язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2018 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.09.2018 й. 734-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 15 сентябрдаги

734-сон қарорига

ИЛОВА



Ўсимликлар клиникалари фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


давлат-хусусий шериклик - ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш мақсадида давлат ва хусусий шерикларнинг муайян муддатга юридик расмийлаштирилган ўзаро манфаатли ҳамкорлиги;


давлат томонидан шерик - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади);


ўсимликлар клиникаси - ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи ҳамда ўсимликларга ишлов бериш ва ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш учун аҳолини ва қишлоқ хўжалиги корхоналарини биокимёвий, кимёвий, биологик, механик воситалар ва ускуналар (инвентарь) билан таъминлайдиган тижорат ташкилоти;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Давлат-хусусий шерикликка номзодларни танлаш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳузуридаги Илмий марказнинг вакилларидан иборат таркибда, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда хусусий шерикларга номзодларни танлаб олиш учун тузиладиган орган;


давлат ва хусусий шерик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда битим деб аталади) - томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишнинг бошқа шартларини белгилайдиган давлат билан хусусий шериклар ўртасида тузиладиган ёзма шартнома;


хусусий шерик - ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этишда асосий талабларга жавоб берадиган, давлат ва хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузган ёхуд тузиш хоҳишини билдирган тижорат ташкилоти.


3. Ўсимликлар клиникаси юридик шахс тарзида ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси (филиали) шаклида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади.


4. Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик шакллари қуйидаги тарзда амалга оширилади:

давлат мулкининг фойдаланилмаётган бўш турган объектларини "ноль" харид қиймати бўйича сотиш;

давлат мулки объектларининг фойдаланилмаётган биноларини узоқ муддатга бепул фойдаланишга бериш;

битимда кўрсатилган шартларда қурилиш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ажратиш.


5. Қуйидагилар ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этишда асосий талаблар ҳисобланади:

а) шу жумладан, зарарсизлантириш бўйича камида тўрт нафар кишидан иборат отрядлар ташкил этиш ҳисобига ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш хизматлари кўрсатиш;

б) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалари, ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича воситалар, шу жумладан:

феромон тутгичлар;

зараркунандаларга қарши курашиш учун биомаҳсулотлар;

гербицидлар, фунгицидлар, инстектицидлар, инсектоакарицидлар, нематоцидлар ва биопрепаратлар билан таъминлаш;

в) узлуксиз сотишни таъминлаш учун кимёвий, биокимёвий, биологик, механик воситалар, приборлар ва препаратларнинг минимал ассортименти мажбурий мавжуд бўлиши;

г) бинолар ва хоналарга қўйиладиган экологик талаблар, санитария нормалари, қоидалари ва гигиеник нормативларга риоя қилиш;

д) зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларни аниқлаш учун тегишли лаборатория ускунаси, инвентарь мавжуд бўлиши, шунингдек, ўсимликларга ишлов бериш учун кимёвий, биокимёвий ва биологик воситаларни тайёрлаш ва қадоқлаш.

Ўсимликлар клиникаларида мавжуд бўлиши мажбурий бўлган кимёвий, биокимёвий, биологик, механик воситалар, приборлар ва препаратларнинг минимал ассортименти рўйхати Инспекция томонидан тасдиқланади ва (ёки) битимда назарда тутилади.



2-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР КЛИНИКАЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек, ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалар билан таъминлаш ўсимликлар клиникаларининг асосий вазифалари ҳисобланади.


7. Ўсимликлар клиникалари қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

кейинчалик сотиш учун белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситаларини харид қиладилар;

белгиланган тартибда ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситаларини сақлашни, йўқ қилишни таъминлайдилар;

тегишли ҳудудда ўсимликлар карантини объектлари аниқланиши ҳамда ўсимлик дунёси касалликлари ва зараркунандалари тарқалиши ҳолатлари тўғрисида Инспекцияни хабардор қиладилар, Инспекциянинг мурожаати бўйича амалиётда учрайдиган ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари тўғрисида ахборот тақдим этадилар;

ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик воситалари ва механик воситаларини қўллаш ва сақлаш бўйича аҳолига бепул маслаҳатлар берадилар ва ахборот ёрдами кўрсатадилар;

ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича зарур хизматларни кўрсатиш учун ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлар турларини аниқлайдилар.

Ўсимликлар клиникаларининг фаолиятини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларидаги клиникалар фаолияти мониторингини олиб бориш Инспекция томонидан амалга оширилади. Ўсимликлар клиникалари фаолияти мониторингини олиб бориш тартиби Инспекция томонидан тасдиқланади ва (ёки) битимда назарда тутилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ШАРТЛАРИДА

ЎСИМЛИКЛАР КЛИНИКАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Давлат-хусусий шериклик Комиссия томонидан танлов асосида амалга оширилади.


