ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш /

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.08.2018 й. 657-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 14 августдаги

657-сон қарорига

2-ИЛОВА



Угом-Чотқол давлат миллий

табиат боғи тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг (кейинги ўринларда Табиат боғи деб аталади) мақсади, вазифаси, функциялари, унинг ҳудуди, режими ва муҳофазаси қилиш тартибини белгилайди.


2. Табиат боғи ҳудудидаги алоҳида экологик, мадиний ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиий объектлар ва комплекслар табиатни муҳофаза қилиш, рекреацион, илмий ва маданий мақсадларда сақлаб қолиш ҳамда улардан фойдаланиш учун мўлжалланган.


3. Табиат боғи табиатни муҳофаза қилиш, рекреацион, маърифий, илмий ва маданий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган ҳамда алоҳида экологик тарихий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиий объектларни сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилади.


4. Табиат боғи, Оҳангарон ва Бурчмулла давлат ўрмон хўжаликларининг ўрмон фонди ҳамда бошқа ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг ерларида ташкил топади.

5. Табиат боғи ҳудудига тегишли ер, сув, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиат объектлари ва комплекслар хўжалик ёки бошқа мақсадларда фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман олиб қўйилади ва улардан фақат унда белгиланган режимга мувофиқ фойдаланилади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорларни амалга ошириш зарурати муносабати билан табиат богининг ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга алоҳида ҳолларда "Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

6. Табиат боғи ҳудуди режалар ва дастурларни, ер тузиш схемаларини ҳамда ҳудудий режалаштиришни, шунингдек табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга доир бошқа режаларни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.


7. Табиат боғи ўз фаолиятини "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида" "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Ўрмон тўғрисида", "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида", "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади ҳамда ўз ҳудудида жойлашган бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ҳамда ижарачилар билан ҳамкорлик қилади.


8. Табиат боғи Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси ҳисобланади.

Тошкент вилоятида ўрмонларни барпо этиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 530-сон қарори билан тасдиқланган Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ юклатилган вазифа ва функцияларни ҳам бажаради.

9. Табиат боғи Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, банкларда ўз ҳисобрақамлари, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга бўлади.


10. Табиат боғи ўз рамзий белгилари - байроғи, вимпели, эмблемаси ва бошқалар эга бўлади.

Бошқа ташкилотлар табиат боғи ҳудудида жойлашган табиий ва тарихий-маданий комплекслар, объектлар ҳамда уларнинг номлари ва рамзлари акс этган босма, эсдалик ва тиражли маҳсулотлар, шунингдек, бошқа товарларни фақат табиат боғи билан тузилган шартномага асосан ишлаб чиқаради.


11. Табиат боғининг давлат тилидаги тўлиқ номи -"Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи", рус тилида - "Угам-Чаткальский государственный национальний природний парк", инглиз тилида - "The State National Nature park of "Ugom-Сhatkal".

Жойлашган жойи: Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Искандар қўрғони, Фурқат кўчаси 112-уй.



2-БОБ. ТАБИАТ БОҒИНИНГ МАҚСАДИ,

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Табиат боғи алоҳида экологик, маданий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиат объектлари ва комплексларини сақлаш ва улардан фойдаланиш мақсадида ташкил этилади.


13. Қуйидагилар табиат боғининг асосий вазифалари ҳисобланади:

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимида (экологик тармоқда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги биологик ва ландшафт хилма-хиллигини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлашда иштирок этиш;

рекреацион, илмий ва маданий мақсадларда табиий объектларва комплекслардан оқилона ва барқарор фойдаланишни таъминлаш;

атроф табиий муҳит мониторингини юритиш.


