ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Шартномаларнинг айрим турлари / Маҳсулотларни етказиб бериш. Давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотларни етказиб бериш. Контрактация /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.09.2018 й. ПҚ-3953-сон "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.09.2018 й.

N ПҚ-3953



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

"ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ҚОНУНИНИ  АМАЛГА  ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунининг самарали ижросини, давлат буюртмачилари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, шунингдек, давлат харидларининг амалга оширилишини тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунининг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ давлат харидлари стратегик субъектлари амалга оширадиган давлат харидларига, ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидлари бундан мустасно;

давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун амалга ошириладиган давлат харидларига, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган давлат харидларига;

фавқулодда вазиятлар юз берган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидларига;

агар донор мамлакатларнинг, тегишли халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган чет эл ташкилотларининг тартиб-таомилларида ёки Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида чет эл кредитларини ва чет эл грантларини тақдим этиш шартларида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг референдумларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига;

суд муҳокамаларида иштирок этиш учун адвокат (вакил) тайинланиши билан боғлиқ давлат харидларига;

нархлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий белгиланган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди:

а) харид комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг яхши таклифларни саралаб олиш йўли билан:

давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган ҳолларда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишган ҳолда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдумларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари;

б) тўғридан-тўғри шартномалар бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишган ҳолда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун;

суд муҳокамаларида иштирок этиш учун адвокат (вакил) тайинланиши билан боғлиқ;

нархлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий белгиланган товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидларига нисбатан амалга оширилиши белгилансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат буюртмачилари томонидан иловадаги рўйхатга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни кейинчалик улар тўғрисидаги маълумотларни шартнома тузилган санадан бошлаб 3 кундан кечиктирмасдан давлат харидларининг махсус ахборот порталига жойлаштирган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилиш тартибини белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда, рўйхатдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди бўйича тузилган шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" давлат унитар корхонасида комплекс экспертизадан ўтказилмайди, бундан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг (бюджет буюртмачилари учун олти минг) баравари миқдоридан ошган шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар мустасно.

4. Белгилансинки, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларининг махсус ахборот порталига:

бошланғич нархни тушириш бўйича аукцион ўтказиш тўғрисида эълон - уни ўтказишдан камида беш кун олдин;

танлов ўтказиш тўғрисида эълон - танлов иштирокчиларидан таклифларни қабул қилиш муддатининг тугашидан камида ўн кун олдин жойлаштирилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат харидларини сифатли ва узлуксиз ўтказишга тўсқинлик қиладиган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кўриш билан боғлиқ давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлилини доимий равишда ўтказиб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда давлат харидларининг сифатли ва узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш, давлат буюртмачилари учун қулайликлар яратиш мақсадида, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги, шу жумладан, жойлардаги камчиликларни бартараф этган ҳолда давлат харидларининг махсус ахборот порталининг функционалини такомиллаштириш чораларини кўрсин;

давлат буюртмачилари ходимлари иштирокида давлат харидлари соҳасида семинар-тренинглар, мастер-класслар ва бошқа ўқув машғулотларини ўтказиб борсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш учун зарур бўлган, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг киритилишини таъминласин;

мазкур қарор талабларини, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда киритсин;

бир ой муддатда харид комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш ва энг яхши таклифларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 2 ва 3-бандларига мувофиқ харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нархлари шаклланиши устидан назоратни таъминласин.


8. Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М.М. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 сентябрдаги

ПҚ-3953-сонли қарорига

ИЛОВА



Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри

шартномалар бўйича харид қилинадиган

товарлар (ишлар, хизматлар)

РЎЙХАТИ


1. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг алоҳида махсус савдо майдончаларидаги электрон (биржа) савдолари натижаларига кўра харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар).


2. Давлат буюртмачиси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ хизмат сафарлари учун ва бошқа ҳолатлардаги чипталар (авиа, темир йўл ва йўналиш транспортига).


3. Давлат буюртмачиси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ хизмат сафарлари ва бошқа ҳолатлардаги яшаш харажатлари.


4. Аввал тузилган шартномалардаги етказиб берувчилар билан алоқа, интернет ва телерадиоузатиш хизматлари бўйича харидлар.

5. Бошқа етказиб берувчи томонидан хизмат кўрсатиш имконияти бўлмаган тақдирда, етказиб берувчи томонидан аввал олиб келинган товарлар (ишлар, хизматлар)га кафолат муддати тугагандан кейин ва жорий хизмат кўрсатиш (эҳтиёт қисмларни харид қилиш), шунингдек, аввал харид қилинган дастурий маҳсулотни кузатиш ва (ёки) уни функционал кенгайтириш.


6. Гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларни сақлаш ва олиб кириш (олиб чиқиш).


7. Банк (банклараро) хизматлар ва операциялар.


8. Муаллифлик назорати (ҳамроҳлиги) бўйича хизматлар.


9. Вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч минг беш юз бараваригача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг харид қилиниши.

10. Спорт, маданий-оммавий тадбирлар, кўргазмалар, ярмаркалар, анжуманлар, семинарлар ва ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналарни ижарага олиш.


11. Хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг расмий делегациялари ташрифларини таъминлаш (меҳмонхона, транспорт хизматлари кўрсатиш, асбоб-ускуналарни ижарага олиш, озиқ-овқат таъминоти, таржимон хизмати), эсдалик сувенирлари, совғалар, гуллар ҳамда гул билан безатиш, ваколатхоналар учун қабуллар (кечки овқат, фуршет, кофе-брейк ва бошқалар) ўтказиш, концерт дастурлари, баннерлар ва буклетлар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат делегациясининг хорижий мамлакатларга ташрифи билан боғлиқ харажатлар.


12. Оммавий ахборот воситаларида матбуот анжумани, брифинг, мавзули телекўрсатув ва бошқа тадбирларни ўтказиш, реклама жойлаштириш, мақола чоп этиш.

13. Фавқулодда ҳолатларда ваколатли идоралар томонидан тасдиқланадиган табиат ҳодисалари, эпидемиялар ва касалликлар тарқалишининг олдини олиш ёки унинг оқибатларини бартараф этиш учун бошқа зарур товарлар (ишлар, хизматлар).

14. Турар ёки нотурар жойни (иншоотни) харид қилиш ёки ижарага олиш, шунингдек унинг таъминоти бўйича эксплуатация харажатлари.


15. Табиий офатлар ва техноген ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш;

давлат буюртмачисининг тўлақонли фаолият олиб боришига таъсир кўрсатувчи коммуникациялар, механизмлар, жиҳозлар ва бошқа асбоб-ускуналарнинг ишдан чиқиши ҳолатларида аварияларни бартараф этиш учун товарлар (ишлар, хизматлар).


16. Даврий нашрлар (газеталар, журналлар)га, шу жумладан уларнинг электрон вариантларига обуна бўлиш.


17. Мажбурий суғурталаш бўйича ҳамда давлат тиббий суғуртаси доирасидаги хизматлар.

18. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган рўйхат бўйича дори воситалари ва тиббиётда қўлланиладиган буюмлар.

19. Маданий-оммавий тадбирларга чипталар.


20. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, вазирликлар, идоралар, давлат корхоналари ва муассасаларининг сиҳатгоҳлари ва соғломлаштириш муассасаларига, шунингдек, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар.

21. Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчилари ёки уларнинг расмий дилерлари ва дистрибьюторларидан харид қилинган янги автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ ҳўжалиги техникалари.


22. Бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, дизель ёқилғиси ва кўмир маҳсулотлари.


23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туман ва шаҳарлар бюджетлари захира фондларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар).


24. Муаллифлик ҳуқуқи учун мукофотлар (муаллифлик гонорари), асар, ижро ва фонограммалардан фойдаланилганда тўланадиган муаллифлик ҳақи.

25. Махсус ва хизмат автотранспорти воситаларини, ҳаво кемаларини, шунингдек, тиббиёт ускуналарини таъмирлаш бўйича хизматлар.

25-1. Фуқаро авиацияси корхоналари томонидан ишлаб чиқарувчилар ёки сертификатланган етказиб берувчилардан импорт шартномалари бўйича харид қилинадиган авиация техник жиҳозлари, шу жумладан, ҳаво кемалари, авиадвигателлар ва уларнинг бутловчи қисмлари, авиация учун ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотлар, шунингдек, хорижий ваколатхоналар учун зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар).

26. Мамлакатимиз, ҳукуматимиз раҳбарлари, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқлари ҳамда уларнинг вакилларининг қабуллар уйига ташрифи билан боғлиқ бўлган товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан уларнинг яшаши, овқатланиши, ташкилий масалаларни ҳал этиш ва ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган бошқа харажатлар.


27. Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати госпиталлари;

даволаш-профилактика ва таълим муассасалари;

меҳмонхона ва ресторан хизматлари кўрсатиш;

мурувват ва ногиронлиги бўлган шахслар уйлари;

меҳрибонлик уйлари ва интернатлар;

қариялар уйлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш.


28. Халқаро ва давлатлараро даражадаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар.


29. Шартнома бўйича унинг умумий бошланғич суммасининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдордаги қўшимча иш ва хизматларни амалга ошириш учун харажатлар.

30. Таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик жамламаларни нашр этиш (қайта нашр этиш) учун мўлжалланган қоғоз ва бошқа сарфлаш материаллари.

30-1. Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларда фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хомашёлар ва жиҳозлар.

30-2. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол маҳорат мактаблари учун электрон ҳисоблаш ускуналари, ўйинлар ва ўқув-машқ йиғинларини таҳлил қилиш дастурий таъминот ва ускуналар, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси талаблари бўйича футбол тўплари, спорт кийимлари ва экипировкалар ҳамда футбол учун оёқ кийимлар.

30-3. Халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) талаб ва тавсияларига асосан халқаро спорт мусобақалари ҳамда профессионал спортчилар учун зарур бўладиган хорижда ишлаб чиқарилган спорт анжомлари, жиҳозлари, ускуналари, махсус машғулот тренажёрлари, замонавий илмий технология воситалари, махсус спорт кийимлари (экипировкалар), спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий биологик ва фармакологик препаратлар.

30-4. Халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришган иштирокчиларни кутиб олиш билан боғлиқ харидлар (транспорт хизматлари кўрсатиш, асбоб-ускуналарни ижарага олиш, банкет ва овқатланишни ташкил этиш бўйича хизматлар, сувенирлар, совғалар, гуллар ҳамда гул билан безатиш, баннерлар ва буклетлар тайёрлаш, тадбирлар ва анжуманларни ташкил этиш, махсус ва миллий кийимлар ва бошқалар).

31. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига, шу жумладан, хорижий ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хусусийлаштириладиган ёки хўжалик жамиятларининг устав фондларига давлат улуши сифатида ўтказиладиган давлат активларини баҳолаш хизматлари.

32. Давлат акциялар (улушлар) пакетларини сотиш ҳамда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO (SPO) бўйича эмиссияларни жойлаштириш учун жалб қилинадиган инвестиция воситачилари, маслаҳатчилари, шу жумладан, хорижий маслаҳатчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига кўрсатадиган хизматлари.

33. Ўрмон хўжалиги агентлиги тизимидаги ташкилотлар ва ботаника боғлари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан етиштирилган кўчат ва ниҳоллар, шунингдек, уларни парвариш қилиш ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги "Агросаноатни рақамлаштириш маркази" масъулияти чекланган жамияти билан харид қилинадиган рақамлаштириш соҳасидаги ишлар бўйича хизматлар.

34. Ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслардан, улар учун белгиланган тартибда ажратилган квоталар доирасида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш.

35. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Давлат резиденцияларига хизмат кўрсатиш ва тадбирларни ташкил этиш бошқармаси тузилмасига кирадиган давлат резиденциялари ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун ҳукумат қарорлари ва топшириқлари асосида, шу жумладан пудратчилар томонидан, ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар ҳисобига товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш.

36. Давлат ва стратегик буюртмачининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиш учун бошқа етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда лицензия битимига (шартномасига, контрактига) асосан товарлар (ишлар, хизматлар)нинг интеллектуал фаолият натижалари муаллифидан ёки интеллектуал фаолият натижаларидан мутлақ фойдаланиш ҳуқуқига эга етказиб берувчидан, шунингдек, фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари каби интеллектуал фаолият натижаларининг ушбу интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ягона шахсдан давлат харидлари.

37. Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматлари, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалар, репортажлар ва бошқа роликларни тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича хизматлари.

38. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларини бажаришда иштирок этувчи бюджет ташкилотлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш мақсадида реактивлар ва реагентлар харид қилиш.

39. Техник тартибга солиш соҳасидаги миллий норматив ҳужжатлар, давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш, шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги хорижий норматив ҳужжатларни мослаштириш.

40. Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан таълим дастурларини ташкил этиш, республикага хорижий олим ва мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни жалб этиш хизматлари.

41. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси, музей ва кутубхона фондларини шакллантириш мақсадида хорижда ва Ўзбекистонда тайёрланадиган экспонатлар, санъат асарлари, суратлар, ҳайкаллар ва бюстлар, гиламлар, матолар, қўлёзмалар ва нашр асарлари нусхалари, хариталар, паннолар, стендлар, видео-аудио ва юқори технологик намойишлар учун материалларнинг хариди.

42. Монополист корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни харидорларга аффилланган шахс бўлган ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналарнинг автотранспортда ташиш хизматлари.

43. Олий таълим муассасалари томонидан хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни (муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан), сарфланадиган лаборатория материаллари (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар) харид қилиш.

44. Фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш, шу жумладан жарроҳлик амалиётидан ўтказиш ва реабилитацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни хорижга ўқишга ва амалиётга юбориш билан боғлиқ харажатлар.

45. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат хариди.

46. "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятида ахборотлаштириш қурилмалари ва хизматлари ҳамда дастурий таъминотлар хариди.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 сентябрь


"Халқ сўзи", 2018 йил 28 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 октябрь, 39-сон, 777-модда








































Время: 0.1566
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск