ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида футбол майдонларини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.08.2018 й. 688-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 26 августдаги

688-сон қарорига

2-ИЛОВА



Маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик

шартлари асосида футбол майдонларини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида футбол майдонларини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасини бошлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат-хусусий шериклик - хусусий инвестицияларни жалб қилиш, ресурсларни бирлаштириш мақсадида давлат шериги ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга юридик расмийлаштирилган маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этишдаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;


давлат шериги - туман (шаҳар) ҳокимликлари;


хусусий шерик - битим тузган ёки битим тузиш истагини билдирган юридик ёки жисмоний шахс. Давлат ташкилотлари хусусий шериклар бўла олмайди, шунингдек, хусусий шериклар тарафида иштирок эта олмайди;


давлат-хусусий шериклик лойиҳаси - маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш бўйича нвестициявий, инновацион, инфратузилмавий ва бошқа тадбирлар мажмуи;


давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим - (кейинги ўринларда битим деб аталади) - томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ёзма шартнома;


4. Қуйидагилар маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилишида давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари ҳисобланади:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги, давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этган маълумотлар бундан мустасно;

камситмаслик, битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

томонларнинг битим бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши;

хавф-хатар ва мажбуриятларнинг битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;

давлат-хусусий шериклик томонлари ўзаро муносабатларининг шартномада келишиб олинган асоси.


5. Маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик битимида белгиланган муддатга ер участкаларини ижарага бериш;

хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган футбол майдонларини моддий техник ҳамда молиявий жихатдан таъминлаш.

Маҳаллаларда футбол майдонларини қуриш соҳасида давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


6. Давлат шериги ва хусусий шерикнинг футбол майдонларини ўзаро манфаатдорликда ташкил этиш бўйича таклифлари давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш учун асос ҳисобланади.


7. Ушбу Низомга мувофиқ маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш учун хусусий шерикларга ер участкалари ажратишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари ажратиш тартиби татбиқ этилмайди.



2-БОБ. ХУСУСИЙ ШЕРИК ТОМОНИДАН

ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАСИНИ ТАКЛИФ ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш истагини билдирган хусусий шерик туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади:

Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

а) юридик шахслар учун - хусусий шерикнинг номи ва жойлашган жойи, жисмоний шахслар учун - шахсига оид маълумотлар ва яшаш манзили;

б) лойиҳани амалга ошириш мақсади ва шартлари;

в) битимнинг мўлжалланаётган объекти ёки ер участкаси тўғрисидаги маълумотлар;

г) агар давлат-хусусий шериклик хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил қилинган футбол майдонлари ҳолатини яхшилашга кўмаклашиш билан боғлиқ бўлса, хусусий шерик қўшимча равишда қуйидиги ҳужжатларни тақдим этади:

ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказиганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

биноларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказиганлиги ҳақидаги гувоҳнома.


9. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига тушган аризалар йигирма кун мобайнида кўриб чиқилади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги уч кун мобайнида тушган аризани келишиш учун тегишли маҳалла фуқаролар йиғинига юборади.


10. Тушган ариза туман (шаҳар) ҳокимлиги ва маҳалла фуқаролар йиғини билан келишилгандан сўнг, заруратга кўра, балансида сақловчи ташкилотларнинг ижобий хулосалари олингач танлов комиссияси томонидан битим тузиш ҳақидаги таклиф ёзма равишда хусусий шерикка маълум қилинади.

Агар айни бир ҳудуддан икки ёки ундан ортиқ хусусий шерикка ижобий хулосалар берилган бўлса, улар орасидан энг мақбули холис гувоҳлар иштирокида "Энг яхши маҳалла лойиҳачиси", "Энг яхши мақбул лойиҳа эгаси" танлови орқали аниқланади.


11. Ариза ушбу Низомнинг 8-банди талаблари бузилган ҳолда берилган бўлса, ҳужжатлар ариза берувчига бир иш куни мобайнида қайтарилади.

Тақдим этилган аризада талаблар бузилганлиги ҳақидаги билдиришнома ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ахборот тизими орқали хусусий шерикка етказилади (жўнатилади). Билдиришномада қандай талаблар бузилганлиги, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва хусусий шерик кўрсатилган талаблар бузилишини бартараф этиб, ҳужжатларни давлат шеригига такрор кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

Хусусий шерик талаблар бузилишини бартараф этишга ва ҳужжатларни такрор кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма ёки электрон билдиришнома олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.

Камчиликлар бартараф этилиб такрор тақдим этилган ариза қабул қилинган кундан бошлаб ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.



3-БОБ. МАҲАЛЛАЛАРДА ФУТБОЛ

МАЙДОНЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ БЕПУЛ АСОСДА

АЖРАТИШ ТАРТИБИ


12. Маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш учун аҳоли пунктлари таркибига кирадиган ер участкалари ажратилади.

