язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Коммунал хўжалик/ Электр энергия таъминоти. Газ таъминоти. Иссиқлик таъминоти. Сув таъминоти/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.09.2018 й. 745-сон "Газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, шунингдек, табиий газда ишлайдиган марказлаштирилган қозонхоналардан бехатар фойдаланишга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.09.2018 й.

N 745



ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ БИЛАН

ЖИҲОЗЛАНГАН АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ,

ШУНИНГДЕК, ТАБИИЙ ГАЗДА ИШЛАЙДИГАН

МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ҚОЗОНХОНАЛАРДАН

БЕХАТАР ФОЙДАЛАНИШГА ДОИР ШОШИЛИНЧ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Сўнгги йилларда автотранспорт воситаларини экологик тоза ёқилғи турлари, шу жумладан сиқилган табиий газ билан таъминлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларининг сони 670 тага етди ва автотранспорт воситаларининг 50 фоиздан ортиғи муқобил ёқилғи сифатида сиқилган табиий газдан фойдаланмоқда.

Ушбу соҳада хавфсизлик масалаларини тартибга солиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари тармоғини ривожлантириш ва автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичли ўтказиш, ҳамда уларда газбаллон асбоб-ускуналарини хавфсиз ишлатишни таъминлаш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 11 октябрдаги 815-сон қарори ва "Транспорт воситаларини мажбурий техник курикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 22 декабрдаги 1010-сон қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда, газ баллони ускуналарининг бириккан жойлари зичлиги ва ишончлилигини даврий синовдан ўтказишда, шунингдек, жисмонан ва маънан эскирган газ баллонларидан фойдаланиш оқибатида белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари учрамоқда.

Юқорида қайд этилган қоидабузарликлар инсонлар ҳаёти ва саломатлигига зарар етказадиган, шу жумладан кўпинча ўлим билан тугайдиган бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2018 йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бухоро вилоятининг Когон туманида "Ғузор-Бухоро-Нукус" А-380 автомобиль йўлининг 201-километрида "Исузу" йўловчи автобусида ўрнатилган газ баллони портлаган. Бунинг оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган.

Қозонхона ускуналаридан фойдаланиш ишончлилигини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва уларни табиий газ билан таъминлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, энергия таъминоти ва энергия самарадорлиги масалаларига етарлича эътибор қаратилмаяпти.

Сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан янада хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, улардан фойдаланишда бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик, шунингдек, иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган қозонхоналардан фойдаланиш ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларини, шунингдек, табиий газда ишлайдиган марказлаштирилган қозонхоналарни хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг ишончлилиги ва хавфсизлигини оширишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича 1-иловага* мувофиқ Республика комиссияси ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Республика комиссиясининг (А.Ж. Раматов) асосий вазифалари этиб белгилансин:

а) газ баллонлари билан жихозланган автотранспорт воситалари бўйича:

стандартлар ва техник регламентлар талабларига жавоб берадиган ҳамда сертификатланган сиқилган табиий газ баллонларидан фойдаланилиши юзасидан уларни ялпи хатловдан ўтказиш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар ҳар бир юридик шахс ва жисмоний шахслар автомобиль транспортининг техник ҳолатини босқичма-босқич кўрикдан ўтказиш;

хар бир автомобиль транспортининг техник кўрик талаблари, уларда фойдаланилаётган газ баллонларининг ишончлилиги ва хавфсизлиги талабларига мос келиши юзасидан далолатнома тузилишини таъминлаш;

б) автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари бўйича:

фойдаланилаётган технологик ускуналар (компрессорлар) ва бошқа воситаларнинг лойиҳа ҳужжатлари талабларига, айниқса, ёнғин ва портлаш хавфсизлигини таъминлаш талабларига, шунингдек, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан уларни ялпи хатловдан ўтказиш;

автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари улардан фойдаланишда саноат хавфсизлиги курсларида ўқиган малакали мутахассислар ва ишчи-ходимлар билан таъминланганини ўрганиш;

автомобилларни газ билан тўлдирадиган ҳар бир компрессор станциясининг саноат хавфсизлиги, лойиха параметрлари, лицензия талаблари ва шартларига риоя этиш талабларига мос келиши юзасидан далолатнома тузилишини таъминлаш;

в) марказлаштирилган қозонхоналар бўйича:

марказий қозонхоналар ва уларни табиий газ билан таъминлаш тизимлари, шу жумладан газ тақсимлаш пунктларининг ёнғин хавфсизлиги техник талабларига мос келиши юзасидан ялпи хатловдан ўтказиш;

ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилиш борасида фойдаланилаётган ускуналарнинг ишончлилиги ва самарадорлигини, талаб этилган малакага эга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг мавжудлигини таҳлил қилиш;

мараказлаштирилган ҳар бир қозонхонанинг саноат ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мос келиши, шунингдек, айниқса куз-қиш мавсумида узлуксиз ишлашга тайёрлиги бўйича далолатнома тузилишини таъминлаш.


3. Газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари, шунингдек, марказлаштирилган қозонхонларни хатловдан ўтказиш бўйича 2, 2а ва 2б-иловаларга* мувофиқ ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин.

Республика комиссияси ишчи органининг функциялари, ўтказилган хатлов натижалари бўйича далолатномаларни расмийлаштирган ҳолда ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


4. Белгилансинки:

а) мулкчилик шаклидан қатъи назар, газ баллонлари билан жиҳозланган ва йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автобуслар, микроавтобуслар ва енгил автотранспорт воситалари (таксилар) 2018 йил 1 декабргача, жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларн ҳамда ташкилотларнинг газ баллонлари билан жиҳозланган ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида ва юкларни ташишда фойдаланиладиган махсус техникаси - техник кўрикни ўтказишнинг белгиланган муддатларида хатловдан ўтказилади;

автотранспорт воситалари ва уларда ўрнатилган газ баллонлари техник кўрикдан Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва йўл ҳаракати хавфсизлиги вилоят бошқармалари томонидан белгиланган жойларда, шу жумладан "Ўзстандарт" агентлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган республика ҳудудларидаги капот ичидаги ускуналарни ўрнатиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш сервис марказларида ўтказилади;

автотранспорт воситаларини хатловдан ва техник кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра, ҳудудий комиссиялар томонидан тегишли далолатнома тузилиб, Ички ишлар вазирилигининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тегишли бошкармасига берилади;

б) 2018 йил 15 ноябргача бўлган муддатда автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари хатловдан ўтказилади ва ҳудудий комиссиялар томонидан тегишли далолатномалар тузилиб, "Ўздавнефтгазинспекция" давлат инспекциясига тақдим этилади;

"Ўздавнефтгазинспекция" давлат инспекцияси хатлов натижалари асосида лицензиат лицензия талаблари ва шартларига, шу жумладан саноат хавфсизлиги талабларига риоя этмаганда автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларининг лицензияларини белгиланган тартибда тўхтатиш чораларини кўради;

в) 2018 йил 1 ноябргача бўлган муддатда саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва республика аҳолиси эҳтиёжлари учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган марказлапггирилган қозонхоналар хатловдан ўтказилади ҳамда ҳудудий комиссиялар томонидан тегишли далолатномалар тузилиб, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир шошилинч чоралар кўриш учун тақдим этилади.


5. Республика комиссияси (А.Ж. Раматов) ўтказилган хатлов натижаларига кўра 2018 йил 15 декабргача бўлган муддатда:

автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларидан ва газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан бехатар фойдаланилишини, шунингдек, хатлов давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилишини таъминлаш бўйича "йўл харитаси";

марказлаштирилган қозонхоналардан самарали ва бехатар фойдаланилишини, шу жумладан улардан фойдаланишда содир бўлган авария ҳолатларининг зудлик билан бартараф этилишини, шунингдек, хатлов давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилишини таъминлаш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилишини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


6. "Ўздавнефтгазинспекция" ДИ масъулиятни бевосита лицензиатга юклаган ҳолда, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган газ баллонлари сиқилган табиий газ билан тўлдирилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилишини таъминласин.


7. "Ўзстандарт" агентлиги 2018 йил 15 ноябргача бўлган муддатда сиқилган газ баллонларини ишлаб чиқарувчиларнинг технологик жараёнларини, уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан ўрганиб чиқсин ва натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Республика комиссиясига ҳамда ҳудудий комиссияларга автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларини ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларини хатловдан ўтказиш давомида уларга юкланган вазифаларнинг сифатли бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов, "Ўздавнефтгазинспекция" давлат инспекцияси бошлиғи Н.Т. Агзамов, "Саноатгеотехназорат" давлат инспекцияси бошлиғи Б.В. Гулямов, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев ҳамда "Ўзстандарт" агентлиги бош директори Д.Н. Саттаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 21 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 сентябрь, 38-сон, 769-модда