язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Меҳнат қонунчилиги/ Саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.10.2018 й. 784-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

784-сон қарорига

1-ИЛОВА



Саноат хавфсизлигини экспертизадан

ўтказиш ва экспертиза хулосасини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аккредитация аттестати - аккредитация қилинган эксперт ташкилотларининг саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ваколатини тасдиқлайдиган расмий ҳужжат;


техник қурилмаларни эксплуатациядан чиқариш - хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган техник қурилмалардан белгиланган мақсадда янада фойдаланиш мумкин эмаслиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги қайд этиладиган воқеа;


буюртмачи - саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш учун ариза билан мурожаат қилган ташкилот;


саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш хулосаси - экспертиза объектининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисида асосли хулосаларни ўз ичига олган ҳужжат;


хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш - хавфли ишлаб чиқариш объектларини хавфли ишлаб чиқариш объектлари сифатида тан олиш ва кейинчалик ушбу объектлардан фойдаланувчи ташкилотларнинг хавфли ишлаб чиқариш объектида авария рўй берган ҳолатда бошқа шахслар ҳаёти, саломатлиги ва (ёки) мулкига ҳамда атроф муҳитга зарар етказилиши учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш мақсадида ушбу хавфли ишлаб чиқариш объектларининг белгиларини аниқлаш (тан олиш) тартиб-таомили;


аккредитация соҳаси - эксперт ташкилотининг фаолият соҳаси;


аттестация соҳаси - саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт фаолияти соҳаси;

бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш (кейинги ўринларда текшириш деб аталади) - текшириладиган объектнинг ишга лаёқатлилигини ифода этадиган ва ундан кейинчалик фойдаланиш, реконструкция қилиш имкониятини ёки пойдевор тупроғини ва қурилиш конструкцияларини тупроқ хусусиятларининг ўзгариши, таянч конструкцияларнинг деформацион шикастланиши, нуқсонларини ҳамда ҳақиқий кўтариш қобилиятини аниқлаш юзасидан текширишни ўз ичига оладиган қайта тиклаш, кучайтириш, таъмирлаш заруратини белгилайдиган назорат параметрларининг аҳамиятини белгилаш ҳамда баҳолаш комплекс тадбирлар;


экспертиза объектлари - хавфли ишлаб чиқариш объектидаги лойиҳа ҳужжатлари, техника қурилмалари, бинолар ва иншоотлар, саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатлар;


хавфли ишлаб чиқариш объекти - "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланган корхоналар ёки уларнинг цехлари, участкалар, майдончалар, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш объектлари;


хавфли ишлаб чиқариш объектининг саноат хавфсизлиги - шахс ва жамият ҳаётий муҳим манфаатларининг хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ҳамда ҳодисалардан ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик ҳолати;


саноат хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) - қонун ҳужжатларига мувофиқ саноат хавфсизлиги соҳасини тартибга солиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи;


техник диагностика - хавфли ишлаб чиқариш объектидаги техник қурилмалар, бинолар ва иншоотлар параметрлари рад этилиши мумкинлигини прогноз қилиш учун уларнинг техник ҳолатини ифода этувчи белгиларни аниқлаш ва ўрганиш, шунингдек, нормал иш режими бузилишининг ўз вақтида олдини олиш мақсадида уларнинг ҳолатини экспериментал аниқлаш услублари ҳамда воситаларини ишлаб чиқиш;


хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган техник қурилма (кейинги ўринларда техник қурилма деб аталади) - хавфли ишлаб чиқариш объектида қўлланиладиган ва эксплуатация қилиниши хавфли ишлаб чиқариш объектида аварияга ёки нохуш ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлган ускуна, қурилма ва агрегат;


саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт (кейинги ўринларда эксперт деб аталади) - экспертизани амалга оширувчи аттестациядан ўтказилган мутахассис;


саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш (кейинги ўринларда экспертизадан ўтказиш деб аталади) - экспертиза объектининг унга қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолаш;


эксперт ташкилоти - саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказадиган ва белгиланган тартибда аккредитация қилинган ташкилот.


