Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Тадбиркорлик субъектлари / Якка тартибдаги тадбиркорлар /

Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.08.2018 й. 631-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 7 августдаги

631-сон қарорига

1-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини

ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом оилавий меҳмон уйлари (кейинги ўринларда меҳмон уйлари деб аталади) фаолиятини ташкил этиш ва улар томонидан хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


оилавий меҳмон уйи (кейинги ўринларда меҳмон уйи деб аталади) - мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 м-2 ҳисобидан тўғри келадиган турар-жой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой ҳисобланади;


Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар ягона реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) - юритилиши Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан амалга ошириладиган оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базаси;

ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари;


аризачи - меҳмон уйини ташкил этиш учун яроқли тураржой биносига эга бўлган ва унда яшаётган ёки унинг хотини (эри), ота-онаси, фарзанди, шу жумладан фарзандликка олинганлар ва набиралари, уни Реестрга киритиш учун белгиланган тартибда ариза топширган хусусий ёки оилавий тадбиркорлик субъекти;

меҳмон уйининг эгаси - Реестрга киритилган хусусий ёки оилавий тадбиркорлик субъекти.


3. Меҳмон уйлари эгалари, фақат улар Реестрга киритилгандан сўнг хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.


4. Меҳмон уйлари хизматлари кўрсатиш мазкур турар-жойда унинг эгаси ўз оила аъзолари ҳамда ташриф буюрувчилар (туристлар) билан бирга яшаш тамойили бўйича ташкил этилади.


5. Меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тартиби мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. МЕҲМОН УЙЛАРИ ТОМОНИДАН

КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАРГА

ДОИР ТАЛАБЛАР


6. Меҳмон уйлари кўрсатадиган хизматларига доир талаблар қуйидаги мақсадларда белгиланади:

меҳмон уйининг вақтинчалик яшаш бўйича хизмат (кейинги ўринларда хизматлар деб аталади) кўрсатиш соҳасига мувофиқлигини тасдиқлаш;

меҳмон уйларида унинг эгаси томонидан қайд этилган кўрсатиладиган хизматлар ва зарур моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқлаш;

хизмат кўрсатишнинг зарур даражадаги сифатини ва ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш.


7. Меҳмон уйлари ташкил этишда мазкур Низомнинг 2-иловасига биноан рўйхат бўйича мажбурий шарт-шароитларга мувофиқ бўлиши шарт.

Меҳмон уйи томонидан хизматлар кўрсатиш вақтида уни жиҳозлаш ва унда истеъмол буюмларининг бўлиши, шунингдек,мазкур Низомнинг ва 2б-иловаларига биноан рўйхат бўйича қўшимча хизмат турларини кўрсатиши тавсия этилади.



3-БОБ. МЕҲМОН УЙЛАРИ ХИЗМАТЛАРИНИ

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


8. Меҳмон уйлари хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда,меҳмон уйларни ўрганиш далолатномаси асосида уларни Реестрга киритиш ва Реестрдан тегишли кўчирма бериш йўли билан амалга оширилади;


9. Реестрни юритиш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


10. Реестрни юритиш қуйидагиларни назарда тутади:

меҳмон уйига индивидуал реестр рақамини берган ҳолда мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ меҳмон уйлари тўғрисидаги маълумотларни маълумотлар базасига киритиш;

маълумотлар базасини бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида онлайн режимида янгилаб туриш.


11. Реестр электрон шаклда юритилади ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши лозим.


12. Аризачи уни Реестрга киритиш учун ваколатли давлат органига мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза беради.


13. Аризага бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади.

14. Аризачидан мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


15. Ҳаққоний бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этгани учун аризачи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


16. Аризачи томонидан ариза мазкур Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳужжатлар билан бирга ваколатли давлат органига бевосита, почта алоқаси воситалари ёки электрон шаклда, уни олганлиги тўғрисидаги билдириш хати билан тақдим этилади.


17. Ваколатли давлат органи ҳужжатларни олган кунидан бошлаб уларни уч иш куни давомида кўриб чиқади, меҳмон уйини мазкур Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган мажбурий шарт-шароитларга мувофиқлиги бўйича ўрганиб чиқади.


18. Ўрганиб чиқиш натижалари юзасидан ваколатли давлат органи мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома расмийлаштиради.


19. Меҳмон уйи мазкур Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган мажбурий шарт-шароитларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, ваколатли давлат органи далолатнома расмийлаштирилган кундан бошлаб бир иш куни ичида аризачига меҳмон уйини Реестрга киритиш рад этилганлиги тўғрисида аниқ номувофиқликлар ва унинг давомида аризачи рад этиш сабабларини бартараф қилиш ва қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган муддат (уч ойгача) кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда билдириш хати юборади.


20. Аризачи томонидан меҳмон уйини Реестрга киритиш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, икки иш куни давомида кўриб чиқиш натижалари бўйича қўшимча далолатнома расмийлаштирилган ҳолда ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш амалга оширилади.

Қайта кўриб чиқишда ваколатли давлат органи томонидан муқаддам аризачига ёзма билдириш хатида баён этилмаган рад этиш сабаблари кўрсатилишига йўл қўйилмайди.


21. Аризачи томонидан меҳмон уйини Реестрга киритиш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма билдириш хатида кўрсатилган муддат ўтиб кетгандан кейин топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли давлат органи томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


22. Меҳмон уйи мазкур Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган мажбурий шарт-шароитларга мувофиқ бўлган тақдирда, ваколатли давлат органи бир иш куни мобайнида меҳмон уйига индивидуал реестр рақами берган ҳолда, меҳмон уйини Реестрга киритади ва аризачига мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклдаги Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан кўчирма беради.

Аризачининг хоҳишига кўра кўчирма QR-код саноқли тизимидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда жўнатилиши мумкин.


23. Реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва кўчирма бериш учун тўлов ундирилмайди.


24. Реестрга аввал киритилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, меҳмон уйлари эгалари бундай ўзгариш юзага келган вақтдан бошлаб уч иш куни мобайнида, тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, ваколатли давлат органига маълум қилишлари шарт.

Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар меҳмон уйлари эгалари томонидан ваколатли давлат органига бевосита, почта алоқаси воситалари ёки электрон шаклда уни олганлиги тўғрисидаги билдириш хати билан тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аризачининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


25. Реестрдан кўчирмани қайта расмийлаштириш ва бериш ваколатли давлат орган томонидан меҳмон уйи эгасининг ҳужжатларни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни олган кунидан бошлаб бир иш куни мобайнида амалга оширилади.


26. Меҳмон уйини Реестрдан чиқариш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

меҳмон уйи эгаси томонидан Реестрдан ихтиёрий равишда чиқариш тўғрисида ариза берилса;

хусусий тадбиркорлик фаолияти тугатилса ёхуд оилавий тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тугатилса;

ваколатли давлат органи томонидан ўрганиш ва меҳмон уйларида яшаётган шахсларни анкеталаштириш давомида мазкур Низом талабларининг сурункали равишда бузилиши аниқланса.

Ўрганиш вақтида аниқланган бузилишлар меҳмон уйи эгаси томонидан бартараф этилгандан сўнг у Реестрга киритиш тўғрисида такроран ариза топшириши мумкин.


27. Кўчирма йўқолган ёки шикастланган тақдирда, меҳмон уйи эгасининг ёзма мурожаатига кўра унинг дубликати берилади.


28. Ваколатли давлат органи аризани олган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида кўчирма дубликатини,шунингдек, у шикастланган тақдирда эса - кўчирманинг аслини бериши (юбориши)шарт.


29. Кўчирмани қайта расмийлаштириш ва унинг дубликатини бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди.


30. Ваколатли давлат органи Реестрдан берилган ва қайта расмийлаштирилган кўчирмалар, шунингдек, Реестрдан чиқарилган меҳмон уйлари тўғрисидаги маълумотларнинг долзарб ҳолатда электрон кўринишда сақланишини ва ўзининг бутун жаҳон Интернет ахборот тармоғидаги веб-сайтида онлайн режимда эълон қилинишини таъминлайди.



4-БОБ. МЕҲМОН УЙЛАРИ ТОМОНИДАН

БЕЛГИЛАНГАН ТАЛАБЛАРГА РИОЯ

ЭТИЛИШИ МОНИТОРИНГИ


31. Ваколатли давлат органи меҳмон уйлари фаолияти ва улар томонидан мазкур Низомда кўзда тутилган талаблар бажарилишининг мониторингини:

меҳмон уйлари томонидан мазкур Низом талаблари (шу жумладан мазкур Низомнинг 2-иловасида кўзда тутилган мажбурий шартлар) бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

меҳмон уйлари эгалари ва ходимларининг кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин бўлган инсофсиз аҳлоқи ва ноҳақ ҳаракатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

Реестрга киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида амалга оширади.


32. Мониторинг:

меҳмон уйлари ва улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш;

меҳмон уйи ташриф буюрувчиларини(туристларни)ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган шаклда анкеталаштириш йўли билан амалга оширилади.



5-БОБ. МЕҲМОН УЙИ ЭГАСИНИНГ ВА

ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


33. Меҳмон уйлари эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

турар жой биносини ўз ихтиёрига кўра Ўзбекистон Республикасининг турар-жойлар тўғрисидаги қонунчилиги ва мазкур Низомда белгиланган меъёрлар доирасида тасарруф этиш;

ижарада турувчиларни (туристларни) меҳмонуйига уларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва ахборот-туристик марказлари орқали, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда эса, билдириш тартибида ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга қўйиш орқали ижара шартномасини расмийлаштирмасдан жойлаштириш;

ташриф буюрувчилар (туристлар) томонидан жамоат тартиби меъёрлари бузилган ҳолларда жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро боғланиб ҳаракат қилиш;

туризм фаолияти субъектларига берилган имтиёзлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш.

Меҳмон уйларининг эгалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Мавсумий бўлмаган даврда меҳмон уйларининг эгалари рўйхатга олиш ва солиқ органларига меҳмон уйи фаолияти вақтинча тўхтатиш ва улар ўз фаолиятини вақтинча амалга оширмайдиган қайд этилган даврга солиқ ҳисобланишини вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисида ариза бериш йўли билан вақтинча ўз фаолиятларини тўхтатиш ҳуқуқига эга бўладилар.


34. Ваколатли давлат органи меҳмон уйлари фаолияти мониторингини амалга ошириш, улар томонидан мазкур Низом талабларининг ўз вақтида ва тўлақонли бажарилиши мақсадида:

меҳмон уйлари фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

мазкур Низомда кўзда тутилган талаблар бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолатларда меҳмон уйи манзилига аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш учун аниқ муддатлар кўрсатилган ҳолда бажарилиши мажбурий бўлган огоҳлантириш юбориш ҳуқуқига эга.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


35. Меҳмон уйларининг эгалари:

фаолиятини қатъий равишда мазкур Низом ва туризм тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши;

санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативлари, шунингдек, эпидемияга қарши ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;

Меҳмон уйлари реестрига киритилган маълумотлар ўзгарганлиги, шунингдек, ўз фаолиятини тугатганлиги тўғрисида уч иш куни мобайнида ваколатли давлат органини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилишлари шарт.

Меҳмон уйларининг эгалари қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


36. Ваколатли давлат органи қуйидагиларга мажбур:

вақтинчалик яшаш бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби билан таништириш учун, шунингдек, режали асосда меҳмон уйлари ходимларининг билими ва малакасини ошириш имконини берувчи профилактика ва тушунтириш ишлари, мастер-класслар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш;

меҳмон уйларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш ва таъминлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

манфаатдор давлат органлари билан ҳамкорликда меҳмон уйларининг эгаларини фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлар тартиби билан таништириш;

меҳмон уйларининг эгаларини туризм соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлардаги ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида хабардор қилиб бориш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини меҳмон уйлари билан ўзаро муносабатлар соҳасига фаол равишда жорий қилиб бориш.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Меҳмон уйлари фаолиятини назорат қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


38. Мазкур Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар


Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати




1-босқич

Аризачи


Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади) Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) киритиш учун ариза беради.

Аризачининг хоҳишига кўра





2-босқич


Ваколатли давлат органи


Келиб тушган аризани илова қилинган ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқади ва оилавий меҳмон уйини (кейинги ўринларда меҳмон уйи деб аталади) талабларга мувофиқлигини ўрганади, меҳмон уйини ўрганиш далолатномасини расмийлаштиради.


Меҳмон уйи белгиланган талабларга мувофиқ бўлганда унга индивидуал реестр рақами беради ва аризачига Меҳмон уйлари реестридан кўчирма топширади.


Меҳмон уйи белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда аризачига муайян номувофиқликлар кўрсатиб ўтилган, меҳмон уйини Реестрга киритишни рад этиш тўғрисида ёзма шаклдаги билдиришнома юборади.

Уч иш куни давомида





Бир иш куни давомида




Бир иш куни давомида



3-босқич*


Аризачи


Реестрга киритишни рад этиш тўғрисида билдиришномани олганда рад этиш сабабларини бартараф этади ва ваколатли давлат органига қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этади.


Уч ойгача


4-босқич*


Ваколатли давлат органи

Ҳужжатларни қайта кўриб чиқади ва қўшимча далолатномани расмийлаштиради.

Икки иш куни давомида



5-босқич

Ваколатли давлат органи

Меҳмон уйлари фаолияти мониторингини амалга оширади.

Доимий




   

*) Ваколатли давлат органи Реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган ҳолатларда аризачи 3 ва 4-босқичлардан ўтади.






Низомга

2-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил

этишда яратиладиган мажбурий шароитлар

РЎЙХАТИ


1. Ташриф буюрувчилар (туристлар) учун санитария-гигиена қулайликларини ташкил этиш:


1.1. Умумий фойдаланиш учун санитария-гигиена узели, ванна ёки душ кабинасининг мавжудлиги.


1.2. Канализация (сув чиқариш) ёки (ахлат тўкиладиган ўрани ташкиллаштириш йўли билан) маҳаллий иншоотларнинг мавжудлиги.


1.3. Яшаш ва жамоат жойларида табиий ва сунъий (шу жумладан фонарлар, шамлар ва бошқа ёритиш воситаларидан фойдаланиш ҳисобига) ёритишнинг мавжудлиги.


1.4. Сув таъминотининг мавжудлиги (шу жумладан сувни тўплаш учун идишлар ўрнатиш йўли билан).


2. Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш:


2.1. Ўт ўчиргичлар ва тиббиёт дори қутисининг мавжудлиги.


2.2. Шошилинч ёрдам хизматларини чақириш имконияти.


3. Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) қулай ва яхши яшашлари учун шароитлар ташкил қилиш:


3.1. Туташ ҳудуднинг қулай ва шинам бўлиши, оилавий меҳмон уйига бориш йўллари қаттиқ қопламага (шағалли, ёғочли) эга бўлиши керак.


3.2. Оилавий меҳмон уйининг олд томонида "Оилавий меҳмон уйи", "Семейный гостевой дом" ва "Family guesthouse" сўзларини ўз ичига олган, оилавий меҳмон уйининг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги номи кўрсатиб ўтилган маълумотлар тахтасининг (ўлчами - энг камида 60 см х 80 см) мавжудлиги.


3.3. Оилавий меҳмон уйига киришда ўзбек, рус ва инглиз тилларида қуйидаги маълумотлар ёзилган маълумотлар тахтасининг мавжудлиги:

Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан кўчирма нусхаси;

шошилинч хизматларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Call-марказининг телефон рақамлари;

кўрсатиладиган хизматлар прейскуранти;

рўй бериши мумкин бўлган табиий ҳодисалар, жойлардаги хавфлар тўғрисида маълумот.


3.4. Умумий фойдаланиш учун мобил ёки стационар телефон алоқасининг мавжудлиги.


3.5. Яшовчиларни ҳисобга олувчи махсус электрон автоматлаштирилган дастурга уланиш. Бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғига уланмаган ҳолатда яшовчиларни рўйхатга олиш энг яқин жойлаштириш воситалари ёки туризм-ахборот марказлари орқали тегишли ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат этган ҳолда амалга оширилади.


3.6. Ташриф буюрувчиларни (туристларни) жойлаштириш хоналарида каравотлар ёки матраслар, каравотлар / матраслар сони бўйича чойшаб-жилдлар мажмуининг мавжудлиги.






Низомга

2а-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйларини жиҳозлаш ва

улар томонидан қўшимча хизмат

турларини кўрсатиш бўйича

ТАВСИЯЛАР*


1. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар тахтасининг мавжудлиги:

юридик шахс ташкил этмасдан хусусий тадбиркорни ёки оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш (манзил, телефон / факс рақами, электрон почта манзили);

чақирув тез тиббий ёрдами ва ҳудудий ички ишлар органлари ходимларининг келиш вақти тўғрисида маълумот.


2. Ташриф буюрувчиларга (туристларга) бериладиган, диққатга сазовор жойлар билан танишиш учун йўналишлар ва трекинг йўналишлар (қишлоқ, тоғли жойлар, сув ҳавзалари ва бошқалар) кўрсатиб ўтилган жой харитаси.


3. Ҳар бир хонада ички сақлагичли қулфлар ёки илгаклари бўлган эшикларнинг мавжудлиги.


4. Авария ҳолатида ёритишнинг (турғун генератор ва аккумуляторлар) мавжудлиги.


5. Ошхона ёки мустақил овқат тайёрлаш учун шароитларнинг, шунингдек ошхона анжомлари ва асбобларининг мавжудлиги.


6. Совутгичнинг мавжудлиги (хонада ёки умумий фойдаланиш учун).


7. Ҳар киши бошига 50 литр сув ҳисобидан минимал сув захираси бўлган идишнинг мавжудлиги.


8. Ташриф буюрувчиларни (туристларни) жойлаштириш учун мўлжалланган хоналарни ҳар куни тозалаш ҳамда санитария-гигиена узели ва ошхонага ҳар куни ишлов бериш (дезинфекция).


9. Бир йилда камида бир марта дератизация, дезинсекция ва дезодорация йўли билан хоналарга санитария ишлови бериш.


10. Дам олиш учун жой / иншоотнинг (мос бўлган мебелли айвон, супа, шийпонча) мавжудлиги.


11. Ванна/душхоналар учун зарур жиҳозларнинг (кўзгу, ювиниш ашёлари учун токча, кийимлар учун илгаклар, сочиқ илгич, шахсий гигиенанинг бир марталик воситалари (совун ёки суюқ совун, шампунь) ҳамда ҳаммом сочиқлари тўпламининг (уларни алмаштириш имконияти билан) мавжудлиги.


12. Тегишли жиҳоз ва вентиляцияли санитария-гигиена узелининг мавжудлиги (ҳожатхона кабиналари, қопқоқли унитаз/полга ўрнатилган унитаз, ҳожатхона симчўткаси, ҳожатхона қоғози, ҳожатхона қоғозини ўрнатгич, чиқинди учун саватча, кўзгули бет-қўл ювгич, совун ёки суюқ совун, матоли ёки қоғозли сочиқлар, кийим учун илгаклар).


13. Ҳавонинг нормал циркуляциясини таъминлайдиган ва яшаш хоналари ва жамоат жойларига ёқимсиз ҳидлар ва ҳашаротларнинг киришига йўл қўймайдиган шамоллатиш ёки ҳавони кондициялаш тизимининг мавжудлиги.


14. Қўшимча хизмат турларини тақдим этиш:

манзарали жойлар ва суратга олиш учун қулай вақт тўғрисида маълумот;

маданий ва кўнгилочар дам олиш жойларининг жойлашиши, зиёрат жойлари, ташриф буюрувчилар (туристлар) келган вақтда ўтказиладиган маданий тадбирлар тўғрисида маълумот;

миллий таомларни тайёрлаш, ҳунармандлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича маҳорат дарсларини ҳамда ушбу жараёнда ташриф буюрувчининг (туристнинг) бевосита иштирокидаги бошқа тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш;

ташриф буюрувчининг (туристнинг) миллий анъаналарда ҳамда байрамларда иштирок этишини ташкиллаштириш ("Келин салом", "Бешик тўй", Наврўз, халқ сайиллари ва бошқалар);

кир ювиш хонаси;

такси чақириш;

балиқ ови ва ов қилиш;

от миниш дарслари;

ҳаммом, бассейн, спорт анжомларининг ижараси;

автомобиль тўхташ жойининг мавжудлиги;

гидлар, йўл бошловчи-инструктор ёки ўлкашуносларни жалб қилиш.


15. Оилавий меҳмон уйлари эгалари ва ишчиларини меҳмонхона хизматлари кўрсатиш соҳасида малака ошириш ва ходимларни қайта тайёрлаш курсларида даврий равишда ўқитиш.

    

*) Оилавий меҳмон уйларини жиҳозлаш ҳамда улар томонидан қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича тавсиялар мажбурий эмас ва Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритишни рад этиш учун асос бўла олмайди.





Низомга

2б-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйларида мавжуд

бўлиши тавсия этиладиган буюмлар

РЎЙХАТИ*

   

1. Телевизор.


2. Совутгич.


3. Кондиционер.


4. Душ кабинаси.


5. Унитаз.


6. Бет-қўл ювиш анжомлари.


7. Кир ювиш машинаси.


8. Идиш-товоқлар тўплами ва ошхона анжомлари.


9. Чойшаб-жилдлар мажмуи.


10. Ҳаммом ва юз сочиқлари.


11. Гиламлар.


12. Сўзана, қумғон (кўза), сопол буюмлар ва хоналарни безаш учун миллий ҳунармандчиликнинг бошқа буюмлари.

   

*) Оилавий меҳмон уйини таъмирлаш ва ободонлаштириш учун қурилиш материаллари ва бошқа зарур материаллар рўйхати ҳар бир алоҳида муайян ҳолатда бажариладиган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.






Низомга

3-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар

ягона реестрига киритиладиган

МАЪЛУМОТЛАР

1. Хусусий ёки оилавий тадбиркорлик субъекти (аризачи)нинг номи.


2. Оилавий меҳмон уйининг почта манзили (жойлашган жойи).


3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами.


4. Аризачи тўғрисида маълумот (Ф.И.О., телефон рақами, электрон почта манзили).


5. Индивидуал реестр рақами ва Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритилган санаси.





Низомга

4-ИЛОВА







(Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат

қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг номи)

Ариза


1.

,

(аризачининг тўлиқ номи)


манзил бўйича рўйхатдан ўтган

(манзили, телефони, факс рақами, электрон почта манзили)


      


,

   


шахс номидан,

(оилавий меҳмон уйи эгасининг лавозими, Ф.И.О.)


    


манзил бўйича тақдим этиладиган,

(вилоят, туман, шаҳар, кўча, бино рақами)


   


оилавий меҳмон уйи хизматини кўрсатиш

(хоналар ва жойлар сони)


       

хавфсизлик талабларига мувофиқ келишини маълум қилади ва уни Оилавий меҳмон уйларининг ягона реестрига киритишни сўрайди.


2. Аризачи қонун ҳужжатларида белгиланган барча шартларни бажаришни ўз зиммасига олади.


3. Аризага ҳужжат ва маълумотлар ___ варақда илова қилинади.


     






(аризачининг шахсий имзоси)

20__ йил "___" __________



(сана)


М.Ў. (мавжуд бўлганда)

       

Ариза шаклини олиш

учун QR-код




   




Низомга

5-ИЛОВА



Оилавий меҳмон уйини ўрганиш далолатномаси N____



20__ йилдаги "___" __________


Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси



ҳудудий бўлинмаси ходими

(ҳудуд номи)



(ходимнинг Ф.И.О., лавозими)

20__ йил "___" __________да _________________________________________________________________________________________________________


,

(аризачининг манзили)


оилавий меҳмон уйи томонидан кўрсатиладиган хизматларни Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритиш мақсадида аризачи


иштирокида ўрганди.

(Ф.И.О., телефон рақами, электрон почта манзили)


Баҳолаш вақтида:


белгиланди.

Тавсия этилади:


  

Хулоса:


  

  






(ходим лавозими)


(имзо)


(Ф.И.О.)

  

Далолатнома билан танишдим ва битта нусхасини олдим:




(аризачининг Ф.И.О.)


(имзо)

20__ йил "___" __________



(сана)


М.Ў. (мавжуд бўлганда)




Низомга

6-ИЛОВА



(бланканинг босмахона рақами)



Ўзбекистон Республикаси Туризмни

ривожлантириш давлат қўмитаси



Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона

реестридан кўчирма

Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритилган


га


(аризачининг Ф.И.О.)


берилади


20__ йил "___" ___________.

Рўйхатга олиш рақами:















(сана, ой (сўз билан), йил)



Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР):


















Паспорт серияси:



рақами:








берилган:









й.


(паспорт берган органнинг тўлиқ номи)


Оилавий меҳмон уйи манзили:



Амалга оширилаётган фаолиятнинг қўшимча тур(лар)и:






Кўчирма берилди:


(Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг тўлиқ номи)


QR-код учун жой





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 13 август, 32-сон, 662-модда
















































Время: 0.1904
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск