ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.10.2018 й 811-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 9 октябрдаги

811-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ

қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий

ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш

ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДА


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда Махсус жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



2-БОБ. МАХСУС ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


2. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текширишлар натижасида қўшимча ундирилган суммалар бўйича (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказиладиган маблағлардан ташқари) пенялар ҳамда солиқ қонунчилигини бузганлик учун қўлланилган молиявий жазо чоралари суммаларининг 20 фоизи;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан тегишли маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган жарималар суммасининг 20 фоизи;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан мусодара қилинган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушадиган маблағларнинг 25 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхоналари фаолиятининг соф фойдасидан муассиснинг қарорига асосан ажратиладиган қисмлар;

Махсус жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


3. Махсус жамғармага тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган махсус шахсий ҳисобварағида жамланади.

Бунда Махсус жамғармага маблағларни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг таркибидаги давлат муассасалари учун тегишли шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.


3-БОБ. МАХСУС ЖАМҒАРМА ДАРОМАДЛАРИ

ВА ХАРАЖАТЛАРИ СМЕТАСИНИ ТУЗИШ,

ТАСДИҚЛАШ ВА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


4. Махсус жамғарма тушумларининг прогноз кўрсаткичлари йил бошида кутилаётган Махсус жамғармадаги қолдиқ маблағлар ҳамда охирги икки йилдаги тушумлар динамикасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.


5. Махсус жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ ушбу жамғармадан молиялаштирилиши мумкин бўлган харажатлар бўйича эҳтиёждан келиб чиқиб, бюджет таснифига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳисоб-китоб қилинади.


6. Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда жамғарма маблағлари ҳисобидан давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликлари жадвали тегишли давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланиб, молия органларига молия йилининг 15 январига қадар рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.


7. Молия органлари томонидан Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг таркибидаги давлат унитар корхона ва таълим муассасаларининг Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тузилади.

Бунда Махсус жамғарма ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхона ва таълим муассасалари учун маблағлар уларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ажратилади.


9. Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бунда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига қўшимча маблағ талаб этилганда, унга ўзгартиришлар тушумларнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. МАХСУС ЖАМҒАРМА

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


10. Тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасидан ортиқча ҳақиқий тушумларни харажат қилиш сметаларга тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг амалга оширилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг таркибидаги давлат унитар корхона ва таълим муассасаларининг раҳбарлари, улар бўлмаган тақдирда эса - уларнинг ўрнини босувчи шахслар тегишли равишда Махсус жамғарма маблағларини тасарруф этувчилар ҳисобланади.


12. Махсус жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга ишлатилади:


а) давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш учун:

солиқ текширувлари натижаси бўйича ундирилган солиқлар, йиғимлар ва (ёки) молиявий жарималар суммаларининг 10 фоизига қадар миқдорида мукофотлаш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошларига уларнинг функционал вазифаларини бажариши, билим даражаси, солиқ тўловчилар билан иш олиб бориш бўйича касбий қобилиятлари ҳар йили тест синовидан ўтказилиши асосида берилган тоифаларга қараб лавозим маошларига 10 фоиздан 30 фоизгача миқдорда махсус рағбатлантирувчи устамаларни тўлаш;

Давлат бюджетига тўловлар тушумлари прогнози бажарилганлиги, шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари натижалари бўйича ҳар чоракда лавозим маошининг икки баробари миқдоригача мукофотлаш;

иш участкасининг мураккаблиги ва муҳимлигини ҳисобга олиб, шунингдек, мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида шахсий ҳиссасини қўшган, меҳнатда юқори натижаларга эришган, хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажараётган раҳбар ва ходимларга лавозим маошининг беш баравари миқдоригача шахсий устамалар бериш;

алоҳида муҳим топшириқларни бажарганликлари учун якка тартибда лавозим маошининг беш баробари миқдоригача мукофотлаш;

байрам саналарида - Мустақиллик куни, Конституция куни, Хотин-қизлар куни, Наврўз, Янги йил, диний байрамларда ("Рўза ҳайит" (Ийд-ал-Фитр) ва "Қурбон ҳайит" (Ийд-ал-Адҳа)) ҳамда касб байрамларида ходимларни ойлик лавозим маошининг икки баробари миқдоригача мукофотлаш;

давлат солиқ хизмати органларида камида 5 йил ишлаб пенсияга чиқиши муносабати билан пенсияга чиқаётганда ходимга лавозим маошининг уч баробари миқдоригача қимматбаҳо совғалар бериш ёки шу миқдорда пул мукофоти тўлаш;

Давлат мукофотлари ва республика аҳамиятидаги фахрий ёрлиқ билан тақдирлангани учун лавозим маошининг икки баробари миқдоригача ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирлангани учун лавозим маошининг бир баробари миқдоригача рағбатлантириш;

давлат солиқ хизмати органининг идоравий кўкрак нишони билан тақдирланган ходимларни лавозим маошининг тўрт баробари миқдоригача рағбатлантириш;

давлат солиқ хизмати органининг юридик хизмат ходимларини ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат солиқ хизмати органи фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағнинг 5 фоизи, бироқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 17,6 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотлаш;

б) давлат солиқ хизмати органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланмаган давлат солиқ хизмати органлари ходимларига амалдаги сарф-харажатлар доирасида уй-жойни ижарага бериш шартномасига мувофиқ уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ўрнатилган тартибда ҳар ойлик компенсация тўлаш;

жамоат транспортидан (маршрут ва йўналишли таксилардан ташқари) фойдаланиш харажатлари учун ҳар ойда жамоа шартномасига мувофиқ компенсация тўловларини тўлаш;

ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда овқатланиш харажатларини қоплаш учун жамоа шартномасига мувофиқ компенсация тўловларини тўлаш;

ходим вафот этганда ходимнинг ойлик лавозим маошининг ўн баробаридан ошмаган миқдорда бир йўла моддий ёрдам бериш. Бунда моддий ёрдам турмуш ўртоғига тўлаб берилади, агар ходимнинг турмуш ўртоғи бўлмаса, моддий ёрдам фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлари ва ҳомийларига) ёхуд уларнинг вояга етмаган фарзандларини асраб олган шахсларга тўланади, шунингдек, ходим турмуш қурмаган бўлса, моддий ёрдам унинг ота-онаси ёки боқимандалари ўртасида тенг улушларда тақсимланади;

алоҳида заруратга кўра (юбилей саналарида, ходимлар 50, 55 ва 60 ёшга тўлганда, бахтсиз ҳодиса, оғир касаллиги сабабли даволаниш, соғлиғини тиклаш, оиланинг кам таъминланганлиги ва молиявий ҳолатининг оғирлиги) лавозим маошининг уч баробари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун ходимларга бир йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш барвари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан лавозим маошининг уч баробари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

яқин қариндоши (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда - вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда лавозим маошининг уч баробари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

давлат солиқ хизмати органларида ишлаб пенсияга чиққан ходимларга байрамларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдоригача ва соғлиғини тиклаш учун бир йилда бир маротаба меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч баравари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

ходимларнинг меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш ва меҳнатини муҳофаза қилиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан ходимларнинг хорижий мамлакатларда ва таълим муассасаларида тажриба ўрганишларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари ходимларини тижорат банкидан ипотека кредитлари олиш учун сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги, квартира қийматининг 25 фоизи миқдоридаги фоизсиз ва қайтариш шарти билан дастлабки бадални ўтказиб бериш харажатлари;


в) давлат солиқ хизмати органларининг моддий-техника базасини ривожлантириш учун:

давлат солиқ хизмати органларининг бино ва иншоотларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, қўшимча объектларни (маъмурий бинолар ва бошқа объектлар) қуриш, реконструкция қилиш, сотиб олиш ҳамда объектларни сақлаш харажатлари;

давлат солиқ хизмати органлари иш фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ маъмурий ва хўжалик сарф-харажатларини, жумладан коммунал хизматлар харажатларини қоплаш;

ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш, инновацион ва илғор технологияларни жорий этиш, алоқа воситалари, ҳисоблаш техникаси, компьютер ва ташкилий техникани сотиб олиш, таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот воситалари харид қилиш ва хизмат кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари тўпламларини, ўқув-методик қўлланмалар ва полиграфия маҳсулотларини сотиб олиш;

давлат солиқ хизмати органларининг фаолияти учун инвентарлар ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бошқаларни сотиб олиш, шунингдек, уларни жорий ва мукаммал таъмирлаш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимлари учун кийим-бош (жумладан спорт кийимлари ва формалари) сотиб олиш;

конференция, симпозиум, семинар, тренинг, йиғилиш, учрашув, байрам, маданий ва спорт тадбирларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш;


г) давлат солиқ хизмати органларининг идоравий харажатлари учун:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва чет эл хизмат сафарлари харажатлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларининг хорижий давлатларга амалга оширадиган хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробаригача миқдорида эсдалик совғалари харид қилиш;

иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳаларга оид маъруза қилувчи мутахассислар, давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига жалб этилган бошқа давлат органлари ва ташкилотлар, шу жумладан хорижий ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш;

хорижий делегацияларни кутиб олиш билан боғлиқ бўлган (меҳмонларни кутиб олиш, транспорт, таржимонларни ёллаш ва бошқа) харажатлар;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб қўйилган, давлат даромадига ўтказиладиган товар ва бошқа моддий бойликларни сақлаш, баҳолаш, экспертизадан ўтказиш, шунингдек, суд харажатлари билан боғлиқ харажатлар;

Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш доирасида назорат харидларини амалга ошириш харажатлари;

д) солиқ тўлашдан қочиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органларига кўрсатилган амалий ёрдамлар учун фуқароларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, жумладан, товарларни яширин ишлаб чиқариш, контрабанда ва контрафакт товарларни ташиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар (объектлар), тушумларни камайтириб кўрсатиш ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари тўғрисида фуқаролар томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилган назорат тадбирлари натижаси бўйича бюджетга тушган солиқлар ва йиғимлар ёки ундирилган молиявий жарималарнинг 5 фоизига қадар, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,52 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда Махсус жамғарма ҳисобидан мукофот пули тўлашга;

е) Давлат солиқ қўмитасининг Ҳайъати қарорига асосан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа харажатлар учун.

13. Мазкур Низомнинг 12-банди "а" кичик бандининг иккинчи, бешинчи ва олтинчи ҳамда "б" кичик бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошилардаги тўловларнинг аниқ миқдори ва мезонлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ёки жамоа шартномасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Бунда, махсус унвон ва кўп йил хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича оширилган тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан устамалар, шахсий устамаларни белгилашда эса уларнинг йиғиндиси миқдорлари қўшиб ҳисоб-китоб қилинади.

14. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциялари томонидан Махсус жамғармага туширилган умумий тушумнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхоналари фаолиятининг соф фойдасидан муассиснинг қарорига асосан ажратиладиган қисмлар ва Махсус жамғарманинг вақтинчалик бўш маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромадларнинг 25 фоизи миқдоригача ҳар чоракда Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

Ушбу маблағлар Махсус жамғарманинг тасарруф этувчилари томонидан белгиланган тартибда сарфланади.

Махсус жамғарма маблағларидан давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган секторларга юклатилган ҳудудларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида сарфланиши мумкин.

15. Солиқлар ва йиғимларни ҳамда пеняни ҳисоблаш, солиқ қонунчилигини бузганлик учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш якуни бўйича шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида илгари қабул қилинган давлат солиқ хизмати органларининг қарори, шунингдек, молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги суд қарори бекор қилинган тақдирда Махсус жамғармага ундириб олинган маблағлар. туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг тегишли хулосаларига асосан тўловчига қайтарилади.

16. Махсус жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги молия йилига ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларига олиб қўйилмайди.



5-БОБ. МАХСУС ЖАМҒАРМАНИНГ

ҲИСОБОТИ ВА НАЗОРАТИ


17. Махсус жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботлар белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.


18. Махсус жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва мақсадли фойдаланилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхоналари ва таълим муассасасининг раҳбарлари масъул ҳисобланади.


19. Махсус жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Ички аудит бошқармаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 октябрь















































Время: 0.1969
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск