язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирлар Маҳкамаси ва республика комиссиялари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.08.2018 й. ПФ-5527-сон "Идаролараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

28.08.2018 й.

N ПФ-5527



ИДАРОЛАРАРО КОЛЛЕГИАЛ

ОРГАНЛАРНИ ТУБДАН ҚИСҚАРТИРИШ

ВА ЯНАДА ОПТИМАЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мақсадларини рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти олиб борилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилиши, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишга доир муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этиш борасида давлат бошқаруви тизимининг аниқ фаолият юритишини талаб этади.

Бошқарувга оид қарорлар самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро мувофиқлаштиришни талаб этувчи масалаларни кўриб чиқиш ва таклифлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этиладиган идоралараро коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) мазкур йўналишда алоҳида ўрин тутади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат-ҳокимият ваколатлари берилган, давлат аппаратининг зарур даражада фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартиришни назарда тутади.

Идоралараро коллегиал органларнинг вазифалари, функциялари ва ваколатлари таҳлили уларнинг мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларда самарали иштирок этишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор омиллар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан:

биринчидан, идоралараро коллегиал органларни тузиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларининг белгиланмаганлиги мазкур органлар сонининг кескин кўпайиши ва оқибатда маъмурий аппаратнинг, бюджет юкининг ортиши ва давлат бошқарувини бюрократлаштиришга олиб келди;

иккинчидан, давлат-ҳокимият ваколатларининг идоралараро коллегиал органларга асоссиз ўтказилиши уларнинг амалда мустақил давлат ҳокимияти органи мақомига эга бўлишига, давлат органлари ва ташкилотларидан устун турувчи ваколат ва уларнинг фаолиятига маъмурий аралашиш имконини берди;

учинчидан, идоралараро коллегиал органлар фаолиятидаги такрорлаш ва параллелизм давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришишда жавобгарликнинг сусайишига олиб келмоқда;

тўртинчидан, идоралараро коллегиал органлар мақомининг ноаниқлиги амалда уларнинг қарорлари устидан маъмурий тартибда шикоят қилиш имконини йўққа чиқармоқда;

бешинчидан, амалий аҳамиятга эга бўлмаган идоралараро коллегиал органларнинг мавжудлиги, шунингдек, уларнинг таркибига коллегиал орган фаолиятига алоқаси бўлмаган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг киритилиши уларга ортиқча маъмурий юклама бўлиб, асосий вазифаларни бажаришдан чалғитмоқда;

олтинчидан, амалда идоралараро коллегиал органларнинг кўпчилиги юкланган вазифаларнинг ўз долзарблигини йўқотганлиги ёки тўлиқ бажарилганлиги туфайли узоқ вақт давомида фаолият юритмаяпти.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, давлат-ҳокимият ваколатларини қайта тақсимлаш ҳамда вазирлик ва идораларнинг мустақил юритувига бериш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки:

идоралараро коллегиал органлар ёрдамчи хусусиятга эга маслаҳатлашув орган бўлиб, ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш борасида кўмаклашади, шунингдек, идоралараро ҳамкорликни таъминлайди;

давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ҳамкорлиги мустақиллик, ўзига бўйсунувчи соҳада самарали фаолият юритиш ва вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги тамойилларига асосланади;

республика ва ҳудудлараро идоралараро коллегиал органлар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан, ҳудудлардаги идоралараро коллегиал органлар эса маҳаллий ижро ҳокимияти органлари қарорлари билан тузилади;

идоралараро коллегиал органларни тузиш ҳақидаги қарорлар асосланган бўлиши, уларнинг таркиби эса барча аъзоларнинг самарали иштирокини таъминлайдиган даражада шакллантирилиши лозим;

идоралараро коллегиал органлар раҳбарлари мазкур органлар фаолиятини ташкил этиш, юклатилган вазифалар ва функцияларни сифатли бажариш, таркибни янгилаб бориш, шунингдек, юклатилган вазифалар ва функциялар тўлиқ бажарилган ёки самарасиз фаолият юритилган ҳолларда уларни тугатиш юзасидан ўз вақтида таклиф киритиш юзасидан шахсан жавобгардир.


2. 2018 йил 1 октябрдан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан тузилган айрим идоралараро коллегиал органлар 1-иловадаги* рўйхатга мувофиқ уларнинг ваколатлари тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга ўтказилган ҳолда тугатилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан тузилган ва оптималлаштирилиши лозим бўлган идоралараро коллегиал органларнинг рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Шундай тартиб белгилансинки, унга асосан қуйидагилар:

идоралараро коллегиал органларга давлат-ҳокимият ваколатларини бериш, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

амалий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, давлат бошқарувида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўладиган идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва фаолият юритиши;

идоралараро коллегиал органларга давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келувчи такрорловчи ва параллел функцияларни юклаш;

идоралараро коллегиал органлар ишига уларнинг фаолият соҳасига бевосита алоқаси бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини жалб этиш тақиқланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

а) мазкур Фармоннинг 1 ва 2-иловаларини* амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларнинг бажарилишини таъминласин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

тугатилаётган ва такомиллаштирилаётган идоралараро коллегиал органларнинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва ўрганишни ташкил этиш;

ўтказилган хатлов ва ўрганиш натижаларига кўра, тугатилаётган идоралараро коллегиал органларнинг мавжуд ваколатларини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларга ўтказиш, шунингдек, оптималлаштириш назарда тутилган идоралараро коллегиал органларнинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва таркибини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш;

давлат органлари ва ташкилотларида тугатилаётган идоралараро коллегиал органлар фаолиятини ташкил этишни таъминлаш учун киритилган штат бирликларини қайта кўриб чиқиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жойлардаги идоралараро коллегиал органларнинг хатловдан ўтказилиши ва оптималлаштирилишини таъминласин;

в) Идоралараро коллегиал органлар тўғрисидаги низомни тасдиқласин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш ва тугатиш юзасидан ташаббус киритиш тартиби;

идоралараро коллегиал органларни ташкил этиш заруратини асословчи аниқ мезонлар;

идоралараро коллегиал органларнинг асосий вазифалари;

идоралараро коллегиал органлар фаолиятининг самарадорлиги учун жавобгарлик ва натижадорликка доир талаблар.


6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарларига тугатилаётган идоралараро коллегиал органларнинг ўтказилаётган вазифалари, функциялари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекслари таркибига кирувчи давлат органлари ва ташкилотлари томонидан лозим даражада бажарилишини таъминлаш юзасидан жавобгарлик юклатилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органлар фаолияти самарадорлигини таҳлил қилсин ва баҳоласин ҳамда натижаси бўйича уларни келгусида қисқартириш ва оптималлаштириш юзасидан таклифлар киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органлар реестрини шакллантирсин, доимий янгилаб борсин ва очиқлигини таъминласин;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 29 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 30 август, 35-сон, 704-модда