9. Таркибига Инспекция, Давлат рақобат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳузуридаги Илмий марказ вакиллари кирадиган Комиссия камида иккита иштирокчидан аризалар тушганда танлов ўтказади.

Комиссия аъзоларининг сони тоқ бўлиши ва камида беш нафар кишини ташкил этиши керак. Инспекция бошлиғининг ўринбосари Комиссиянинг раиси ҳисобланади.

Комиссия иши регламенти Комиссиянинг қарори билан тасдиқланади.


10. Давлат томонидан шерик танлов бошланишидан 30 кун олдин танлов савдолари ўтказилиши тўғрисидаги эълонни ўзининг расмий веб-сайтининг махсус бўлимида, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ва бошқа манбаларда мажбурий тартибда жойлаштиради.


11. Танлов тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

давлат томонидан шерикнинг номи ва почта манзили, унинг алоқа қилинадиган телефони ва электрон почта манзили;

объектнинг номи, жойлашган жойи, сони, тавсифи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш шартлари;

давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шаклига боғлиқ равишда талаб этиладиган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг минимал ҳажми;

танлов ўтказиш санаси, вақти ва жойи;

танлов таклифларини қабул қилишнинг охирги муддати (кун ва соат кўрсатилган ҳолда).


12. Хусусий шерикликка номзод давлат томонидан шерикнинг расмий веб-сайтида аризани жойлаштиради, унда:

а) юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

б) юридик шахс жойлашган жой;

в) банк реквизитлари;

г) моддий-техник база тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади, у:

ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш учун товар захираси ва айланма маблағлар мавжудлиги, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалари билан таъминлаш;

зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларни аниқлаш, шунингдек, ўсимликларга ишлов бериш учун кимёвий, биокимёвий, биологик воситаларни тайёрлаш ва қадоқлаш учун тегишли лаборатория ускуналари, инвентарь мавжудлиги;

зарарсизлантириш бўйича отряд ва якка тартибда ҳимоя қилиш воситалари мавжудлиги;

зараркунандаларга қарши курашиш учун биомаҳсулотларни етиштириш бўйича шарт-шароитлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.


13. Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги Инспекция томонидан электрон идоралараро ўзаро ҳамкорлик йўли билан аниқланади.

Ноаниқликлар юзага келган тақдирда тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги Инспекциянинг топшириғига кўра Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари жалб этилган ҳолда Ўсимликлар карантини бўйича ҳудудий инспекция мутахассислари томонидан жойнинг ўзида ўрганилиши мумкин.


14. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида тушган ариза, у тушган кундан бошлаб ўн кун мобайнида давлат томонидан шерик тарафидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат рақобат қўмитаси билан биргаликда кўриб чиқилади.


15. Тушган ариза кўриб чиқилгандан ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат рақобат қўмитасининг ижобий хулосалари олингандан кейин давлат томонидан шерик танлов эълон қилади.


16. Инспекция ижобий хулоса олингандан кейин беш иш куни мобайнида номзодни Комиссия мажлисини ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишга талабгорлик қилувчи номзод ўз номзодини кўриб чиқишда Комиссия мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.


17. Хусусий шерикнинг аризаси Комиссия томонидан кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади ва у давлат томонидан шерикнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.


18. Номзодни, хусусий шерикни танлаб олиш Комиссия томонидан қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалари, ўсимликларга тўлиқ ҳажмда ишлов бериш учун препаратлар билан таъминлаш имконини берувчи тегишли моддий-техник база, товар захираси ва айланма маблағлар мавжудлиги;

зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларни аниқлаш, шунингдек, ўсимликларга ишлов бериш учун кимёвий, биокимёвий, биологик воситаларни қадоқлаш учун тегишли лаборатория ускуналари, инвентарнинг мавжудлиги;

зарарсизлантириш бўйича отряд ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг мавжудлиги;

зараркунандаларга қарши курашиш учун биомаҳсулотлар етиштириш учун шарт-шароитларнинг мавжудлиги.


19. Танлов таклифи, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун энг мақбул деб эътироф этилган иштирокчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.

Танлов якунлари бўйича унинг таклифлари параметрлари танлов шартларига мувофиқ бўлган, бироқ танлов ҳужжатларига мувофиқ ғолиб томонидан таклиф этилган параметрлар даражасидан паст бўлган захира ғолиб ҳам аниқланади.