Ер участкалари давлат шериги - туман (шаҳар) ҳокимлигига қонунчиликда белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади.

14. Туман (шаҳар) ҳокимлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ер участкасини хусусий шерикка ижарага бериш шартлари битимда белгиланади.

16. Ер участкасини тақдим этишга доир материалларни тайёрлаш ва келишиш билан боғлиқ харажатлар хусусий шерик билан битим тузилгандан кейин у томонидан қопланади.



4-БОБ. МАҲАЛЛАЛАРДА ФУТБОЛ

МАЙДОНЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА

ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

БИТИМНИ ТУЗИШ, ЎЗГАРТИРИШ, ТЎЛДИРИШ,

ШУНИНГДЕК, БЕКОР ҚИЛИШ ВА АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИ


17. Давлат шерик ва хусусий шерик қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига риоя қилган ҳолда битим тузади.


18. Битимда у амалга оширилиши шаклига қараб қуйидагилар назарда тутилган бўлиши керак:

хусусий инвестициялар объекти ва ҳажми;

битимнинг амал қилиш муддати ва шартлари;

футбол майдонлари фойдаланишга топшириладиган ва ишга тушириладиган муддат;

битим томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишлари учун шартномалар тузиш муддатлари, лойиҳани молиялаштириш манбалари, амалга ошириш жадваллари, лойиҳа бажарилишининг бориши устидан техник назорат қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш тартиби ва у қай даражада бажарилганлигига берилган баҳо;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар сифатига қўйиладиган талаблар;

хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида битим тузиш билан боғлиқ хавф-хатарларни тақсимлаш тартиби ва шартлари;

давлат шериги томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун бериладиган объектга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби;

футбол майдонларидан фойдаланиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, модернизациялаш тартиби;

битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида яратилган объектга ва бошқа мулкка доир ҳуқуқларни тақсимлаш тартиби;

битим шартларига риоя қилинмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

битимни бекор қилиш тартиби, шунингдек, битимни муддатидан олдин бекор қилиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини тўлдириш ёки қоплаш тартиби;

хусусий шерик томонидан мажбуриятлар бажарилмаслиги ёки тегишлича бажарилмаслиги учун санкциялар;

битимни амалга оширишда юзага келадиган низоларни ҳал қилиш тартиби.

Битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам келтирилиши мумкин.


19. Битимни имзолашга тайёрлаш учун давлат шериги хусусий шерикка битим лойиҳаси матнини тақдим этади.


20. Агар зарур бўлса, давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида битим қоидаларини келишиб олиш мақсадида музокаралар ўтказилади.


21. Битим давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида икки нусхада, томонларнинг ҳар бири учун биттадан нусхада имзоланади.


22. Тузилган битимларнинг ягона реестри ҳокимликлар томонидан юритилади.


23. Битим ўттиз йилгача бўлган муддатда имзоланади. Битим, агар унда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, томонлар имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради ва битим муддати тугашигача ёки бекор қилинишигача амал қилади.


24. Қуйидаги ҳолларда битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

томонларнинг ўзаро розилиги билан;

давлат шеригининг талаби бўйича - давлат шериги ва хусусий шерикнинг шартнома асосидаги муносабатларига доир маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгариши муносабати билан;

суднинг ҳал қилув қарори бўйича.


25. Битим қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

томонларнинг ўзаро розилиги билан;

хусусий шерик банкрот бўлса ёки тугатилса;

давлат шеригининг талаби бўйича - хусусий шерик ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда;

хусусий шерикнинг талаби бўйича - давлат шериги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда.


26. Битим амал қилиш муддати тугагандан кейин тўхтатилади.

Битимнинг амал қилиш муддати тўхтатилиши томонларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.



5-БОБ. БИТИМ ТОМОНЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


27. Давлат шериги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусий шерикдан ҳар чоракда битим шартларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисобот олиш;

битим шартларини бажариш жараёни устидан мониторинг ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга ошишини баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва битим шартларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш доирасида аниқланган қонунбузарликлар бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусий шерик айби билан юзага келган объект бўйича зарарлар қопланишини талаб қилиш;

битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда, битимнинг суд тартибида бекор қилинишини талаб қилиш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишини молиялаштиришда иштирок этиш.

Давлат шериги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


28. Давлат шериги қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

хусусий шерикка объектни битимни белгиланган муддатларда, тартибда ва шартларда бепул асосда тақдим этиш;

хусусий шерикларга солиқ имтиёзлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа преференциялар тақдим этилишида кўмаклашиш;

футбол майдонлариини қуриш ва қайта қуриш учун замонавий қурилиш маҳсулотларини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашиш;

барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва ҳоказолар) билан таъминлашда кўмаклашиш;

хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятини олиб боришига аралашмаслик.

Давлат шеригига ушбу Низомда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


29. Хусусий шерик:

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини таклиф қилиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун давлат шеригига тақдим этиш;

ер участкаларини, бўш ётган қаровсиз ер майдонларини битим амал қиладиган муддатга бепул асосда олишга ҳамда улардан фойдаланиш;

футбол майдонларини қуриш ва қайта қуриш учун замонавий қурилиш маҳсулотларини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар олиш;

турли ёшдаги болалар учун футбол тўгараклари ва бошқа хизматларни ташкил этиш;

фойда олиш ва уни эркин тасарруф этиш;

битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда, уни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Хусусий шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


30. Хусусий шерик қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

битим ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш;

битим амал қиладиган бутун муддат давомида объект фаолиятининг ихтисослигини сақлаш;

футбол майдонари ҳудудида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормаларига риоя қилиш;

футбол майдонларида кун салқин пайтда тегишли маҳалла ёшларининг футбол билан бепул шуғулланишига шарт-шароитлар яратиб бериш;

футбол тўгараклари ташкил этилган тақдирда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари футбол билан шуғулланишини ташкил этиш учун камида уч йил давомида ушбу футбол тўгаракларига бепул асосида шуғулланишини белгилаш;

объектнинг тўлиқ ёки қисман молиялаштирилишини, ундан фойдаланилишини, унга техник хизмат кўрсатилишини, шунингдек, лойиҳалаштирш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, модернизациялашни таъминлаш.

Хусусий шерикка ушбу Низомда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

Битим амал қиладиган муддат тугамай туриб хусусий шерик мулки бўлган объектнинг у томонидан мусодара қилинишига йўл қўйилмайди, хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ алмаштирилиши бундан мустасно.


31. Битим мулкни битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин давлат шеригига қолдириш шарти билан тузилган тақдирда, хусусий шерик битимни узайтириш борасида устувор ҳуқуққа эга бўлади.



6-БОБ. ХУСУСИЙ ШЕРИКНИНГ МУЛКИ

НЕГИЗИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ФУТБОЛ

МАЙДОНЛАРИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ

ШЕРИКЛИКНИ АМАЛГА ОШИРИШ


32. Хусусий шерик мулки негизида ташкил этилган футбол майдонларини моддий таъминлаш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тўғрисидаги лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида етти кун ичида битим тузилади.


33. Давлат-хусусий шерикликнинг ушбу шаклида томонлар ўртасида тузилган битимга мувофиқ давлат шериги хусусий шерикка лойиҳани амалга оширишда имтиёзли кредитлар олишига ҳамда барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва ҳоказолар) билан таъминлашда кўмаклашиши мумкин.

Давлат шериги қонун ҳужжатларида ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда хусусий шерик мулки негизида ташкил этилган футбол майдонларини моддий таъминлаш шаклининг бошқа турини қўллаши мумкин.


34. Хусусий шерик лойиҳани амалга оширишда турли ёшдаги болалар учун футбол тўгараклари ва бошқа хизматларни ташкил этади ҳамда фойда олиш ҳуқуқига эга бўлади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Маҳаллаларда футбол майдонини ташкил

этиш бўйича давлат-хусусий шериклик

лойиҳасини бошлаш

СХЕМАСИ


Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар номи

Бажариш муддати




1-босқич

Туман, шаҳар ҳокимликлари (давлат шериги)

Танловнинг эълон қилиниши.

Зарур ҳолларда

2-босқич

Туман, шаҳар ҳокимликлари (давлат шериги)

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида маҳаллаларда футбол майдонларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари тушган аризаларни кўриб чиқиш.

20 кун мобайнида



3-босқич

Туман, шаҳар ҳокимликлари (давлат шериги)

Тушган аризани келишиш учун тегишли маҳалла фуқаролар йиғинига юбориш.

3 кун

4-босқич

Туман, шаҳар ҳокимликлари (танлов комиссияси)

Ташкилотларнинг ижобий хулосалари олингач битим тузиш ҳақидаги таклифни ёзма равишда хусусий шерикка маълум қилиш.

10 иш куни

5-босқич

Туман, шаҳар ҳокимликлари (давлат шериги)

Ўзининг веб-сайтида жойлаштирилган қарор тўғрисида хусусий шерикни ҳабардор қилиш.

Қарор қабул қилинган кун

6-босқич

Туман, шаҳар ҳокимликлари (давлат шериги)


Юридик ёки жисмоний шахси

(хусусий шерик)

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш.

Танлов комиссиясининг

ижобий қарори қабул

қилингандан кейин

10 кун ичида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 август
















































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск