язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Тадбиркорлик/ Лицензиялаш/ Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.10.2018 й. 782-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

782-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо

тошларни қазиб олиш фаолиятини

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўррисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан қабул қилинади.


3. Лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишни тўхтатиш ёхуд уни бекор қилиши масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги ва бошқа ташкилотлар мутахассисларидан идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади. Идоралараро эксперт гуруҳининг шахсий таркиби лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.


4. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензия берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилади.


5. Лицензия фақат юридик шахсларга амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


6. Қуйидагилар қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

лицензиат томонидан ер ости бойликлари ва табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, санитария нормалари ва талабларига мажбурий тарзда риоя қилиниши;

лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситаларининг мавжуд бўлиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олинишини белгилайдиган зарур норматив-техник ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;

фойдали қазилмаларни бойитишнинг лойиҳа технологияларига риоя этилиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларнинг бутлиги, уларнинг сақланиши ва уларни транспортда ташиш, топшириш ва реализация қилишга нисбатан қўйиладиган талабларга риоя этилиши;

лицензия расмийлаштирилгандан кейин олинадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг (қимматбаҳо металлар ва тошлар қазиб олиш амалга оширилган тақдирда) рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг мавжуд бўлиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларнинг белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ва хатловдан ўтказилиши таъминланиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш соҳасида олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган зарур миқдордаги мутахассисларнинг бўлиши;

сурункали руҳий касалликлар, гиёҳвандлик юзасидан дипансер ҳисобида турадиган, шунингдек қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар билан муомала қилиш соҳасида қасддан жиноят этганлиги учун муддати ўталмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги бўлган шахсларнинг ходимлар ўртасида йўқлиги;

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси ва Қимматбаҳо металлар агентлиги ҳамда бошқа ваколатли органлар вакилларининг минерал хомашё қазиб олиш юзасидан давлат назоратини амалга ошириш учун корхонага киритилиши таъминланиши.

Лицензия битимида ушбу бандда санаб ўтилганлардан келиб чиқадиган аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.


7. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олишни амалга оширишда фойдаланиладиган моддий-техника базага, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг таклифлари асосида лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами, юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланадиган тури (унинг бир қисми);

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш билан бевосита шуғулланадиган ходимларнинг рўйхати, рўйхатда уларнинг маълумоти бўйича мутахассислиги, эгаллаб турган лавозими, лицензияланадиган фаолият тури бўйича иш стажи кўрсатилади.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.


9. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


10. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан етказиб берилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Ҳужжатлар лицензияловчи органнинг масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


11. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ

РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензиатнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


13. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.


14. Лицензия талабгорининг ҳужжатлари қабул қилиб олинган кунда кўриб чиқиш учун идоралараро эксперт гуруҳига киритилади.

Идоралараро эксперт гуруҳи ариза олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда лицензия талабгорининг ҳужжатларини кўриб чиқади ва лицензияловчи органга эксперт хулосасини тақдим этади.

Лицензияловчи орган эксперт гуруҳи таклифи олингандан кейин ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган қарор протоколи лицензияловчи орган раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


15. Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш учун лицензияловчи орган ва идоралараро эксперт гуруҳи юқорида кўрсатилган муддат ичида:

фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия талабгорининг мавжуд шарт-шароитларни жойнинг ўзига бориб ўрганиш;

тегишли хулосалар тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқига эга.


16. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин бир кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия битими лицензияловчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишининг лицензияловчи орган томонидан назорат қилиниши тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


17. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари намуналари лицензияловчи орган томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда лицензияловчи орган буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун лицензияловчи орган раҳбари шахсан жавоб беради.

Лицензиялар лицензияловчи органнинг масъул шахси томонидан расмийлаштирилади ва лицензияловчи орган раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


18. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.


19. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни уч ой мобайнида тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


20. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


21. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


22. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда лицензияловчи орган ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин беш кун мобайнида улар бўйича идоралараро эксперт гуруҳи билан биргаликда эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва тегишли қарор протоколини тасдиқлайди.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

Лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаган тақдирда лицензия талабгори ушбу муддат тугагандан кейин аризада кўрсатилган фаолиятни, бу ҳақда лицензияловчи органни хабардор қилган ҳолда амалга оширишга ҳақлидир. Бунда лицензияловчи орган лицензия талабгорининг ёзма билдиришномасини олгандан кейин беш иш куни мобайнида унга лицензия бериши шарт.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


23. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


24. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


25. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


26. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензиянинг дубликатини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини, молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш.


29. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги, лицензия бекор қилинганлиги ва лицензиянинг амал қилиши тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, лицензияловчи органнинг веб-сайтида эълон қилиниши керак.


31. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


32. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


33. Лицензиялар реестридаги мавжуд маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.



9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИНИ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


34. Лицензия берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.


35. Лицензиялар берилганлиги учун давлат божи республика бюджетига ўтказилади.






Низомга

ИЛОВА



Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо

тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс

1. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига ҳужжатларни бевосита ёки почта алоқа воситаси орқали ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан электрон шаклда тақдим этади.

Лицензия талабгори

хоҳишига кўра

  

  

  

2-босқич

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


2. Лицензия талабгорининг олинган ҳужжатларини идоралараро эксперт гуруҳи аъзоларига эксперт хулосаси олиш учун юборади.


3. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар такроран тақдим этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида протокол тайёрлайди.

1) Ҳужжатларни қабул қилиш кунида



2) Ҳужжатларни қабул қилиш кунида

3) Ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин ўн кун мобайнида


Идоралараро ишчи гуруҳ

Лицензия талабгорининг ҳужжатларини кўриб чиқади, эксперт хулосаси тузади ва "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига юборади.

1) Ўн кун муддатда

3-босқич

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

1. Олинган эксперт хулосасини кўриб чиқади, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор тўғрисида протокол тузади уни "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси раҳбарига унинг ўринбосарига) тасдиқлаш учун тақдим этади.

2. Қарор протоколини тасдиқлайди (раҳбар ёки унинг ўринбосари).

3. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Айни бир вақтда унга имзолаш учун лицензия битимини юборади.


4. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

1) Беш кун муддатда


2) Бир кун муддатда

3) Бир кун муддатда

4) Бир кун муддатда


4-босқич

Лицензиат

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб 3 ойдан кечикмай

Лицензия талабгори

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.


2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда

5-босқич

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда у лицензия битимини имзолаган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.


2. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланган лицензияни лицензиатга беради (юборади) ҳамда реестрга тегишли ёзувни киритади.

1) Бир кун муддатда



2) Уч кун муддатда

  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 октябрь