язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Тадбиркорлик/ Инвестициялар/ "Бухоро-агро" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.10.2018 й. 803 сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 6 октябрдаги

803-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Бухоро-агро" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида

жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини

танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Бухоро-агро" эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда "Бухоро-агро" ЭИЗ деб аталади) ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Бухоро вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) ва "Бухоро-агро" ЭИЗ дирекциясига (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) юкланади.


3. Маъмурий кенгашнинг "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида эквиваленти 5,0 млн. АҚШ долларидан юқори қийматли инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича қарори эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади) қарорига мувофиқ амалга оширилади.


4. Қуйидагилар "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг асосий устувор мезонлари ҳисобланади:

замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш;

замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларни экспортга чиқаришни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг уруғ экишдан бошлаб маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этиш;

кўчатзорлар, шунингдек, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини талаб катта, юқори ҳосилдорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғ ва кўчатларини етиштириш;

логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш;

янги иш ўринлари ташкил қилиш.



2-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ТАНЛАБ ОЛИШ УЧУН "БУХОРО-АГРО"

ЭИЗ ДИРЕКЦИЯСИГА ҲУЖЖАТЛАРНИ

ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


5. "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


6. Инвестор Дирекцияга ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун тўлдирилган инвестиция буюртманомасини (кейинги ўринларда Инвестиция буюртманомаси деб аталади) тақдим этади.

Инвестиция буюртманомасига қуйидагилар илова қилинади:

а) юридик шахснинг (инвесторнинг) рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ёки ушбу инвесторнинг фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

б) тавсия қилинаётган инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаси;

в) инвесторнинг тегишли соҳадаги ва/ёки шунга ўхшаш лойиҳаларни амалга оширишдаги иш тажрибаси мавжудлигини тасдиқловчи маълумот. Агар инвесторнинг тегишли соҳада ва/ёки ўхшаш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича иш тажрибаси мавжуд бўлмаса, инвестор Дирекцияга инвестиция лойиҳасини амалга оширишга жалб этаётган технологик ҳамкорлари тўғрисидаги маълумот;

д) инвесторнинг охирги уч йилдаги молия-хўжалик фаолияти тўғрисида маълумот.

Агар инвестиция буюртманомасини топшириш вақтида инвестор:

молия-хўжалик фаолиятини юритмаган ёки бир йилдан кам юритган бўлса, инвестор Дирекцияга инвесторнинг биттадан кам бўлмаган муассисининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

1 йилдан 3 йилгача хўжалик фаолиятини юритаётган бўлса, инвестор Дирекцияга ўзининг ҳақиқатда фаолият юритган даври учун молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги маълумотни тақдим этади.

Ҳужжатлар инвестор томонидан Дирекцияга давлат ёки рус тилида тақдим этилиши мумкин. Инвестор тақдим этилаётган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги юзасидан жавоб беради.


7. Дирекцияга тақдим этилаётган бизнес-режада қуйидаги асосий ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак:

ходимларни ишга қабул қилинадиган ходимлар тоифаси (маҳаллий  коллеж битирувчилари, меҳнат биржаси томонидан йўналтирилган шахслар, бошқа ташкилотлар ишчилари ва чет элдан мутахассис жалб этиш) ҳамда ташкил этилаётган иш ўринлари сони;

етиштириладиган ва қайта ишланадиган маҳсулоти, ҳажми ва табиий хусусияти;

маҳсулотнинг мўлжалланаётган сотиш баҳоси ҳамда маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш ҳажмларини кўрсатган ҳолда;

маҳсулот сотиш бўйича ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотлари;

таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқаришнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган инфратузилма ва муҳандислик иншоотлари (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва техник сув, канализация, автойўл) ҳажми;

ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш учун ижарага олиш режалаштирилган ер участкасининг ўлчамлари;

асосий ишлаб чиқариш цехи, ускуна ва технологик линиялар, маъмурий-маиший, омбор ва бошқа ёрдамчи биноларнинг жойлашуви кўрсатилган дастлабки чизмаси;

