язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат мукофотлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.10.2018 й. 786-сон "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.10.2018 й.

N 786




"ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ЕТАКЧИСИ"

КЎКРАК НИШОНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқароларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш ва эришган ютуқларини муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарори билан "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишонини ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталиги - "InnoWeek.Uz" доирасида топшириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


3. Белгилаб қўйилсинки, "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қўшма қарори асосида амалга оширилади.


4. Қуйидагилар:

"Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

"Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2, 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


5. "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги буюртмасига асосан, белгиланган тартибда "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини таъминласин.


6. "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони билан мукофотланганларни тақдирлаш тадбирларини ташкил этиш харажатлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари, "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

786-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Инновацион ғоялар етакчиси"

кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони (кейинги ўринларда кўкрак нишони деб аталади) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқаролар тақдирланадилар.


3. Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.


4. Кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тақдирланади.


5. "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим қилиш ва тақдирлаш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. "ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ЕТАКЧИСИ"

КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


6. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид дастлабки таклифлар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелгача туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган комиссияга тақдим этилади.


7. Туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган комиссиялар тақдим этилган таклифларни мазкур ҳудуд ёки республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб, инновацион ғоя ва технологияларни ушбу ҳудудга ёки республика иқтисодиётига татбиқ этиш даражасини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқади ва кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар бўйича тавсияларни ҳар йили 1 июнгача тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этади.

Кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилган олий таълим муассасалари талабаларининг ҳужжатлари олий таълим муассасасида тузилган комиссиялар томонидан ўрганиб чиқилиб, олий таълим муассасаси илмий кенгашининг тегишли қарори билан тасдиқланади ва кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар бўйича тавсиялар ҳар йили 1 июнгача олий таълим муассасаси ректорининг йўлланма хати билан тўғридан-тўғри тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этади.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳужжатларни кўриб чиқиб, тегишли йиғилиш қарорлари асосида ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан тавсия қилинган номзодларнинг ҳужжатларини (маълумотномалар, уларнинг ишланмалари ҳақида аннотациялар (200 та сўздан кўп бўлмаган), асосномалар) ҳар йили 20 июнгача Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этадилар.



3-БОБ. "ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ЕТАКЧИСИ"

КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ


9. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича ҳар йили 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан комиссия ташкил этилади.

Комиссия томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилинган номзодлар бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилади ва ҳар йили 31 августгача якуний хулоса қабул қилинади.


10. Кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида ҳар йили 15 сентябргача Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қўшма қарори қабул қилинади.


11. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари тенг тақсимланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


12. Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталиги - "InnoWeek.Uz" доирасида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси томонидан тантанали равишда топширилади.


13. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қўшма қарор Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот нашрларида ва бошқа тегишли оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


14. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахсларнинг республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларига йўналтирилган инновацион ғоя ва технологиялари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тегишли тармоқ ёки соҳага жорий этилади.


15. Ўзбекистон Республикаси барча ҳудудларидан биттадан шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади. Кўкрак нишони такроран берилмайди.


16. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита жавобгардир.


18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Инновацион ғоялар етакчиси"кўкрак

нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни

тақдим қилиш ва тақдирлаш тартиби

СХЕМАСИ


Босқичлар

Масъуллар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш муддати


  



I босқич

Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ташаббускор фуқаролар

1. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид дастлабки таклифларни шакллантиради.


2. Ишлаб чиқилган таклифларни туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган комиссияга тақдим этади.

ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелгача






II босқич


Туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган комиссиялар

1. Тақдим этилган таклифларни ҳудуд ёки республика эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳамда инновацион ғоя ва технологияларни ушбу ҳудудга татбиқ этиш даражасини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқади.


2. Кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар бўйича тавсияларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этади.

ҳар йили

1 июнгача




Олий таълим муассасаларида тузилган комиссиялар


1. Кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилинган номзодлар бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади ва илмий кенгаш қарори билан тасдиқлайди.


2. Кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар бўйича тавсияларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этади.

ҳар йили

1 июнгача

III босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


1. Кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилинган номзодлар бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади.


2. Тегишли йиғилиш қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этади.

ҳар йили

20 июнгача

   

IV босқич


1. Инновацион ривожланиш вазирлиги.


2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи.


3. Комиссия


1. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи комиссия ташкил этади.


2. Комиссия кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилинган номзодлар бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади.


ҳар йили

1 июлгача



ҳар йили

31 августгача

  

V босқич

1. Инновацион ривожланиш вазирлиги.


2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

1. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қўшма қарор қабул қилади.


2. Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва бир йўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топширади.

ҳар йили 15 сентябргача

ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталиги - "InnoWeek.Uz" доирасида


   





Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

786-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Инновацион ғоялар етакчиси"

кўкрак нишонининг

ТАВСИФИ


"Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг олд юқори қисмида уч қаторда баландлиги 2 миллиметр бўлган "INNOVATSION G'OYALAR YETAKCНISI" ёзуви жойлашган, "G'OYALAR" сўзининг ўнг ва чап томонларида 1,5 миллиметр узоқликда диаметри 1,8 миллиметрли саккиз қиррали юлдуз жойлашган.

"YETAKCНISI" сўзидан 2,5 миллиметр пастда баландлиги 11,7 миллиметр бўлган инновациянинг рамзий белгиси - чўғланма электр чироғи акс эттирилган.

Кўкрак нишонининг орқа томони марказида тўрт қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган "INNOVATSION RIVOJLANISНDA YETAKCНILIGI UCНUN" сўзлари ёзилган.

Кўкрак нишоннинг қалинлиги 2,2 миллиметр.

Унинг атрофи диаметри 30,5 миллиметр бўлган нақш билан ҳошияланган.

Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.

Кўкрак нишонининг олд ва орқа томонларининг четлари қабариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўтрбурчак шаклидаги қадағичгача уланган.

Қадағичнинг эни - 26 миллиметр, бўйи - 17 миллиметр. Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг ўртасидан эни 9 миллиметрли оқ рангли йўл, унинг икки четидан эса эни 1,5 миллиметрли қизил рангли иккита йўл ўтган.

Шойи лентанинг чекка қисмлари бўйлаб ҳар бирининг эни 5 миллиметр бўлган чап томондаги чекка қисми кўк рангли ва ўнг томондаги чекка қисми яшил рангли йўллар ўтган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.






"Инновацион ғоялар етакчиси"

кўкрак нишони


Олд томони 



Орқа томони






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

786-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Инновацион ғоялар етакчиси"

кўкрак нишони гувоҳномасининг

ТАВСИФИ


"Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв. м қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) оч яшил рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "Innovatsion g'oyalar yetakchisi", иккинчи сатрда "ko'krak nishoni" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 14-кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда "GUVOНNOMASI" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 17-кегль) сўзи ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда GUVOНNOMA (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун "N" белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.

"GUVOНNOMA" сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 6,5 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 2 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "O'zbekiston Respublikasi", иккинчи сатрда "Innovatsion rivojlanish vazirligi", "O'zbekiston Yoshlar ittifoqining" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "20__ y. "___" ___________dagi", иккинчи сатрда "____-son qo'shma qaroriga asosan" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 4 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда марказда "Innovatsion g'oyalar yetakchisi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 14-кегль), иккинчи сатрда "ko'krak nishoni bilan mukofotlandi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 10 миллиметр пастда, чап ва ўнг томонда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Чап томондаги матннинг биринчи сатрда "O'zbekiston Respublikasi", иккинчи сатрда "innovatsion rivojlanish vaziri" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 8-кегль), ўнг томондаги матннинг биринчи сатрда "O'zbekiston Yoshlar ittifoqi", иккинчи сатрда "Markaziy kengashi raisi" сўзлари ёзилган.






"Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони

ГУВОҲНОМАСИ


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 октябрь