Танлов ғолиби давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолашни рад этган ёки ундан бош тортган тақдирда, захира ғолиб билан тегишли битимни имзолашга йўл қўйилади. Танловнинг захира ғолиби билан битим тузиш танловнинг ғолиби билан битим тузиш тартибига ўхшаш тартибда амалга оширилади.


20. Фақат бир нафар иштирокчидан ариза тушган тақдирда танлов ўтказилмайди, қарор эса Комиссия томонидан иштирокчининг аризасини ва аризага илова қилинадиган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш якунлари бўйича танлов тўғрисида эълон берилган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат тамом бўлгандан кейин беш иш куни мобайнида қабул қилинади. Комиссия хусусий шерикнинг таклифи танлов талабларига мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда ижобий ёки салбий қарор қабул қилади.

Давлат томонидан шерик танлов якунлари тўғрисида Комиссия қарори қабул қилинган кунда ўзининг расмий веб-сайтида маълумотни жойлаштириш йўли билан танлов иштирокчиларини унинг натижалари тўғрисида хабардор қилиши шарт.


21. Комиссиянинг давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилишини рад этиш тўғрисидаги қарори устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.


22. Давлат томонидан шерик қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда номзодга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини юборади.


23. Битим уни амалга ошириш шаклига боғлиқ равишда:

битим мавзусини;

битимнинг амал қилиш муддати ва шартларини;

ўсимликлар клиникалари фаолияти бошланиши муддатларини;

битим томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш мониторингини амалга ошириш ва даражасини баҳолаш тартибини;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ишлаб чиқариладиган ва (ёки) тақдим этиладиган инфраструктура объектлари, хизматлар сифатига қўйиладиган талабларни;

хусусий шерик томонидан унинг мажбуриятлари ижроси тўғрисида ахборот тақдим этилиши тартиби ва муддатларини;

давлат томонидан шерик ва хусусий шерик ўртасидаги битим ижроси билан боғлиқ хавф-хатарларни тақсимлаш тартиби ва шартларини;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун давлат томонидан шерик томонидан хусусий шерикка бериладиган инфратузилма объектларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини;

ўсимликлар клиникаларидан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, модернизация қилиш тартибини;

битимни ижро этиш жараёнида ташкил этилган объектга ва бошқа мол-мулкка ҳуқуқларни битимнинг амал қилиши тўхтатилгандан кейин тақсимлаш тартибини;

битим шартларига риоя қилинмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлигини;

битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини;

битимни бекор қилиш тартибини;

хусусий шерик томонидан мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун санкцияларни;

битимни амалга оширишда юзага келадиган низоларни ҳал этиш тартибини ўз ичига олиши керак.

Битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам бўлиши мумкин.


24. Битимни имзолашга тайёрлаш учун давлат томонидан шерик хусусий шерикка битим лойиҳаси матнини тақдим этади.


25. Зарурат бўлганда битим қоидаларини келишиш мақсадида давлат томонидан шерик билан хусусий шерик ўртасида музокаралар ўтказилади.


26. Битим давлат томонидан шерик ва хусусий шерик ўртасида 2 нусхада (хар бир тараф учун бир нусхадан) имзоланади.


27. Тузилган битимларнинг ягона реестри Инспекция томонидан юритилади.


28. Битим томонлар уни имзолаган пайтдан бошлаб кучга киради ва унинг муддати тамом бўлгунига ёки у бекор қилингунига қадар амал қилади.


29. Қуйидаги ҳолларда битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

ҳар икки томоннинг розилиги билан;

давлат томонидан шерик билан хусусий шерикнинг шартномавий муносабатлари юзасидан ўсимликлар карантинини тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатлари ўзгариши муносабати билан - давлат томонидан шерикнинг талаби бўйича;

суднинг қарорига кўра.


30. Битим қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ҳар икки томоннинг розилиги билан;

хусусий шерик банкрот бўлган ва тугатилган тақдирда;

хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда - давлат томонидан шерикнинг талаби бўйича;

давлат томонидан шерик тарафидан ўз мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда - хусусий шерикнинг талаби бўйича.

Ушбу банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда битим суд тартибида бекор қилинади.


31. Битим унинг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин тўхтатилади.

Битимнинг амал қилиш муддати тамом бўлиши томонларни унинг бузилганлиги учун жавобгарликдан озод қилмайди.


32. Хусусий шерик:

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ташаббуси тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш учун давлат томонидан шерикка тақдим этиш;

битимнинг амал қилиш муддатига ер участкалари, бўш турган объектлар, шу жумладан, фаолият кўрсатмаган давлат муассасаларини ҳамда фойдаланилмаётган хоналар ёки корпусларни олиш ва улардан фойдаланиш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда методик таъминланиш;

битим шартлари давлат томонидан шерик тарафидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Хусусий шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


33. Хусусий шерик:

битим ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиши;

битим амал қилишининг бутун муддати мобайнида объект фаолияти ихтисослилигини сақлаб қолиши;

санитария қоидаларига, нормаларга ва гигиеник нормативларга риоя қилиши;

қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ равишда ўсимликлар клиникалари фаолият кўрсатиши учун юқори малакали кадрлар ва бошқа кадрлар билан бутлаши, зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўриши;

ўсимликлар клиникалари фаолияти доирасида кўрсатиладиган хизматларнинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиши;

объектни тўлиқ ёки қисман молиялаштиришни, ундан фойдаланишни, техник хизмат кўрсатишни, шунингдек, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, модернизация қилишни таъминлаши шарт.

Хусусий шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.

Битимнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар хусусий шерикнинг мулкида бўлган объект хусусий шерик томонидан ўзгага берилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусий шерик алмаштирилиши бундан мустасно.


34. Давлат томонидан шерик:

битим шартлари бажарилиши тўғрисида хусусий шерикдан ҳар чораклик асосида маълумот олиш;

битим шартлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини баҳолаш;

қонун ҳужжатларига ва битим шартларига риоя қилиш мониторингини олиб бориш доирасида аниқланган қоида бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

объект бўйича хусусий шерикнинг айби билан юзага келган зарарлар қопланишини талаб қилиш;

битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат томонидан шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


35. Давлат томонидан шерик:

объектни битимда белгиланган муддатларда, тартибда ва шартларда бепул асосда хусусий шерикка беришга;

хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятини амалга оширишига аралашмасликка мажбурдир.

Давлат томонидан шерик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.



4-БОБ. БЎШ ТУРГАН ДАВЛАТ МУЛКИ

ОБЪЕКТЛАРИНИ, ШУ ЖУМЛАДАН, ФАОЛИЯТ

КЎРСАТМАЁТГАН ДАВЛАТ МУАССАСАЛАРИНИНГ

БИНОЛАРИНИ "НОЛЬ" СОТИШ ҚИЙМАТИ

БЎЙИЧА СОТИШ ТАРТИБИ


36. Давлат томонидан шерик битим тузилган пайтдан бошлаб бир кун мобайнида танлов ғолиби тўғрисидаги маълумотни ва битимнинг нусхасини бўш турган давлат мулки объектини "ноль" харид қиймати бўйича бериш жараёнини ташкил этиш учун Давлат рақобат қўмитасига юборади.


37. Давлат рақобат қўмитасининг топшириғи бўйича унинг ҳудудий органи маълумот олинган пайтдан бошлаб уч кун мобайнида бўш турган давлат мулкини, шу жумладан, биноларни балансда сақловчига (кейинги ўринларда балансда сақловчи деб аталади) Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига мувофиқ мол-мулкни хатловдан ўтказиш тўғрисидаги ёзма талабни юборади.


38. Балансда сақловчи ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда хатловни ўтказади ва Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органига:

хатлов комиссияси ташкил этиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини;

хатлов комиссияси мажлислари баённомаларини;

хатлов комиссиясининг аъзолари ва раҳбари томонидан имзоланган мол-мулкни хатловдан ўтказиш далолатномаларини;

кадастр ҳужжатларини, шу жумладан, кадастр харитасини (режани) ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларни (улар мавжуд бўлганда);

ер участкасига, ер қаърига ва бошқа табиий ресурсларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни;

рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича солиқ органи томонидан тасдиқланган балансда сақловчининг балансини;

Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган шакл бўйича фото суратларни (камида тўрт дона) илова қилган ҳолда давлат мулки объектлари паспортларини тақдим этади.


39. Хатлов балансда сақловчи томонидан оралиқ баланси тузилган санада балансда сақловчи томонидан ўтказилади, бунда баланснинг ҳар бир сатри тегишли инвентарь рўйхатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.


40. Объектни топшириш-қабул далолатномаси имзолангандан ва хусусий шерик томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этилгандан кейин беш иш куни мобайнида Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи хусусий шерикка "Тасарруф этиш ҳуқуқисиз" белгиси қўйилган ҳолда мулк ҳуқуқига давлат ордерини беради.


41. Битимнинг амал қилиш муддати тамом бўлгач, хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятлари ва давлат томонидан шерик тарафидан тақдим этилган ахборот бўйича битим шартлари бажарилиши шарти билан Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи хусусий шерик томонидан мулк ҳуқуқига давлат ордерининг асл нусхаси тақдим этилган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси, шунингдек, аудитнинг хулосаси асосида "Тасарруф этиш ҳуқуқи билан" белгисини киритади.



5-БОБ. ФОЙДАЛАНИЛМАЁТГАН ХОНАЛАРНИ

ХУСУСИЙ ШЕРИКЛАРГА УЗОҚ МУДДАТГА БЕПУЛ

ФОЙДАЛАНИШ УЧУН БЕРИШ ТАРТИБИ


42. Давлат томонидан шерик хусусий шерик билан амал қилиш муддати 30 йил бўлган битим тузилган пайтдан бошлаб бир кун мобайнида уни Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Давлат мол-мулки ижараси марказига давлат рўйхатидан ўтказиш учун, шунингдек, объект балансида бўлган балансда сақловчига юборади.


43. Балансда сақловчи тузилган битим шартларига мувофиқ ўн кун муддатда объектни хусусий шерикка беради, хусусий шерик эса битимнинг амал қилиш муддати тамом бўлгач ёки битим муддатидан олдин бекор қилинганда объектни битим шартларига мувофиқ ҳолатда балансда сақловчига қайтаришга мажбурдир.


44. Объект унинг барча анжомлари ва унга тегишли бўлган техник ҳужжатлар билан биргаликда хусусий ҳамкорга берилади ва у томонидан қайтарилади.


45. Объектни топшириш ва қайтариш икки томонлама топшириш далолатномаси тузилган ҳолда томонларнинг ваколатли вакиллари иштирокида амалга оширилади, икки томонлама топшириш далолатномасида:

далолатнома тузилган жой ва сана;

битимнинг реквизитлари (тузилган сана, рақами);

давлат мол-мулкининг техник ҳолати кўрсатилади.

Топшириш далолатномаси томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва томонларнинг муҳрлари билан тасдиқланади.


46. Топшириш далолатномаси имзоланганидан кейин балансда сақловчи ва хусусий шерик ўртасида етти кун мобайнида коммунал ва фойдаланиш хизматлари кўрсатувчилар томонидан белгиланган тарифлар ҳисобга олинган ҳолда коммунал ва фойдаланиш хизматлари бўйича тўловлар миқдори, тўлаш тартиби ва муддатларини тартибга солувчи битим тузилади.

Электр энергияси, сув ва газ таъминотини ҳисобга олишнинг зарур приборларини ўрнатиш битим шартларига мувофиқ балансда сақловчи ёки хусусий шерик томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР КЛИНИКАЛАРИНИ ҚУРИШ,

РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ ВА ЖИҲОЗЛАШ УЧУН ЕР

УЧАСТКАЛАРИНИ БЕПУЛ АСОСДА БЕРИШ ТАРТИБИ


47. Давлат томонидан шерик 30 йил муддатга битим тузилган кундан бошлаб бир кун мобайнида хусусий шерикнинг - танлов ғолибининг аризасини битимда кўрсатилган шартларда ер участкаси бериш бўйича қарор қабул қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юборади.


48. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари хусусий шерикнинг аризасини ва Комиссиянинг қарорини объектни қуриш учун ер участкаси бериш бўйича материалларни тайёрлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаларига (кейинги ўринларда Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органи деб аталади) юборади.


49. Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органи йигирма иш куни мобайнида ер участкаси бериш бўйича материалларни тайёрлайди ва ваколатли органлар (ташкилотлар) билан келишади ҳамда ер участкасини танлаш ва бериш бўйича материалларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юборади.


50. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари уч кун мобайнида:

ер участкасини ўсимликлар клиникаларини ташкил этиш учун хусусий шерикка доимий фойдаланиш учун бериш тўғрисида қарор қабул қиладилар;

ер участкасини бериш тўғрисидаги қарорни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси филиалига юборадилар, бу ҳақда давлат томонидан шерикни хабардор қиладилар.


51. Ер участкасини бериш бўйича материалларни тайёрлаш ва келишиш билан боғлиқ харажатлар хусусий шерик билан битим тузилгандан кейин у томонидан қопланади.


52. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг алоҳида қарорлари билан белгиланган юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари беришни кўриб чиқиш ва бериш тартиби ушбу Низомда назарда тутилган ўсимликлар клиникаларини ташкил этиш учун хусусий шерикларга ер участкалари бериш тартибига татбиқ этилмайди.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


53. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.


54. Ўсимликлар клиникалари фаолияти ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча ўсимликлар клиникаларида ушбу Низом талабларига риоя этилиши устидан назорат қилиш ўсимликлар карантини бўйича тегишли ҳудудий инспекцияларга юкланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 сентябрь