3. Ушбу Низомга мувофиқ қуйидагилар экспертизадан ўтказилади:

а) хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник қайта жиҳозлаш, консервациялаш ва тугатишга доир лойиҳа ҳужжатлари;

б) хавфли ишлаб чиқариш объектида ушбу Низомга 1-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича қўлланиладиган техник қурилмалар:

хизмат муддати тугаганлиги бўйича;

ҳақиқий хизмат муддати йигирма йилдан ошадиган бўлса, техник ҳужжатларида бундай қурилманинг хизмат муддати ҳақида маълумотлар бўлмаганда;

конструкцияни ўзгартириш, бундай техник қурилманинг кўтариб турувчи элементлари материалларини алмаштириш билан боғлиқ ишлар амалга оширилгач ёки хавфли ишлаб чиқариш объектида авария ёки нохуш ҳодиса туфайли техник қурилма шикастланганда қайта тиклаш бўйича таъмирлаш ишларидан сўнг;

экспертиза хулосаларида белгиланган эксплуатация муддати тугаганлиги бўйича;

қонун ҳужжатларига мувофиқ саноат хавфсизлиги соҳасида алоҳида ваколатларга эга ваколатли орган ёки давлатнинг бошқа органларининг мансабдор шахси томонидан техник қурилманинг хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юзага келиши хавфини келтириб чиқарадиган шикастланиши ёки хусусиятларининг йўл қўйиладиган нормалардан четга чиқиши аниқланган ва бу борадаги кўрсатмалар белгиланган тартибда расмийлаштиришган ҳолатда;

буюртмачининг ташаббуси билан;

в) хавфли ишлаб чиқариш объектида технологик жараёнларни амалга ошириш, "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси 2-бандида назарда тутилган хавфли моддаларни сақлаш учун мўлжалланган бинолар ва иншоотлар;

лойиҳа ҳужжати мавжуд бўлмаганда ёки лойиҳа ҳужжатида бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш муддати ҳақида маълумотлар бўлмаса;

хавфли ишлаб чиқариш объектидаги бинолар ва иншоотларнинг кўтариб турувчи конструкцияларига зарар етказиши мумкин бўлган авария ёки табиий ҳодисалардан сўнг;

қонун ҳужжатларига мувофиқ саноат хавфсизлиги соҳасида алоҳида ваколатларга эга ваколатли орган ёки давлатнинг бошқа органларининг мансабдор шахси томонидан техник қурилманинг хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юзага келиши хавфини келтириб чиқарадиган шикастланиши ёки хусусиятларининг йўл қўйиладиган нормалардан четга чиқиши аниқланган ва бу борадаги кўрсатмалар белгиланган тартибда расмийлаштиришган ҳолатда;

буюртмачининг ташаббуси билан;

г) хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги декларациялари.


4. Хавфли ишлаб чиқариш объектлари экспертиза доирасида қурилиши тугалланган объект фойдаланишга қабул қилингандан сўнг идентификацияланади.


5. Экспертиза эксперт ташкилотлари томонидан мазкур Низом талаблари, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатларга мувофиқ ўтказилади.


6. Турли экспертиза объектларини экспертизадан ўтказишда инобатга олиниши керак бўлган талаблар экспертиза объектларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон қарори билан тасдиқланган Саноат хавфсизлиги экспертизаси тизими тўғрисидаги низомга мувофиқ ваколатли орган томонидан белгиланади.


7. Экспертизани ўтказиш сифати ва натижаларининг ҳаққонийлиги, шунингдек, экспертиза натижаларини сақлаш учун жавобгарлик экспертизани ўтказган эксперт ташкилоти зиммасига юклатилади.


8. Экспертиза эксперт ташкилоти ва буюртмачи ўртасида тузилган шартнома асосида ўтказилади.


9. Экспертиза илм-фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тадқиқотларнинг мустақиллиги, холислиги, пухталиги ва тўлиқлиги принципларига асосланади.


10. Экспертнинг меҳнат муносабатлари ўрнатилмаган ташкилотга мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосларда тегишли бўлган хавфли ишлаб чиқариш объектларида ўтказиладиган экспертизадан иштирок этиши ман этилади.

Ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган, экспертизани ўтказишга жалб этилишига тўсқинлик қиладиган ёки уни ўтказиш принципларига риоя этиш имконини бермайдиган ҳолатлардан хабардор бўлган эксперт экспертизани ўтказишда иштирок эта олмайди.


11. Экспертизани ўтказиш муддати экспертиза объектининг мураккаблигига қараб белгиланади, аммо бу муддат саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатларга мувофиқ зарур бўлган материаллар ва ҳужжатлар тўплами олинган ҳамда экспертизани ўтказиш бўйича бошқа барча шартлар бажарилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.


12. Ушбу Низомга 2-иловага* мувофиқ схема бўйича экспертиза ўтказилади ва экспертиза хулосаси берилади.


13. Экспертиза хулосаси экспертиза хулосасини аввал расмийлаштирган эксперт ташкилоти, ушбу ташкилот фаолият кўрсатмаган ҳолларда эса мазкур Низомнинг 2-бобида назарда тутилган тартибда бошқа эксперт ташкилотлари томонидан қайта расмийлаштирилади ҳамда унинг дубликати берилади.



2-БОБ. ЭКСПЕРТИЗАНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


14. Экспертиза қуйидаги босқичлардан иборат:

экспертизани ўтказиш учун аризани қабул қилиш;

ҳужжатларни дастлабки баҳолаш ҳамда экспертизани амалга ошириш учун шартнома тузиш;

экспертиза объектининг унга қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолаш;

экспертиза натижалари бўйича экспертиза хулосасини расмийлаштириш ва бериш.

Экспертизанинг кейинги ҳар бир босқичи аввалги босқичда ижобий натижаларга эришилганда ўтказилади.


15. Буюртмачи экспертизани амалга ошириш учун эксперт ташкилотига ушбу Низомга 3-иловада* келтирилган шакл бўйича расмийлаштирилган буюртманомани бевосита, унинг олингани тўғрисидаги билдиришнома билан бирга почта алоқа воситаси орқали ёхуд электрон шаклда тақдим этади. Электрон шаклда тақдим этилган буюртманома электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Экспертиза объектининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, буюртманомага ушбу Низомга 4-иловада* кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади.


16. Нотўғри тўлдирилган ёки нотўғри расмийлаштирилган буюртманома кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Экспертизани ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун буюртмачи жавобгар бўлади.


17. Эксперт ташкилоти тушган буюртманомани бетларига рақамлар қўйиладиган, тикиб боғланадиган ва эксперт ташкилотининг муҳри билан тасдиқланадиган журналда ҳужжатлар тақдим этилган кунда рўйхатга олади.

Эксперт ташкилоти буюртманомани олгани ҳақида белги экспертизага буюртманома берилган сана ҳисобланади.


18. Буюртманома рўйхатга олинган кундан бошлаб, уч иш куни давомида тақдим этилган ҳужжатлар дастлаб баҳоланади.

Дастлабки баҳолашда ушбу Низомга 4-иловада* келтирилган рўйхат бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилади.


19. Тақдим этилган ҳужжатларни дастлабки баҳолаш натижалари салбий бўлса, эксперт ташкилоти бир иш куни давомида буюртмачига буюртманомани кўриб чиқиш рад этилган асосли сабаблар кўрсатилган билдиришномани юборади.

Буюртманомани кўриб чиқишнинг рад этиш сабаблари буюртмачи билан келишилган муддатларда бартараф этилмаган ҳолатларда эксперт ташкилоти тақдим этилган ҳужжатларни илова хати билан қайтаради.


20. Тақдим этилган ҳужжатларни дастлабки баҳолаш натижалари ижобий бўлса, эксперт ташкилоти ўн иш куни давомида буюртмачи билан экспертизани ўтказиш шартномасини расмийлаштиради.

Экспертизани ўтказишда тақдим этилган ҳужжатларда назарда тутилмаган, аммо саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқ бажарилиши шарт бўлган ишлар ҳажмлари аниқланган ҳолатларда, бу ишлар шартномага қўшимча битим асосида бажарилиши мумкин.


21. Эксперт ташкилоти буюртмачи шартномада белгиланган миқдордаги тўловни тўлагандан сўнг экспертиза объектини баҳолашга киришади.


22. Эксперт ташкилоти экспертиза объектини баҳолаш учун ушбу Низомга 5-иловада* келтирилган таркибда эксперт гуруҳини шакллантиради.

