ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Пахтани қайта ишлаш саноати /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.09.2018 й. 744-сон "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.09.2018 й.

N 744



ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК

ИШЛАБ ЧИҚАРИШЛАРИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Фермер хўжаликлари ва тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини шакллантиришга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш доирасида 2018 йил бошидан буён республиканинг 20 та туманидаги 160 минг гектар ҳудудда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шакли жорий этилди.

Жорий йил бошидан буён пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари томонидан ишларни ташкил этишнинг илғор атротехнологиялари ва услубларини жорий қилиш, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси билан жиҳозлаш ҳамда пахтачилик тармоғига юқори малакали хорижий мутахассислар ва агрономларни жалб этишга доир чора-тадбирлар амалга оширилди.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклларини жорий этиш доирасида 2018 йилда майдонларни эгилувчан пластик қувурлар воситасида суғориш орқали 3163 гектар пахта майдонларида сувни тежайдиган технологиялар қўлланилди, сув чиқариш тизимлари ва ҳовузлар барпо этилди, суғориш манбалари узоқ бўлган туманларда 225 та насос агрегатлари ўрнатилди, 1285 та турли қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинди, қишлоқ хўжалиги бўйича юқори малакали хорижий мутахассислар (агрономлар, замонавий техника ва технологиялар бўйича мутахассислар, илмий институтлар мутахассислари) жалб қилинди, хорижий давлатларга борган ҳолда Туркия, Исроил, Бразилия ва АҚШнинг пахта етиштириш бўйича муваффақиятли тажрибаси ўрганилди, 4,3 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалигининг бошқа ишлаб чиқарувчилари (кейинги ўринларда фермер хўжаликлари деб аталади) ва тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга замонавий тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишни рағбатлантириш ва қишлоқ аҳолисининг бандлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тўқимачилик саноати корхоналари - замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкил этиш ташаббускорлари (кейинги ўринларда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкилотчилари деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорида назарда тутилган минтақалар ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шаклларини кейинги йилларда жорий қилишни давом эттириш;

2019 йил пахта хомашёси ҳосилидан бошлаб, 1-иловага* мувофиқ республика минтақаларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда фермер хўжаликларининг рўйхатини аниқласинлар ва фермер хўжаликлари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкилотчилари ўртасида 2019 йил пахта хомашёси ҳосили учун контрактация шартномалари тузилишига амалий ёрдам кўрсатсинлар;

фермер хўжаликлари томонидан олинган мажбуриятларни бажармаслиги сабабли бўшайдиган ер майдонларидан ишларни ташкил этишнинг илғор атротехнологиялари ва услубларини жорий қилиш, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш кўрсаткичлари бўйича ижобий натижаларни таъминлайдиган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ҳамда кластерлари ташкилотчиларига ушбу майдонлардан фойдаланиш ҳуқуқини томчилатиб суғоришнинг замонавий тизимини босқичма-босқич жорий қилиш шарти билан белгиланган тартибда берсинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари, фермер хўжаликлари билан биргаликда 2019-2023 йилларда пахтачиликда, шу жумладан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда замонавий томчилатиб суғориш тизимларини босқичма-босқич жорий этиш Дастурини (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


4. Қуйидагиларга:

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчиларига  томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш;

тижорат банкларига - пахта хомашёсини етиштириш жараёнида томчилатиб суғоришнинг илғор тизимларини жорий қилишни молиялаштириш, шунингдек, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига айланма маблағларни тўлдириш учун револьвер кредит линиялари очиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига - шартнома шартларининг сўзсиз бажарилишини, шунингдек‚ пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шакллари доирасида ерлардан самарали фойдаланилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Дастурни амалга оширишни молиялаштириш учун халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг кредит линияларини жалб қилиш юзасидан икки ой муддатда таклифлар киритсин.


6. Белгилансинки, ушбу қарорга 1-иловага* киритилган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2019 йил ҳосили пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб беришни молиялаштириш учун Давлат буюртмаси доирасида назарда тутилган шартлар асосида ҳисоблаб чиқиладиган эҳтиёжнинг камида 60 фоизи миқдоридаги кредит ресурслари хизмат кўрсатувчи, банклар ёки "Агробанк" АТБда очиладиган махсус ҳисобракамлари орқали ажратилади ва таъминот сифатида суғурта полиси берилади.

