язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар/ Нодавлат нотижорат ташкилотлари/ Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини адлия органлари томонидан мониторинг қилиш ва ўрганиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.08.2018 й. 635-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 8 августдаги

635-сон қарорига

ИЛОВА



Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини

адлия органлари томонидан мониторинг

қилиш ва ўрганиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш тартибини белгилайди.

Қонун ҳужжатларида адлия органлари томонидан мониторинг қилиш  ва ўрганишларни ўтказишда ушбу Низомдан бошқача талаблар белгиланган тақдирда, қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилади.


2. Ушбу Низом адлия органлари томонидан вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг ишчи гуруҳлари таркибида ўтказиладиган ўрганишларни амалга оширишга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


адлия органлари - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари;


бошқа таъсир чоралари - мониторинг қилиш, ўрганишни ўтказиш давомида ёки уларнинг натижаси бўйича қўлланиладиган таъсир чоралари (даъво ариза, маъмурий баённома ва бошқалар);


давлат назорати - нодавлат нотижорат ташкилотлари (кейинги ўринларда ННТ деб аталади) томонидан қонун ҳужжатлари ва ўз таъсис ҳужжатларига риоя этилишини, шунингдек, уларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини адлия органлари томонидан мониторинг қилиш  ва ўрганиш;


мониторинг - ННТларнинг қонун ҳужжатларига, устав фаолиятига, таъсис ҳужжатларига мувофиқ, шунингдек, уларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши бўйича маълумотларни тизимли равишда йиғиш, ўрганиш  ва таҳлил қилиш жараёни;


режали ўрганиш - адлия органи раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланадиган иш режага мувофиқ ўтказиладиган ўрганиш. Бунда ННТни иш режага қўшиш учун асос унинг давлат (ҳисоб) рўйхатидан ўтказилганидан ёки охирги ўрганиш ўтказилганидан уч йил ўтганлиги ҳисобланади;


режадан ташқари ўрганиш - адлия органи томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда амалга ошириладиган иш режасига киритилмаган ўрганиш;


тақдимнома - адлия органлари томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш хусусида қонунбузилишни бартараф этиш ваколатларига эга бўлган органга ёки мансабдор шахсга киритиладиган ҳужжат;


таклиф - адлия органлари томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тегишли ваколатли органларга киритиладиган ҳужжат;


огоҳнома - содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни тушунтириш ҳақида адлия органи томонидан тегишли мансабдор шахсларга нисбатан киритиладиган ёзма ҳужжат.


4. Адлия органлари ННТлар томонидан қонун ҳужжатларига, устав фаолиятига, таъсис ҳужжатларига риоя этилиши, шунингдек, уларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишини ўрганади.

Адлия органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган назорат функциялари доирасида бошқа ўрганишларни ҳам амалга ошириши мумкин.



2-БОБ. ЎРГАНИШЛАРНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


5. Қуйидагилар ўрганишларни ўтказиш учун асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ёки ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида чиқарилган адлия вазирининг буйруғи;

адлия органларининг иш режалари;

адлия органлари томонидан ўтказилган мониторинг ҳамда бошқа ННТлардан олинган маълумотлар (ҳисоботлар) таҳлили;

ННТлар томонидан қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда ўтказилган тадбирлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги мурожаатлари;

оммавий ахборот воситалари берган хабарлар, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган маълумотлар.

Режадан ташқари ўрганиш ушбу ўрганишга асос бўлган аниқ фактлар бўйича ўтказилади.


6. Ўрганишлар адлия органи раҳбарининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.

Буйруқда ўрганишнинг мақсад ва вазифалари, ўрганиладиган ННТ номи, ўрганиш даври ва уни ўтказиш муддатлари, ўрганишни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби, уларнинг исми, фамилияси ва лавозими, ўрганиш ҳужжатларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш вазифаларини амалга оширувчи ходимларнинг исми, фамилияси ва лавозими ҳамда ўрганиш натижасини муҳокама қилишга доир масалалар кўрсатилиши зарур.


