язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Карор расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Табиатдан фойдаланиш. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.10.2018 й. 787-сон "Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.10.2018 й.

N 787



МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР БИЛАН

БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

СОҲАСИДАГИ ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ

ЯНАДА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 18 майдаги ПҚ-3730-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек ҳудудларнинг экологик ва санитария ҳолатини яхшилаш, санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини ташкил этиш ва белгиланган тартибда зарур даражада сақлашни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда ҳудудларни санитария жиҳатидан тозалаш ишларининг тасдиқланган Қоидаларга мувофиқ ташкил этилишини таъминласинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Кучкаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

787-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республика Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 августдаги 216-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 8-сон, 80-модда) билан тасдиқланган Давлат экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 40-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаганлиги".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 октябрдаги 295-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 10-сон, 109-модда) билан тасдиқланган Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг амалга оширилиши мониторинги Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи тузилмалар билан келишилмаган ҳолда амалга оширилади.

Мониторинг чиқиндиларнинг амалда ҳосил бўлган ҳажмлари, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш манбалари хатлови материалларида назарда тутилган уларни вақтинча сақлаш жойлари, қайта ишлаш ва утиллаштириш усулларининг мослигини аниқлаш мақсадида, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини кўздан кечириш йўли билан амалга оширилади.

Чиқиндиларнинг амалда ҳосил бўлган ҳажмлари, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш манбалари хатлови материалларида назарда тутилган уларни вақтинча сақлаш жойлари, қайта ишлаш ва утиллаштириш усулларининг номувофиқлиги аниқланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари қуйидаги чораларни кўрадилар:

юридик шахсларга мониторинг ўтказиш натижалари бўйича далолатнома (маълумотнома) расмийлаштирган ҳолда, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар берадилар;

қонун бузилишларининг юридик шахслар томонидан бартараф этилиши юзасидан мониторинг натижаларига кўра фақат далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган фактлар бўйича ва муддатларда ёки юридик шахснинг мурожаатига кўра - белгиланган муддатдан олдин, назорат қилувчи орган буйруғига асосан бир иш куни давомида назоратни амалга оширадилар (бир вақтнинг ўзида бир нечта қонун бузилишлари бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган ҳолларда мажбурий кўрсатмаларнинг бажарилишини назорат қилиш мажбурий кўрсатмаларнинг сўнги муддати тугаганидан сўнг бир марта амалга оширилади);

юридик шахслар томонидан чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар бажарилмаган ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жазо қўллайдилар.

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат экологик назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга хўжалик юритувчи субъектга хўжалик ва ташкилий-бошқарув хусусиятига эга бўлган топшириқ бериш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади.

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат экологик назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ўз фаолиятининг қонунийлиги, холислиги, унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри ташкил қилиниши ва амалга оширилиши учун жавоб берадилар".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 октябрь