўналишлар бўйича етук соҳа мутахассисларини таклиф қилган ҳолда ёшлар ва ҳарбий хизматчилар қалбида Ватан тақдирига юксак дахлдорлик, шижоат ва фидойилик туйғуларини шакллантиришга, спорт-саломатлик масалаларига қаратилган оммавий тадбирлар;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан - мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналари мазмун-моҳиятини тушунтириш, китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда ватанпарварлик, мардлик, фахрва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган ижодий учрашувлар;

Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан - ҳарбий хизматчилар оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш, оила шаънини сақлашда ота-она ва фарзандлар масъулияти ва бурчлари, ор-номус, қадр-қиммат, шарм-ҳаё каби ахлоқий меъёрларни етказиб бориш, оилаларнинг ижтимоий аҳволи, эҳтиёжлари ва муаммоларини тизимли ўрганиб боришга қаратилган тадбирлар;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан - авлодлар ворислигини сақлаш, Ватанга муҳаббат ва кексаларга эъзоз, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини шакллантириш, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини қадрлашга даъват этиш, ҳарбий хизматчилар оилаларида инсонпарварлик, меҳр-оқибат, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат муносабатларини шакллантириш, ижтимоий, сиёсий барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлашга йўналтирилган учрашувлар ва суҳбатлар;

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан - ҳарбий касбни танлаш ва соҳа йўналишини мукаммал ўзлаштириш, ҳарбий техник воситалардан самарали фойдаланиш ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланиш, жисмоний ва маънавий комилликка интилиш, жисмонан етук, кучли ва шижоатли, Ватан манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган, фидойи, садоқатли, ҳалол, фаол ҳаётий позиция эга етук мутахассисларни тарбиялашга йўналтирилган машғулотлар, мусобақалар ва амалий тадбирлар ташкил этиб борилади.

15. Қуйидагилар Концепциянинг принциплари ҳисобланади:

ватанпарварлик;

садоқат;

ҳалоллик;

адолат;

интизом.


16. Маънавий-маърифий ишлар тизимининг асосини қуйидагилар ташкил этади:

маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари;

маънавият соатлари (Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг йўналишлар бўйича тадбирлари, китоб мутолааси ва бошқалар);

ахлоқий-руҳий тайёргарлик машғулотлари;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси суҳбатлари;

маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни тадбирлари (мардлик дарслари, акциялар, давра суҳбатлари, экскурсия, ташрифлар, мусобақалар ва бошқалар);

бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши;

оммавий маданий тадбирлар (театр спектакли, саҳна кўринишлари, концерт дастурлари, бадиий ва ижодий кечалар, учрашувлар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари).


17. Маънавий-маърифий ишлар тизими тадбирларида ҳарбий хизматчиларнинг фаол иштирок этишига, фикр ва туйғуларини эркин баён қилишига ҳамда шу орқали нотиқлик санъатини оширишга эътибор қаратилади. Унда қуйидаги шакллар устувор аҳамиятга эга бўлади:

семинар-тренинглар, муайян мавзуга бағишланган кечалар, ижодий учрашувлар, баҳс-мунозаралар, викториналар, давра суҳбатлари;

бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчи ва фахрийлар, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида, турли мусобақа ва танловларда ғолиб бўлган шахслар билан учрашувлар;

театр спектакли ва саҳна кўринишлари, бадиий асарлар муҳокамаси, савол-жавоб кечалари, якка ва жамоавий суҳбатлар;

телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, фильм ва мультфильмлар, бадиий ва мусиқий асарлар, аскар қўшиқлари, электрон ўйинлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

уруш ва меҳнат фахрийлари, жанговар ҳаракатлар иштирокчилари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар;

тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш;

ҳарбий хизматга чақирилувчилар куни, мардлик сабоқларини ўтказиш ва экскурсиялар уюштириш.


18. Маънавий-маърифий ишлар тизими тадбирларини ташкил этишда тарғибот ишлари муҳим аҳамиятга эга. Тарғибот ишлари орқали ёшлар ва ҳарбий хизматчилар орасида юксак марраларга ва илғорликка эришган намунали шахслар ва замон қаҳрамонларининг фаолияти ва ишларини тарғиб этиб бориш, уларнинг садоқат ва бурч, ҳалоллик ва поклик, масъулият ва жавобгарлик, жасурлик ва мардлик, юксак ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаб бориш, уларга ғоявий-сиёсий таъсир қилиш ҳамда ҳарбий хизмат билан боғлиқ (давлат ва жамият) манфаатларни ифода этишга қаратилган тадбирлар ташкил этилади.

Тарғибот ишлари ҳарбий қисм қўмондонлигининг ижодий уюшмалар, маданият муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг тизимли ва мақсадли фаолиятини ифодалайдиган, уларга маънавий тушунча ва тамойилларни чуқур сингдирадиган, онги ва қалбларида ватанпарварлик, садоқат, фахр ва ғурур туйғуларини ҳамда мустаҳкам ирода, Ватан тақдири учун масъулият ҳиссини оширадиган, юклатилган ўқув-жанговар вазифаларни сифатли ва ўз вақтида тўлақонли бажаришга йўналтирадиган амалий тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Тарғибот ишлари оғзаки шаклда (тезкор ахборот, суҳбатлар, маърузалар, муайян мавзуга бағишланган музокара ва семинарлар, мавзули кечалар, мунозара ва баҳслар), нашрли (газета, журнал, деворий газета, қўлланма, жанговар варақа, китоб ва бошқа адабиётлар мутолааси), кўргазмали воситалар (плакат, фотомонтаж, панно, расмлар, китоб кўргазмалари, шунингдек, радио эшиттириш ва радиомулоқотлар, теле-видео дастурларни жамоа бўлиб томоша ва муҳокама қилиш ҳамда бошқалар) орқали олиб борилади.


19. Қуролли Кучларга муносиб номзодларни тайёрлаб берувчи Темурбеклар мактабидан бошлаб олий ҳарбий таълим муассасалари, ҳарбий қисмларгача қамраб олган маънавий-маърифий ишлар тизими орқали юксак маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи, комил ҳарбий хизматчилар етишиб чиқади.


20. Маънавий-маърифий ишлар йўналишларида ташкил этиладиган барча тадбирлар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни юксак маънавиятли, ватанпарвар, ҳалол, ўз касбига садоқатли ва фидойи юрт посбонлари бўлиб шаклланишига ҳамда улар ёрдамида мамлакатимизнинг ўсиб келаётган ҳақиқий ватанпарвар ёшларини тарбиялашга имкон яратиб беради.


5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖА


21. Концепцияда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида юксак маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ҳарбий хизматчи камол топади.


22. Маънан етук, ҳарбий ихтисосликларни пухта эгаллаган, ҳар қандай шароитда Ватан мудофаасига шай, матонат ва жасоратда, ҳаётда ва ҳарбий хизматда намуна бўлган ҳарбий хизматчилар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда Концепцияда белгиланган натижаларга эришилади.


23. Мазкур Концепция Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини тизимли ва босқичли равишда юксалтириб бориш, улар қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик, масъулият, садоқат ва ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади.


24. Концепциянинг амалга оширилиши ҳар жиҳатдан содиқ, ҳалол, ватанпарвар, мард ва жасур ҳарбий хизматчини тарбиялаш билан бирга халқимиз ўртасида ҳарбий хизматчиларга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, ёшларда ҳарбий касбга бўлган ҳавас ва қизиқишларини ошириш ҳамда бу орқали Қуролли Кучларни мустаҳкам иродали, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшлар билан тўлдириб бориш имконини беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 13 август, 32-сон, 656-модда









































Время: 0.1443
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск