язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.10.2018 й. 808-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 6 октябрдаги

808-сон қарорига

ИЛОВА



Алиментларни олдиндан тўлаш,

шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини

таъминлаш бўйича гаров шартномасини

тузиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартибини белгилайди.


2. Давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга ҳақли.


3. Давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.


4. Давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин.


5. Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.


6. Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.


7. Алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмайди.


8. Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.



2-БОБ. АЛИМЕНТЛАРНИ ОЛДИНДАН

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


9. Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.

Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.

Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек, алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш ўн иш кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.


10. Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати (кейинги ўринларда ижро ҳужжати деб аталади) бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.


11. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).

Аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт.

Зарурат бўлганда, аризага алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади.

Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда, аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.


12. Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади.

Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


13. Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.

Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати бир ой муддатга узайтирилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш Бюронинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтарилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади.


14. Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор ижро ҳужжати юритувида бўлган давлат ижрочиси томонидан "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 86-моддасига мувофиқ қабул қилинади.

Бунда, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш ушбу Низомнинг 15-18-бандларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида амал қилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.


15. Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилади.

Бунда, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш, қуйидаги формула бўйича белгиланади:

   

бунда:

S - олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммаси;

A - ушбу Низом 16-бандида белгиланадиган тартибга мувофиқ алиментлар тўловининг ҳар ойлик миқдори;

k - ушбу Низомнинг 17-бандига мувофиқ белгиланадиган коэффициент;

MF - алиментларни олдиндан тўлаш даврининг биринчи ойи (масалан, январь - 1, февраль - 2, март - 3 ва ҳ.к.);

ML - алиментларни олдиндан тўлаш даврининг охирги ойи (масалан, январь - 1, февраль - 2, март - 3 ва ҳ.к.);

g - мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ белгиланадиган алиментларни олдиндан тўлаш даврининг йиллар сони.

Бюро томонидан расмий веб-сайт орқали олдиндан тўланадиган алиментлар миқдорини ҳисоблаш имконини берувчи интерактив давлат хизматлари кўрсатилади (махсус калькулятор).


16. Ҳар ойлик алиментлар суммасини ҳисоблаш қуйидаги тартибда белгиланади:

а) агар ижро ҳужжатида алимент пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланган бўлса - ижро ҳужжатида кўрсатилган сумма ҳар ойлик алиментлар суммаси сифатида белгиланади;

б) агар ижро ҳужжатида алиментлар қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса - ойлик алимент суммаси қарздорнинг охирги ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади улушидан, бироқ ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқилади. Бунда, қарздор ишсиз бўлса ёки ойлик иш ҳақи ва бошқа даромади тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинмаган тақдирда, тегишли улуш ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ҳар ойлик алиментлар суммасини ҳисоблашда, алиментлар суммаси ҳар бир бола учун алиментни ҳисоблаш вақтида қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.


17. Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда қўлланадиган коэффициент ҳисоблаш вақтидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасини инобатга олган ҳолда қуйидаги формула бўйича аниқланади:

    

,

  

бунда:

st - Ўзбекистон Республикаси Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкаси.


18. Алиментларни олдиндан тўлашда йиллар сони, алиментларнинг олдиндан тўланадиган охирги ойи белгиланган йилдан олдиндан тўланадиган биринчи ойи белгиланган йилни айириш орқали аниқланади (масалан, алиментларни олдиндан тўлаш муддати 2018 йил ноябрь ойидан 2025 йил январь ойига қадар бўлса, йиллар сони 2025-2018 = 7 тарзидаги формула асосида амалга оширилади).


19. Давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори ва алимент бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олганидан сўнг, қарздор судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.


20. Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


21. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари:

а) ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган, аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқ эмаслиги;

б) ушбу Низомнинг 14-банди учинчи хатбошида назарда тутилган алиментларни олдиндан тўлаш белгиланган алимент суммаси тўловининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги;

в) алиментлар бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги;

г) алиментларни олдиндан тўлаш вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд таъминот шароити ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги;

д) алиментларни умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги;

е) қарздор алиментларни олдиндан тўлаш имкониятидан, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаётган деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги;

ж) қонунчиликда белгиланган бошқа асослар мавжудлиги.


22. Аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.

Алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

олдиндан тўланадиган алимент суммаси;

олдиндан тўланадиган алиментлар даври, ушбу даврнинг бошланиш ва якунланиши ойи ва йили;

алиментлар суммаси тўлиқ тўланиши лозим бўлган муддат.

Агар қарздор ўз аризасида алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига мол-мулк бериш орқали ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган бўлса, ажримда шунингдек қуйидагилар кўрсатилади:

мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, қиймати ва мазкур мол-мулкни аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотлар;

мол-мулкни ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган муддат.


23. Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга, ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.


24. Давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.

Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек:

кўчмас мулкни ўтказишда - мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;

автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда - автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига;

қимматли қоғозлар ўтказишда - қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.

Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.


25. Алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди.

Мазкур ҳолатда алиментлар олдиндан тўланган давр мобайнида ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди.

Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек, суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.

Агар олдиндан тўланиши лозим бўлган алиментлар суммаси суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланмаган тақдирда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.


26. Агар қарздорнинг иш ҳақи ёки бошқа даромади олдиндан тўланган алиментлар суммасига нисбатан кўпроқ миқдорда тўлаш имконини берса, ундирувчи алиментлар олдиндан тўланган давр якунлангунга қадар қарздор учун алимент мажбуриятларининг умумий тартибини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур ариза суд томонидан суд қарорларини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Алимент мажбуриятларини умумий тартибда белгилаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, олдиндан тўланган алимент тўловлари қайтарилмайди, умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент ҳисобига ўтказилади. Бунда давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро чоралари умумий тартибда қўлланилади.



3-БОБ. АЛИМЕНТЛАРНИ ТЎЛАШ МАЖБУРИЯТИНИ

ГАРОВ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


27. Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган судга тақдим қилинади.

Агар алимент ундируви нотариал тасдиқланган келишув бўйича амалга оширилган бўлса, ариза ижро иш юритишни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туман (шаҳар) судига берилади.


28. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).

Аризага мазкур Низом талабларига риоя қилган ҳолда тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Бюро томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт.

Зарурат бўлганда, аризага қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариши учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


29. Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.

Бунда, гаров шартномасида қарздорнинг (гаровга қўювчининг) амалга оширган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти кўрсатилиши шарт.

Гаров шартномаси ушбу Низомдаги иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ тузилади.


30. Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 52-моддасига асосан ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк гаров предмети бўла олмайди.


31. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади.

Гаров ҳуқуқи шартнома нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб, мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлса - рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Агар гаров предмети қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ гаровга қўювчида сақланиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров предмети топширилган пайтда вужудга келади, агар топшириш шартнома тузишдан олдин амалга оширилган бўлса - нотариал тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган) пайтдан бошлаб вужудга келади.


32. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади.

Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.


33. Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаровга қўйилган мол-мулкнинг, қайта гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди, мазкур масала гаров шартномасида акс эттирилади.


34. Алимент тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун қарздор ижро иши юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига ариза билан (шу жумладан, электрон почта орқали) мурожаат қилади.

Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент миқдорлари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларни, шу жумладан чет элда олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


35. Қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани бериш тўғрисидаги ариза мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.


36. Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқади.


37. Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар ҳисобланади:

а) мазкур Низомнинг 28-бандидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг йўқлиги ёки уларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқ эмаслиги;

б) алимент тўловлари бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги;

в) алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш вояга етмаган болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд уларнинг таъминот шароитлари ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги;

г) умумий тартибда алимент тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги;

д) қарздор алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш имкониятидан алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаяпти деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги;

е) қонунчиликда белгиланган бошқа асосларнинг мавжудлиги.


38. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш якунлари юзасидан уни рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.

Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашга рухсат бериш, шунингдек алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда гаров предметига қаратиш талаби;

гаров тариқасида топширилаётган мол-мулкнинг номи, алоҳида хусусиятлари, сони ва қиймати, жойлашган жойи;

гаров шартномасида қарздорнинг амалга оширилган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти;

алимент мажбуриятларини бажаришнинг бошқа шартлари.


39. Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.


40. Давлат ижрочиси ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни олгандан сўнг, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловларни, шу жумладан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.


41. Ижро ҳужжати ижроси усули ва тартибини алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров билан ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримига асосан қарздорга алимент тўловларини ихтиёрий тўлаш имконияти берилиб, мажбурий ижро чоралари қўлланилмайди.


42. Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Шунингдек, алимент тўловларини тўлиқ тўламаслик ҳам тўланмаган алимент ҳисобланади.

Гаров предметини сотувга чиқаришнинг бошланғич баҳоси ижро ҳужжати ижро усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги суднинг ажримида кўрсатилган қиймат билан белгиланади.


43. Суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажрими бекор қилинган тақдирда кейинги мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.

Бунда гаров шартномаси тарафлар келишуви ёки қонунчиликда белгиланган асосларга кўра суд қарорига асосан тугатилади.


44. Ундирувни гаров предметига қаратиш натижасида келиб тушган маблағлар, Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобрақамига ўтказилади, мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади.

Фарзандлар вояга етгунига қадар тўланган алимент тўловларидан ортган қисми қарздорга қайтарилади.


45. Гаров предмети сотилмаганда ва гаровга олувчи қарз ҳисобига гаров предметини ўзига олишни рад этганда гаров шартномаси тугатилади.

Бунда давлат ижрочиси алимент бўйича қарздорликни қарздорга тегишли бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш чораларини кўради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


46. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Гаров предметини гаровга олувчида

қолдирган  ҳолдаги гаров тўғрисида

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА




201__ йил "_____" ___________


(шартнома тузилган жой)




номидан

(гаров предметини топширувчининг тўлиқ номи ёки Ф.И.О.)


асосан


Гаровга қўювчи ва Гаровга

олувчи

иккинчи томондан, ушбу шартномани қуйидагилар тўғрисида

туздилар:

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Гаровга қўювчи гаров сифатида Гаровга олувчига гаров сифатида:

(номи, шахсий белгилари, сони ва

гаров сифатида берилаётган транспорт воситалари ва маҳсулотлар нархи.

Агар иловаси бўлса кўрсатилади.)

2. Гаров предмети Гаровга қўювчининг алимент тўловлари бўйича мажбуриятлари билан таъминланиб

(талаб қилинадиган сумма сон ва сўзларда ёзилади,

гаров билан таъминланган)

3. Гаров предмети



(гаров предмети жойлашган жой кўрсатилади)

4. Гаров билан таъминланган мажбуриятларнинг амал қилиши алимент пуллари икки ой давомида тўланмаганда, жумладан белгиланган тартибда алимент тўловлари тўғрисида давлат ижрочиси хабардор қилинмаганда тугайди.


5. Ўзбекистон Республикасининг "Гаров тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ гаровнинг қонуний топширилишига Гаровга қўювчи жавобгар ҳисобланади.



ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Гаровга қўювчи қуйидагиларга мажбур:

а) гаровга қўйилган мол-мулкнинг йўқолишидан, енгиб бўлмас куч оқибатида юз берган хавф ёки офат сабабли етишмаслиги ёки шикастланишидан, гаровга қўювчининг давлат органлари томонидан хўжалик фаолиятини тугатиш ёки тўхтатиш тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки ноқулай таъсир қилувчи (гаров предмети мусодара қилиниши, гаров предмети реквизицияси)дан, шунингдек, ночор (банкрот) деб ҳисоблаш ёхуд ўзини банкрот деб эълон қилишдан гаров предметининг тўла қиймати бўйича ўз ҳисобидан суғурталаш;

г) гаров предметини бошқа гаров учун ўтказмаслик;

д) ҳар ойлик алимент тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда давлат ижрочисини хабардор қилиш;

е) гаров предметини сақлаш учун зарур чоралар кўриш;

ж) агар гаров предмети Гаровга олувчининг айби бўлмагани ҳолда йўқолган бўлса, Гаровга олувчининг розилиги билан гаров предметини қиймати тенг бошқа мол-мулкка алмаштириш.


7. Гаровга предметининг ҳуқуқлари:

а) гаров нарсаси билан таъминланган мажбуриятларини муддатидан олдин бажариш;

б) гаров мажбуриятлари бўйича у реализация қилингунга қадар исталган вақтда суд қарори ёки нотариуснинг ижро хатига асосан гаров предметига қаратилган ундирувни тугатиш.


8. Гаровга олувчининг ҳуқуқлари:

а) гаров билан таъминланган мажбуриятлар муддатида бажарилмаганда гаров предметига ундирувни қаратиш;

б) Гаровга қўювчи ушбу шартнома 6-бандининг, "д", "е" ва "ж" кичик бандларида кўрсатилган мажбуриятларни бажарма олмаган тақдирда, муддатидан олдин гаров предметини ундирувга қаратиш;

в) гаров предмети ҳисобидан ўз талабларини тўла қаноатлантириш;

г) Гаровга қўювчининг гаров билан таъминланган барча мажбуриятлари бўйича бошланишидан ижро бўлгунига қадар гаровни сақлаш;

д) Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ундирув қаратилган гаров предметини реализация қилиш;

е) гаров предмети реализацияси орқали топширилган пуллар бўйича алимент тўловларини қабул қилиш;

ж) гаров предмети реализацияси орқали топширилган пул миқдори унинг талабларини тўлиқ қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, етмаган пул миқдорини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Гаровга қўювчидан ундириш;

з) гаров предметини унинг миқдори, ҳолати ва сақлаш шароитларини ҳужжатлар орқали текшириш;

и) Гаровга қўювчидан гаров предметини сақлаш учун зарур чоралар кўришни талаб қилиш;

к) Гаров предмети йўқолиши ёки шикастланишини хавфини бартараф этишни талаб қилиш;

л) агар гаров предмети гаровга олувчининг айби бўлмагани ҳолда йўқолган ва гаровга қўювчи уни тикламаган ёки гаровга олувчининг розилиги билан қиймати тенг бошқа мол-мулкка алмаштирмаган бўлса, гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилиш.


10. Ушбу шартномадаги томонларнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланади.


11. Ушбу шартнома билан тартибга солинмаган қоидаларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг "Гаров тўғрисида"ги Қонуни татбиқ этилади.



ТОМОНЛАРНИНГ МАНЗИЛИ ВА РЕКВИЗИТЛАРИ

        

Гаровга олувчи:

Гаровга қўювчи:





(Гаровга олувчининг Ф.И.О.)



(Гаровга олувчининг Ф.И.О.)



манзили



манзили

















(имзоси)



(имзоси)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 октябрь