Ушбу қарорга 1-иловага* киритилган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчиларига Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорида назарда тутилган қоидалар ва шартлар татбиқ этилсин.


7. "Ўзпахтасаноат" АЖ, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ушбу қарорга 2-иловага* мувофиқ пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта тайёрлаш пунктларининг бино ва иншоотларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 31 мартдаги 253-сон қарорининг 2-бандида назарда тутилган шартлар асосида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчиларига инвестициялар киритган ҳолда, 5 йил муддатда бўлиб тўлаш (тенг миқдордаги йиллик тўловлар) шарти билан баҳолаш қийматида сотиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси "Ўзпахтасаноат" АЖ ва "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорга 2-иловага* киритилган пахта тозалаш корхоналарини ва пахта тайёрлаш пунктларини хатловдан ўтказсин ва уларнинг ҳолатини баҳоласин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзпахтасаноат" АЖ ва "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан биргаликда олди-сотди шартномаси тузилгандан сўнг бир ой муддатда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига сотиладиган ҳамда ушбу қарорга 2-иловага* киритилган пахта тозалаш корхоналарининг солиқ бўйича қарзларини хатловдан ўтказсин ва харид тўловлари жадвалларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу қарзларни тўлаш муддатини узайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритсин.


8. "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишларнинг ташкил этилиши ва пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларининг фаолияти натижалари юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда таҳлилий ва жадвалли материаллар ҳамда тегишли таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорга 2-иловада* назарда тутилган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчиларига сотиладиган пахта тозалаш корхоналарининг бўшаб қоладиган ходимларини ишга жойлаштиришни;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларининг буюртманомалари асосида қишлоқ хўжалиги бўйича юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш учун рухсатномаларни, шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни белгиланган тартибда беришни (муддатини узайтиришни) таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзпахтасаноат" АЖ ва Фанлар академияси билан биргаликда Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. 2018 йилда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашни ҳисобга олишнинг амалдаги тартиби жорий этилсин.

"Ўзпахтасаноат" АЖ "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан биргаликда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари учун пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашни ҳисобга олишни ташкил этиш бўйича бир ҳафта муддатда амалий семинар ташкил қилсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев‚ "Ўзпахтасаноат" АЖ, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашни ҳисобга олишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга доир таклифларни 2019 йил 1 апрелгача бўлган муддатда киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Т. Мирзаев ва Н.С. Отажонов, "Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси А.И. Мақсудов ва "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раиси И.У. Ҳайдаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А.Арипов



*) 1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 19-сентябрдаги

744-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорида:


а) 4-бандда:


учинчи хатбошидаги "2018 йил мобайнида" сўзлари чиқариб ташлансин;

олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"фермер хўжаликлари билан пахта хомашёси учун якуний ҳисоб-китоблар пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари томонидан ҳосил йиғиб-териб олинадиган йил охиригича амалга оширилади".


б) 8-банддаги "чигит етказиб берилишини" сўзларидан кейин "пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларининг ташкилотчилари билан келишган ҳолда" сўзлари қўшилсин.


в) 1-иловада:


номланишидаги "2018 йилда" сўзлари "2018 йилдан бошлаб" сўзлари билан алмаштирилсин;


қуйиддаги мазмундаги изоҳ қўшилсин:


"Изоҳ.

Ер майдонлари алмашлаб экиш изчиллигидан келиб чиққан ҳолда ўзгариши мумкин";


г) 3-иловага қуйидаги мазмундаги 22-позиция қўшилсин:

"

22

Томчилатиб суғориш тизимлари

8424821000


".

2. Вазирлар Маҳкамасининг "Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 майдаги 320-сон қарорига илованинг 2-бандидаги "ҳамда пахтачилик кластерлари билан қамраб олинган" сўзлари чиқариб ташлансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 22 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 сентябрь, 38-сон, 768-модда












































Время: 0.1852
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск