язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Таълим тўғрисида/ Хорижда таълим олиш учун номзодларни танлов асосида танлаб олишни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 25.09.2018 й. ПФ-5545-сон Фармонига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 25 сентябрдаги

ПФ-5545-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Хорижда таълим олиш учун номзодларни

танлов асосида танлаб олишни

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) томонидан хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташ учун номзодларни танлов асосида танлаб олишнинг регламенти, тартиби ва механизмларини белгилайди.


2. Магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташга юбориш Жамғарма томонидан танлов асосида амалга оширилади.


3. Номзодларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш танлов асосида танлаб олишни ўтказиш бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда - комиссиялар) томонидан амалга оширилади, уларнинг шахсий таркиби ва иш тартиби Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан ҳар бир танлов учун алоҳида тасдиқланади.


4. Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташга қабул қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳамда қабул ва танлаб олишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.


5. Танловларда қуйидаги шахслар иштирок этиши мумкин эмас:

магистратура дастурлари бўйича - 23 ёшдан кичик ва 40 ёшдан катта бўлган, шунингдек, илгари ўхшаш мутахассислик бўйича хорижда магистратурада таҳсил олганлар;

докторантура дастурлари бўйича - 25 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал PhD ёки фан доктори илмий даражасини олганлар;

малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари бўйича - 25 ёшдан кичик ва 50 ёшдан катта бўлган, шунингдек, Жамғарма дастурларидан бири асосида сўнгги уч йил мобайнида хорижда таълим олганлар;

хорижда таълим олиш учун танланган мутахассислик бўйича 2 йилдан кам меҳнат тажрибасига, шу жумладан педагогик стажга эга бўлганлар;

давлат ҳокимиятининг сайлаб қўйиладиган органларида фаолият юритаётганлар;

оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаганлар.

Фавқулодда ҳолатларда, вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсиясига асосланган ҳолда комиссиялар қарорига кўра магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олишга танлаб олишда тегишли вазирлик ва идораларнинг мос равишда 45 ва 50 ёшгача бўлган ходимлари иштирок этишига рухсат берилади.


6. Хорижда таълим олиш учун танлов давлат ва/ёки рус тилида ўтказилади.

Хорижий тил бўйича тест синовлари таълим олинадиган мамлакат тили ёки инглиз тилади ўтказилади (агар қабул қилаётган хорижий олий таълим ёки илмий муассасада ўқитиш инглиз тилида олиб борилса).



2-БОБ. ЖАМҒАРМА СТИПЕНДИЯЛАРИ


7. Жамғарма стипендиялари белгиланган тартибда Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган дастурларга мувофиқ ажратилади:

хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишга - 2 ойгача муддатга;

хорижий илмий, таълим, ижод муассасалари, давлат идоралари, корхона ва бошқа ташкилотларда стажировка ўташга - 6 ойгача муддатга;

етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда магистратура дастури асосида таълим олишга - 1-2 йил мобайнида, докторантура дастури бўйича - 1-4 йил мобайнида.


8. Жамғарма стипендиялари ушбу Низом талаблари асосида танловдан ўтган шахслар (стипендиатлар)га қуйидаги харажатларни қоплаш учун ажратилади:

хорижий таълим ва илмий муассасаларда стипендиатларни ўқитиш қиймати тўлови;

стипендиатлар томонидан виза олиш (шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг республикадаги элчихонаси талабига кўра тиббий кўрикдан ўтиш харажатлари);

стипендиатларнинг барча турдаги транспорт воситалари билан таълим олиш жойига бўлган йўлкира харажатлари (иккала томонга, йилига бир мартагача);

хорижий мамлакатда таълим олиш даврида стипендиатларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари;

зарур ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш, шу жумладан дарсликлар харид қилиш, илмий мақолалар чиқариш, мақолалар ва илмий адабиётларнинг электрон базасига обуна бўлиш (таълим олиш дастури бошида бир марталик тўлов);

хорижда таълим олиш даврида стипендиатларни тиббий суғурталаш;

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига кўра хорижда таълим олиш билан боғлиқ стипендиатларнинг бошқа харажатлари.



3-БОБ. ТАНЛОВДА ҚАТНАШИШ УЧУН

ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


9. Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ магистратура, докторантура, малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари бўйича ўтказилаётган танлов ҳақидаги эълон ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугашига энг камида бир ой қолганда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет нашрлар ва Жамғарманинг веб-сайтига жойлаштирилади.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон қуйидаги маълумотлардан иборат бўлади:

аризаларни қабул қилиш муддати ва жойи;

зарур ҳужжатлар рўйхати;

танлов қатнашчисига қўйиладиган талаблар (ёши, мутахассислик бўйича зарур иш тажрибаси, хорижий тилни билиш даражаси, илмий мақолалар мавжудлиги ва бошқалар);

танловни ўтказиш муддати ва жойи ;

алоқа телефонлари ва электрон манзили.


10. Хорижда барча дастурлар бўйича таълим олишга номзодлар Жамғармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

а) тегишли намунадаги маълумотнома-объективка (анкета);

б) таълим олиш шакли ва йўналиши кўрсатилган ҳолда белгиланган намунадаги комиссия раиси номига ариза;

в) белгиланган намунадаги иккита фотосурат;

г) олий таълим муассасасини тугатганлигини, шунингдек, илмий даражасини (фан номзоди, PhD ва фан доктори.), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи дипломларнинг нусхаси;

д) меҳнат дафтарчаси нусхаси (меҳнат стажи бўлганда);

е) паспорт нусхаси;

ж) белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома;

з) чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.

е) судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома.


11. Хорижда малака ошириш, стажировка ўташга номзодлар 10-бандда кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидаги ҳужжатларни Жамғарма қабул Комиссиясига тақдим этадилар:

а) буюртмачи ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси билан номзод томонидан Хорижда малака ошириши ва стажировка ўташи зарурлиги асосланган тавсиянома;

б) малака ошириш ёки стажировка дастури;

в) малака ошириш ёки стажировка ўташ дастурини амалга ошириш тўғрисида хорижий муассаса билан дастлабки келишув (агар мавжуд бўлса).


12. Хорижда магистратура дастури бўйича таълим олишга номзодлар 10-бандда санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагиларни тақдим қиладилар:

а) дипломнинг иловаси нусхаси;

б) хорижий таълим ёки илмий муассасага қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат ("Letter of acceptance"), агар мавжуд бўлса;

в) номзоднинг Ўзбекистонда ва хорижда эълон қилинган мақолалари рўйхати ва уларнинг электрон вариантлари (мавжуд бўлса);

г) хорижда таълим олиш мақсади ва таълим олиш тугагандан сўнг олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида эссе (ёзма иш).


13. Хорижда докторантура дастури бўйича таълим олишга номзодлар 10-бандда санаб ўтилган ҳужжатларга қўшимча тарзда қуйидагиларни тақдим қиладилар:

а) дипломнинг иловаси нусхаси;

б) хорижий таълим ёки илмий муассасага қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжат ("Letter of acceptance"), агар мавжуд бўлса.

в) ушбу соҳани ривожлантириш ёки Ўзбекистонда натижаларни қўллаш учун номзод тадқиқотининг долзарблиги тўғрисида тегишли илмий ёки олий таълим муассасаси раҳбарининг тавсиявий хати;

г) номзоднинг Ўзбекистонда ва хориждаги илмий журналларда эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ва уларнинг электрон вариантлари;

д) режалаштирилаётган илмий тадқиқот мақсадлари, усуллари ва натижалари, уларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари тўғрисидаги эссе (ёзма иш).


14. Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, тўплаш ва дастлабки кўриб чиқиш Жамғарманинг ходимлари томонидан амалга оширилади. Зарур ҳужжатлардан бирини номзод эълонда кўрсатилган муддатда тақдим қилмаса унинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди.


15. Эълонда кўрсатилган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддати тугагандан сўнг Жамғарма ходимлари ва жалб қилинган мутахассислар томонидан тайёрланган дастлабки таҳлил натижалари илова қилинган ҳолда ҳужжатлар Жамғарманинг тегишли Комиссиясига тақдим этилади.

Номзодлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар танлов тугагандан сўнг қайтарилмайди.



4-БОБ. ХОРИЖДА МАГИСТРАТУРА ВА

ДОКТОРАНТУРА ДАСТУРЛАРИ АСОСИДА

ТАЪЛИМ ОЛИШ УЧУН ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ


16. Номзодларни саралаш тўрт босқичда амалга оширилади:

1-босқич ҳужжатларни кўриб чиқиш ва белгиланган талабларга энг мос келадиган номзодларни дастлабки саралашни кўзда тутади (ёши, мутахассислиги бўйича зарур иш тажрибаси, илмий мақолалари мавжудлиги, танланган мутахассисликнинг мамлакат ривожланишидаги белгиланган устувор йўналишларга мослиги ва бошқа талаблар).

Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилади.

2-босқичда 1-босқичда танланган номзодлар ичида амалдаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлари билан хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича суҳбат (ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва бошқа муассаса ходимларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан хорижий).

3-босқичда 2-босқичда танланган номзодлар билан ўз мутахассислиги бўйича билимлари даражаси, интеллектуал қобилиятлари, шунингдек, Жамғарма томонидан тайёрланган саволнома асосида номзодларнинг дунёқараши кенглиги ҳамда Ўзбекистон ривожланишининг устивор йўналишлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳиятини билишини аниқлаш бўйича суҳбат ва ёзма имтиҳон (эссе) ўтказилади (вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар, корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида, шу жумладан хорижий мутахассислар).

4-босқичда халқаро сертификатланган аттестация марказлари иштирокида хорижий ҳамкор талабларига мувофиқ олдинги босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодлар орасида чет тили билим даражаларини ва/ёки чет тилидаги таҳлил имкониятларини баҳолаш бўйича тест (IELTS, TOEFL, TestDaf, GMAT, GRE ва бошқа) ўтказилади.

Ҳар бир босқичнинг натижалари тегишли комиссия йиғилиш баённомаси билан тасдиқланади.


17. Ўзбекистонда халқаро стандартлаштирилган тестлардан ўтиш харажатлари Жамғарма томонидан бир марта тўлаб берилади ёки номзодларга қоплаб берилади. Халқаро стандартлаштирилган тестларни такрорий топшириш ёки хорижий олий таълим ёки илмий муассаса томонидан таълим олиш мамлакатида топширилиши талаб қилинадиган кириш имтиҳонлари харажатлари Жамғарма томонидан қопланмайди.

Чет элнинг таълим ва илмий муассасалари талаблари даражасида билимини тасдиқловчи амалдаги халқаро сертификатга эга номзодлар тест синовларидан озод қилинади.


18. Тегишли комиссия танлов якунларини умумлаштиради ва уни тасдиқлаш учун Жамғарманинг Васийлик кенгашига тақдим қилади.


19. Жамғарма Васийлик кенгашининг Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун ўтказилган танлов натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.

Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларга белгиланган шаклдаги стипендиатлик сертификатлари топширилади.


20. Танлов якунлари тасдиқлангандан ва сертификатлар топширилгандан сўнг Жамғарма стипендиатларга хорижий олий таълим ёки илмий муассасасини танлаш ва ҳужжатлар топширишга маслаҳат ёрдамини кўрсатади.


21. Таълим олишнинг харажатлари, муддати ва шарт-шароитларидан келиб чиқиб, хорижий мамлакатни танлаш ва стипендиат томонидан танланган ундаги таълим ёки илмий муассасани тасдиқлаш ҳуқуқи Жамғарма ваколатида қолади.

Стипендиат таълим олиши учун танланадиган олий таълим ёки илмий муассаса, қоида тариқасида, тан олинган халқаро ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатига кирган бўлиши керак.


22. Хорижий олий таълим ёки илмий муассасага ҳужжатларни топшириш бўйича харажатлар ("Application fee") Жамғарма томонидан уч мартагача номзодга тўлаб берилади.

Агар стипендиат юқорида кўрсатилган талабларга мувофиқ танланган мутахассислик бўйича магистратура дастури учун бир йил, докторантура дастури учун икки йил мобайнида бирорта хорижий таълим ёки илмий муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатни ("Unconditional letter of acceptance") тақдим эта олмаса, унинг стипендияси бекор қилинади.


23. Ҳар бир танлов учун Жамғарманинг Васийлик кенгаши қарори билан танланган мамлакат ва мутахассисликка боғлиқ ҳолда магистратура ва докторантурада битта стипендиатни ўқитишга ажратиладиган барча харажатларнинг энг юқори суммаси белгиланиши мумкин.



5-БОБ. ХОРИЖДА МАЛАКА ОШИРИШ ВА

СТАЖИРОВКА ЎТАШ УЧУН НОМЗОДЛАР

ТАНЛОВИНИ ЎТКАЗИШ


24. Номзодларни саралаш уч босқичда ўтказилади:

1-босқич ҳужжатларни кўриб чиқиш ва белгиланган талабларга энг мос келадиган номзодларни дастлабки саралашни кўзда тутади (ёши, мутахассислиги бўйича зарур иш тажрибаси, илмий мақолалари мавжудлиги ва бошқа талаблар).

Ушбу босқич Жамғарма ходимлари томонидан ўтказилади.

2-босқичда 1-босқичда танланган номзодлар ичида амалдаги халқаро сертификатга эга бўлмаганлари билан хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича суҳбат (ёки имтиҳон) ўтказилади (олий таълим ва бошқа муассаса ходимларини жалб қилган ҳолда, шу жумладан хорижий).

3-босқичда 2-босқичда танланган номзодлар билан ўз мутахассислиги бўйича билимлари даражаси, интеллектуал қобилиятлари, шунингдек, Жамғарма томонидан тайёрланган саволнома асосида номзодларнинг дунёқараши кенглиги ҳамда Ўзбекистон ривожланишининг устивор йўналишлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳиятини билишини аниқлаш бўйича суҳбат (ва/ёки имтиҳон) ўтказилади (буюртмачи, олий таълим ва илмий ташкилотлар, корхона ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида).

Ҳар бир босқич натижалари тегишли комиссиянинг йиғилиш баённомаси билан тасдиқланади.


25. Тегишли комиссия танлов якунларини умумлаштиради ва уни тасдиқлаш учун Жамғарманинг Васийлик кенгашига тақдим қилади.


26. Жамғарма Васийлик кенгашининг Хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ учун ўтказилган танлов натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.

Танловдан муваффақиятли ўтган номзодларга белгиланган шаклдаги стипендиатлик сертификатлари топширилади.


27. Малака ошириш ва стажировка ўташнинг бутун муддати давомида стипендиатларнинг иш жойи сақланади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ

АПЕЛЛЯЦИЯ КОМИССИЯСИ


28. Ушбу Низомга риоя қилиш, шунингдек, суҳбат ва тест синовларини ўтказиш натижалари ҳамда бевосита танловни ўтказилиши билан боғлиқ шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш учун Жамғарма Васийлик кенгашининг қарори билан Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш регламенти Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.


29. Апелляция комиссиясига аризалар суҳбат ва тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг уч кун давомида топширилади.


30. Апелляция комиссияси қабул қилинган аризаларни ўн кун давомида кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши зарур.


31. Жамғарманинг тегишли комиссиялари, шунингдек, суҳбат ва тест синовини олиб боришда иштирок этувчи экспертлар ишда йўл қўйган камчиликлари, нохолислиги учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгардирлар.



7-БОБ. СТИПЕНДИАТЛАРНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Танловнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган ва 6 ойдан ортиқ муддатга хорижга кетаётган номзодлар қуйидагилардан ўтиши керак:

а) Жамғарма томонидан белгиланган ихтисослашган тиббиёт марказида тиббий кўрикдан;

б) Жамғарма базасида қуйидаги йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари (шу жумладан онлайн режимида):

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар мақсади, вазифалари, моҳияти ва мазмуни;

Ўзбекистон тарихи;

Ўзбекистон маданияти, анъаналари ва туристик салоҳияти;

Халқаро этикет ва протокол.

Ушбу низомнинг 32-банди "а" қисмида кўрсатилган тиббий кўрикдан ўтиш бўйича харажатлар Жамғарма томонидан тўланади.

Узрли сабабларсиз ушбу низомнинг 32-банди "б" қисмида кўрсатилган ўқув курсидан ўтмаган номзодлар Жамғарма Васийлик кенгаши қарори билан стипендиатлар сафидан чиқарилиши мумкин.


33. Магистратура ёки докторантура дастури бўйича Хорижда таълим олган стипендиатга, олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида эгаллаган мутахассислиги бўйича 5 (беш) йилдан кам бўлмаган муддатда узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Стипендиатни ўқитишга сарфланган барча харажатлар суммаси 75 минг АҚШ долларидан ошган ҳолда, олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти 7 (етти) йилгача этиб белгиланиши мумкин.


34. Хорижда малака ошириб ёки стажировка ўтаб келган стипендиатга олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида 3 (уч) йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш мажбурияти юкланади.


35. Стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилганда, малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиши тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, олий таълим еки илмий муассасада, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда, Жамғарма томонидан стипендиатни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 26 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 октябрь, 39-сон, 774-модда