ишлаб чиқариш технологиясининг (экологик талаблар ҳисобга олинган ҳолда) технологик ускуналар, ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва давлатлари рўйхати кўрсатилган тавсифи;

ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг хусусияти, уларнинг замонавий технологик талабларга мувофиқлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган менежмент тизимининг жорий этилиши;

мўлжалланаётган инвестицияларнинг ҳажми, тури ва муддатлари, молиялаштириш манбалари ва қарз маблағлари жалб этилган тақдирда мўлжалланаётган таъминот тури;

инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари ва молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ БУЮРТМАНОМАСИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


8. Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги юзасидан икки иш кунида кўриб чиқади.


9. Ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган инвестиция буюртманомаси, камчиликлари кўрсатилган ҳолда, инвесторга қайтарилади.


10. Инвестор томонидан ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талабларига мувофиқ тақдим этилган инвестиция буюртманомасига ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Дирекция директори томонидан имзоланган тегишли хулоса илова қилинади.


11. "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳасини танлаб олиш тўғрисида қарор қабул қилишда Маъмурий кенгаш қуйидагиларни кўриб чиқади:

инвестиция лойиҳасининг ушбу Низомнинг 4-бандида келтирилган устувор мезонларга мувофиқлиги;

илғор технологияларни қўллаган ҳолда замонавий иссиқхоналар қуриш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича технологик занжирнинг босқичма-босқич ташкил этилиши;

муассисларнинг ўз маблағлари ва улар томонидан жалб этилган кредитлар ҳисобига инвестицияларни амалга ошириши;

инвесторнинг молиявий барқарорлиги ва техник ва технологик базага эгалиги;

лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги (ишлаб чиқариш қувватларининг мақбул жойлаштирилиши, ташкил этиладиган иш ўринлари, тармоқдаги таркибий қайта ўзгартиришларга таъсири, ишлаётган қувватлардан фойдаланилиши, зарур хом-ашё, материаллар ва инфратузилманинг мавжудлиги);

технологик ускуналарни замонавийлиги, инвестиция лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган бошқариш тизимининг мавжудлиги;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур маблағ билан таъминланганлиги.

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида қуйидагиларга устунлик берилади:

замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда кластер усули ташкил этиладиган иссиқхоналар ҳосилдорлик даражасининг юқорилиги;

ташкил этиладиган иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан бошлаб маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этиш;

иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда замонавий ресурс тежовчи технологиялардан, муқобил иссиқлик энергияларидан фойдаланиш;

таклиф этилаётган лойиҳа бўйича етиштирилиши режалаштирилган маҳсулотларнинг экспорт даражаси;

барпо этиладиган иссиқхоналар ҳажми ва уларда етиштирилган маҳсулотларни етиштириш ҳосилдорлигига ва қайта ишлашни чуқурлаштиришга ҳамда ходим сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жалб этувчи лойиҳалар.


12. Маъмурий кенгаш инвестиция буюртманомаларини Дирекция томонидан киритган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида кўриб чиқади ва қуйидаги мазмундаги қарорлардан бирини қабул қилади:

инвесторга тадбиркорлик субъектига "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомини бериш, ер участкаси, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш қувватларини ажратиб бериш, уларнинг умумий майдони ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш тўғрисида;

камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни такомиллаштириш зарурлиги тўғрисида;

"Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда Маъмурий кенгаш томонидан инвесторнинг ўзи тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этганлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланса мазкур буюртманомани кўриб чиқиш тўхтатилади ва хулоса билан Дирекцияга юборилади.


13. Инвестиция буюртманомалари Дирекцияга электрон тарзда тақдим этилиши мумкин.


14. Маъмурий кенгаш ва Дирекция инвестор томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.


15.Маъмурий кенгаш кўриб чиқиши натижасида аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштирилган инвестиция буюртманомаси такроран Дирекцияга кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.

Инвестиция буюртманомасини Дирекция томонидан такроран кўриб чиқиш муддати уч иш кунини ташкил этади.


