язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ "Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.08.2018 й. 677-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 20 августдаги

677-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий

зонаси ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция

лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларни

рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ деб юритилади) ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Тошкент вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда - Маъмурий кенгаш) ва "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ дирекциясига (кейинги ўринларда - Дирекция) юкланади.


3. Маъмурий кенгашнинг "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудига эквиваленти 5,0 млн. АҚШ долларидан юқори қийматли инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича қарори эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда - Республика кенгаши) қарорига мувофиқ амалга оширилади.


4. Қуйидагилар "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг асосий устувор мезонлари ҳисобланади:

ижарага бериладиган умумий сув ҳавза майдонининг камида 10 фоиз қисмида интенсив усулда балиқ етиштириш ва ҳар бир гектар ҳавзадан 8 тоннадан кам бўлмаган ҳосилдорликка эришиш;

ёпиқ сув айланма тизими иншооти (УЗВ) қуриш ва ҳар бир гектаридан камида 300 тонна балиқ етиштириш;

сув тармоғи дренаж тизимларининг яхлитлигини сақлаб қолиш ва умумий фойдаланишда бўлишини таъминлаш;

юқори маҳсулдор наслли она балиқ тўдаларини шакллантириш;

ташкилотнинг эҳтиёжи учун талаб этиладиган юқори оқсилга бой озуқа базасини шакллантириш.



2-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАНЛАБ

ОЛИШ УЧУН "БАЛИҚ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ"

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ ДИРЕКЦИЯСИГА

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


5. "Балиқишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларни рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


6. Инвестор Дирекцияга ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ "Балиқишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун тўлдирилган инвестиция буюртманомасини (кейинги ўринларда - Инвестиция буюртманомаси) тақдим этади.

Инвестиция буюртманомасига қуйидагилар илова қилинади:

а) юридик шахснинг (инвесторнинг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

б) тавсия қилинаётган инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаси;

в) инвесторнинг тегишли соҳадаги ва (ёки) шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга оширишдаги иш тажрибаси мавжудлигини тасдиқловчи маълумот. Агар инвесторнинг тегишли соҳада ва (ёки) ўхшаш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича иш тажрибаси мавжуд бўлмаса, инвестор Дирекцияга инвестиция лойиҳасини амалга оширишга жалб этаётган технологик ҳамкорлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этади;

д) инвесторнинг охирги уч йилдаги молия-хўжалик фаолияти тўғрисида маълумот.

Агарда инвестиция буюртманомасини топшириш вақтида инвестор:

молия-хўжалик фаолиятини юритмаган ёки бир йилдан кам юритган бўлса, инвестор Дирекцияга инвесторнинг биттадан кам бўлмаган муассисининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

1 йилдан 3 йилгача хўжалик фаолиятини юритаётган бўлса, инвестор Дирекцияга ўзининг ҳақиқатда фаолият юритган даври учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.

Ҳужжатлар инвестор томонидан Дирекцияга давлат ёки рус тилида тақдим этилиши мумкин. Инвестор тақдим этилаётган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилиги юзасидан жавоб беради.


7. Дирекцияга тақдим этилаётган бизнес-режада қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак:

ишга қабул қилинадиган ходимлар тоифаси (коллеж битирувчилари, меҳнат биржаси томонидан йўналтирилган шахслар, бошқа ташкилотлар ишчилари ва чет элдан мутахассис жалб этиш) ҳамда ташкил этилаётган иш ўринлари сони;

етиштириладиган ва қайта ишланадиган балиқ ва балиқ маҳсулоти, ҳажми ва табиий хусусияти;

маҳсулотнинг мўлжалланаётган сотиш баҳоси ҳамда маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш ҳажмларини кўрсатган ҳолда;

маҳсулот сотиш бўйича ички ва ташқи бозорлар маркетинг тадқиқотлари;

таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқаришнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотлари (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва техник сув, канализация, автойўл) ҳажми;

ишлаб чиқариш ва сув ҳавзаларини оқилона жойлаштириш учун ижарага олиш режалаштирилган ер участкаси ва сув ҳавзаси ўлчамлари;

асосий ишлаб чиқариш цехи, ускуна ва технологик линиялар, маъмурий-маиший, омбор ва бошқа ёрдамчи биноларнинг жойлашуви кўрсатилган дастлабки чизмаси;

ишлаб чиқариш технологиясининг (экологик талаблар ҳисобга олинган ҳолда) технологик ускуналар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва давлатлари рўйхати кўрсатилган тавсифи;

ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг хусусияти, уларнинг замонавий технологик талабларга мувофиқлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган менежмент тизимининг жорий этилиши;

мўлжалланаётган инвестицияларнинг ҳажми, тури ва муддатлари, молиялаштириш манбалари ва кредит жалб этилган тақдирда мўлжалланаётган таъминот тури;

инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари ва молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАСИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


8. Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги юзасидан икки иш кунида ўрганиб чиқади.


9. Ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган инвестиция буюртманомаси, камчиликлари кўрсатилган ҳолда, инвесторга қайтарилади.


10. Инвестор томонидан ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талабларига мувофиқ тақдим этилган инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар Дирекция томонидан Маъмурий кенгашга юборилади. Бунда, инвестиция буюртманомасига ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Дирекция директори томонидан имзоланган тегишли хулоса илова қилинади.


11. "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳасини танлаб олиш тўғрисида қарор қабул қилишда Маъмурий кенгаш қуйидагиларни кўриб чиқади:

инвестиция лойиҳасининг ушбу Низомнинг 4-бандида келтирилган устувор мезонларга мувофиқлиги;

балиқ ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича технологик занжирнинг босқичма-босқич ташкил этилиши;

муассисларининг ўз маблағлари ва улар томонидан жалб этилган кредитлар ҳисобига инвестицияларни амалга ошириши;

инвесторнинг молиявий барқарорлиги, техник ва технологик базага эгалиги;

лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги (ишлаб чиқариш қувватларининг мақбул жойлаштирилиши, ташкил этиладиган иш ўринлари, тармоқдаги таркибий қайта ўзгартиришларга таъсири, ишлаётган қувватлардан фойдаланилиши, зарур хомашё, материаллар ва инфратузилманинг мавжудлиги);

технологик ускуналарнинг замонавийлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган бошқариш тизимининг мавжудлиги;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур маблағ билан таъминланганлиги.

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида:

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан, ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида ҳамда кичик сув ҳавзаларида балиқ етиштириш ва сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш;

юқори маҳсулдорликка эга балиқ турларининг ота-она тўдаларини шакллантириш, уларни парваришлашнинг инновацион технологияларини жорий этиш;

товар балиқ ва репродуктор сув ҳавзаларини модернизация қилиш ва қайта таъмирлаш;

тўла қийматли ва юқори оқсилли (экструдирланган) озуқаларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни яратиш;

балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини (консерва, икра, балиқ уни ва бошқаларни) ишлаб чиқаришнинг халқаро талабларга мос замонавий комплексини, экспортга мўлжалланган, ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли таъминланишини назарда тутадиган, шунингдек, ходим сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жалб этувчи лойиҳаларга устунлик берилади.


12. Маъмурий кенгаш инвестиция буюртманомасини Дирекция томонидан киритган кундан бошлаб беш иш кунида кўриб чиқади ва қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:

инвесторга "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомини бериш, сунъий сув ҳавзаси, ер участкаси, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш қувватларини ажратиб бериш, уларнинг умумий майдони ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш тўғрисида;

камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни такомиллаштириш зарурлиги тўғрисида;

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда Маъмурий кенгаш томонидан инвесторнинг ўзи тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этганлиги аниқланса, мазкур буюртманомани кўриб чиқиш тўхтатилади ва хулоса билан Дирекцияга юборилади.


13. Инвестиция буюртманомалари Дирекцияга электрон тарзда тақдим этилиши мумкин.


14. Инвестор томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.


15. Маъмурий кенгаш кўриб чиқиши натижасида аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштирилган инвестиция буюртманомаси такроран Дирекцияга кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.

Инвестиция буюртманомасини Дирекция томонидан такроран кўриб чиқиш муддати уч иш кунини ташкил этади.


16. Маъмурий кенгашнинг инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича қарори унинг аъзолари томонидан оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва Маъмурий кенгаш йиғилиши баёни билан расмийлаштирилади ҳамда Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудига инвестициялар киритиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда инвестиция киритиш тўғрисида - шартнома) тузиш учун асос бўлади.


17. Маъмурий кенгаш йиғилишининг баёни Дирекция директори, Маъмурий кенгаш аъзолари томонидан имзоланади ва Маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.


18. Маъмурий кенгаш мажлиси баёнидан кўчирма у тасдиқланган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида Дирекция томонидан инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига юборилади.



4-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ БЎЙИЧА МАЪМУРИЙ

КЕНГАШНИНГ ҚАРОРЛАРИНИ РЕСПУБЛИКА

КЕНГАШИ БИЛАН КЕЛИШИШ ТАРТИБИ


19. Маъмурий кенгашнинг қиймати эквивалентда 5,0 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича ижобий қарори, у тасдиқланган санадан бошлаб икки иш куни ичида келишиш учун Республика кенгашига, инвестиция буюртманомаси ва лойиҳа бизнес-режаси билан бирга юборилади.


20. Республика кенгаши Маъмурий кенгашнинг қарорини олган кундан бошлаб етти иш куни ичида Республика кенгаши йиғилишида кўриб чиқади. Инвестиция лойиҳасини келишиш Республика кенгаши аъзоларининг ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг қуйидаги хулосаларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги - ҳудудни, саноат ва балиқчилик тармоғини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб, лойиҳа амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги қисми бўйича, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришни зарур хомашё ресурслари билан таъминланганлиги, валюта қопланувчанлиги ва ташкил этилаётган иш ўринлари белгиланган кўрсаткичларига мувофиқлиги қисми бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси - янгидан барпо этилаётган ишлаб чиқаришларни замонавий ускуналар ва технологиялар билан жиҳозлаш, инвесторларнинг салоҳияти ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун молиявий ва технологик имкониятларнинг етарлилиги қисми бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги - балиқчилик тармоқларини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб лойиҳаларни амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги қисми бўйича;

"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси - балиқчилик тармоқларини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб лойиҳаларни амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги, ҳавза ҳосилдорлиги, интенсив усулда балиқ етиштириш, ёпиқ сув айланма тизимини (УЗВ) жорий этишда замонавий инновацион технологияларни қўллаш, инкубация цехларида личинка ишлаб чиқариш, балиқлар учун юқори оқсилга бой омухта емнинг хорижий етакчи ишлаб чиқарувчиларга мослиги қисми бўйича;

тегишли тижорат банклари - лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун кредит ажратиш қисми бўйича.


21. Инвестиция лойиҳалари бўйича ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган хулосалар ваколатли ташкилотлар томонидан уларга лойиҳанинг инвестиция буюртманомаси ва бизнес-режаси келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига умумлаштириш ва Республика кенгаши йиғилишининг баёни лойиҳасини тайёрлаш учун юборилади.


22. Республика кенгаши "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича Маъмурий кенгаш қарорини келишиш бўйича йиғилиш баёни лойиҳасини аввал ижобий хулоса тақдим этган Республика кенгаши аъзолари билан келишиш талаб этилмайди.



5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

ШАРТНОМА ТУЗИШ ВА "БАЛИҚ ИШЛАБ

ЧИҚАРУВЧИ" ЭИЗ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


23. Инвестиция киритиш тўғрисида шартнома лойиҳаси давлат, инглиз ва рус тилларида Дирекциянинг расмий веб саҳифасида жойлаштирилади ёки Маъмурий кенгашнинг инвестор томонидан кўриб чиқиш учун киритган инвестиция буюртманомасини маъқуллаш бўйича йиғилишининг баёни тасдиқлангандан кейин бир иш куни ичида Дирекция томонидан инвесторга тақдим этилади.


24. Инвестиция киритиш тўғрисида шартнома қоидаларини келишиш мақсадида Дирекция ва инвесторлар ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкин.


25. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.


26. Инвестор ва Дирекция ўртасидаги инвестиция киритиш тўғрисида тарафлар томонидан имзоланган шартнома инвестор томонидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъекти "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб кучга киради.


27. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши:

инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома тузилган муддат тамом бўлгач;

тадбиркорлик субъекти "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганда;

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ муддатидан олдин тугатилганда;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда тугатилади.


28. "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестор томонидан ташкил этилган ташкилотни (кейинги ўринларда - Ташкилот) давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин инвестор томонидан Дирекцияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси;

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


30. Дирекция ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида Ташкилотни "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва белгиланган шакл бўйича "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.


31. Дирекция Ташкилот "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни ичида хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилади.


32. Дирекция Ташкилот "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни ичида барча зарур ҳужжатларни Ташкилотга ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўйича давлат корхонасига беради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. Ташкилотни "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум қилиш ёки тўхтатиб туриш Республика кенгаши томонидан Маъмурий кенгаш ёки ваколатли ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида, белгиланган тартибда амалга оширилади.


34. Ташкилотни "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан ихтиёрий тартибда маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор Ташкилотнинг уни бундай мақомдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризасига кўра ёхуд у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилган тақдирда Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилиниши мумкин.

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва (ёки) инвестиция киритиш тўғрисида шартнома шартлари бузилиши юзасидан низо мавжуд бўлганда Ташкилотни "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этиш суд тартибида амалга оширилади.

Дирекция "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчилари реестрига Ташкилотнинг қатнашчи мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган санадан бошлаб уч иш кунида Ташкилотнинг "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.


35. Дирекция "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир иш кунида давлат солиқ ва божхона органларини Ташкилотнинг "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисида хабардор қилади.






Низомга

1-ИЛОВА



"Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси

ҳудудига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини

танлаб олиш ҳамда қатнашчиларни рўйхатдан ўтказиш

СХЕМАСИ

             

Маъсул орган

Кўриб чиқилаётган масала

Кўриб чиқиш муддати

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида

жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш

Дирекция

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси ҳудудига инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича:

Маъмурий кенгашга кўриб чиқиш учун киритиш;

камчиликлар аниқланган тақдирда инвесторга қайтариш.

2 иш куни

Маъмурий кенгаш

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилиш:

инвесторга "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ қатнашчиси мақомини бериш, сунъий сув ҳавзаси, ер участкаси, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш қувватларини ажратиб бериш, уларнинг умумий майдони ва жойлашган жойини  кўрсатган ҳолда "Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш тўғрисида;

камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни такомиллаштириш зарурлиги тўғрисида;

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.

Қиймати эквивалентда 5,0 млн. АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қарорни келишиш учун Республика кенгашига киритиш.

5 иш куни

2 иш куни

Республика кенгаши

Қиймати эквивалентда 5,0 млн. АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш (рад этиш).

7 иш куни

Дирекция

Маъмурий кенгаш мажлиси баёнидан кўчирмани инвесторга ёки унинг ваколатли шахсга юбориш.

1 иш куни

"Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси

қатнашчиларини рўйхатга олиш (қайта рўйхатдан ўтказиш)

Дирекция

ва инвестор

Инвестиция киритиш тўғрисида шартнома тузиш.

Томонлар

келишувига кўра

Дирекция

Тадбиркорлик субъектини "Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий зонаси қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва гувоҳнома бериш.

Белгиланган ҳужжатлар

тўлиқ тақдим этилган

кундан бошлаб

2 иш кунида

Дирекция

Тадбиркорлик субъекти жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилиш.

Барча зарур ҳужжатларни тадбиркорлик субъектига ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўйича давлат корхонасига бериш.

Тадбиркорлик субъекти

ЭИЗ қатнашчиси сифатида

рўйхатдан ўтказилган

кундан бошлаб

1 иш кунида

         





Низомга

2-ИЛОВА



"Балиқ ишлаб чиқарувчи"

эркин иқтисодий зонаси дирекциясига


"Балиқ ишлаб чиқарувчи" эркин иқтисодий

зонаси ҳудудига инвестиция лойиҳасини

жойлаштириш учун инвестиция

БУЮРТМАНОМАСИ

  

1. Инвестор (инвесторлар) тўғрисида маълумотлар

      

Мурожаатчи (инвестор ёки инвесторлар) ташкилотнинг номи, келиб чиққан давлати


Инвестор (ёки инвесторлар) тўғрисида маълумот, жумладан давлат рўйхатидан ўтган санаси ва жойи, муассис(лар) ва бошқалар


Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, муассисларнинг устав фондидаги улушининг тақсимланиши ва капитал қўйилмаларнинг шакли


Мурожаатчи ташкилотнинг юридик манзили


2. Инвестиция лойиҳаси тўғрисида маълумотлар

Инвестиция лойиҳасининг номи


Инвестиция лойиҳасининг мақсади ва қисқача тавсифи, жумладан ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати


Ижарага бериладиган умумий сув ҳавзаси майдонининг камида 10 фоиз қисмида интенсив усулда балиқ етиштиришга мослаштириш ва ушбу майдоннинг ҳар бир гектаридан 8 тоннадан кам бўлмаган ҳосилдорликка эришиш


Ёпиқ сув айланма тизими иншооти (УЗВ) қуриш ва ҳар бир гектардан камида 300 тонна балиқ етиштиришни ташкил этиш


Сув тармоғи дренаж тизимларининг яхлитлигини сақлаб қолиш ва умумий фойдаланишда бўлишини таъминлаш


Юқори маҳсулдор наслли она балиқлар тўдаларини шакллантириш


Ташкилотнинг эҳтиёжи учун талаб этиладиган юқори оқсилга бой озуқа базасини шакллантириш


Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг номи, қўлланилиши ва асосий белгилари


Маҳсулотнинг ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми, экспортга ва ички бозорга йўналтириладиган ҳажмини (натура кўринишида ва экв. АҚШ долларида) ҳисобга олган ҳолда


Асосий хомашё ва материал (маҳаллий ва импорт), уларнинг тайёр маҳсулотдаги улуши, фоиз ҳисобида


Хомашё ва материалларга бўлган йиллик талаб (экв. АҚШ долларида), шу жумладан маҳаллий ва импорт


Маҳсулот стандартлари - ГОСТ, ОСТ, ТУ, OzDst, ISO 9001 ва ISO 14001 ва бошқалар


Ишлаб чиқаришнинг бошланиш санаси


Ташкил этилаётган иш ўринлари, жумладан, маҳаллий ишчи ходимлар


3. Зарур майдон ва инфратузилмалар тўғрисида маълумотлар

Балиқ етиштириш учун талаб этиладиган сув ҳавзаси майдони (га):


шу жумладан интенсив усулда (га)


Ёпиқ сув айланма тизимида (УЗВ) балиқ етиштириш учун талаб этиладиган майдон (га)


Наслли она балиқлар тўдасини шакллантириш учун талаб этиладиган сув ҳавзаси майдони (га)


Наслли балиқ чавоқларини етиштириш мақсадида репродуктор ҳавза ташкил этиш учун талаб этиладиган майдон (га)


Инкубация цехини ташкил этиш учун талаб этиладиган майдон (га)


Балиқни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган майдон (кв.м.)


Балиқлар учун оқсилга бой омухта ем ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган майдон (кв.м.)


Электр энергияга бўлган талаб (йилига кВт/соат), ўрнатиладиган қувват (кВт ёки МВт)


Табиий газга бўлган талаб (йилига куб.м.), босим (атм.)


Қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш учун ичимлик ва техник сувга бўлган талаб (йилига куб.м.)


Балиқ етиштириладиган сув ҳавзаси учун сувга бўлган талаб (йилига куб.м.)


4. Лойиҳанинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари

Лойиҳанинг қиймати (экв.АҚШ долларида)


Молиялаштириш манбалари (тўғридан-тўғри инвестициялар, маҳаллий муассисларнинг маблағлари, тижорат банклари кредитлари)


Машина, тирик балиқ ташиш транспорти, мелиорация ишларини бажарувчи техника ва асбоб-ускуналар қиймати (экв. АҚШ долларида), жумладан маҳаллий ва импорт


ҚМИ қиймати (экв.АҚШ долларида)


Айланма маблағлар суммаси (экв. АҚШ долларида)


Инвестицияларни киритиш шакли ва жадвали


Лойиҳанинг қопланиш муддати(бизнес-режага мувофиқ)


         

Изоҳ. Импорт қилинаётган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг валютадаги қиймати божхона тўловлари билан бирга ҳисобланади. Маҳаллий етказиб берувчилардан олинган импорт хомашё маҳаллий ҳисобланмайди.

М.Ў. Раҳбар

     

__________________(имзо)

_______________________________(Ф.И.О.)

_____________ (сана)



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 27 август, 34-сон, 695-модда