язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Иқтисодиётнинг умумий масалалари/ Дастурлар, концепциялар ва уларни амалга ошириш/ 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш Стратегияси (ЎзР Президентининг 21.09.2018 й. ПФ-5544-Фармонига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 21 сентябрдаги

ПФ-5544-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини

инновацион ривожлантириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш Ўзбекистон Республикаси жадал ривожланишининг муҳим шартидир.

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланаётгани ислоҳотларни мамлакатимизнинг жаҳон цивилизацияси етакчилари қаторига кириш йўлида тез ва сифатли илгарилашини таъминлайдиган замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда амалга оширишни тақозо этади.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил ишлаб чиқаришни модернизация, диверсификация қилиш, унинг ҳажмини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтириш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаётганини кўрсатди. Жумладан:

аҳолинининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси паст;

олий таълим муассасалари ўқув режалари ва дастурларини, талабаларни қабул қилиш квотаси миқдорини белгилашда, молиявий маблағларни тақсимлашда мустақил эмас;

илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун масъул вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик лозим даражада эмас, илмий-тадқиқот муассасалар ва лабораториялар фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаган;

илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш даражаси паст;

инновацион менежмент соҳасида технологиялар трансферини фаол илгари суриш ва амалга оширишга қодир юқори малакали мутахассислар мавжуд эмас;

илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ажратилаётган бюджет маблағлари етарли эмас;

илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан молиялаштириш самарали ва шаффоф эмас, бюджетдан ташқари ва хусусий жамғармалар маблағларини жалб этишни рағбатлантириш механизмлари мавжуд эмас, қарзни молиялаштиришнинг ички манбалари етарли даражада ривожланмаган;

интеллектуал фаолият натижаларини ҳимоя қилиш лозим даражада эмас, ушбу соҳада, айниқса давлат органлари ва ташкилотларида малакали мутахассислар мавжуд эмас;

қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, иккиламчи ресурсларни энергетик утилизация қилиш соҳаларида инновацион технологияларни жорий этиш даражаси паст;

мамлакатда, айниқса давлат компанияларида корпоратив муносабатлар ва корпоратив бошқарув принциплари ривожланмаган, бунда хориждаги энг намунали амалиёт инобатга олинмаяпти;

мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажмида ахборот-коммуникация технологиялари секторининг улуши кам.

Қайд этилган камчиликлар мамлакатимизнинг жадал инновацион ривожланишига, инвестицияларни жалб этишга, иқтисодиётнинг ўсишига ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шу муносабат билан қуйидаги мақсадлар, вазифалар ва асосий йўналишларни назарда тутадиган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини (кейинги ўринларда Стратегия деб юритилади) ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этмоқда:



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш Стратегиянинг бош мақсадидир.


2. Бош мақсадга эришишда Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга бориб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизиминининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш;

илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш

ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан

ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;

инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг замонавий ва самарали шаклларини жорий этиш;

бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш;

барқарор фаолият юритадиган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


3.1. Фан, ихтирочилик ва технологиялар

трансферини ривожлантириш


1. Лойиҳавий бошқарув механизмларидан фойдаланган ҳолда дастурий-мақсадли принцип асосида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишга давлат томонидан буюртма бериш орқали тадқиқотлар ташкил этиш механизмини жорий этиш.


2. Ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.


3. Ноёб илмий-техник ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларини ташкил этиш.


4. Ўзбекистон Республикасида илмий фаолият нуфузини ошириш.


5. Мамлакатимиз ва хориждаги илмий-техник ахборот манбаларини тўплаш, сақлаш ва қайта ишлашга, ахборот фондлари, маълумотлар базалари ва банкларини шакллантириш, юритиш ва улардан фойдаланишга ихтисослашган республика, тармоқ ва ҳудудий илмий-техник ахборот ресурслари ва ташкилотларидан иборат давлат илмий-техник ахборот тизимини яратиш.


6. Интеллектуал мулк объектларини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш.


7. Технологиялар трансфери бўйича миллий ва ҳудудий офисларни ташкил этиш.


8. Илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун технопарклар хаби, эркин иқтисодий зоналар, эркин саноат зоналари, кичик саноат зоналари ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш.


9. Хорижий ҳамкорлар билан маҳаллий илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорда сотиш бўйича қўшма ташкилотларни шакллантириш учун давлат кўмагини кучайтириш.



3.2. Инновацион фаолиятни молиялаштириш

тизимини такомиллаштириш


1. Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини кўпайтириш ва 2021 йилга бориб бу кўрсаткични ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 0,8 фоизига етказиш.


2. Инновацион фаолиятни молиялаштириш бўйича махсус институтлар (инновация жамғармалари, инновация банклари, венчур жамғармалари) ташкил этиш.


3. Мамлакатни инновацион ривожлантиришни рағбатлантириш учун банк кредитини олиш тартиб-таомилларини ва талабларини соддалаштириш.


4. Инновацион тараққиётни микромолиялаштириш тизимини такомиллаштириш.


5. Илмий-технологик ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва молиялаштиришда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш.


6. Инновацион лойиҳалар ва салоҳиятли инвесторларнинг доимий равишда янгилаб бориладиган ягона маълумот базасини ташкил этиш.


7. Инновацион лойиҳалар учун грантлар ва техник кўмак маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини ошириш.



3.3. Инфратузилма ва ахборот-коммуникация

технологияларини ривожлантириш


1. Телекоммуникация соҳасини норматив-ҳуқуқий тартибга солиш тизимини, шу жумладан давлат-хусусий шериклиги асосида тадбиркорлик субъектлари иштирокини кенгайтириш орқали такомиллаштириш.


2. 2021 йилгача ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматлар экспорти улушини улар умумий ҳажмининг 4 фоизига етказиш.


3. Барча операторлар учун халқаро телекоммуникациялар тармоқларига тўғридан-тўғри уланишни эркинлаштириш.


4. Аҳолини ахборот-коммуникациялар технологияларидан фойдаланишга рағбатлантириш.


5. Стартап лойиҳалар учун технопарк ташкил этиш орқали мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш тармоғини ривожлантириш.



3.4. Таълим тизимини такомиллаштириш

ва инсон капиталини ривожлантириш


1. Ўқув-тарбия жараёнига янги таълим дастурларини, замонавий педагогик технологиялар ва smart-технологияларни жорий этиш орқали таълим муассасаларида ўқитиш сифатини янада яхшилаш (электрон модуллар ташкил этиш ва масофавий ўқитишни жорий этиш).


2. Ногирон болалар таълим ва тарбиядан тенг шароитда баҳраманд бўлиши учун шароитлар яратиш мақсадида инклюзив таълимни ривожлантириш, шу жумладан:

таълим муассасаларида кўтариш қурилмалари, пандуслар, санитар хоналарда махсус мосламалар ўрнатиш, тутқичлар, махсус парталар, столлар ва бошқа махсус компенсатор воситалари билан жиҳозлаш орқали "тўсиқсиз муҳит" яратиш;

имконияти чекланган болаларни интеграциялашган ҳолда ўқитиш дастурларини яратиш;

таълим муассасаларини тегишли кадрлар (педагог-дефектологлар, болаларни руҳий-педагогик қўллаб-қувватлаш бўйича мутахассислар) билан таъминлаш.


3. Ҳудудий ва миллий даражада таълим жараёни натижаларини тизимли мониторинг қилиш асосида таълим сифатини ва унинг мамлакат инновацион ривожланиши даражасига таъсирини баҳолашнинг миллий тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


4. Меҳнат бозоридаги тенденциялар ўзгариб боришини ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлашга муҳтож ёшлар учун касб-ҳунар коллежларида қисқа муддатли ўқувлар ташкил этиш.


5. Аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ошириш.


6. Табиий ва техник фанлар йўналишлари бўйича талабалар улушини кўпайтириш.


7. Чоп этилган илмий мақолалар сони, улардан иқтибос келтириш индекси, халқаро конференциялар ва семинарларда иштироки, олинган патентлари сони бўйича танлаб олинган соҳадаги энг фаол олий таълим муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг тадқиқот йўналишини кучайтириш.


8. Тармоқ ва минтақавий иқтисодиёт сценарийлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида инновацион фаолият ривожини прогнозлаштириш тизимининг алоҳида бўғини сифатида етакчи олий таълим муассасаларида форсайт марказларини ташкил этиш. Олий таълим муассасасининг ички ва ташқи муҳитини илмий-технологик прогнозлаштиришни таъминлаш, уларнинг технологик ва инновацион муҳитини ва устувор инновацион йўналишларини ривожлантириш.



3.5. Рақобатни ривожлантириш ва

маъмурий тўсиқларни камайтириш


1. Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда корпоратив ҳуқуқни ривожлантириш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий принципларини жорий этиш.


2. Иқтисодиётни тараққиётнинг инновацион йўлига ўтишини таъминлайдиган рақобатбардош бозорни шакллантириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш.


3. Монополияга қарши сиёсатни, шу жумладан давлат-хусусий шериклигини жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, барча юридик ва жисмоний шахслар учун табиий монополиялар субъектлари товарлари, ишлари ва хизматларидан фойдаланишда тенг шароитларни таъминлаш, монопол корхоналар маҳсулотларига нарх шаклланишининг самарали механизмларини жорий этиш.


4. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва ички бозорнинг монополлашувини олдини олиш.


5. 2021 йилга бориб давлат кадастри ишларини юритишнинг тўлиқ рақамлаштирилишини таъминлаш ва мулкни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини соддалаштириш.


6. Қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш улушини 2025 йилга бориб 20 фоиздан зиёдга ошириш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 22 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 24 сентябрь, 38-сон, 764-модда