16. Маъмурий кенгашнинг инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш натижаси бўйича қарори унинг аъзолари томонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Маъмурий кенгаш йиғилиши баёни билан расмийлаштирилади ҳамда Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисида битим деб аталади) тузиш учун асос бўлади.


17. Маъмурий кенгаш йиғилишининг баёни Дирекция директори, маъмурий кенгаш аъзолари томонидан имзоланади ва маъмурий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.


18. Маъмурий кенгаш мажлиси баёнидан кўчирма у тасдиқланган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида Дирекция томонидан инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига етказилади.



4-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ БЎЙИЧА МАЪМУРИЙ КЕНГАШ

ҚАРОРЛАРИНИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ

БИЛАН КЕЛИШИШ ТАРТИБИ


19. Маъмурий кенгашнинг қиймати эквивалентда 5,0 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича ижобий қарори у тасдиқланган санадан бошлаб икки иш куни ичида белгиланган тартибда келишиш учун Республика кенгашига, инвестиция буюртманомаси ва лойиҳа бизнес-режаси билан бирга юборилади.


20. Республика кенгаши Маъмурий кенгашнинг қарорини олган санадан бошлаб 7 иш куни ичида Республика кенгаши йиғилишида кўриб чиқади. Инвестиция лойиҳасини келишиш Республика кенгаши аъзоларининг ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг қуйидаги хулосаларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги  ҳудуднинг саноат ва иссиқхоналар тармоғини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб, лойиҳа амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги қисми бўйича, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришни зарур хомашё ресурслари билан таъминланганлиги, валюта қопланувчанлиги ва ташкил этилаётган иш ўринлари белгиланган кўрсаткичларига мувофиқлиги қисми бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси  янгидан барпо этилаётган ишлаб чиқаришларни замонавий ускуналар ва технологиялар билан жиҳозлаш, инвесторларнинг салоҳиятлилиги ҳамда инвесторнинг лойиҳани амалга ошириш учун молиявий ва технологик имкониятларининг етарлилиги қисми бўйича;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги  иссиқхоналар тармоқларини ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб лойиҳалар амалга оширилишининг мақсадга мувофиқлиги қисми бўйича;

тегишли тижорат банклари  лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун кредит ажратиш қисми бўйича.


21. Инвестиция лойиҳалари бўйича ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган хулосалар ваколатли ташкилотлар томонидан уларга лойиҳанинг инвестиция буюртманомаси ва бизнес-режаси келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига умумлаштириш ва Республика кенгаши йиғилишининг баёни лойиҳасини тайёрлаш учун юборилади.


22. Республика кенгаши "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича Маъмурий кенгаш қарорини келишиш бўйича йиғилиш баёни лойиҳасини аввал ижобий хулоса тақдим этган Республика кенгаши аъзолари билан келишиш талаб этилмайди.



5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ

БИТИМНИ ТУЗИШ ВА "БУХОРО-АГРО" ЭИЗ

ҚАТНАШЧИЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


23. Инвестиция киритиш тўғрисида шартнома лойиҳаси давлат, инглиз ва рус тилларида Дирекциянинг расмий веб саҳифасида жойлаштирилади ёки Маъмурий кенгашнинг инвестор томонидан кўриб чиқиш учун киритган инвестиция буюртманомасини маъқуллаш бўйича йиғилишининг баёни тасдиқлангандан кейин бир иш куни ичида Дирекция томонидан инвесторга тақдим этилади.


24. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома қоидаларини келишиш мақсадида Дирекция ва инвесторлар ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкин.


25. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома "Бухоро-агро" ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмайдиган муддатга тузилади.


26. Инвестор ва Дирекция ўртасидаги инвестиция киритиш тўғрисида тарафлар томонидан имзоланган шартнома инвестор томонидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъекти "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб кучга киради.


27. Инвестиция киритиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши:

инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома тузилган муддати ўтиб бўлганда;

тадбиркорлик субъекти "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганда;

"Бухоро-агро" ЭИЗ муддатидан олдин тугатилганда;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда тўхтатилади.


28. "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестор томонидан ташкил этилган ташкилотни (кейинги ўринларда Ташкилот деб аталади) давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин инвестор томонидан Дирекцияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

"Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


30. Дирекция ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида Ташкилотни "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва белгиланган шакл бўйича "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.


31. Дирекция Ташкилот "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни ичида хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилади.


32. Дирекция Ташкилот "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида барча зарур ҳужжатларни хўжалик юритувчи субъектга ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўйича давлат корхонасига беради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум қилиш ёки уни тўхтатиб туриш Республика кенгаши томонидан маъмурий кенгашлар ёки ваколатли ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида, белгиланган тартибда амалга оширилади.


34. Ташкилотни "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан ихтиёрий тартибда маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор Ташкилотнинг уни бундай мақомдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аризасига кўра ёхуд у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тугатилган тақдирда Маъмурий кенгаш томонидан қабул қилиниши мумкин.

"Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва (ёки) инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома шартларининг бузилиши юзасидан низо мавжуд бўлганда Ташкилотни "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этиш суд тартибида амалга оширилади.

Дирекция "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчилари реестрига Ташкилотнинг қатнашчи мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган санадан бошлаб уч иш кунида Ташкилотнинг "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.


35. Дирекция "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида давлат солиқ ва божхона органларини Ташкилотнинг "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилгани тўғрисидаги маълумотлардан хабардор қилади.


36. Тадбиркорлик субъектининг "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум бўлиши унинг "Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудидаги фаолиятини ҳамда "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчисига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бошқа объектларга нисбатан ҳуқуқлари тугатилишини келтириб чиқармайди. Бу ҳолда ушбу тадбиркорлик субъекти "Бухоро-агро" ЭИЗ қатнашчисига тақдим этиладиган имтиёз ва афзалликлардан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади.






Низомга

1-ИЛОВА



"Бухоро-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш

учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш

ҳамда қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш

СХЕМАСИ

      

Масъул орган


Кўриб чиқилаётган масала


Кўриб чиқиш муддати

ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш

Дирекция

Топширилган ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомасини унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга кўриб чиқиш ва маъмурий кенгашга кўриб чиқиш учун киритиш.

2 иш кунида

Маъмурий кенгаш

Инвестиция буюртманомасини иловалари билан бирга кўриб чиқиш ва:

ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини жойлаштириш мумкинлиги ёки тадбиркорлик субъектига ЭИЗ қатнашчиси мақомини бериш, ер участкасини ёки бўш турган бинони ажратиб бериш, уларнинг умумий майдони ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда;

аниқ ва асосланган мулоҳазалар ҳамда камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатларни пухталаштиришнинг зарурлиги;

ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилиш.

Қиймати эквивалентда 5,0 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қарорни келишиш учун Республика кенгашига, инвестиция буюртманомаси ва лойиҳа бизнес-режаси билан бирга юбориш.

5 иш кунида


2 иш кунида

Республика кенгаши

Қиймати эквивалентда 5,0 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш.

7 иш кунида

Дирекция

Маъмурий кенгаш мажлиси баёнидан кўчирмани инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига юбориш

1 иш кунида


ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказиш

Дирекция ва инвестор

Инвестициялаш тўғрисида битим тузиш, зарурат бўлганда, инвестициялаш тўғрисидаги битим қоидаларини келишиш мақсадида музокаралар ўтказилиши мумкин.

5 иш кунида

Инвестор

Рўйхатдан ўтказувчи ташкилотга керакли ҳужжатларни, у ташкил этаётган тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ёки аввал рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиш.

Маъмурий кенгаш йиғилишининг

баёни тасдиқланган кундан

бошлаб 5 иш кунида

Рўйхатдан ўтказувчи орган

Давлат рўйхатидан ўтказиш, ваколатли ташкилотлар рўйхатига олиш.

1 иш кунида

Дирекция

Хўжалик субъектини ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва гувоҳнома бериш.

Ҳужжатларни олган кундан бошлаб

2 иш кунида

Дирекция

Хўжалик юритувчи субъект жойлашган жойдаги давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилиш.

Барча зарур ҳужжатларни хўжалик юритувчи субъектга ер участкаси ажратиш учун тегишли вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бўйича давлат корхонасига бериш.

Хўжалик субъектини ЭИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган

кундан бошлаб 1 иш кунида

        





Низомга

2-ИЛОВА



"Бухоро-агро" эркин иқтисодий зонасида инвестиция

лойиҳасини жойлаштириш учун инвестиция

БУЮРТМАНОМАСИ


1. Инвестор (инвесторлар) тўғрисида маълумотлар:


Мурожаат қилган ташкилот (инвестор ёки инвесторлар)нинг номи, келиб чиққан давлати


Инвестор (ёки инвесторлар) тўғрисида маълумот, жумладан давлат рўйхатидан ўтган санаси ва жойи, таъсисчи(лар) ва бошқалар


Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчиларнинг устав фондидаги улушининг тақсимланиши ва қўйилмаларнинг шакли


Мурожаат қилган ташкилотнинг юридик манзили


2. Инвестиция лойиҳаси тўғрисида маълумотлар:

       

Инвестиция лойиҳасининг номи


Инвестиция лойиҳасининг мақсади ва қисқача тавсифи, жумладан ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати


Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг номи, қўлланилиши ва асосий белгилари


Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ТИФ ТН коди (10 та белги)


Маҳсулотнинг ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажми, экспортга ва ички бозорга йўналтириладиган ҳажмини (натура кўринишида ва АҚШ долларида) ҳисобга олган ҳолда


Асосий хомашё, материал ва бутловчи қисмлар (маҳаллий ва импорт), уларнинг тайёр маҳсулотдаги улуши (%)



Хомашё, материаллар, бутловчи қисмларга бўлган йиллик талаб (АҚШ долларида), шу жумладан маҳаллий ва импорт


Маҳаллийлаштириш даражаси (МД=(1-И/Т) х100%)* ҳамда тайёр маҳсулот

товар позициясининг ТИФ ТН коди бўйича ўзгариши (1 йил, 2 йил, 3 йил)


Маҳсулот стандартлари  ГОСТ, ОСТ, ТУ, OzDst, ISO 9001 и ISO 14001 ва бошқалар


Фойдаланилиши мўлжалланаётган савдо маркаси


Ишлаб чиқаришнинг бошланиш санаси


Ташкил этилаётган иш ўрни, жумладан маҳаллий ходимлар


3. Зарур майдон ва инфратузилма тўғрисида маълумотлар:

Талаб этиладиган майдон (га)


Ишлаб чиқариш майдонлари (кв.м.)


Электроэнергияга бўлган талаб (кВт/соат йилига), ўрнатиладиган қувват (кВт ёки МВт)


Табиий газга бўлган талаб (куб.м., йилига), босим (атм.)


Ичимлик ва техник сувга бўлган талаб (куб.м., йилига)


Ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг мавжудлиги, жумладан газлар (номлари) кг, йилига ёки соатига, қаттиқ чиқиндилар (номлари) тн/ойда, суюқ чиқиндилар (номлари) тн/ойда ва бошқалар


4. Лойиҳанинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари:

Лойиҳанинг қиймати (АҚШ долларида)


Молиялаштириш манбалари (тўғридан-тўғри инвестициялар, маҳаллий муассислар маблағлари, тижорат банклари кредитлари)


Машина ва асбоблар қиймати (АҚШ долларида), жумладан маҳаллий ва импорт


ҚМИ қиймати (АҚШ долларида)


Айланма капитал суммаси (АҚШ долларида)


Инвестицияларни киритиш шакли ва жадвали


Лойиҳанинг қопланиш муддати (бизнес-режага мувофиқ)


    

*) МД ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси; И  импорт қилинаётган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг валютадаги қиймати (божхона тўловлари билан бирга); Т маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш таннархи (маҳаллий етказиб берувчилардан олинган импорт хомашё маҳаллий ҳисобланмайди).

Раҳбар

(имзо)

(Ф.И.Ш.)

М.Ў


(сана)




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 октябрь