14. Табиат боғи ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги функцияларни бажаради:


а) муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимида (экологик тармоқ) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги биологик ва ландшафт хилма-хиллигини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлашда иштирок этиш соҳасида табиат боғи ҳудудида:

табиий объектлар ва комплекслар, тарихий-маданий меросни сақлаш режимини таъминлайди;

табиий объектлар ва комплекслар, жумладан, ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонлар турларини қўриқлаш, такрор кўпайтириш ва ҳимоя қилиш ишларини ташкил этади;

юридик ва жисмоний шахсларнинг табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари, табиатдан фойдаланишга доир нормаларва қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;

бузилган табиий объектлар ва комплексларни қайта тиклайди;

экологик-маърифий фаолиятни амалга оширади, аҳоли ўртасида экологик таълим-тарбия ишларига кўмаклашади;


б) рекреацион, илмий ва маданий мақсадларда табиий объектларва комплекслардан оқилона ва барқарор фойдаланишни таъминлаш соҳасида табиат боғи ҳудудида:

рекреация, жумладан, экологик туризм учун шароитлар яратади;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиатдан барқарор фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилиши, илмий кадрлар, мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашади;

хўжалик субъектларига табиий объектлар ва комплекслардан барқарор, оқилона ва мақсадли фойдаланишга кўмаклашади;

табиий объектлар ва комплексларни сақлаш соҳасида илмий фаолиятни амалга оширади;


в) атроф табиий муҳит мониторингини юритиш соҳасида:

табиат боғининг айрим зоналарида рухсат этилган чекланган хўжаликва бошқа фаолият таъсирида био хилма-хиллик мониторингини, қўриқхона зонасида эса табиий жараёнларининг табиий кечиши мониторингини юритади;

мониторинг маълумотларини қайта ишлаш ва умумлаштириш мақсадида мазкур табиий ҳудудда жойлашган давлат қўриқхонасига тақдим этади.

Табиат боғи ушбу низом ва бошқа қонун ҳужжатларига кўра, бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ.ТАБИАТ БОҒИНИ БОШҚАРИШ


15. Табиат боғини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда:

Табиат боғининг директорини тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Табиат боғининг фаолиятини таъминлаш мақсадида мулкни тақсимлаб беради, жумладан, пул маблағларини ажратади;

даромадлар ва харажатлар сметаси ва табиат боғи маблағини сарфлаш ҳисоботини тасдиқлайди;

Табиат боғининг штат жадвалини тасдиқлайди;

Табиат боғининг фаолияти ва ҳудуддаги режимга риоя этилишини назорат қилади;

Табиат боғи рамзини тасдиқлайди;

Табиат боғининг бошқариш режаларини ва унинг бажарилиш натижалари бўйича ҳисоботларни тасдиқлайди;

Табиат боғи Илмий кенгашининг таркиби ва низомини тасдиқлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Табиат боғи маъмурий-хўжалик қисми, илмий бўлим, рекреация ва экологик таълим бўлими ҳамда табиат боғини қўриқлаш бўлимидан иборат бўлади.


17. Табиат боғининг директори ва ўринбосарлари табиат боғи фаолиятини ташкил этиш учун масъулдир.


18. Табиат боғи директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан келишилганидан сўнг директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Табиат боғи директорининг рекреация, илм-фан ва таълим бўйича ўринбосари ўз лавозимига кўра, илмий бўлим бошлиғи - бош ўрмончи ҳисобланади.

Табиат боғи директорининг режим ва ўрмон фондини қўриқлаш бўйича ўринбосари ўз лавозимига кўра, табиатни қўриқлаш бўйича инспекция бўлими бошлиғи ҳисобланади.

Бош ҳисобчи табиат боғи директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


19.Табиат боғи директори табиат боғидаги мавжуд барча табиий объектлар ва комплекслар, мол-мулк ҳимоя қилиниши, ҳисоботнинг ўз вақтида тақдим этилиши, ушбу ҳудуддаги молиявий, шартнома ва меҳнат интизомига риоя этилиши учун масъулдир.


20. Табиат боғининг директори:

табиат боғи фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни таъминлайди;

табиат боғи режимига риоя этилишини назорат қилади;

қонунчиликда белгиланган тартибда шартномалар тузади ҳамда табиат боғи маблағлари ва мулкини бошқаради;

табиат боғининг мулки, ускуналари, моддий ва бошқа қиммат баҳо бойликлари ҳимоя қилинишини ташкил этади;

табиат боғи ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда табиат боғи манфаатларини ишонч қоғозисиз ифода этади;

қонунчилик ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


21. Табиат боғи директорининг рекреация, илм-фан ва таълим бўйича ўринбосари - бош ўрмончи:

рекреация фаолияти амалга оширилишини ва биохилма-хиллик мониторинги юритилишини ташкил этади, шунингдек, аҳоли ўртасида экологик таълимва маърифат ишларига кўмаклашади;

табиат боғининг илмий-тадқиқот фаолиятини таъминлайди ҳамда илмий алоқаларини ташкил этади;

табиат боғида барча ишлаб чиқариш ишлари тўғри ташкил этилиши ва олиб борилиши, ўрмонлар ҳисоби, ўрмон ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар кадастри, табиат боғи паспортини юритиш, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, илғор тажриба жорий этилиши, ўрмонларни барпо этиш, қайта тиклаш, кўпайтириш, селекцион уруғчиликни ташкил этиш, кўчат етиштиришни ривожлантириш, айниқса манзарали кўчатларни ёпиқ илдиз усулида етиштиришни кўпайтириш, доривор ўсимликлар тайёрланиши, илғор тажриба жорий этилиши, механизмлардан зарур даражада фойдаланилиши, ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қўриқлашнинг белгиланган тадбирлари ташкил этилиши ва ўтказилиши учун жавоб беради.


22. Табиат боғи директорининг режим ва ўрмон фондини қўриқлаш бўйича ўринбосари:

табиат боғи қўриқланишини ташкиллаштиради ва ундаги табиий объектлар ва комплекслардан фойдаланилиш ҳамда уларнинг муҳофазасини назорат қилади;

қонунчиликда ўрнатилган тартибда хизмат қуроли ва унга ўқ-дорилар, формали кийим-кечаклар, алоқа воситалари, маҳсус аслаҳа-анжомларнинг сақланиши ва фойдаланилишини таъминлайди;

айбдорларни жавобгарликка тортиш ҳамда табиат боғи қўриқлаш ходимларининг маъмурий жавобгарлик чораларини тўғри қўллашини текширади ва уларга доир материалларни тегишли органларга тақдим этади;

режим-қўриқлаш тадбирларини ўтказиш, табиат боғи, Чотқол биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликларида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўшинлар билан биргаликда кадрларни танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш, инспекторлар ишини, профилактика ва чегара полосасини ўрмон дарахтлари ва чангалзорлардан тозалашни ташкил этади.


23. Табиат боғи тўғрисида асосий маълумотлар унинг паспортида баён этилади. Табиат боғи паспортидаги маълумотлар рўйхати ва уни юритиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


24. Табиат боғи бошқарув режалари ва йиллик иш режалари асосида фаолият юритади. Бошқарув режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


25. Табиат боғини ҳамкорликда бошқаришга аҳолини жалб қилиш, хўжалик фаолиятига чекловлар белгилаш, рекреация инфратузилмасини, чорва учун пичан ўриш ва ўтлатиш жойларини ташкил этиш ҳамда табиат боғи фаолияти билан боғлиқ бошқа муҳим масалаларини ҳал этиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорига мувофиқ унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва фуқаролардан иборат маслаҳат комиссияси тузилади.

Маслаҳат комиссиясининг таркиби, ваколатлари, уни шакллантириш ва фаолият юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда Табиат боғи томонидан белгиланади.


26. Табиат боғи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органларига атроф-муҳит мониторингини юритиш учун зарур бўлган маълумотларни ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг давлат кадастрини белгиланган тартибда беғараз асосда тақдим этади.



4-БОБ. ТАБИАТ БОҒИНИНГ

ҲУДУДИ ВА РЕЖИМИ


27. Табиат боғининг ҳудуди табиат боғига фойдаланишга бериладиган ер участкаларида, шунингдек, унинг чегараси доирасидаги бошқа юридик ва жисмоний шахсларга тегишли ер участкаларида жойлашади.


28. Табиат боғи ташкил этилаётганда унинг ҳудуди қуйидаги зоналарга бўлинади.

табиат боғининг ҳудуди:

қўриқхона зонаси;

рекреация зонаси;

хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зонасига (зоналарига) бўлинади.

Аҳолини соғломлаштириш учун шароит бўлган такдирда, табиат боғида курорт табиий ҳудудлар учун назарда тутилган режимли курорт зоналари ажратилади.

Табиат боғи ҳудудида ундаги табиий объектлар ва комплекслар ҳолати, уларнинг рекреацион, маданий ва эстетик қиймати инобатга олинган ҳолда, зоналарга бўлинишга мувофиқ табақалаштирилган қўриқлаш режими ўрнатилади.


29. Табиат боғи зоналарининг ўлчамлари ва чегаралари тасарруфида ушбу боғ бўлган давлат органлари томонидан давлат экология экспертизаси хулосаси бўйича табиат боғи маъмуриятининг тақдимномасига асосан ўзгартирилади.


30. Табиат боғининг қўриқланма зонасида давлат қўриқхоналари учун назарда тутилган режим ўрнатилади. Ушбу зонада ҳар қандай рекреацион, хўжалик ва бошқа фаолият турлари тақиқланади, биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторингини юритиш, табиий объектлар ва комплексларни муҳофаза қилиш ҳамда такрор кўпайтиришга йўналтирилган илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш бундан мустасно.


31.Табиат боғининг бошқа барча ҳудудида:

дарахт ва буталарни кесиш (парваришлаш ва санитария мақсадидаги кесиш бундан мустасно);

гидрологик ва гидрогеологик режимни ўзгартирадиган ҳаракатлар;

тупроқ эрозиясини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг таназзулини келтириб чиқарувчи ҳаракатлар;

табиат боғининг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йўл ва мухандислик-коммуникация ишларини амалга ошириш;

чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш, оқова сувларни оқизиш;

тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш тақиқланади.


32. Табиат боғининг рекреацион зонаси тартибга солинадиган зоналар (қисқа муддатли дам олиш - жозибадор жойларни томоша қилиш учун) ва давомий дам олиш зоналарига бўлинади.

Рекреацион зонада ушбу Низомнинг 31-бандида белгиланган фаолият турларидан ташқари:

кимё, целлюлоза-қоғоз ва металлургия саноати корхоналаринингфаолияти;

заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш;

харом ўлган чорва моллар кўмиладиган жойларни ташкилэтиш тақиқланади.


33. Табиат боғининг тартибга солинадиган дам олиш зонасида сайёҳлик йўлакчалари, ноқулай об-ҳаво пайтида енгил турдаги пана жойлар, кузатув пунктлари, ташриф буюрувчилар учун ёқилғи заҳирасига эга бўлган гулхан ёқиш жойлари, санитария объектларини барпо этиш орқали фуқароларнинг қисқа муддатли дам олиши таъминланади.

Мазкур зонада зарур ҳолларда, ландшафтни сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида ўрмон хўжалик ишлари амалга оширилади, рекреацион фаолиятнинг экотизимлар ҳолатига таъсири ўрганилади.

Тартибга солинадиган дам олиш зонасида табиий ландшафтни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, сув объектлари ва бошқа табиий объектлар ва комплексларни сақлаш имконини берадиган рекреацион, маърифий, эстетик, тарбиявий, илмий ва бошқа фаолиятга рухсат берилади.


34. Давомли дам олиш зонасида кемпинглар, меҳмонхоналар, кичик меҳмонхоналар, сайёҳлик базалари, санаторийлар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, дам олиш масканлари, автотураргоҳлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш корхоналари, шунингдек, сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича табиат боғи зиммасига юкланган вазифалар билан боғлиқ хўжалик туридаги бошқа объектлар жойлашади.

Ушбу зонада ҳудудлар ва дам олиш масканларини ободонлаштириш, шунингдек, ўрмончилик, таназзулга учраган участкаларни қайта тиклаш, биотехник ва бошқа ишларни амалга ошириш мақсадида тадбирлар амалга оширилади.


35. Хўжалик ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган зонада юридик ва жисмоний шахслар томонидан табиат боғининг табиий объектлари ва комплексларига зарар етказмайдиган даражада хўжалик ва бошқа фаолият амалга оширилади. Бу ерда, шунингдек, аҳоли пунктлари ҳам жойлашиши мумкин.

Хўжалик ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган зонада зараркунандаларга қарши курашишнинг биологик усуллари ва тупроққа "нол даражада" ишлов бериш усулларини қўллаган ҳолда, мазкур ҳудудга хос бўлган анъанавий қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади, шунингдек, ифлослантирмайдиган технологиялардан фойдаланиш асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилган ҳолда, турли ишлаб чиқариш объектларининг фаолият юритишига рухсат берилади.


36. Табиат боғининг курорт зонаси доирасида қуйидагилар ажратилади:

биринчи зона - даволаш хусусиятига эга манбалар, шифобахш балчиқ қатламлари бор ҳудудлар бўлиб, бу ерда ҳар қандай фаолият тақиқланади, даволаш хусусиятига эга манбалар ва балчиқ билан даволаш шифохоналарини ободонлаштириш учун зарур иншоотлар қуриш бундан мустасно;

иккинчи зона - санаторийлар, пансионатлар ва дам олиш уйлари жойлашган ҳудуд бўлиб, бу ерда ҳарқандай фаолият, шунингдек, аҳолининг яшаши тақиқланади, даволаш ва дам олишни ташкил этиш учун зарур бўлган фаолият, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг вақтинча яшаши бундан мустасно;

учинчи зона - санаторийлар, пансионатлар ва дам олиш уйларига туташ ҳудудлар бўлиб, бу ерда даволаш манбаларига, шифобахш балчиқ қатламларига зарар етказмайдиган ва дам олиш ҳамда даволаниш шароитларини ёмонлаштирмайдиган чекланган хўжалик фаолиятига рухсат этилади.


37. Табиат боғининг курорт зонаси доирасида ушбу Низомнинг 31-бандида белгиланган фаолият турларидан ташқари қуйидагилар тақиқланади:

фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал сувлар ва шифобахш балчиқ қазиб олиш бундан мустасно;

кимё, целлюлоза-қоғоз ва металлугия саноати корхоналарининг фаолияти;

заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш;

харом ўлган чорва моллар кўмиладиган жойларни ташкил этиш;

оқова сувлар тўпланадиган иншоотлар қуриш;

заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар омборларини қуриш.


38. Табиат боғининг барча ҳудудида ушбу Намунавий низомнинг 31, 32, 36 ва 37-бандларида белгиланган фаолият турларидан ташқари боғдаги табиий объектлар ва комплексларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятнинг бошқа турлари давлат экология экспертизаси хулосасига асосан тақиқланиши ёки чекланиши мумкин, қўриқхона зонаси бундан мустасно.


39. Қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилган тақиқ ва чекловлар асосида ер участкалари табиат боғи ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларини сақлаш вазифаси белгиланади.


40. Табиат боғи ва зоналарининг чегаралари табиат боғи ва унинг зоналарининг режимлари кўрсатилган ахборот, огоҳлантириш ва чегара белгилари билан белгиланади.


41. Табиат боғининг фаолият юритиши учун йўллар, бошқа коммуникациялар ва иншоотлар курилиши зарур бўлган ҳолларда, бузилган ерларни мажбурий тарзда рекультивация қилиш, табиатни муҳофаза қилиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади.


42. Табиат боғининг чегараларида муҳофаза этиладиган бошқа табиий ҳудудлар (давлат табиат ёдгорликлари, буюртма қўриқхоналари, табиат питомниклари ва бошқалар) жойлашиши мумкин ва уларнинг ҳудудида муҳофаза этиладиган ушбу табиат ҳудудлари учун кўзда тутилган режим белгиланади.



5-БОБ. ТАБИАТ БОҒИНИНГ РЕКРЕАЦИОН

ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ, ШУНИНГДЕК,

ЭКОЛОГИК ТАЪЛИМ ВА МАЪРИФАТ


43. Табиат боғининг рекреацион ва илмий фаолияти табиат боғининг ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳамда айрим мутахассислар томонидан амалга оширилади.


44. Табиат боғида рекреацион фаолият муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлишнинг қоидалари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Табиат боғида рекреацион фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ташриф маркази ташкил этилади, йўналишлар, тўхташ майдончалари, бошқа инфратузилма элементлари ўрнатилади.


45. Табиат боғи илмий фаолиятни амалга ошириш учун табиат боғи маъмурияти биносида илмий фондлар сақланадиган жой, табиат боғи ҳудудида эса, дала базалари, кордонлар, илмий инфратузилма ва биохилма-хиллик мониторингини юритиш инфратузилмаси бўлиши лозим.


46. Табиат боғининг илмий фондлари муддатсиз сақланиши керак. Табиат боғида фондларни сақлаш учун зарур шароитлар, жумладан биологик коллекциялар фумигацияси таъминланади.

Табиат боғи ҳудудида олиб бориладиган барча илмий тадқиқотларнинг дастлабки материаллари (ёки уларнинг нусхалари) ҳамда мазкур тадқиқот натижалари ушбу тадқиқотларни амалга оширган субъект тоифасидан қатьи назар, табиат боғининг илмий фондларига тақдим этилиши шарт. Табиат боғи ушбу материаллардан беғараз асосда, қонунчиликка мувофиқ интеллектуал мулкларига риоя этган ҳолда фойдаланади.


47. Табиат боғидаги илмий тадқиқотларга Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Илмий-техник кенгаши услубий раҳбарлик қилади.

Тасарруфида табиат боғи бўлган махсус ваколатли давлат органининг Илмий-техник кенгаши табиат боғидаги экологик таълим ва маърифат ишларига услубий раҳбарлик қилади.


48. Табиат боғида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва бажариш, шунингдек, илмий тадқиқот дастурларини шакллантириш мақсадида Илмий кенгаш тузилади. Табиат боғи Илмий кенгашининг низоми ва шахсий таркиби тасарруфида ушбу табиат боғи бўлган давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


49. Табиат боғи таълим ва маърифат масалалари бўйича ўз илмий ишлари, материалларини чоп этиши мумкин.


50. Табиат боғининг биохилма-хиллик мониторинги атроф табиий муҳит мониторинги доирасида олиб борилади.



6-БОБ. ТАБИАТ БОҒИНИ ҚЎРИҚЛАШ


51. Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари табиат боғини қўриқлайди ва боғ ҳудудидаги юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг (жойлашган, истикомат қиладиган) режимга риоя этишини назорат қилади.


52. Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

табиат боғининг қўриқхона зонаси ҳудудига кириш ҳуқуқини берадиган ҳамда табиат боғининг бошқа зоналаридаги табиат объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни текшириш;

транспорт воситаларини текшириш;

табиат боғи ҳудудида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузиш, маъмурий қўлга олиш, буюм ва ҳужжатларни ва табиатдан ноқонуний фойдаланиш натижасида олинган маҳсулотларни олиб қўйиш, маъмурий жазога тортиш чораларини қўллаш;

айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида материалларни тегишли органларга юбориш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг табиат боғи ҳудудида белгиланган режимга риоя этиш бўйича фаолиятини текшириш;

хизмат қуроли ва махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда жисмоний куч ишлатиш ҳамда хизмат итларидан фойдаланиш;

табиат боғи режимини бузган ҳолда табиатдан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятни қонунчиликда белгиланган тартибда ва ҳолларда тўхтатиш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Табиат боғи қўриқлаш ходимларининг ҳуқуқлари боғнинг қўриқлаш ходимлари бўлмаган бошқа ходимларига ҳам берилиши мумкин. Ушбу ҳуқуқлар ходимларнинг розилиги билан ёзма аризаси асосида берилади ва директорнинг буйруғи билан расмийлаштирилади.


53. Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари учун мўлжалланган хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари, махсус воситаларнинг тури (модели), сони, шунингдек, уларга эгалик қилиш, уларни сақлаш, олиб ўтиш, топшириш, қабул қилиш ва ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш тартиби тасарруфида ушбу табиат боғи бўлган давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Қўриқлаш ходимлари махсус воситалар, хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари билан қонунчиликка мувофиқ таъминланади.

54. Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторларининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланади.

Табиат боғининг директори ва режим бўйича директор ўринбосари (мавжуд бўлса) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича катта давлат инспекторларига, табиат боғининг қўриқлаш ходимлари эса экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторларига тенглаштирилади.


55. Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари тасдиқланган дастурларга мувофиқ жанговор хизмат, ижтимоий-ҳуқуқий, аҳлоқий-психологик ва жисмоний тайёргарлик курсларида ўқитилади.

Курслар дастури ва ўқитиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда, тасарруфида ушбу табиат боғи бўлган давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


56. Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари бир хил намунадаги формали кийим-бош ва фарқлаш белгилари билан таъминланади.

Табиат боғининг қўриқлаш ходимлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, жумладан, табиат боғи ҳудудига жиноятчи гурухларнинг кириб келиши ва ўрнашиб олишининг олдини олиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказади.


57. Табиат боғи ҳудудини қўриқлашга экологик назорат бўйича жамоатчилик инспекторлари ҳам жалб қилиниши мумкин.



7-БОБ. ТАБИАТ БОҒИ УСТИДАН

ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


58. Табиат боғи устидан давлат назорати қуйидагича амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси - табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда Табиат боғи режимига риоя этилиши устидан давлат назоратини, илмий фаолият ва мониторингни олиб боради;

Бошқа ваколатли давлат органлари - қонунчиликка мувофиқ молиявий, хўжалик ва бошқа фаолият турларини назорат қилади.


59. Табиат боғи режимини бузишда айбланган юридик ва жисмоний шахслар ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилади. Айбдорлардан табиат боғига етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорда ундирилади.



8-БОБ. ТАБИАТ БОҒИНИНГ МУЛКИ

ВА УНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


60. Табиат боғига бевосита оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган бино, иншоотлар, ускуналар, пул маблағлари табиат боғининг мулки ҳисобланади.


61. Қуйидагилар табиат боғини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Тошкент вилояти маҳаллий бюджет маблағлари;

Экология, атроф-мухитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

фуқароларнинг табиат боғи ҳудудига кириш ва табиат ресурсларидан фойдаланиши учун сотилган билетлардан олинган маблағлар;

табиат боғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобрақамига  тушадиган маблағлар;

илмий-тадқиқот, рекреацион, табиатни муҳофаза қилиш, реклама-ноширлик  ва маърифий фаолиятдан олинган маблағлар;

белгиланган тартибда ундирилган жарима маблағлари;

мусодара этилган овчилик қуроллари ва балиқчилик асбобларини реализация қилишдан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


62. Табиат боғи Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган даромадлар ва ҳаражатлар сметасига мувофиқ, маблағларни мустақил тасарруф этади.



9-БОБ. ТАБИАТ БОҒИ ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


63. Табиат боғи ходимларига кўп йил ишлагани учун қўшимча ҳақ, шунингдек, туман ва юқори тоғ коэффициентлари белгиланади. Табиат боғи ходимлари лавозим мажбуриятларини бажариш муносабати билан табиат боғи ҳудудида бўлган вақти учун ходим учун белгиланган ойлик маоши миқдорида дала таъминоти шаклидаги компенсация оладилар.


64. Табиат боғи ходимларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 173-моддасига мувофиқ, қўриқхона вазифаларини бажаришда ходим ўзига тегишли мол-мулкдан фойдаланганлик учун амортизация ва эксплуатация харажатлари тўланади. Тўлов миқдори ва тартиби жамоа шартномаси ёки табиат боғи директори ва ходимлари ўртасида тузилган жамоат шартномасига асосан белгиланади.


65. Табиат боғи ходимларини уларнинг хизмат бурчи билан боғлиқ бўлмаган вазифаларга жалб этиш тақиқланади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


66. Табиат боғи фаолиятини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун хужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Табиат боғини қаттиқроқ режимли тоифадан енгилроқ режимли муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасига ўтказиш мақсадида қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 август














































Время: 0.1485
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск