язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Тадбиркорлик/ Лицензиялаш/ Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.10.2018 й. 782-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

782-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ионлаштирувчи нурланиш манбалари

муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятни

лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.

Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолият қуйидагиларни ўз ичига олади:

ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан муомалада бўлиш, ионлаштирувчи нурланиш манбаларини лойиҳалаштириш, барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш, улар учун технологик асбоб-ускуналарни, радиациядан муҳофазаланиш воситаларини яратиш ва тайёрлаш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни ташиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиш.


2. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.


3. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларидан иборат идоралараро эксперт гуруҳини ташкил этади. Идоралараро эксперт гуруҳнинг шахсий таркиби лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.


4. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра, лицензия фаолият тури ёки унинг бир қисми учун берилади.


5. Лицензия фақат юридик шахсларга амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


6. Қуйидагилар ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

лицензиатлар томонидан радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, табиатни муҳофаза қилиш қоидалари, санитария нормалари, радиациявий хавфсизлик қоидалари ва гигиена нормативларига, давлат стандартларига мажбурий риоя қилиниши;

лицензия талабгорида унга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, тегишли белгиланган талабларга жавоб берувчи фаолиятнинг лицензияланадиган турини бажариш учун мўлжалланган бинолар (ишлаб чиқариш хоналари, омборлар ва бошқалар) мавжудлиги;

фаолиятнинг лицензияланадиган турини бажариш учун зарур моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар, бошқа техник воситалар мавжудлиги;

радиациявий хавфсизлик хизмати мавжудлиги;

иш жойларида, хоналарда, ишлаб чиқариш ҳудудларида, санитария-муҳофаза зоналарида ва кузатув зоналарида, шунингдек, ионлаштирувчи нурланиш манбалари чиқарилиши, ташланиши ва улар кўмилган жойларда радиациявий ҳолат юзасидан ишлаб чиқариш назорати амалга оширилиши;

қўлланилмайдиган ионлаштирувчи нурланиш манбалари кўмиб ташланишини таъминлаш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари ҳисобланган маҳсулотлар, материаллар ва моддалар, технологик жараёнларнинг радиациявий хавфсизлигини асослаш ва баҳолаш ишлари олиб борилиши;

радиациявий авария юз берганда радиациявий хавфсизликни таъминлаш учун зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги;

лицензияланадиган фаолият бўйича ишларни бевосита бажарувчи ходимларда тегишли олий ёки ўрта махсус маълумот мавжудлиги;

сурункали руҳий касалликлар, гиёҳвандлик, токсикомания, алкоголизм юзасидан ҳисобда турувчи ходимлар, шунингдек, ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомаласи соҳасида қасддан жиноят содир этганлиги учун муддати ўталмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги бўлган ходимлар йўқлиги;

ишлаб чиқариш раҳбарлари, ишлаб чиқариш назорати хизмати ходимлари, мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказиш;

фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан боғлиқ ишларни бевосита бажарувчи ходимларнинг мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилиши;

ходимлар нурланишининг якка тартибдаги дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш;

ходимларни иш жойларидаги ионлаштирувчи нурланиш даражалари ва улар томонидан олинган якка тартибдаги нурланиш дозаси миқдори тўғрисида мунтазам хабардор қилиш;

юридик шахс штатида фаолиятнинг лицензияланадиган тури бўйича камида 3 йил иш стажига эга бўлган камида уч мутахассиснинг мавжудлиги.


7. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 6-бандида санаб ўтилган лицензия талаблари ва шартларидан келиб чиқувчи аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами, лицензияланаётган фаолиятнинг (унинг бир қисмининг) юридик шахс томонидан амалга оширилиши мўлжалланаётган тури;

лицензияланадиган фаолият ишлари билан бевосита шуғулланадиган ходимлар рўйхати, унда уларнинг маълумоти бўйича мутахассислиги, эгаллаб турган лавозими, лицензияланадиган фаолият тури бўйича иш стажи кўрсатилади;

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.


9. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


10. Ҳужжатлар ишчи органга лицензия талабгори томонидан бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда етказиб берилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Ҳужжатлар лицензияловчи орган масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


11. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ

РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензиатнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.


13. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолият турларини лицензиялаш мазкур Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.


14. Лицензия талабгорининг ҳужжатлари қабул қилиб олинган кунда кўриб чиқиш учун идоралараро эксперт гуруҳига юборилади.

Идоралараро эксперт гуруҳи ариза олинган кундан бошлаб беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда лицензия талабгорининг ҳужжатларини кўриб чиқади ва лицензияловчи органга эксперт хулосасини тақдим этади.

Лицензияловчи орган эксперт хулосаси олингандан кейин беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган қарор протоколи лицензияловчи орган раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


15. Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш учун лицензияловчи орган ва идоралараро эксперт гуруҳи юқорида кўрсатилган муддат ичида:

фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия талабгорининг мавжуд шарт-шароитларни жойнинг ўзига бориб баҳолаш;

тегишли хулосалар тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқига эга.


16. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия битими лицензияловчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишининг лицензияловчи орган томонидан назорат қилиниши тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


17. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари намуналари лицензияловчи орган томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда лицензияловчи орган буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун лицензияловчи орган раҳбари шахсан жавоб беради.

Лицензиялар лицензияловчи органнинг масъул шахси томонидан расмийлаштирилади ва лицензияловчи орган раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


18. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.

Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни уч ой мобайнида тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.


19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


21. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда лицензияловчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин беш кун мобайнида улар бўйича идоралараро эксперт гуруҳи билан биргаликда эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилади ва тегишли қарор протоколини тасдиқлайди.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

Лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаган тақдирда лицензия талабгори ушбу муддат тугагандан кейин аризада кўрсатилган фаолиятни, бу ҳақда лицензияловчи органни хабардор қилган ҳолда амалга оширишга ҳақлидир. Бунда лицензияловчи орган лицензия талабгорининг ёзма билдиришномасини олгандан кейин беш иш куни мобайнида унга лицензия бериши шарт.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


22. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


23. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


24. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


25. Йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтмаган яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензиянинг дубликатини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини, молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ва судга мурожаат қилиш.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


29. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги, лицензия бекор қилинганлиги ва лицензиянинг амал қилиши тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, лицензияловчи органнинг веб-сайтида эълон қилиниши керак.


30. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


31. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

лицензияланаётган фаолият турининг номи;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


32. Лицензиялар реестридаги мавжуд маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.



9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


33. Лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.


34. Лицензия берилганлиги учун давлат божи республика бюджетига ўтказилади.






Низомга

ИЛОВА



Ионлаштирувчи нурланиш манбалари

муомалада бўладиган соҳалардаги

фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс

1. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўладиган соҳалардаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига ҳужжатларни бевосита ёки почта алоқа воситаси орқали ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан электрон шаклда тақдим этади.

Лицензия талабгори

хоҳишига кўра

  



2-босқич

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


2. Лицензия талабгорининг олинган ҳужжатларини идоралараро эксперт гуруҳи аъзоларига эксперт хулосаси олиш учун юборади.


3. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар такроран тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида протокол тайёрлайди.


1) Ҳужжатларни қабул қилиш кунида

2) Ҳужжатларни қабул қилиш кунида

3) Ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин ўн кун мобайнида


Идоралараро ишчи гуруҳ

Лицензия талабгорининг ҳужжатларини кўриб чиқади, эксперт хулосаси тузади ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига юборади.

1) Беш кун муддатда

  

  

   

3-босқич

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

1. Олинган эксперт хулосасини кўриб чиқади, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор тўғрисида протокол тузади.


2. Қарор протоколини тасдиқлайди (раҳбар ёки унинг ўринбосари).


3. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади ва имзолаш учун лицензия битимини юборади.


4. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

1) Беш кун муддатда

2) Бир кун муддатда

3) Бир кун муддатда

4) Бир кун муддатда



  

4-босқич

Лицензиат

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб 3 ойдан кечикмай

Лицензия талабгори

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.


2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда


  

  

5-босқич

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда у лицензия битимини имзолаган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.


2. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланган лицензияни лицензиатга беради (юборади) ҳамда реестрга тегишли ёзувни киритади.

1) Бир кун муддатда




2) Уч кун муддатда

  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 октябрь