Эксперт гуруҳига бошқа мутахассислар ҳам киритилиши мумкин, бунда мутахассислар сони гуруҳдаги экспертлар сонидан кўп бўлмаслиги керак.


23. Экспертлар орасидан етакчи эксперт тайинланади ва у эксперт гуруҳига раҳбарлик қилади, экспертизанинг ўз вақтида ўтказилиши, натижаларни умумлаштириш ва экспертиза хулосасини тайёрлаш учун жавоб беради.

24. Эксперт гуруҳи экспертиза объектининг ҳақиқий ҳолати ва унга қўйиладиган саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолайди, экспертиза объектига тааллуқли ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини аниқлайди.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялашда экспертиза доирасида жойига бориб, объектнинг тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолайди, буюртмачи фойдаланаётган хавфли ишлаб чиқариш объектларининг хавфлилик белгилари ва турларини аниқлайди.


25. Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги техник қурилмалар, бинолар ва иншоотларнинг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш учун улар белгиланган тартибда текширилади ҳамда техник диагностикадан ўтказилади.


26. Буюртмачи экспертизани ўтказишда иштирок этадиган экспертлар ва мутахассисларнинг экспертиза ўтказиладиган хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишини таъминлайди.


27. Эксперт ташкилоти хавфли ишлаб чиқариш объектидаги техник қурилмалар, бинолар ва иншоотларни текширишга қайд этилган ишларни амалга ошириш учун зарур асбоб-ускуналар ва рухсат берувчи хусусиятга эга ҳужжатларга эга бошқа ташкилотларни ҳам жалб қилишга ҳақли.

Буюртмачининг штатида техник қурилмалар, бинолар ва иншоотларни текшириш ҳамда техник диагностикадан ўтказиш бўйича мутахассислар бўлганда ва уларнинг малака даражаси алоҳида ишларни амалга ошириш имконини берганда, буюртмачининг ушбу мутахассисларини мазкур ишларни бажаришга жалб этишга ва экспертиза хулосасини расмийлаштиришда бажарилган ишлар натижаларини ҳисобга олишга рухсат берилади. Бунда экспертиза хулосасида буюртмачи мутахассислари томонидан бажарилган ишлар турлари кўрсатилиши шарт.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги техник қурилмалар, бинолар ва иншоотларни текшириш ҳамда техник диагностикадан ўтказиш ишларининг сифати ҳамда ишончлилиги учун ушбу ишларни амалга оширган ташкилот жавоб беради.


28. Экспертизани ўтказишда номувофиқликлар ва камчиликлар аниқланган ҳолларда, эксперт ташкилоти бир кун муддатда саноат хавфсизлиги экспертизасини ўтказишда аниқланган номувофиқликлар ҳамда камчиликлар тўғрисида ушбу Низомга 6-иловага* мувофиқ шаклда протоколни (кейинги ўринларда протокол деб аталади) расмийлаштиради.

Номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш муддатлари буюртмачи билан келишилган ҳолда белгиланади.


29. Буюртмачи протоколни олгандан сўнг унда кўрсатилган муддатларда чоралар кўриши ва аниқланган номувофиқликлар ҳамда камчиликларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириши зарур.

Протоколда кўрсатилган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ўтказилган тадбирлар буюртмачи томонидан ушбу Низомга 7-иловага* мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга эксперт ташкилотига юборилади.


30. Экспертиза жараёнида тақдим этилган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилганда, аниқланган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш имконияти бўлмаганда, буюртмачининг ташаббуси билан унинг ёзма мурожаати асосида экспертизани ўтказиш жараёни вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Экспертиза жараёни тўхтатилганда эксперт ташкилоти буюртмачининг ёзма мурожаати олингандан кундан бошлаб, икки иш куни давомида бу ҳақида ваколатли органни тўхтатиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.


31. Эксперт ташкилоти буюртмачи томонидан номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш борасида ўтказилган тадбирлар, келтирилган асослар ва хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрилган чораларни таҳлил қилади. Зарур бўлганда жойига чиқиб, экспертиза объекти қайта баҳоланиши, тегишли текширувлар ва техник диагностика ўтказилиши мумкин.


32. Салбий экспертиза хулосаси қуйидаги ҳолларда бир иш куни давомида расмийлаштирилади:

номувофиқ номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўтказилган тадбирларнинг натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга келишилган муддатларда тақдим этилмаса;

буюртмачи томонидан номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиш тадбирлари етарлича ўтказилмаганда;

буюртмачи тақдим этган ҳужжатларда бузиб кўрсатилган ёки ёлғон маълумотлар борлиги аниқланса;

ўтказилган текшириш ва техник диагностиканинг асосланган салбий натижалари олинганда;

экспертиза объекти саноат хавфсизлиги талабларига мос келмаса.

Салбий экспертиза хулосасида аниқланган номувофиқликлар ва камчиликлар асослантирилган ҳолда кўрсатилиши шарт.


33. Салбий экспертиза хулосаси расмийлаштирилган ҳолларда буюртмачи салбий экспертиза хулосасини расмийлаштиришга асос бўлган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этиб, экспертизани ўтказиш учун такроран ариза бериши мумкин.

Такрорий экспертиза ушбу Низомнинг 2-бобида кўрсатилган тартибда ўтказилади.


34. Экспертиза натижалари ижобий бўлганда бир иш куни давомида ижобий экспертиза хулосаси расмийлаштиради.


35. Экспертиза хулосалари ушбу Низомга 8-иловада* белгиланган муддатларда берилади.



3-БОБ. ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАЛАБЛАРИ


36. Экспертиза хулосаси қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

кириш қисми;

асосий қисм;

натижалар.


37. Экспертиза хулосасининг кириш қисмида экспертиза мақсадлари, экспертизани ўтказиш асослари (экспертизани ўтказиш шартномаси), эксперт ташкилоти тўғрисида маълумотлар, экспертизани ўтказган экспертлар ва мутахассислар ҳақида маълумотлар, буюртмачи ҳақида маълумотлар, қўлланиладиган қисқартмалар кўрсатилади.


38. Экспертиза хулосасининг асосий қисмида экспертиза хулосасининг таъсири жорий қилинадиган экспертиза объектларининг рўйхати, экспертизани ўтказиш жараёнида кўриб чиқилган ҳужжатлар ҳақида маълумотлар, экспертиза объекти тўғрисида маълумотлар, ўтказилган экспертиза натижалари, саноат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тавсиялар келтирилади.


39. Экспертиза хулосасининг натижалари экспертиза объектининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ёки номувофиқлиги ҳақидаги хулосаларни ўз ичига олади.


40. Техник қурилмалар, бинолар ва иншоотларнинг экспертиза хулосасида қўшимча равишда:

ўтказилган текшириш ва техник диагностика асосланади;

экспертиза объектининг техник ҳолатини баҳолаш ва прогноз қилиш бўйича қолдиқ ресурсни (хизмат муддати) аниқлашни ўз ичига олган ҳисоб-китоб ва таҳлил қилиш жараёнлари амалга оширилади;

текшириш ва техник диагностикани амалга оширган ташкилоти ҳақида маълумотлар (ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, идоравий мансублиги, почта манзили, раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, телефон рақами, факс, фаолият турини амалга ошириш учун берилган лицензия, рухсатнома, аккредитация аттестати берилган сана ва рақами);

экспертиза объектидан кейинчалик фойдаланиш бўйича белгиланган муддат ва шартлар кўрсатилади.


41. Экспертиза хулосасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказишда аниқланган номувофиқликлар ва камчиликлар протоколи;


протоколда қайд этилган номувофиқликлар ва камчиликларни бартараф этишга доир ўтказилган тадбирлар ҳақида маълумотлар;

ўтказилган текширувлар ва техник диагностика натижалари;

экспертизани ўтказишда фойдаланилган қонун ҳужжатлари ва норматив техник ҳужжатлар рўйхати;

идентификацияланадиган ҳар бир объект учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида" 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон қарорига мувофиқ расмийлаштирилган хавфли ишлаб чиқариш объектларининг идентификация варағи;

хавфли ишлаб чиқариш объектларнинг ушбу Низомга 9-иловага* мувофиқ схема бўйича умумлаштирилган варағи.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг идентификация варағини экспертизадан ўтказиш хулосасини расмийлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон қарори билан тасдиқланган Хавфли ишлаб чиқариш объектларини идентификациялаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари қўшимча равишда ҳисобга олинади.



4-БОБ. ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИНИ БЕРИШ


42. Экспертиза хулосасининг асл нусхаси ва тақдим этилган ҳужжатлар буюртмачига экспертизани ўтказиш учун шартнома шартлари ҳақиқатдан бажарилганда берилади.


43. Экспертиза хулосасининг нусхаси уч иш куни давомида эксперт ташкилоти томонидан ваколатли органга белгиланган тартибда юборилади.


44. Экспертиза хулосасининг нусхаси экспертизани ўтказган эксперт ташкилотида ва ваколатли органда сақланади.



5-БОБ. ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


45. Буюртмачи-юридик шахс қайта ўзгартирилганда, унинг номи ёки юридик манзили ўзгарганда буюртмачи экспертиза хулосасини аввал расмийлаштирган эксперт ташкилотига ушбу Низомга 3-иловада* келтирилган шаклдаги буюртманомани шу Низомга 4-илованинг* 6-бандида қайд этилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда қайта рўйхатдан ўтгандан сўнг етти иш куни давомида тақдим этиши шарт.


46. Экспертиза хулосаси саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказган эксперт ташкилоти билан тузилган шартнома бўйича қайта расмийлаштирилади.

Шартнома суммаси эксперт ташкилотининг экспертиза хулосасини қайта расмийлаштиришга сарфланадиган харажатлари доирасида белгиланади.


47. Ҳужжатлар буюртмачи томонидан ушбу Низомнинг 15-бандида белгиланган тартибда тақдим этилади.


48. Экспертиза хулосасини аввал расмийлаштирган эксперт ташкилоти буюртмачи шартномада белгиланган миқдордан кам бўлмаган суммани тўлаган кундан бошлаб, уч иш куни давомида буюртманомани кўриб чиқади, ҳужжатларни ўрганади ва янги экспертиза хулосасини расмийлаштиради.


49. Хулоса қайта расмийлаштирилгунигача аввал берилган экспертиза хулосаси буюртмачи ёки унинг ҳуқуқий вориси томонидан қайта расмийлаштириш учун берилган буюртманома асосида ва эксперт ташкилотининг бундай буюртманома олингани ҳақидаги белгиси бўлганда ҳақиқий ҳисобланади.


50. Қайта расмийлаштирилган экспертиза хулосаси ушбу Низомнинг 4-бобига мувофиқ берилади.



6-БОБ. ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИНИНГ

ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ, УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ЁКИ ТУГАТИШ, ЭКСПЕРТИЗА

ХУЛОСАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ


51. Экспертиза хулосаси йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳолатларда, буюртмачи экспертиза хулосасини аввал расмийлаштирилган эксперт ташкилотига ушбу Низомга 3-иловада* келтирилган шаклда буюртманома тақдим этади.

Экспертиза хулосасининг йўқолиши ёки яроқсиз ҳолга келиши сабабли унинг дубликатини беришда буюртманомага кейинчалик белгиланган тартибда йўқ қилиш учун аввал берилган экспертиза хулосаси илова қилинади.


52. Экспертиза хулосасининг дубликати ушбу хулосани аввал расмийлаштирилган эксперт ташкилоти билан тузилган шартнома бўйича берилади.

Шартнома суммаси эксперт ташкилотининг экспертиза хулосаси дубликатини бериш учун сарфлаган харажатлари доирасида белгиланади.


53. Экспертиза хулосасини аввал расмийлаштирган эксперт ташкилоти экспертиза хулосасининг дубликатини буюртмачи экспертиза хулосасини берганлик учун шартномада белгиланган миқдордан кам бўлмаган суммани олдиндан тўлаган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмайдиган муддатда расмийлаштириши шарт.


54. Экспертиза хулосасининг дубликати буюртмачига шартнома шартларини бажарган тақдирда берилади.


55. Экспертиза хулосасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, экспертиза хулосасини бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида" 2008 йил 10 декабрдаги 271-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


56. Экспертиза натижалари юзасидан судга шикоят қилиш мумкин.


57. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



*) Низомга иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 октябрь