язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2018 й./ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш асослари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.09.2018 й. ПҚ-3927-сон "Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.09.2018 й.

N ПҚ-3927



"РАҚАМЛИ ИШОНЧ" РАҚАМЛИ

ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларида инвестициявий, молиявий ва бошқа ресурсларни бирлаштириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) давлат муассасаси шаклидаги "Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги, шу жумладан "блокчейн" технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб этиш ва бирлаштириш;

давлат-хусусий шериклик шартларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан крипто-активлар айланмаси ва крипто-биржалар фаолияти соҳасидаги энг истиқболли ва стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, "блокчейн" технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув тадбирлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

рақамли иқтисодиётни, шу жумладан "блокчейн" технологияларини жорий этиш ва крипто-активлар айланмаси учун платформалар ташкил этиш ҳисобига янада ривожлантириш борасидаги, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари (стартаплари)ни қўллаб-қувватлаш;

крипто-активлар айланмаси ва "блокчейн" технологиялари соҳасида етакчи хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этишда, шу жумладан юқори малакали чет эл мутахассисларини жалб этишда техник кўмакни таъминлаш.


3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгилансин:

Агентлик ва унинг бўйсунувидаги ташкилотларнинг Агентлик директори томонидан белгиланадиган миқдордаги ажратмалари;

халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан чет эл жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайриялари;

юридик шахслар устав капитали (устав фонди)да Жамғармага тегишли акциялар (улушлар, пайлар) бўйича олинадиган даромадлар;

давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишдан олинадиган даромадлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини банкларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.


4. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарманинг маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги, шу жумладан "блокчейн" технологияларини жорий этиш, крипто-активлар айланмасини ва крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида молиялаштириш;

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида тузиладиган юридик шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг устав капитали (устав фонди)даги акция ва улушларни сотиб олиш;

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар), кўчмас мулк объектлари, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулкни сотиб олиш;

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги ташаббуслар (стартаплар)ни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашни ташкил этиш учун грантлар ва кредит линияларини ажратиш;

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида, шу жумладан хорижда ўтказиладиган ўқув тадбирлари, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш, шунингдек, иқтидорли талабалар ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш учун стипендия ва грантлар ажратиш;

Жамғарма ижро этувчи дирекциясини моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш;

Жамғарма томонидан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида жалб этиладиган юқори малакали чет эл мутахассислари харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) улар билан тузиладиган шартномалар (контрактлар) асосида молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига асосан республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар.


5. "Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Кенгаш бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича, шу жумладан "блокчейн" технологияларини қуйидагиларда босқичма-босқич жорий этишни назарда тутган ҳолда "йўл харитасини" ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурларнинг инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилишда;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига маблағлар тушиши ва уларнинг сарфланишини, давлат органларида тўлов интизомига риоя этилишини назорат қилишда;

соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, таълим ва маданият соҳаларида ижтимоий хизматлар кўрсатишда, шунингдек, ажратилаётган бюджет маблағларининг тақсимланишини мониторинг қилишда;

давлат органлари фаолиятини ташкил этишда, шу жумладан идоралараро ҳамкорликда, давлат харидларини амалга оширишда, давлат хизматларини кўрсатишда, шахс тўғрисидаги маълумотларни верификация қилишда;

давлат кадастрлари, реестрлари, классификаторлари ва бошқа маълумотлар базаларини юритишда, шу жумладан уларга киритилган ахборотнинг долзарблигини таъминлаш ва ундан фойдаланишда;

устав капитали (устав фонди)да давлат иштироки юқори бўлган йирик тижорат ташкилотларида, шу жумладан бизнес жараёнларини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, маъмурий ва операцион жараёнларни оптималлаштириш, шунингдек, замонавий менежмент ва ресурсларни бошқаришни жорий этиш мақсадида корпоратив бошқаришда;

банк ва молия секторларида транзакция операцияларини, шу жумладан клиринг операциялари, электрон тўловлар, суғурталаш, савдони молиялаштириш (аккредитив) ва лойиҳаларни кредитлашни мониторинг қилишда.


6. Белгилаб қўйилсинки:

Жамғарма ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида миллий ва хорижий валютадаги ҳисобрақамларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга;

инвесторларни танлаш мезонлари, шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда давлат-хусусий шериклик шартлари Кенгаш томонидан белгиланади;

Жамғарманинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Кенгаш томонидан тасдиқланади;

Жамғарманинг маблағларини жойлаштириш бўйича барча операциялар Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

Жамғарманинг жорий фаолиятига раҳбарлик Агентлик директори лавозимга тайинлайдиган ва лавозимдан озод қиладиган директор раҳбарлигидаги ижро этувчи дирекция томонидан амалга оширилади;

Жамғарма томонидан жалб этиладиган грантларга техник кўмаклашиш маблағлари ҳисобига амалга ошириш учун назарда тутиладиган лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби татбиқ этилмайди;

Жамғарма маблағларининг мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Агентлик томонидан амалга оширилади.


7. Жамғармага:

товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ва уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан "блокчейн" технологияларини жорий этиш ва амалга оширилаётган лойиҳалар учун зарур ускуналар, техника ва материаллар, эҳтиёт қисмлари, дастурий маҳсулотлар, бутловчи буюмларни етказиб бериш бўйича энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида шартномалар тузишга;

юқори малакали чет эл мутахассисларини ишга қабул қилиш ва уларга Агентлик билан келишилган миқдорда эркин конвертация қилинадиган валютада иш ҳақи ва бошқа тўловлар белгилашга;

хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган тегишли йўналишдаги мутахассисларга нисбатан хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификаторини ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан қўлламасликка рухсат берилсин.


8. Агентлик (Д.Р. Ли):

икки ҳафта муддатда Жамғарманинг таъсис ҳужжатлари, ижро этувчи дирекцияси тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқласин;

бир ой муддатда Жамғарманинг фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа зарур моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда Жамғарма ижро этувчи дирекциясининг зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга, Жамғармага юклатилган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.


9. Қуйидагилар 2021 йил 1 июлга қадар муддатга:

Жамғарма ягона ижтимоий тўловлардан ташқари барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлар тўлашдан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаётган, Жамғарма томонидан унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш доирасида, шунингдек, ўз эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган товарлар божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилинсин.

Белгилансинки, Жамғарма томонидан ўз фаолияти, шу жумладан амалга ошираётган лойиҳалар доирасида юридик ва жисмоний шахсларга беғараз асосда бериладиган товарлар (ишлар, хизматлар) уларни олувчи томонда юридик шахсларнинг фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.


10. Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги "Нi-tech city" халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" давлат унитар корхонасини Агентликка беғараз ўтказиш ҳамда унинг номини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Delta city" халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" давлат унитар корхонасига ўзгартириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

"Delta city" халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" давлат унитар корхонасининг фаолиятини молиялаштириш манбаларидан Ахборот- коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда "Delta city" халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" давлат унитар корхонасининг белгиланган тартибда Агентликка ўтказилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамғарма ижро этувчи дирекциясининг буюртманомаларига биноан Жамғарма томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида жалб этиладиган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча прописка қилинишини, турар жойи бўйича ҳисобга олинишини ҳамда вақтинча прописка ва турар жойи бўйича ҳисобга олиш узайтирилишини таъминласин.


12. Жамғарма Тошкент шаҳри, И. Каримов кўчаси, 1-уйга беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


14. Агентлик бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациям раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р. Ли ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 2 сентябрдаги

ПҚ-3927-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни

ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш

жамғармасининг кенгаши

ТАРКИБИ

лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори,

Кенгаш раиси


А.А. Абдуҳакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари


М.П. Оллоёров

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари


М.Б. Нурмуратов

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси


Ш.М. Садиков

-

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири


П.Р. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири


А.Я. Ҳайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари


А.Х. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси


Б.А. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


Ж.О. Арипов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


Ф.З. Ибрагимов

-

"Mirzo Ulugbek Innovation Center" МЧЖ директори


лавозими бўйича

-

"Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи дирекцияси директори, Кенгаш котиби


          

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 2 сентябрдаги

ПҚ-3927-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартиш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-3150-сон қарорида:


а) 5-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ҳамда мутахассислари билан, жумладан иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш орқали ўзаро ҳамкорлик қилади";


б) 2-иловада:


5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади), нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ва мутахассислари билан, жумладан иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш орқали ўзаро ҳамкорлик қилади";


10-бандда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари билан иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш";

олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишинча еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятининг ташкилий масалалари тўғрисида"ги Ф-5137-сон фармойиши рус тилидаги матнининг 2-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"использовать средства, поступающие в виде благотворительных пожертвований на счета в коммерческих банках, на приобретение товарно-материальных ценностей, осуществление ремонтно-строительных работ, оплату консультационных услуг и прочих расходов в соответствии со специальным порядком, определяемым Агентством, в рамках выполнения возложенных на него задач, в том числе для собственных нужд;

заключать контракты на закупку товаров (работ, услуг) с поставщиками товаров (работ, услуг) или их официальными дилерами (дистрибьютерами) на основе отбора наилучших предложений, а также осуществление оплаты авансовых платежей в размерах, определяемых в контрактах (договорах)".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги "Тошкент шаҳрида "Delta city" халқаро юқори технологияли инновация маркази" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3833-сон қарори рус тилидаги матнининг 3-банди ", за исключением объектов ГУП "Центр радиосвязи, радиовещания и телевидения" и АК "Узбектелеком" сўзлари билан тўлдирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 10 сентябрь, 36-сон, 724-модда