язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2018 й./ Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши тўғрисида Низом (Ўзр ВМ 09.10.2018 й. 812-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 9 октябрдаги

812-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги

Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари

ўртасидаги солиқ низоларини судгача

ҳал қилиш кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР



1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) фаолиятини ташкил қилиш тартибини белгилайди.

Кенгаш маслаҳат органи ҳисобланади.


2. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Кенгашнинг солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган солиқ солиш объектларни аниқлаш, солиқ солинадиган базани ҳисоблаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзларини қўллаш билан боғлиқ келишмовчиликларни (кейинги ўринларда солиқ низолари деб аталади) кўриб чиқиш натижалари бўйича хулосалари тавсия тусига эга бўлади.


4. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан аввал кўриб чиқилган, кўриб чиқиш натижалари солиқ низосини ҳал қилиш учун Кенгашга мурожаат қилган солиқ тўловчи, солиқ агенти ва (ёки) солиқ тўловчининг вакили (кейинги ўринларда ариза берувчи деб аталади)ни қониқтирмаган ёки қисман қониқтирган солиқ низоларини кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Кенгаш:

қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказилаётган солиқ текширувлари бўйича;

солиқ тўловчи солиқ низолари бўйича давлат солиқ хизмати органлари қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилган ҳолларда солиқ низоларини кўриб чиқмайди.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ

ВА ҲУҚУҚЛАРИ


5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

солиқ ҳақидаги қонунларни қўллашнинг низоли масалалари бўйича хулосалар чиқариш;

солиқ ҳақидаги қонунлар бузилиши аниқланган ҳолларда солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келган низоларни кўриб чиқиш;

солиқ низоларини кўриб чиқиш давомида солиқ ҳақидаги қонунларда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.


6. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

ариза берувчиларнинг давлат солиқ хизмат органлари билан солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқади;

материалларни, шу жумладан солиқ текширишларига оид материалларни, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ҳисобланганлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади ва ўрганади;

солиқ ҳақидаги қонунлар қўллашнинг низоли масалалари бўйича хулосалар чиқаради;

солиқ низоларини кўриб чиқиш давомида аниқланган солиқ ҳақидаги қонунлардаги қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.


7. Кенгаш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, нодавлат нотижорат ташкилотлардан Кенгаш ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича маълумотномалар, ахборот-таҳлил материалларини белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш;

мураккаб солиқ низоларини кўриб чиқиш учун Кенгаш аъзоларидан ишчи ва эксперт гуруҳлар ташкил этиш, шунингдек, белгиланган тартибда мутахассислар, экспертлар ва бошқа шахсларни жалб қилиш;

зарурат бўлганда ариза берувчиларнинг солиқ низоларини кўриб чиқишда қатнашиши учун вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, илмий ва таълим муассасаларидан, нодавлат нотижорат ташкилотларидан солиқ солиш соҳасидаги мутахассислар ва экспертларни таклиф қилиш ҳуқуқига эга.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Кенгаш солиқ низоларини кўриб чиқишда:

солиқ низолари бўйича хулосалар беришда холисоналик, қонунийлик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бирхиллигини таъминлаши;

ариза берувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиши;

солиқ ҳақидаги қонунлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилиши шарт.



3-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ


9. Кенгаш раис, раис ўринбосари ва Кенгаш аъзолари таркибида ташкил этилади.


10. Кенгашни раис бошқаради, унинг ваколатларига қуйидагилар киради:

Кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;

Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил қилиш;

юкланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича Кенгаш аъзолари ишини мувофиқлаштириш;

Кенгаш фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни назорат қилиш;

Кенгаш ишининг самарадорлигини таъминлашга алоқадор бошқа ҳаракатларни бажариш.


11. Кенгаш фаолияти қарорлар қабул қилишда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилларига асосланади.


12. Кенгаш мажлисларини раис олиб боради, раис қатнашолмаган ҳолларда эса - раис ўринбосари олиб боради. Кенгаш мажлиси Кенгаш аъзоларидан камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса ваколатлидир.


13. Кўрилаётган солиқ низолари бўйича Кенгаш қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Кенгашнинг хулосаси тарзида расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


14. Кенгаш хулосалари Кенгаш мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлиси баённомаси унинг раиси томонидан тасдиқланади.


15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ташкил этиладиган Котибият Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.


16. Кенгаш Котибияти:

ариза берувчилар мурожаатларини қабул қилади ва рўйхатдан ўтказади;

Кенгаш мажлисларига материаллар, шунингдек, Кенгашнинг қарорлари ва хулосалари лойиҳалари тайёрланишини ташкил қилади;

солиқ низоларини кўриб чиқиш учун зарур бўлган материалларни Кенгаш аъзоларига тарқатади;

Кенгаш хулосаларининг ҳисобини олиб боради ва Кенгаш аъзоларининг солиқ низолари бўйича фикрларини умумлаштиради;

Кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди;

Кенгаш, шунингдек, унинг ҳузурида ташкил этиладиган ишчи ва эксперт гуруҳлар мажлисларининг баённомалари, стенограммаларини юритади, овозларини ёзиб олади.

Кенгаш Котибияти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Кенгашни қайта ташкил қилиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати билан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 октябрь