язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.09.2018 й. Ф-5361-сон "Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реставрация, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

10.09.2018 й.

N Ф-5361




АЛОҲИДА МУҲИМ ИЖТИМОИЙ,

МАДАНИЙ ВА ТАРИХИЙ АҲАМИЯТГА ЭГА

БЎЛГАН ОБЪЕКТЛАРНИ ҚУРИШ, РЕСТАВРАЦИЯ,

РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ ВА МУКАММАЛ

ТАЪМИРЛАШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимиз аҳолиси ва хорижий меҳмонларга халқимизнинг маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда зиёратчи ва сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш ички ва ташқи туризмни янада ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади.

Бу, ўз навбатида, Ўзбекистондаги ислом цивилизшшяси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадисшунослик мактаби‚ Имом Бухорий мажмуаси, Бухоро шаҳрининг "эски шаҳар" қисми, хусусан, "Арк қўрғони" ва "Қушбеги саройи мажмуалари", "Масжиди калон", "Минораи калон", "Мир-араб", "Саидолимхон", "Абдулазизхон", "Улуғбек" мадрасаларини (кейинги ўринларда объектлар деб аталади) қуриш, реставрация, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларининг сифатли ва қисқа муддатларда якунланишини талаб қилмоқда.

Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни халқаро мезонлар ҳамда "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари асосида ўзига хос хусусиятларини ўзгартирмаган ва тарихий, эстетик-аҳамиятини сақлаб қолган ҳолда қисқа муддатларда бажариш, шунингдек, ушбу мақсадларга йўналтирилаётган маблағлардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) маблағлари ҳисобидан қурилаётган, реставрация, реконструкция қилинаётган ва мукаммал таъмирланаётган объектларнинг 2019 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилиши тўғрисидаги ахбороти;

объектлар бўйича тегишли равишда Тошкент шаҳар, Самарқанд ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари буюртмачи (кейинги ўринларда буюртмачилар деб аталади) этиб белгиланганлиги;

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази қурилишида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича - "Ўзоғирсаноатлойиҳа" АЖ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадисшунослик мактаби ва Имом Бухорий мажмуаси бўйича - "ТошуйжойЛИТИ" АЖ ҳамда Бухоро вилоятидаги объектлар бўйича - "Маданий мерос ЛИТИ" МЧЖ бош лойиҳа ташкилоти этиб белгиланганлиги;

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази қурилишида тарихий мажмуаларни лойиҳалаштириш бўйича илғор тажрибага эга бўлган "Wilmotte & Associes Architectes" компанияси (Франция) сублойиҳа ташкилоти этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

объектлар бўйича буюртмачилар, лойиҳа, сублойиҳа, пудрат ва супудрат ташкилотлари, ҳомий юридик ва жисмоний шахслар - объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш доирасида амалга ошириладиган ишлар (хизматлар, товарлар) ҳажми бўйича барча турдаги солиқлар (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

республика ҳудудидаги қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар - объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш доирасида пудрат ташкилотларига реализация қилинадиган қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ҳажми бўйича қўшилган қиймат солиғи ва ягона солиқ тўловлари тўлашдан озод қилинади.


3. Объектлар бўйича буюртмачилар, лойиҳа, сублойиҳа, пудрат ва субпудрат ташкилотлари, ҳомий юридик ва жисмоний шахслар объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш доирасида ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича чет элдан олиб келинадиган қурилиш материаллари қурилиш техникаси, шунингдек‚ уларга эҳтиёт қисмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозлар 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


4. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази қурилиши доирасида зарур юкларни мазкур марказ қуриладиган давр мобайнида ва ҳудудда божхона омбори божхона режимида жойлаштиришга истисно тариқасида рухсат этилсин.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

буюртмачилар чет эл ва Ўзбекистон Республикаси валютасида пул шаклидаги хайрия маблағларини, шунингдек, товарлар, ишлар ва хизматларни олиш ҳуқуқига эга бўладилар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг лойиҳани амалга ошириш доирасида йўналтириладиган хайрия маблағлари шунингдек, товарлар, ишлар ва хизматлари фойда солиғи ёки ягона солиқ тўловини ҳисоблашда солиққа тортиладиган базадан тўлиқ чегирилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Дирекциянинг виза талабномаларига кўра, объектларда ишлар ва хизматларни амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Дирекциянинг талабномаларига кўра, объектларда ишлар ва хизматларни амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан, кўп марталик кириш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунигдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўрнатилган тартибда Дирекциянинг .талабномаларига кўра, объектларда ишлар ва хизматларни амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.


9. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А. Артикходжаев, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О. Турдимов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 сентябрь