7. Ўрганиш тўғрисидаги буйруқ ўрганиш ўтказилишидан камида ўн кун олдин қабул қилинади ва шу куннинг ўзида бу ҳақда адлия органи ўрганиш ўтказиладиган ташкилот раҳбарини ёзма равишда хабардор қилиши лозим.

Хабарномада ўрганишни ўтказиш учун асос, ўрганиладиган ННТлар рўйхати, соҳаси, ўрганиладиган давр ва уни ўтказиш муддати, ишчи гуруҳи таркиби кўрсатилиши зарур.

Хабарномага ўрганиш саволномаси илова қилинади.


8. Саволнома ўрганиш предметидан келиб чиқиб, адлия органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Саволнома ўрганишни ўтказиш тўғрисидаги буйруққа илова тарзида тасдиқланиши ҳам мумкин.

Заруратга қараб, ўрганиш бўйича ишчи гуруҳнинг асослантирилган таклифига кўра адлия органи раҳбари томонидан саволномага қўшимча масалалар киритилиши мумкин.


9. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби камида икки нафар ходимдан иборат бўлади. Бунда бир нафар ходим ишчи гуруҳ раҳбари этиб белгиланади.


10. Ўрганиш муддати ўттиз кундан ошмаслиги керак.

Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбарининг асослантирилган билдиргиси асосида ушбу муддат адлия органи раҳбарининг буйруғи билан ўттиз кундан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкин.


11. Ўрганиш фақат буйруқда кўрсатилган адлия органлари ходимлари томонидан иш вақти давомида ўтказилиши лозим.


12. Ўрганишни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда ўрганиш белгиланган барча ННТлар фаолияти тўлиқ ўрганилиши шарт.

Айрим сабабларга кўра, буйруқда кўрсатилган ННТларда ўрганиш ўтказилмаганда, бу ҳақда алоҳида далолатнома тузилиб, асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниши ва бир кунлик муддат ичида ўрганиш устидан назорат қилувчи раҳбарга хабар қилиниши лозим.



3-БОБ. ЎРГАНИШЛАРНИ ЎТКАЗИШ


13. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишни бошлашдан олдин ўрганиш ўтказилаётган ННТ раҳбарига ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда, ўрганишнинг мақсад ва вазифалари билан таништириши ҳамда ўрганиш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ва саволнома нусхасини топшириши лозим.


14. Ўрганиш ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар топширилган вақт ўрганиш бошланган вақт ҳисобланади.

Ўрганиш ўтказилаётган ННТ раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортиши ўрганишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Ўрганиш ёки мониторинг ўтказишга асос бўлган ҳужжатларни олишни бош тортган тақдирда, бу ҳақда гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилади.


15. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларига ўрганиш ўтказиш учун ҳудуд ва бинога киришга тўсқинлик қилинганда, бу ҳақда ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ўтказиладиган ННТ раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи иштирокида далолатнома тузилади ва улар томонидан имзоланади.

ННТ раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи далолатномани имзолашдан бош тортганда, бу ҳақда далолатномага қайд этиб қўйилади.

Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари шу куннинг ўзида тузилган далолатномани илова қилган ҳолда ўрганишни тайинлаган адлия органи раҳбарига билдирги тақдим этади. Адлия органи раҳбари икки кунлик муддатда ушбу билдирги асосида ўрганиш ўтказишга тўсқинлик қилган ННТ раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчини тегишли жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни кўради.

Ўрганишни ўтказишга тўсқинлик қилган шахсларнинг жавобгарликка тортилиши ўрганишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Ўрганиш жараёнида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича тегишли баённомаларни расмийлаштириш ва маъмурий жазо чорасини қўллаш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ амалга оширилади (1-илова).


16. Қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан келиб тушган шикоятлар юзасидан зарур ҳолларда адлия органлари ўрганишни ўтказиш учун тегишли ташкилотлардан мутахассисларни жалб қилиши мумкин.

Мутахассислар жалб қилинганлиги тўғрисидаги маълумот ўрганиш ўтказилаётган ташкилот раҳбарига етказилиши лозим.


17. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан ҳар куни ўрганишнинг ўтказилиши ҳақида уни устидан назоратни олиб бораётган адлия органи раҳбарига ахборот бериб борилиши шарт. Бунда адлия органи раҳбари ахборот билан танишиб чиқиб, ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи аъзоларига ўрганиш давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ва уни самарали амалга ошириш бўйича қўшимча кўрсатма ва вазифаларни белгилаб беради.

Саволномадаги ҳар бир масала тўлиқ ўрганилиши ва маълумотномада қайд этилиши лозим.

Саволномадаги масала бўйича камчилик аниқланмаганда, ишчи гуруҳи томонидан бу ҳақда маълумотномада кўрсатилади.



4-БОБ. ЎРГАНИШ БЎЙИЧА ИШЧИ ГУРУҲ ВА

ННТларнинг ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ўрганишни амалга оширишда:

қонун билан қўриқланадиган сирга риоя қилиш шарти билан ўрганишни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, ННТларнинг электрон базаларидан (банкларидан) фойдаланиш, ННТларнинг ҳудудлари ва биноларига киришга;

ўрганиш давомида ННТ томонидан иш юзасидан фойдаланишда бўлган нарса, ҳужжат, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни баённома расмийлаштирилган ҳолда олиб қўйишга;

ўрганиш ўтказилаётган ННТ мансабдор шахслари ва бошқа ходимларини чақиришга, улардан қонун ҳужжатлари, устав фаолияти, таъсис ҳужжатларининг бузилиши ҳолати юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилишга;

қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан келиб тушган мурожаатлар бўйича зарур ҳолларда мутахассислар билан биргаликда ўрганиш ўтказишга ҳақлидир.

Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ қуйидагиларга мажбурдир:

ўрганиш ўтказиш ҳуқуқини берувчи барча зарур ҳужжатларни ўрганиш ўтказилаётган ННТ раҳбарига тақдим этиш;

ўрганиш ўтказилиши белгиланган ННТларнинг барчасида тўлиқ  ва холисона ўрганишларни ўтказиш;

ўрганишни ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказиш;

ўрганиш давомида ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи аъзоларининг бир хонага жойлашиши;

ўрганиш предмети бўлмаган масалаларни суриштирмаслик ҳамда ҳужжатларни талаб қилмаслик;

ўрганиш вақтини ўрганиш ўтказилаётган ННТ иш вақти билан мувофиқлаштириш;

ўрганиш давомида аниқланган ҳар бир қонунбузилиш ҳолатига қонун нуқтаи назаридан ва профессионал баҳо бериш;

айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштириш;

касб этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш, ўрганиш ўтказилаётган ННТ ходимларига дўқ-пўписа қилмаслик, улар билан холис, принципиал ва қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб муомала қилиш;

ўрганиш ўтказилаётган ННТ ходимларини қонун ҳужжатлари нормаларини нотўғри талқин қилиш ва маълум бўлган фактларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етказиш билан қўрқитмаслик;

ўрганишларни саволнома асосида олиб бориш;

ўрганиш устидан назорат олиб бораётган раҳбарнинг ўрганиш ўтказиш билан боғлиқ топшириқлари ҳамда кўрсатмаларини сўзсиз бажариш;

ўрганиш маълумотномаларида кўрсатилган фактларнинг асослилигига масъулият билан ёндашиш;

ўрганиш давомида ўзларига маълум бўлган хизмат ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслик;

ўрганиш давомида ўрганиш ўтказилаётган ННТдан фойдаланиш учун олинган ҳужжатлар ва материалларни бут сақланишини ҳамда ўрганиш якунлангандан сўнг қайтарилишини таъминлаш;

товламачилик ва шу каби бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик.

Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ зиммасига қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


20. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари ўрганиш ўтказиш давомида қуйидаги вазифаларни бажариши шарт:

ўрганиш ўтказилиши белгиланган ННТларнинг барчасида тўлиқ ўрганишлар ўтказилишини таъминлаш;

ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларининг бир-бири билан узвий алоқадорлиги ва бирлигини таъминлаш, уларга услубий раҳбарлик қилиш;

ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганиш жараёнида мансаб суиистеъмоллигига йўл қўйилишининг олдини олиш, ўрганишнинг холисона ўтказилишини таъминлаш, маълумотномада акс этаётган фактларнинг асосли эканлигини назорат қилиш;

ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларининг мазкур Низом талабларига қатъий риоя этишини назорат қилиш;

ўтказилаётган ўрганишнинг бориши тўғрисида ўрганиш устидан назорат олиб бораётган раҳбарга кунлик ахборот тақдим қилиб бориш;

ўрганиш натижасини умумлаштириш, таҳлил қилиш ҳамда унинг муҳокамасини ташкил қилиш, раҳбар топшириғига мувофиқ ўрганиш натижаси муҳокамасида қатнашиш.


21. Ўрганилаётган ННТ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолияти ўрганилиши тўғрисида тегишли ахборотга эга бўлиш;

ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларидан ўрганиш ўтказиш тўғрисидаги буйруқни, ўрганишни ўтказиш учун асос ҳисобланган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиш;

ўрганиш ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг ўрганишни ўтказишига йўл қўймаслик;

ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва ўрганиш предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

қонунда белгиланган тартибда ўрганиш натижалари бўйича шикоят қилиш.


22. ННТлар фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларининг қонуний талабига биноан ўрганишни ўтказиш учун зарур бўлган материаллар ва ҳужжатларни тақдим этишга, уларни ўрганиш объектларига киритишга, ишчи гуруҳ аъзоларига ўз вазифаларини бажаришлари учун кўмаклашишга мажбурдирлар.



5-БОБ. ЎРГАНИШ МАЪЛУМОТНОМАСИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


23. Ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш натижаси юзасидан мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклда маълумотнома тузилади.

Маълумотнома давлат тилида тузилади, заруратга кўра бошқа тилларда ҳам тузилиши мумкин.


24. Маълумотноманинг варағи, қоида тариқасида, А4 стандарт варақ  1,2 қатор оралиғида ёзилиши, ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см, чапдан  3 см, ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга бўлиши ҳамда хатбоши беш-олти белгига тенг ва бир хилда бўлиши талаб этилади.

Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда "Тimеs Nеw Rоmаn" шрифтида ва унинг ҳажмидан келиб чиқиб 13, 13,5 ёки 14 ўлчамли шрифтида ёки шунга ўхшаш шрифтни қўллаган ҳолда Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

Маълумотнома варақлари изчил кетма-кетликда рақамланади.

Маълумотнома, қоида тариқасида, 3-10 варақни ташкил қилиши лозим.


25. Маълумотнома расмий тил услубидан ва юридик атамашуносликдан фойдаланилган ҳолда умумэътироф этилган грамматик, орфографик  ва пунктуация қоидалари асосида тузилади.

Унда оғзаки нутқ шакллари,эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, кинояларнинг ишлатилишига йўл қўйилмайди.


26. Маълумотномада ўзгартириш, чизиш, бўяш ёки тузатиш киритишга йўл қўйилмайди.

Маълумотномада хатоликлар аниқланган тақдирда, ушбу хатоликлар ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари ва ўрганиш ўтказилган ННТ раҳбари томонидан кўриб чиқилиб, бартараф этилиши мумкин.


27. Маълумотномада етарли даражада исботланмаган, асоссиз, тахминий хулосалар бўлмаслиги лозим. Агарда,ўрганиш давомида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаса, бу маълумотномада қайд этилади.


28. Маълумотнома икки нусхада тузилиб, уларнинг ҳар бири бўйича ишчи гуруҳ раҳбари ва аъзолари, ўрганиш ўтказилган ННТ раҳбари томонидан имзоланади ва бир нусхаси ўрганиш давомида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф қилиш ҳамда уларга келгусида йўл қўйилмаслигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ўрганиш ўтказилган ННТда қолдирилади.

Ўрганиш ўтказилган ННТ раҳбари ёки вазифасини бажарувчи маълумотномани имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан далолатнома расмийлаштиради ва у маълумотномага илова қилинади. Бу ҳолатда маълумотноманинг бир нусхаси ўрганиш ўтказилган ННТга почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилган кундан эътиборан уч кун ўтгач унга топширилган ҳисобланади.

Маълумотноманинг бир нусхаси адлия органининг ўрганишни ўтказишга масъул таркибий бўлинмасида иловалари ва асослантирувчи ҳужжатлари билан сақланади.


29. Ўрганиш маълумотномаси имзоланиб, ўрганиш ўтказилган ННТга топширилган кун ўрганиш тугалланган кун деб ҳисобланади.


30. Хизмат зарурати туфайли ўрганиш ҳужжатлари ва материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа назорат органларига юборилганда, уларнинг нусхаси олиб қолиниши ва сақланиши лозим.


31. Ўрганишни ўтказишга масъул таркибий бўлинма ўрганиш тамомлангандан сўнг унга тегишли барча ҳужжатларни йиғма жилд шаклида тикиши лозим. Йиғмажилдда:

ўрганишни ўтказиш учун адлия органи раҳбарининг буйруғи нусхаси ёки ундан кўчирма;

ўрганиш саволномасининг тасдиқланган нусхаси;

ўрганиш давомида тузилган баённомалар ва далолатномалар;

ўрганиш маълумотномасида акс этган қонунбузилиш ҳолатларини тасдиқловчи ҳужжатлар, уларга йўл қўйган айбдор шахсларнинг тушунтириш хатлари;

ўрганиш маълумотномаси ва унга келтирилган иловалар;

ўрганиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосаси;

ўрганиш натижалари бўйича киритилган таъсир чораларининг нусхалари ва уларнинг натижалари;

ўрганишга асос бўлган топшириқни назоратдан олиш тўғрисидаги адлия органи раҳбарига киритилган билдиргининг асл нусхаси.


32. Вазирлик иш режасига асосан ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича маълумотномалар уни тақдим қилишнинг бошқа қисқартирилган муддати белгиланган бўлмаса, ўрганиш тугаган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида вазирликнинг тегишли таркибий бўлинмасига тақдим қилиниши лозим.


33. Ўрганиш давомида расмийлаштирилган маълумотномалар таҳлил гуруҳига ўрганиш тугалланган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.



6-БОБ. МОНИТОРИНГ ЎТКАЗИШ ВА

ТАДБИРЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШ


34. Адлия органининг масъул ходими ННТнинг фаолиятига оид адлия органидаги мавжуд ҳужжатларни, шу жумладан ҳисоботларни, олдин ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича тузилган маълумотнома, далолатномаларни, аниқланган қонунбузилишлар бартараф қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни, мониторинг ва ўрганиш ўтказиш мақсадидаги бошқа ҳужжатларни ўрганади ва таҳлил қилади.


35. Адлия органининг масъул ходими ННТ томонидан ўтказилган тадбирларда иштирок этиш натижалари бўйича маълумотнома тузиши лозим. Маълумотномада қуйидагилар кўрсатилади:

маълумотнома тузилган сана ва жой;

тадбирда иштирок этган адлия органи масъул ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

ННТнинг номи;

тадбирнинг номи ва мақсади;

тадбирнинг ўтказилган санаси ва жойи;

тадбирни ўтказиш мобайнида аниқланган қонунбузилишлар (улар мавжуд бўлганда).

тадбирда иштирок этган адлия органи масъул ходимнинг имзоси.

Маълумотнома тадбир ўтказилганидан сўнг бир иш куни ичида тузилади.


36. Адлия органининг масъул ходими томонидан мониторинг  ва тадбирда иштирок этиш натижасига кўра қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, адлия органи раҳбарига таъсир чорасини қўллаш ёки ННТни кейинги режали ўрганишга қўшиш ёхуд унинг фаолиятини режадан ташқари ўрганиш ўтказиш юзасидан таклиф киритилади.



7-БОБ. ТАЪСИР ЧОРАЛАРИНИ КЎРИШ


37. Адлия органи раҳбари мониторинг қилиш ёки ўрганиш ўтказиш  ва тадбирда иштирок этиш натижаларига кўра беш иш куни ичида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб,белгиланган тартибдаги таъсир чораларини кўради:

ННТлар фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, таъсис ҳужжатларини ва қонун ҳужжатларини бузганлиги учун мансабдор шахсларни белгиланган жавобгарликка тортиш учун, шунингдек, уларнинг айби билан давлатга ёки ННТга етказилган моддий зарарни қоплаш бўйича юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиш;

сиёсий партияларнинг уставларида назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ННТларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини, улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда аккредитациядан маҳрум қилиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъсир чораларини амалга ошириш.

Киритилган тақдимнома муҳокама қилинганда адлия органига мажлис ўтказиладиган кун ҳақида маълум қилинади, адлия органи ходими  бу мажлисда қатнашишга ҳақлидир.

Қонун ҳужжатларида тақдимномаларни кўриб чиқишнинг аниқ муддати белгиланмаган бўлса, тақдимномада унинг кўриб чиқиш ва натижаси бўйича маълумот олишнинг аниқ муддатини кўрсатиши зарур.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Ўрганишларнинг тўлиқ ва холисона ўтказилишига, ўрганиш маълумотномасида кўрсатилган маълумотларнинг асослилиги ва ишончлилигига ўрганиш ўтказган адлия органининг масъул ходимлари шахсан жавобгардир.


39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДА

БАЁННОМА

20___ йил "____"____________

_________ тумани

Баённома тузувчи:


         

     

     

Ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар:


         

     

     

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой ва вақти:


         

     

     

Ҳуқуқбузарликнинг моҳияти ва унинг учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар:

         

     

     

       

    

Ҳуқуқбузарнинг тушунтириши:


         

     

     

Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида низом ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 279-281-моддаларига асосан тузилди.

Баённома тузувчи:



Маъмурий ҳуқуқбузар:



Гувоҳлар:



Баённома тузиш вақтида ҳуқуқбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилди:


Имзо: _______________






Низомга

2-ИЛОВА



МАЪЛУМОТНОМА


Намуна

20___ йил "____"____________

Тошкент шаҳри

Ўрганиш ўтказилган ташкилот:

-

Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари "Ҳунарманд" уюшмаси


Ўрганиш бошланган сана

-

01.10.2018 й.


Ўрганиш тамомланган сана

-

10.10.2018 й.


Ўрганиш ўтказиш учун асос

-

Адлия вазирлигининг 2018 йил II-ярим  йиллик иш режаси 9-банди, адлия вазирининг  2018 йил 29 сентябрдаги 228-ум-сон буйруғи


Ишчи гуруҳ аъзоларининг

Ф.И.О. ва лавозими

-

_____________ - Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи;

_____________ - Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси


Текширилган давр

-

2016-2017 йиллар


Ўрганиш ўтказилган соҳа

-

Нодавлат нотижорат ташкилотининг устав фаолияти ҳамда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши соҳаси


Ўрганишда иштирок этган ташкилот ходими

-

Ташкилот юрисконсульти Ф.Алиев


Жалб қилинган мутахассис

-

Давлат солиқ қўмитаси ходимларини жалб қилиш бўйича хат киритилган.

        

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари "Ҳунарманд" уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ушбу йўналишдаги фаолияти 2014 йилнинг сентябрь ойида ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш Уюшма ходимлари томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни танлаб олиб ўрганиш йўли билан амалга оширилди.

Уюшма уставида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан,


        

     

     

       

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Уюшма фаолиятида муайян хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Хусусан,

         

     

     

       

каби қонун талабларига амал қилинмаганлик ҳолатлари аниқланди.


Ўрганиш натижаси бўйича қуйидагилар тавсия этилади:

ушбу маълумотномада кўрсатиб ўтилган қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлган Уюшма буйруқларини қисқа муддат ичида қонунчиликка мувофиқлаштириш чораларини кўриш;

"Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиш.



Маълумотномани туздик:

Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари бошқармаси бўлим бошлиғи



Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат

ташкилотлари бошқармаси катта маслаҳатчиси



Маълумотнома билан танишдим, эътирозларим _____ (мавжуд ёки мавжуд эмас) ва бир нусха олдим:

Ўзбекистон Республикаси халқ усталари,

ҳунармандлари ва мусаввирлари

"Ҳунарманд" уюшмаси раиси



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 10 август